Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:58

Апелляция суди қамоқдаги блогер Олимжон Ҳайдаровга чиқарилган ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди


Олимжон Ҳайдаров суд залида. Фарғона, 1 декабрь, 2023 йил.
Олимжон Ҳайдаров суд залида. Фарғона, 1 декабрь, 2023 йил.

Фарғона вилоят судининг апелляция судлов ҳайъати блогер Олимжон Ҳайдаровга нисбатан чиқарилган 8 йиллик қамоқ жазосини ўзгаришсиз қолдирган.

Бу ҳақда Озодликка Олимжон Ҳайдаровнинг яқинларидан бири маълум қилди.

1 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Фарғона туман суди блогер Олимжон Ҳайдаровни 8 йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарганди.

Ҳайдаров Ўзбекистон жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 2-қисми, 3-қисми “а” банди, 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” банди ва 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.

У тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташи белгиланган.

Шунингдек, суд Мажбурий ижро бюроси зиммасига ижтимоий тармоқлардаги Ҳайдаровга тегишли барча канал, саҳифа ва гуруҳларни ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг ўчириш ёки блоклаш вазифасини юклаган.

Судда маҳаллий ҳокимият ва ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, жумладан, Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов, шунингдек, Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани ИИББ ходими ҳамда Фарғона вилоятидаги бозорлардан бирининг таъсисчиси Олимжон Ҳайдаровга қарши кўрсатма берган.

Олимжон Ҳайдаров ўзига қўйилган айбларни қатъиян рад этган ва айблар ортида сиёсий сабаблар турганини айтган.

Адвокатлар блогерга қўйилган айблар "мутлақо асоссиз" экани ва суд терговида ўз исботини топмаганини айтиб, блогерни суд залидан озод қилишни сўраганлар.

Human Rights Watch (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари Олимжон Ҳайдаровга нисбатан чиқарилган ҳукмни қоралаган.

5 декабрь куни эълон қилинган баёнотда ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича вакили Мира Риттман “суднинг Ҳайдаровни саккиз йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисидаги қарори Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлигига салбий таъсир кўрсатиши"ни айтган.

Олимжон Ҳайдаров Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён энг узоқ муддат қамоқ жазосига маҳкум қилинган блогердир.

XS
SM
MD
LG