Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:45

"Бунёдкор"дан "Арқадағ"гача. Марказий Осиёдаги режимларнинг футбол лойиҳалари


Шаҳар қуриб, унга ўз номини қўйган ҳукмдорга яна нима етмайди? Ҳа, бу шаҳарга муносиб енгилмас футбол клуби! Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг қудратли отаси Гурбангули Бердимуҳамедов тимсолида қурилган "ақлли шаҳар" Арқадаққа атиги 6 ой бўлди.

Бу шаҳарда ўз учрашувларини ўтказаётган янги жамоа – «Арқадағ» 22 ўйинда 22 та ғалаба билан Туркманистон чемпионлигини қўлга киритишга муваффақ бўлмоқда.

Бу клуб мамлакатнинг бошқа йирик футбол кубоги – Туркманистон кубогини қўлга киритишини фақат аҳмоқгина инкор қилиши мумкин.

Дарҳақиқат, «Арқадағ» кубок ярим финалининг илк учрашувида лигада иккинчи ўринни эгаллаб турган “Олтин Аср” жамоасини 4:1 ҳисобида мағлуб этиб, ушбу турнир финалига чиқди.

Аммо «Арқадағ» ҳокими мутлақлар ёки уларнинг оилалари кўмаги билан бир кечада муваффақиятга эришган биринчи Марказий Осиё футбол жамоаси эмас.

Аммо, бу клубнинг муваффақияти шу қадар чақмоқдек бўлдики, бошқа режимларнинг эрка клублари бунинг олдида ип эшолмайди.

Бошқача айтганда, клуб ўзининг шубҳали муваффақияти билан танилиб улгурди.

«Олтин Аср» ҳам чакана клуб эмас эди. Бу клуб ҳам бир вақтлар Туркманистоннинг супер клуби бўлган. У сўнгги тўққизта лиганинг саккизтасида ғолиб чиққан ва учта Туркманистон кубогини қўлга киритган.

Бу клуб ҳам 2008 йилда Гурбангули Бердимуҳамедов ҳукмронлиги бошида ташкил этилган.

Гурбангули Бердимуҳамедов шарафаига бунёд этилган янги Арқадағ шаҳри
Гурбангули Бердимуҳамедов шарафаига бунёд этилган янги Арқадағ шаҳри

Расман президент Сердар Бердимуҳамедов бўлса ҳам, амалда давлат янгиликларидан унинг отаси, катта Бердимуҳамедов тушмайди.

Қолаверса, оқсоқол Бердимуҳамедов ҳақидаги афсоналар у президентлик лавозимини ўғлига топширишга қарор қилганидан сўнг баттар кучайди.

60 мингга яқин аҳоли истиқомат қиладиган Арқадағ шаҳри барпо этилиши, эҳтимол, Бердимуҳамедов культининг чўққиси бўлди. Унда патриархнинг баландлиги 40 метрдан ортиқ ҳайкали ва унинг севимли оти бўлмиш Аҳан номи билан аталадиган марказий кўча бор.

Туркманистоннинг кўплаб шаҳарларидан фарқли ўлароқ, Арқадағ шаҳри замонавий мактаблар, болалар боғчалари ва янги шифохоналар, шунингдек, энг сўнгги кузатув ва мониторинг тизимлари билан жиҳозланган.

«Арқадағ» клуби учун эса 10 000 ўринли янги, серҳашам стадион ҳам қурилган. Клуб ўйинчилари либослари дизайнини Бердимуҳаммедовнинг шахсан ўзи назорат қилган.

Аммо буларнинг барчаси ташвишли савол туғдиради.

Агар Арқадағ шундай буюк инсон бўлса, унинг номини олган футбол жамоаси қандай қилиб мағлуб бўлиши мумкин?

Маҳаллий чемпионатлар билан чеклансак, бунинг имконияти жуда паст.

“Арқадағ” энг яхши ўйинчиларни "Олтин Аср" ва “Аҳал” каби бошқа клублардан олиб қўймоқда, натижада клуб таркиби Туркманистон терма жамоасига ўхшаб қолган.

Отасидан Туркманистон президенти лавозимини олаётган Сардор Бердимуҳамедов ҳақида 5 факт
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:42 0:00

Вена шаҳрида жойлашган Chronicles of Turkmenistan сайтига интервью берган аноним футбол ишқибозига кўра, янги келганларга "ҳакамлар аниқ ёрдам бермоқда".

Бу, айниқса, «Шагадам» жамоасига қарши ўйинда ҳакамлардан бири «Арқадағ» клуби фойдасига сўнгги дақиқада шубҳали тарзда пеналти белгилаганида яққол кўзга ташланди. Бу эса клубга 1:0 ҳисобида 100 фоизлик ғалабалар рекордини сақлаб қолиш имконини берди, дейди футбол ишқибози Chronicles of Turkmenistan нашрига.

Режим лойиҳалари

Спорт, айниқса, футбол Марказий Осиё ҳукуматлари орасида сиёсий брендлаш воситасига айланган. Ваҳоланки, оддий футбол мухлислари режим томонидан қўллаб-қувватланадиган жамоаларга ижобий қарамайди.

Қозоғистонда пойтахт Остона футбол клуби 2013 йилда ўша пайтдаги президент Нурсултон Назарбоев томонидан тузилган турли спорт клубларини жамлаган “Остона президентлик спорт клублари”га қўшилгач, “Самрук Казина” фондидан маблағ ола бошлади.

Илгари "Локомотив Астана" номи билан машҳур бўлган «Астана» клуби ҳеч қачон лига чемпионлигини қўлга киритмаган бўлса ҳам, кейин кетма-кет олтита чемпионликни қўлга киритди ва энг йирик Алмати шаҳрида жойлашган «Қайрат» жамоасини ортда қолдирди.

Тожикистонда эса президент Имомали Раҳмоннинг ўғли Рустам Эмомали Душанбедаги «Истиқлол» футбол клубига асос солган ва унинг илк йилларида клуб сардори ва тўпурар ҳужумчиси бўлган. Бу клуб ҳам 2010 йилдан бери, икки мартадан ташқари, ҳар йили лига чемпионлигини қўлга киритади.

“Арқадағ” каби бошқа клублар мухлислари ҳам «Истиқлол»ни эрка жамоа эканини билишади.

2011 йилда ашаддий рақиб “Равшан Кўлоб”га қарши ўйинда «Истиқлол» кечроқ ғалаба тўпини киритгач, кўлоблик мухлислар ғалаён кўтаришган эди. Чунки ўшанда ҳакам яққол офсайдни гўё пайқамаган.

Минтақада футбол аренасига энг шов-шувли кириб келган клуб Ўзбекистоннинг «Бунёдкор» клуби бўлса керак.

2008 йилда Тошкент жамоаси жаҳон чемпионати совриндори, бразилиялик Ривалду билан шартнома имзолаганди.

Ўшандан бери «Бунёдкор» олти йил ичида беш марта мамлакат чемпиони бўлди.

Тошкентнинг донғи чиққан "Бунёдкор" клуби Гулнора Каримова номи билан чамбарчас боғлиқ эди.
Тошкентнинг донғи чиққан "Бунёдкор" клуби Гулнора Каримова номи билан чамбарчас боғлиқ эди.

Аммо Ривалду жамоада бор-йўғи икки мавсум ўйнади ва клуб уни бир неча миллион долларга тушираётганини айтганидан кейин ора бузилди.

«Бунёдкор» клуби Ўзбекистоннинг зиддиятли «Зеромакс» компанияси томонидан молиялаштирилган ва ўша пайтдаги президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова билан чамбарчас боғлиқ эди.

Клуб юлдузи барибир сўнди.

Айни дамда «Бунёдкор» Ўзбекистон чемпионатида 14 жамоа ичида саккизинчи ўринни эгаллаб турибди.

Мамлакатдан ташқарида ҳам омад кулармикан?

«Арқадағ» бутунлай янги жамоа эканлигини ҳисобга олсак, клубда ўзини мамлакат ташқарисидаги рақибларга қарши синаб кўриш учун кўп имконият бўлмаган.

Ягона истисно бу клуб июль ойида Болгарияда Молдованинг “Беса Добердолл” жамоасига қарши ўтказган ўртоқлик ўйини бўлиб, ўйин дуранг билан якунланган эди.

Аммо кейинги мавсум Туркманистон супер клубини янада оғир синовлар кутмоқда, у Осиё турнирларида иштирок этади.

Бу ҳатто Криштиану Роналду ва Саудия Арабистонининг «Ан-Наср» жамоаси билан тўқнашишни англатиши ҳам мумкин.

«Истиқлол» жорий мавсумда «Ан-Наср» билан ушбу турнирнинг саралаш гуруҳидан жой олди. Тожикистон терма жамоаси тўрт жамоа орасида сўнгги ўринни эгаллади.

Форум

XS
SM
MD
LG