Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:36

"Кучимни тежашга уриняпман". Озодлик журналисти Алсу Курмашева ҳибс қилинганига 100 кун тўлди


Журналист Алсу Курмашева Қозон шаҳридаги маҳкамада. Татаристон, декабрь, 2023.
Журналист Алсу Курмашева Қозон шаҳридаги маҳкамада. Татаристон, декабрь, 2023.

25 январда Озодлик радиосининг татар-бошқирд хизмати журналисти Алсу Курмашева ҳибсга олинганига 100 кун тўлди.

Idel.Реалии нашри Алсунинг мактублари асосида у Қозон тергов ҳибсхонасида байрам арафасидаги сўнгги кунлар ва янги йилнинг илк кунларини қандай ўтказгани ҳақида ҳикоя қилади.

“Эшикларни ўзингиз ва бошқалар учун очинг, бундан асло чўчиманг”

“Бугун роса уч ой бўлди. Ҳамма нарса ўзгарди. Мен ўзгардим, сиз ўзгардингиз, мактубларингиз ўзгарди. Узоқ танаффусдан сўнг, сиз байрам кунлари битган ўнлаб хатлар менга етиб келди. Улар шу қадар самимийки! Сиз ўз қўрқувларингизни менга ишонибсиз, ҳаммасига “қўл силтамасликка” қарор қилибсиз ва бошқалар оливье еб ўтирганида ҳисларингизни мен билан баҳам кўрибсиз. Бу бебаҳо фазилат”, деб ёзади Алсу 18 январдаги мактубида.

Ўша куни Алсу Курмашева ҳибс этилганига уч ой тўлганди, 25 январда эса у панжара ортига тушганига роппа-роса 100 кун бўлди.

18 январда Алсу ўз туйғулари ҳақида, яна, 2023 йилнинг майида Қозонга борганидан афсусланиши ёки йўқлиги ҳақида ёзди. У гапни кўплар (жумладан, нотаниш кишилар ҳам) ундан маслаҳат сўраётганидан бошлаган:

“Ота-онам болаларнинг таълим олиши учун қайси йўналишни танлаган маъқул деб сўрашади, бир татар йигитни севиб қолган қиз эса ошиғининг ота-онаси кўнглига йўл топиш ҳақида маслаҳат сўраяпти, – деб ёзади Алсу. – Ўзимни бировга маслаҳат беришга ҳақлиман деб ўйламайман, аммо менга ишонч билдирганингиздан бошим кўкка етди. Бир пайтлар менга ҳам таълим, маданият, ҳаёт эшикларини очиб беришган. Дастлаб – ота-онам, кейин эса ёши катта дўстларим, ҳамкасбларим. Сўнгра мен ўзим эшик оча бошладим, энг аввал – фарзандларим ва туғишганларимга, кейинчалик – мендан ёрдам ва кенгаш сўраган барчага. Аммо ўша пайтда буни идрок этолмаган эканман. Бугун англаяпманки, кимгадир эшик очиб бериш масъулият экан”.

Алсу Курмашева.
Алсу Курмашева.

Алсу “эшикларни фақат кучли ва ўзига ишонган кишиларгина оча олиши”, эшик ёпиш эса кўнглида бунақа туйғу йўқ ёки энди куртак ёзаётган кишиларга хослиги ҳақида ёзади:

“Сиз “шунақа пайтда” ўз уйимга (!) келганимни катта жасорат санаб менга қойил қоласиз. Бироқ биз ҳозир яшаяпмиз, “бошқача пайт” бўлмайди бизда. “Пайт” бўлади, албатта, аммо бугун ёрдамга муҳтож яқин инсонларимиздан қай бирлари бўлмаслиги мумкин. Ҳаётимнинг бўлишим лозим бўлган жойда кечира олмаганим уч ойини ҳеч ким қайтариб бера олмайди. Мен ўз оилам учун жавобгарман. Ёш фарзандларим, кекса онам учун. Менинг ва сизнинг ҳаётингизда 2024 йил 18 январ куни бошқа бўлмайди. Бугун биз нима иш қилдик? Кимга эшик очиб бердик? Ахир эртага эртанги кун бўлади, ҳаммаси бошқача бўлади. Столим устида сизнинг очиқ эшик ва деразалар сурати бор откриткаларингиз ётибди. Сизлар кучлисиз, ўзингизга ишонасиз. Ўз саволларингизнинг тўғри жавобларини албатта топасиз. Эшикларни ўзингиз ва бошқалар учун очинг, бундан асло чўчиманг. Сиздан беҳад миннатдорман. Алсу”.

Авахтада Янги йил

Тергов ҳибсхонасида Янги йил маҳбусларга бир талай ноқулайликлар келтиради. Энг аввало, китоблар ва хатларга масъул бўлган цензорлар таътилга чиқишлари сабабли.

Алсу олдинроқ ҳаммадан байрамга қандай ҳозирлик кўришаётгани ҳақида сўраган, арча ва безаклар расмларини жўнатишни илтимос қилган эди. “Арчалар учун раҳмат! Сурат сифати менинг тасаввурим учун етарли. Қолаверса, тирик арча қанақа бўлишини ва қандай ифор таратишини биламан”, деб ёзган эди у 18 декабрда. Бундан бир неча кун аввал эса Алсу дўстларига “Алла бирса, (“Худо хоҳласа” деган маънода), вегетарианча оливье билан меҳмон қиламан”, дея ваъда берган экан.

Янги йил арафасида битган хатида Алсу дўстларига улар юборган егуликлар учун миннатдорлик билдиради:

“Мактубингиз ва ноз-неъматлар етиб келди! Катта раҳмат! Ажойибсизлар. Мен севадиган емишлар ҳаммаси. Соя қайласи менга дориломон кунларни эслатади, унинг учун махсус ташаккур. Увилдириқ ололмадик, деб куюнманг, менда бор!” дейилади мактубда.

Январ ўрталарида, цензорлар ишга қайтишганидан сўнг Алсу 31 декабрдан 1 январга ўтар тунни “мудраб” ўтказганини ёзди. Ўша кеча “Золушка учун уч ёнғоқ”ни, “Граф Монте-Кристо”ни, эски совет мультфилмларининг янги талқинларини ва “Муз-ТВ”ни томоша қилибди.

“Бу саволларни менга берманг”

Кейинги икки ҳафта оғир кечади – Алсу бетоб бўлиб қолади. Яқинлари бу ҳақда январнинг ўрталарида хабар топадилар. Хайриятки, кўп ўтмай аҳволи яхшиланади.

– Томоғимни кўриб, нафасимни эшитиб кўрсангиз.

– Нега?

– Томоғим оғриган, хириллаб нафас оляпман.

– Кўриб қўйганимдан фойда йўқ, барибир ҳеч қандай ёрдам беролмайман.

– ???

– Ҳеч қанақа дори йўқ менда.

– Парацетамол ҳамми?

– Парацетамол ҳам.

– Барибир кўриб қўйинг, илтимос. Жудаям ёмонми ёки енгилроқми, шуни айтинг. Камерада кўзгу йўқ, бўлса ўзим кўриб олардим.

– Қани. Унча ваҳимали эмас. Намакоб билан чайинг.

– Раҳмат, – дейди Алсу, кўзлари порлаб. – Нега энг керакли дорилар бор дейсизлару, беморларга бермайсизлар?

– Бу саволни менга берманг. Мен бор-йўғи фелдшерман. Менда бир-икки таблетка но-шпа бор холос. Хоҳласангиз, берай?

– Беринг!

Ушбу диалогни Алсу 8 январдаги мактубида битган экан, эртасига эса ундан “Мен тузалдим!” деган хабар келади.

“Икки ҳафта ғайриинсоний шарт-шароитда яшадим (Алсуни вақтинча шип-шийдам хонага жойлаштиришган экан – Idel.Реалии изоҳи), таърифига сўз ожиз. Ҳозир пича тузукман. Ақл бовар қилмайди: нормал ҳаётда одам инфекция ёки шамоллашнинг илк белгиларидаёқ роса томоқ чайқайди, дорилар ичади, бу ерда эса ҳеч нима йўқ – шундай бўлса ҳам тузаласан. Мўъжиза! Ҳамма касал бўлади ва бу билан ҳеч кимнинг иши йўқ”, деб ёзади Алсу 5 январдаги мактубида.

Алсунинг Прагадаги ҳамкасблари. Октябрь, 2023.
Алсунинг Прагадаги ҳамкасблари. Октябрь, 2023.

“Ҳар ёмонлик ортида кўп-кўп яхшилик бор”

“Сизлар соғ-омон юрганингиз ҳақида ўқиганимда деворлар чекинади. Бугун шунчаки сиёсий маҳбусга эмас, айнан менга атаб битилган талай гўзал мактублар олдим. Питердан, Челябинскдан, Ставрополдан. Шунча вақт ўтиб илк бор Қозондан хат келди. Биринчи хат! Биласизми, Россия ва жаҳоннинг турли кунжакларидан хатлар келиб турсаю Қозондан келмаса, дарров сезиларкан”, дейилади Алсу Янги йил олдидан ёзган мактубда.

Икки кундан сўнг хат давомини ёзади: “Айтганча, бугун Қозондан почта орқали яна иккита хат келди. Бирининг муаллифини танимайман. Кеча Россия жанубида яшовчи бир қиздан ғаройиб мактуб олгандим. У икки ҳафта олдин Қозонда бўлган экан, у ерда дўстлари бор экан. Шаҳарни жуда яхши кўрар, йилда икки-уч марта меҳмон бўларкан. Дўстларидан мен ҳақимда эшитибди. “Дарҳол билет олиб, бу ердан қочиб кетгим келди. Севимли шаҳримда шунақа ёвузлик бўлганидан жуда хафаман”, деб ёзибди. Уйига қайтаётиб, поездда менга узундан-узун хат битибди. Мана шунақа ажойиб воқеалар бўлибди. Ҳар ёмонлик ортида кўп-кўп яхшиликлар борлигига амин бўлдим”.

Алсу Прагадан, Париждан, Австриядан, Германия ва АҚШдан кўплаб хат ва откриткалар келади, дебди. “Бу жуда хуш ёқади. Ақл бовар қилиши қийин. Бир мактуб салкам бир ойда келибди!” – қайд этади у. 13 январдаги мактубида эса яқинларидан бир неча хат олганини ёзади. “Демак, хат оқими бир қадар изга тушяпти. Уларсиз жуда қийналиб қолгандим. <...> Аслида ҳамма нарса имиллаб, тоқат қилиш душвор бўлиб бормоқда. <...> Кучни қаердан оласан, дерсиз? Мен кучимни сарфламасликка ҳаракат қиляпман”.

***

  • Алсу Курмашева 2023 йилнинг май ойи ўрталарида оилавий сабабларга кўра она шаҳри Қозонга келади. Иккинчи июн куни у уйига, Прагага учиб кетиши арафасида Қозон аэропортида қўлга олинади. Алсудан АҚШ ва Россия паспортларини олиб қўядилар (унинг қўшфуқаролиги бор). Бир неча кундан сўнг журналистга нисбатан иккинчи фуқаролик ҳақида хабар бермаслик (Россия ЖКнинг 330.2-моддаси) бўйича жиноят иши қўзғатилади. Октябрда Қозон суди уни айбдор деб топиб, 10 минг рубл жарима солади.
  • Ҳукмдан бир ҳафта ўтиб Алсу яна қўлга олиниб, “хорижий агент” сифатида рўйхатга олишни сўраб ҳукуматга мурожаат қилмасликда (РФ ЖКнинг 330.1-моддаси 3-қисми) айбланади. Орадан қарийб икки ойлар ўтгач унга қарши янги жиноят иши очадилар: энди Алсу Россия армияси ҳақида “фейклар” тарқатишда айбланади. Бунга Idel.Реалии таҳририяти чоп этган “Йўқ бўлсин уруш. Украинага босқинга қарши чиққан россияликлардан 40 ҳикоя” номли китоб сабаб бўлади.
  • 18 декабрда Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий комиссари Жозеп Боррел Россия ҳукуматини Алсу Курмашевани зудликда озод этишга чақирди: “Россия ҳукумати журналистлар хавфсизлигини, уларнинг сўз эркинлигини таъминламоғи, журналистларни таъқиб қилишни тўхтатмоғи шарт”, деди у.
  • Ўнлаб инсон ҳақлари ташкилотлари ҳамда Ғарб сиёсатчилари ҳам Алсуни қўллаб чиқишди. 10 декабр куни Қозонда журналистларга нисбатан оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этилишига қарши пикет бўлиб ўтди. Акциянинг икки иштирокчиси, жумладан социолог Искандер Ясавеев Алсу Курмашевани озод этишга чақирилган плакат кўтариб олишганди.
  • АҚШ Давлат департаменти расмий вакили Мэттю Миллер 18 январдаги баёнотида Қўшма Штатлар ҳукумати Алсу Курмашева ишига “катта эътибор” билан қараётганини маълум қилди.
  • Миллернинг баёнотидан сўнг 21 январ куни Нью-Йоркдаги Таймс-скверда “Код 58” лойиҳаси доирасида Россия сиёсий маҳкумлари, жумладан Алсу Курмашева портрети намойиш қилинди. Инсталляция мухолиф сиёсатчи Алексей Навальний қамоққа олинганига уч йил тўлгани муносабати билан ташкил этилди.

Форум

XS
SM
MD
LG