Линклар

Шошилинч хабар
19 сентябр 2024, Тошкент вақти: 21:06

Кремль мусулмонлардан ҳайиқдими? Россияда антисемитизм учун жазо Z-блогерларга ёқмаяпти


Маҳачқалъа аэропорти. 29 октябрь, 2023
Маҳачқалъа аэропорти. 29 октябрь, 2023

Кремлпараст блогерлар Доғистонда бўлган антисемит тартибсизликлар иштирокчиларига енгил айблов қўйилганидан дарғазаб бўлишмоқда. Блогерлар мамлакатдаги антисемитизм муаммосидан хавотирга тушиб норози бўлаётганлари йўқ, улар – давлат Ғазодаги уруш манзарасида мусулмонларни ранжитиб қўйишдан қўрқаётганидан аламзада, деб ёзади Озодлик/Озод Европа таҳлилчиси Роберт Коалсон.

Асосан мусулмонлар яшайдиган Доғистон Республикасида 29 октябрь куни оломон Маҳачқалъа аэропортига ҳужум қилгани муносабати билан қарийб 340 та иш очилди. Ушбу тартибсизликлар натижасида 20 дан ортиқ киши, жумладан бир неча полиция ходими жабрланган, зарар қиймати юзлаб миллион рублни ташкил қилган эди.

Бир неча юз кишилик оломон антисемит хитоблар қилиб, гўёки Ғазо бўлгасидан яҳудий қочқинларини олиб келган учоқни излаган бўлсалар-да, тартиббузарлар – намойишлар ўтказиш қоидаларини бузиш, полиция ходимига бўйсунмаслик ва майда безорилик каби кичик маъмурий ҳуқуқбузарликларда айбланди, холос.

Кремлнинг кўплаб очиқ ва ашаддий тарафдорлари, шунингдек Украинага қарши босқинчилик урушини қўллаб-қувватлаётган ҳарбий мухбирлар ва блогерлар ҳукуматнинг тартибсизликлар иштирокчиларига муносабатини ўта юмшоқ деб билиб ғазабга келишди. Улар қўлга олинганларни терроризмда, экстремизмда ёки этник адоват қўзғашга қаратилган жиноятларда айблашга чақиришмоқда.

“Ёки Жиноят кодексининг ўша моддаси фақат “русларники” бўлиб қолаверадими, у фақат муайян миллатга мансуб шахсларга нисбатан қўлланадими?” – дея савол қўйди 2 ноябр куни кремлпараст каналлардан бири, худди шундай хатти-ҳаракат этник руслар томонидан содир этилганида давлат уларни аяб ўтирмаслиги ҳақида мулоҳаза қилар экан.

“Ажабо, губернатор Азаров Қозон Биби Марям иконаси байрамига бўладиган православча салб юришини тақиқлаганидан сўнг олижаноб рус кишилари Самара вилояти администрациясини бир озгина вайрон қилганларида ҳам шунақа маъмурий жазолар тайинланармиди ёки анъанага кўра ҳаммага бир бошдан ЖКнинг 228-моддаси [адоват қўзғатишга қаратилган жиноятлар] ёпиштирилармиди?” – дея жўр бўлди бошқа телеграм-канал.

Қолганлар ҳам ўз наздида ҳукуматга итоатсизлик учун “энг аёвсиз жазо чораларини қўллаш”ни кўзда тутувчи “шонли анъаналар”га қайтишга чақиришмоқда.

Бундай реакция Кремлнинг Қўшма Штатлар ҳамда Европа иттифоқида террорчи ташкилот деб топилган ҲАМАСни яширинча дастаклаш сиёсати жуда қалтислигини кўрсатади.

“Федерал ҳукумат сионизмга қарши тинч қаршилик бошлаймиз, деб хаёл қилганди, аммо пропаганда Россия жамиятидаги нафрат ўтини мисли кўрилмаган дражада гуриллатиб юборди. Нафрат бу қора қутики, унинг оқибатларини на жиловлаб, на олдиндан тахмин қилиб бўлади”, дейди сиёсатшунос Михаил Савва.

“Биз бу билан бошқалар шуғулланишига қаршимиз”

Ижтимоий тармоқлардаги кремлпараст каналларни тадқиқ этувчи ёзувчи Иван Филипповга кўра, Z-блогерларнинг ғазаби билан антисемитизмга қарши кураш ўртасида ҳеч бир алоқа йўқ. Ушбу каналлар мафкура ва эҳтирослар “қоришмаси” бўлса-да, адиб уларни икки нарса – президент Владимир Путинга садоқату урушқоқ рус миллатчилиги бирлаштириб туради, деб ҳисоблайди.

“Ксенофобия – уларнинг ягона қадрияти. Доғистонликлар, яҳудийлар ёки арманиларга нисбатан ксенофобия ҳақида гап кетганда улар ҳамиша баррикаданинг бир томонида бўладилар. Бирон бир ўзга миллатга қарши бирлашишга тўғри келса, улар барча ўзаро ихтилофларини бир чеккага суриб қўйишади”, дейди Филиппов “Кавказ.Реалии”га берган интервьюсида.

“Улар ҳукумат қўрққанидан доғистонликларга енгил жазо беряпти ёки умуман жазоламаяпти, дея тутақишмоқда. Уларнинг реакциясидан “Биз яҳудийлар тепкиланишига қарши эмасмиз. Биз бу иш билан бошқалар шуғулланишига қаршимиз”, деган маъно чиқади”, қўшимча қилади ёзувчи.

Мазкур каналлар Кремлнинг Украинани “денацификация қилиш” зарурлиги ҳақидаги асоссиз иддаоларини тўлиқ дастаклайди ва айни чоғда зўр бериб антисемитизм уруғини сочади.

Қолаверса, Z-каналлар Доғистон мафиясини Россия барқарорлиги ва жамоат тартиби учун жиддий хатар деб билади.

“Бу жиноят учун жазолаш эмас, балки ҳукумат чизиб қўйган чизиқни кесиб ўтганлик учун жазолашдир”, дея изоҳ беради сиёсатшунос Михаил Савва.

“Айб даражаси”

Доғистоннинг “Новое дело” нашри журналисти Идрис Юсуповга кўра, Z-блогерлар ва ҳарбий мухбирларнинг норозилиги улар маҳаллий тартиб-таомилларни тушунмаслигидан далолат беради.

“Одамлар ўз фикрига эга бўлиш ҳуқуқига эга. Масала – уларнинг фикрлари қанчалик адекватлигида. Шахсан мен ҳокимият бу воқеаларга тезкорлик билан реакция билдирди деб ҳисоблайман”, дейди у.

Журналист Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин терговни дарҳол ўз назоратига олганини ва оммавий тартибсизликлар бўйича жиноят ишлари очилганини урғулайди. Юсуповнинг айтишича, таниқли мусулмонлар, хусусан Доғистон ва Татаристон дин пешволарининг оғир-вазмин бўлишга чақириқлари улар ҳукумат бу одамларни ажратмасдан – ёппасига жазолашидан хавотир олгани билан боғлиқ экан.

Аэропортда оммавий тартибсизликлар чиқаришга чақириқлар эълон қилинган Телеграм-канал ҳақида маълумот излаб полиция 30 октябрь куни Юсуповнинг ҳам уйини тинтув қилди.

РФА Иқтисодиёт институти илмий ходими Александр Караваев доғистонлик журналист фикрига қўшилади.

“Тергов органи бошини қотириб ўтирмай, ишни безорилик дея малакалаши ва айбдорлик даражасини бундан ортиқ кўтармаслиги мумкин эди. Аммо тартибсизлик ташкилотчилари кўпчилик эмаслигини улар яхши билишади. Бинобарин, бу оломон орасидан бузғунчиларни ажратиб олишга уринишдир”, дея хулоса қилади эксперт.

Форум

XS
SM
MD
LG