Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:30

Расмий Тошкент ва Яқин Шарқ: Фаластинни қўллаш мумкин, аммо намойишларга рухсат йўқ


Тошкентнинг Амир Темур хиёбони. 29 октябрь, 2023. Тармоқларда тарқалган видео скриншоти.
Тошкентнинг Амир Темур хиёбони. 29 октябрь, 2023. Тармоқларда тарқалган видео скриншоти.

Президент Шавкат Мирзиёев Ғазо сектори аҳолисини қўллаб-қувватлаш учун 1 миллион 500 минг доллар ёрдам ажратилишини маълум қилди. Ўзбекистон президенти бу ҳақдаги қарорини 31 октябрь куни энергетика тизимини куз-қиш мавсумига тайёрлашга бағишланган ҳукумат йиғилишида эълон қилган.

Президент матбуот хизматининг иқтибос келтиришича, ушбу маблағ Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқ агентлигига ўтказилади.

Мирзиёев Ўзбекистон "Фаластин халқи билан бирдам экани" ва "мустақил Фаластин давлати барпо этилишини қўллаб-қувватлашини" таъкидлаган.

У “Фаластин ва Исроил томонидан қурбон бўлган барча инсонларнинг оилаларига чин дилдан таъзия ва ҳамдардлик” изҳор этган.

“Биз Фаластин халқи билан бирдам эканимизни қатъий билдирамиз ва унинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси ва Хавфсизлик Кенгашининг илгари қабул қилинган резолюцияларига мувофиқ ўз мустақил давлатини барпо этишга бўлган ҳуқуқини қўллаб-қувватлаймиз”, - деб айтган Мирзиёев.


Айни пайтда у ўзбек ёшларини “турли ёлғон ташвиқотларга берилмасликка, қонунга зид хатти-ҳаракатлар содир этмаслик” ҳақида огоҳлантирган.

Бу Мирзиёевнинг шу йил 7 октябрида Яқин Шарқда янги зўравонлик тўлқини бошланиб кетганидан буён берган илк баёнотидир.

Намойишчилар жавобгарликка тортилди

Президент Мирзиёевнинг баёноти Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Тошкентда Фаластин тарафдорлари намойишини тарқатиб юборганидан 2 кун ўтиб янграмоқда.

29 октябрь куни Тошкентнинг Амир Темур хиёбонида Фаластинни қўллаш мақсадида митинг ўтказмоқчи бўлган 100 дан ортиқ намойишчи ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан тарқатиб юборилган.

Акцияга чақирувлар илк бор ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди. Ташкилотчилар Истанбулда Фаластинни қўллаб-қувватлаш митинги учун қилинган баннердан кўчирилган баннерни ҳам тармоққа жойлашган.

Баннерда Амир Темур ҳайкали ва унинг атрофида йиғилган, қўлларига Ўзбекистон ва Фаластин байроқларини кўтариб олган кўплаб одамлар тасвирланган. Унда вақт ва жой ҳам кўрсатилган эди: 14:00, Амир Темур хиёбони. Баннернинг пастки қисмида «Фаластин билан елкама-елка», «15 сутка мени қўрқитмайди» ва «Кўпчилик бўлсак, бизни эшитишади» деган ёзувлар бор эди.

Исроил ҳукуматининг шу йил 7 октябрь куни мамлакат жанубига ҲАМАСнинг қонли ҳужуми ортидан бошланган Ғазодаги амалиётларига қарши норозилик намойиши ўтказишга уринганлар шу куннинг ўзида “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Кодекснинг 201-моддасига кўра, жаримага тортилган.

Амалга ошмаган намойиш қатнашчилари устидан суд Тошкентнинг Миробод, Яшнобод, Юнусобод туманлари маъмурий судлари томонидан кўрилгани.

Улардан айримларига 5 суткагача қамоқ жазолари берилгани айтилмоқда, бироқ Озодлик расмий идоралардан буни тасдиқлай олмади.

Айни пайтда норозилик намойиши ўтказмоқчи бўлган фуқароларнинг жазоланиши тармоқларда эътирозларга ҳам сабаб бўлди. Ўзбекистон Парламентининг собиқ депутати Расул Кушербаев, "фуқароларни амалда йўқ тартиб учун жавобгарликка тортиш яна қанча давом этади?", деб ёзди.

Экс-депутат Кушербаевга кўра, қонунчиликда ҳамон йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартиби мавжуд эмас. "Ҳукумат ўзи ҳали тегишли тартибни жорий этмаган экан, уларни қайси тартибни бузганликда айблаш мумкин?", дейди у.

ҲАМАС-Исроил уруши: 23-кун | Исроил ҳарбийлари Ғазо секторига ҳужумларни давом эттирмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:14 0:00

Муҳокамадан олиб ташланган қонун лойиҳаси

Ўзбекистонда ҳанузгача митинг, кўча юришлари ва норозилик намойишларини тартибга солувчи қонун ҳужжати мавжуд эмас. Бу турдаги акциялар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 29 июлдаги Бош вазир Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан тартибга солинади.

Бироқ ҳуқуқшуносларга кўра, мазкур норматив ҳужжатда митинг, кўча юришлари ва норозилик намойишларини ўтказишга оид тадбирлар тўла ўз аксини топмаган.

Ўзбекистон Республикасининг “Митинг, йиғилиш ва намойишлар тўғрисида”ги илк қонун лойиҳаси 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган. 25 моддадан иборат қонун лойиҳаси Ўзбекистон ҳукуматининг regulation.gov.uz платформасига 2020 йилнинг 18 августида жойлаштирилган.

Жамоат ташкилотлари ва фуқароларнинг кескин танқидларига сабаб бўлган мазкур қонун лойиҳаси орадан 25 кун ўтиб, муҳокамалардан олиб ташланган.

Қонун лойиҳаси танқидчиларидан бири, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташановга кўра, лойиҳа "Ички ишлар вазирлигининг тезкор мажлиси баённомасига ўхшайди".

Лойиҳага кўра, митинг, йиғилиш ва намойишларни ҳафтанинг иш кунлари соат кундузи 10:00дан 18:00гача вақт оралиғида ўтказишга рухсат берилади. Бир жойда ва бир вақтнинг ўзида бир объект ёнида икки ёки ундан ортиқ митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказишга рухсат берилмайди.

Қонун билан митинг, йиғилиш ва намойишлар давомийлиги икки соатдан ошмаслиги белгиланган.

Вазирлик гўё ушбу қонун лойиҳасини тайёрлашда Россия, АҚШ, Қозоғистон, Туркманистон, Германия, Франция, Эстония ва Озарбайжон давлатларининг тажрибаларини ўрганганини айтган.

Абдураҳмон Ташановга кўра, ИИВ органи митинг, йиғилиш ва намойишлар ҳақидаги қонун ҳужжатида фақатгина ҳукуматдан норозилик акцияларини кўзда тутган.

"Ҳолбуки, митинг, йиғилиш ва намойишлар фақатгина норозиликни ифодаламайди. Аксинча, у қўллаб-қувватлов мақсадида ўтказилиши ҳам мумкин", дейди Абдураҳмон Ташанов.

Форум

XS
SM
MD
LG