Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:38

Ўзбекистондаги яҳудий ибодатхоналарида хавфсизлик чоралари кучайтирилди


Бухородаги яҳудийлар синагогаси тўрт асрдан кўпроқ тарихга эга.
Бухородаги яҳудийлар синагогаси тўрт асрдан кўпроқ тарихга эга.

Яқин Шарқда янгидан бошланиб кетган уруш фонида Ўзбекистондаги Исроил элчихонаси, синагогалар ва яҳудийларга тегишли бошқа муассасалар атрофида хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Яҳудий ибодатхоналари атрофини Ўзбекистон Миллий гвардияси ходимлари туну-кун қўриқламоқда.

“Давлат синагога атрофига қўриқчиларни қўйган. Миллий гвардия турибди. Одамлар келиб эмин-эркин ибодатларини адо этмоқда. Ҳеч қанақа муаммо йўқ”, дейди Озодлик суҳбатлашган Тошкентдаги синагога ходими.

Қўқондаги яҳудий қабристони атрофига ҳам милиция постлари қўйилган.

“Шаҳар милициясидан одамлар қўйилган. Ҳаммаси жойида. Ҳеч қанақа вандализм йўқ. Милиция тунда ҳам навбатчилик қилмоқда”, дейди қабристон қоровули.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозирги кунда Ўзбекистонда 10 та синагога мавжуд. Шулардан учтаси Тошкентда, Самарқанд ва Бухорода иккитадан, қолгани Қўқон, Фарғона, Марғилон ва Андижонда жойлашган.

"Биз мусулмонлар билан аҳилмиз"

Озодлик билан суҳбатда бўлган яҳудий жамоалари вакиллари шу пайтгача Ўзбекистонда антисемитизм таҳдидларини ҳеч бир кўринишда кузатмаганликларини айтишади.

“Бизда ибодатлар вақтида ўтказиляпти. Марказ маромида ишлаяпти. Бутун мамлакат бўйича марказлар ишлаяпти. Фақат байрам ва кўнгилочар тадбирларни тўхтатиб турибмиз. Жамоамиз шундай қарорга келди. Лекин, Худога шукур, бизда тинчлик. Ўзбекистон биз учун муқаддас замин. Бу халқ ҳамма вақт яҳудийларга қучоғини очган ва ҳозир ҳам шундай.Ўзбек халқи жуда ақлли, жуда меҳрибон, мурувватли халқ”, - дейди Тошкентдаги Яҳудий маданият маркази раҳбари Марина Ақилова.

Авраам Исақов Бухорода яҳудийлар синагогасига раҳбарлик қилади. У кўп вақтини 420 йил аввал қурилган ибодатхонада меҳмонларни кутиб олиш билан ўтказади.

“Бизда доим тинч бўлган. Ҳеч қанақа муаммо йўқ ва бўлмайди. Бухорода, Ўзбекистонда мусулмонлар ўз фарзандларини кичкиналигидан яҳудийларни ҳурмат қилишга ўргатишади. Террорчи ташкилотлар эса болаларни ўлдиришга ўргатади. Бизда ундай эмас. Биз мусулмонлар билан аҳилмиз. Масалан, яҳудий қабристонини директори бизда мусулмон. Исми Жаҳонгир. Синагогада ўтказадиган байрамларда мусулмонлар доим қадрли меҳмонимиз. Ҳозир, мана Исроил-ҲАМАС уруши пайти кучишлатар тизимларимиз - ДХХ, прокуратура, ички ишлар синагогаларимизни қўриқлаяпти. Ички ишлар вазирлиги террорчиликка қарши кураш бошқармасидан ҳар куни телефон бўлади, муаммо йўқми, деб сўрайди. Ҳаммаси яхши, бизда Доғистондагидай воқеа ҳеч қачон бўлмайди", - дейди Исақов.

Бухородаги яҳудий жамоаси раҳбари Авраам Исақов.
Бухородаги яҳудий жамоаси раҳбари Авраам Исақов.

Аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, 1926 йилда Ўзбекистонда 18 172, 1989 йилда эса 28 369, шу жумладан Бухорода 4200 Буxоро яҳудийлари яшаган.

Уларнинг аксари ўтган асрнинг 90-йилларида АҚШ, Исроил ва Европа давлатларига кўчиб кетган.

Яҳудий жамоаси вакилларининг айтишича, 90-йиллардаги кўчишга антисемитизм сабаб эмасди.

АҚШда чоп қилинадиган The Bukharian Times газетаси муҳаррири асли самарқандлик Рафаэль Некталов Озодлик билан суҳбатда ўзбек халқи яҳудийларга доим меҳрибон бўлганини айтади.

- Мен шу йилнинг 19-26 октябрь кунлари Ўзбекистонда бўлдим. Бу вақтда бутун дунёда исроилликларнинг ўлдирилиши билан боғлиқ хавотирлар кучайган эди. Кейинчалик негадир тинч аҳолининг ўлдирилиши учун Исроилдан жавоб зарбаси олган фаластинликларнинг тақдири ҳақида дунёда ташвиш кучайди. Исроилдаги ҳужум пайти бухоролик яҳудийлар ҳам нобуд бўлди, мана улар, газетамизда хабар берганмиз, дейди Озодлик билан суҳбатда ўзи нашр қилаётган газета саҳифаларини варақларкан.

- Мен Тошкент, Марғилон, Самарқанд шаҳарларида бўлдим, кўчада бошимдаги мана шу қора дўппим билан юрдим. Ҳар доимги ҳурмат-эҳтиромни сездим, ҳеч қанақа антисемитизмни кўрмадим. Биз Марғилонда Берта Давидова хотирасига бағишланган “Shoshmakom forever” мақом фестивалини ўтказдик. Атрофда кўрганимиз фақат илиқлик эди”, - дейди Некталов.

Рафаэл Некталов, АҚШда чиқадиган The Bukharian times нашри бош муҳаррири.
Рафаэл Некталов, АҚШда чиқадиган The Bukharian times нашри бош муҳаррири.

Ўзбекистондаги яҳудий жамоаси орасидан ўзбек санъати ва маданиятининг кўплаб намояндалари етишиб чиққан. Берта Давидова, Марям Ёқубова, Исҳоқ Катаев ва Муҳаббат Шамаева сингари санъаткорлар ижро этган куй, қўшиқ ва роллар ҳар бир ўзбек хонадонига кириб борган.

Ўзбекистонлик таниқли қўшиқчилар ҳам Исроил ва Америкадаги яҳудий жамоалари тўй-маъракаларининг кунда-шундаси.

“Исроилда Ғафур Ғуломга ёдгорлик қўйилган, унинг номи билан аталувчи хиёбон бор. Шоир мероси ҳозир ҳам актуал. Оғир уруш йилларида ўзбекнинг бу ўғлони “Мен яҳудийман” деб шеър ёзган. Бир миллат этник келиб чиқишига қараб йўқ қилинар экан, мен ҳам улардан бириман, деган. Мана бу мана ўзбек, ўзбекнинг моҳияти шу”, - дейди Некталов.

Аммо бу каби ришталар, масалан, ўзбекистонлик таниқли хонанда Юлдуз Усмоновани Исроил маҳсулотларини бойкот қилишдан қайтара олмади.

Ўзбек эстрадаси юлдузининг тармоқларда кенг тарқатилган бойкот акцияси Бухоро яҳудийлари жамоси эътиборидан четда қолмаган.

“Агар у Исроилдан норози бўлса, унинг бу ҳақда гапиришга ҳаққи бор. Мисол учун, Исроилнинг ҳаракатларидан норози бўлган яҳудий ташкилотлари ҳам бор. У ўз фикрини айтганидан, фуқаролик позициясини билдирганидан хурсандман. Лекин, мағзавани яҳудийлар устига ағдариши, уларни "фашистлардан ҳам баттар" дейиши менга ёқмайди. Бошқа томондан, унинг уйидан 500 километр нарида, туғилиб ўсган шаҳридан 400 километр узоқликда Хитойнинг уйғурлар яшайдиган округи жойлашган. Уйғур биродарларимизнинг у ерда босқи остида яшаётганини биламиз. Нега улар ҳақда гапирмайди? Ахир, уйғурлар бизга яқин-ку. Нимага гапирмайди? Чунки Хитой бор, Хитой кучли”, - таъкидлайди Некталов.

"Мен Юлдуз Усмоновага Парвардигордан донолик тилайман"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:17 0:00

Антисемитизм яҳудийларга нисбатан уларнинг этник¸ диний ва маданий-маиший ҳаëт тарзига асосан шаклланган бидъат ва нафратга йўғрилган қарашлар жамланмасидир.

Бу ҳолат Россиянинг Доғистонидаги аэропортда якшанба куни юз берган аксил-Исроил ғалаёни пайти кўринди.

Исроилнинг Тел-Авив шаҳридан учоқ учиб келиши олдидан минглаб одамлар Маҳачқалъа аэропортига бостириб кирган. Уларнинг кўпларида Фаластин байроқлари бўлган, баъзилари антисемитик шиорларни кўтаришган.

Оломон бошқа рейс билан Москвадан учиб келган миллати ўзбек бўлган Россия ватандошини исроиллик деб ўйлаб, сўроққа тута бошлаган ва паспортини олиб қўйган.

Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев сешанба куни ўз мамлакати "Фаластин халқи билан бирдам экани" ва "мустақил Фаластин давлати барпо этилишини қўллаб-қувватлашини" таъкидлади.

Лекин Мирзиёев кўп давлатларда террорчи ташкилот дея тан олинган ҲАМАСни айблашдан тийилди.

“Мирзиёев ҲАМАСни қораламаганининг ички ва ташқи сабаблари бор. Ташқи сабаби-Ўзбекистоннинг яқин иттифоқчилари Туркия ва Россия ҲАМАСни нафақат қораламади, балки унинг амалларини оқлашга уринмоқда. Ўтган ҳафта Туркия раҳбари Эрдўғон ҲАМАСни террорчи гуруҳ эмас, озодлик учун курашаётган ташкилот деб атади. Бошқа томондан, Россия ўтган ҳафта ҲАМАС делегациясини қабул қилди. Кейинроқ ҲАМАС Россиянинг яқин дўсти, деди. Ички сабабларга келсак, Мирзиёев ҲАМАСни қоралаш диндорқатлам кўнглига ёқмаслигини билади”, - дейди америкалик таҳлилчи Жозеф Эпштейн.

"Буxоро яҳудийлари" атамаси биринчи бўлиб 16-асрда пайдо бўлгани айтилади.

Инглиз тадқиқотчилари Амир Насруллохон ҳукмронлиги даври (1826—60)да Бухорода 10 минг яҳудий яшаганлигини кўрсатиб ўтишган.

Бухоро яҳудийлари жамоаси раҳбари Авраам Исақовнинг айтишича, ҳозирда Бухорода 200 га яқин яҳудий оиласи қолган.

Исақов ҳам яҳудийларнинг кетишига антисемитизм сабабчи эмас, дейди.

“Ҳеч ким уларни ҳайдаган ёки босим ўтказган эмас. Улар хориждаги қариндошларининг ташаббуси билан яхшироқ ҳаёт илинжида ватанларини тарк этишган”, - дейди Исақов.

Исақовнинг айтишича, Бухорода жуда оз сонли яҳудийлар қолган бўлса-да, мактаб ва синагогалар аввалги ҳолатида сақланиб қолган ва муҳофаза остида.

Бухородаги 36-мактаб Марказий Осиёдаги ягона яҳудий мактаби бўлиб, унда иброний тилида дарс берилади.

Бу мактабда нафақат яҳудий, балки бошқа оилалар фарзандлари, жумладан, мусулмон болалар ҳам таҳсил олади.

Бухоро яҳудийларининг аксарияти ривожланган мамлакатларга кўчиб, ўрнашиб қолган бўлсалар ҳам, вақти-вақти билан ота-боболари диёрига келиб турадилар.

Бухородаги яҳудий қабристони қарийб 9 гектар майдонни эгаллайди ва кўп асрлик тарихга эга.

Қабристон қаровчиси аввалроқ Жаҳонгир Диловнинг Озодликка айтишича, ҳозир қабристон ҳудудида ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

“Худо хоҳласа, Америка, Австрия, Исроил, Германиядан меҳмонлар келиши керак. Улар яҳудий қабристони ва синагога ҳолатини кўришни исташади”, дейди Дилов.

Миллати яҳудий бўлган испаниялик саёҳатчи Бениамин де Тудел маълумотига кўра, 1165 йилда Самарқандда 30 мингга яқин яҳудий истиқомат қилган.

XVIII асрнинг ўрталарида Нодиршоҳ (1736-1747) Самарқандни босиб олганда¸ унинг лашкарлари орасида яҳудийлар ҳам бўлгани айтилади.

Кейинчалик улар Самарқанднинг Шоҳ-Каш, Чор-Рага, Новадон, Қўшҳовуз каби гузарларида яшаб қолганлар.

Форум

XS
SM
MD
LG