Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:49

Навальнийнинг ўлими: одамлар Борисов қабристонига гул олиб келишда давом этмоқда

1 март куни Москвада мухолифатчи, президент Владимир Путиннинг асосий рақибларидан Алексей Навальнийни дафн этиш маросими бўлиб ўтди.

Навальнийнинг Россия шимолидаги қамоқхонада вафот этгани ҳақида расмийлар 16 февраль куни хабар қилишган.

Навальний сафдошлари унинг ўлдирилганини айтишади.

Видолашув маросими Москванинг Навальний яшаган "Мариньо" туманидаги "Утоли моя печали" черковида бўлиб ўтди.

Қаттиқ хавфсизлик чораларига қарамасдан Навальний билан видолашиш учун минглаб одамлар келишди.

Навальний оиласига аввалига жасадни беришмаган, кейин эса у билан хайрлашишга рухсат берилмаган.

Алексей Навальний қарийб 10 йил – Борис Немцов ўлимидан буён – Россиянинг бош мухолифатчиси эди. Унга қарши таъқиблар, заҳарлаш, мамлакатдан чиқариб юборишга уринишларга қарамасдан Навальний Владимир Путин режими коррупциясини фош қилишда давом этди.

Алексей Навальний сўнгги уч йил қамоқда эканига қарамай, Россиядаги бош мухолиф сиёсатчи бўлиб қолди.

Ғарб раҳбарлари Навальнийнинг ўлими учун Путин масъул эканини айтишган.

АҚШ, Канада, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи Навальнийнинг ўлими муносабати билан Россияга қарши қўшимча санкциялар жорий қилди.

Украина разведкаси раҳбари Навальний ўлимига тромб узилиши сабаб бўлганини айтди

Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов Россия мухолифатчи сиёсатчиси Алексей Навальний ўлимига тромб узилиши сабаб бўлгани ҳақида билдирди. У бу маълумотни “аниқроқ тасдиқланган”, деб атади.

Буданов бу ҳақда Киевда 25 февралда ўтган "Украина. 2024 йил" форумида журналистларнинг “Навальний қандай ўлдирилгани тўғрисида Украина разведкаси маълумотга эгами?” деган саволига жавобан айтди.

“Ҳафсалангизни пир қилишим мумкин, бироқ бизга маълум нарса шуки, у ҳақиқатан ҳам тромб узилишидан ўлди. Бу аниқроқ тасдиқланган. Бу маълумот интернетдан олинмади”, - деди Буданов.

Аввалроқ Кремль назорати остидаги RT телеканали ҳам манбаларни келтирмаган ҳолда, Навальний ўлимига тромб узилиши сабаб бўлгани тўғрисида хабар берган эди.

Навальнийнинг Коррупцияга қарши кураш фондидаги сафдошлари ва унинг беваси Юлия мухолифатчи ўлдирилгани тўғрисида баёнот берганди. Коррупцияга қарши кураш фонди Навальний ўлими тўғрисида ишончли маълумот тақдим эта олган шахсга юз минг евро миқдорида мукофот берилишини эълон қилган.

Коррупцияга қарши кураш фонди раҳбари Мария Певчих Будановнинг сўзларига муносабат билдирар экан, уни “ёлғон айтган”ликда айблади.

47 ёшли Навальний Ямал-Ненец мухтор округидаги қамоқхонада ўлгани тўғрисида Россия расмийлари 16 февралда баёнот берган эди.

Суд-тиббёт экспертизаси Навальний ўз ажали билан ўлгани тўғрисида хулоса берди. Навальнийнинг сафдошлари ва оиласи ҳозирча мустақил экспертиза ўтказилиши ёки ўтказилмаслиги юзасидан маълумот бермади.

Навальний онасининг даъво аризаси судда 4 март куни ёпиқ эшиклар ортида кўриб чиқилади

Салехард шаҳар суди Людмила Навальнаянинг ўғли Алексей Навальний жасадини беришдан бош тортганларга нисбатан киритган даъво аризасини ёпиқ эшиклар ортида кўриб чиқади.

“Ариза ноқонуний ҳаракат, қарор устидан берилган. [Бу ишни кўриб чиқиш] 4 мартга белгиланди, суд ёпиқ ўтади”, – деб билдирган суд расмийси ТАССга.

Коррупцияга қарши кураш жамғармаси директори Иван Жданов 20 февралда Людмила Навальная Тергов қўмитаси Алексей Навальний жасади берилмаётгани тўғрисидаги аризаси ва президент Владимир Путинга ёзган хати жавобсиз қолаётгани юзасидан судга шикоят қилганини билдирган эди.

Людмила Навальная Путинга қилган мурожаатида ўғлининг жасадини беришни талаб қилган.

“Менинг ортимда “Полярний волк” деб аталган 3-сонли қамоқхона турибди, бу ерда 16 февраль куни ўғлим Алексей Навальний ҳалок бўлди. Беш кундан бери мен уни кўра олмайман, менга унинг жасадини беришмаяпти, унинг қаерда эканини ҳам айтишмаяпти. Сизга мурожаат қилаяпман, Владимир Путин, масаланинг ҳал этилиши фақат сизга боғлиқ. Ниҳоят менга ўғлимни кўришга рухсат беринг. Мен инсоний равишда дафн этишим учун зудликда Алексейнинг жасади берилишини талаб қиламан”, – деди у.

Православ руҳонийлар Кремлни Навальний жасадини оиласига беришга чақирди

Православ руҳонийлар ва диндорлар Кремлни Навальний жасадини оиласига беришга чақирди. Уларнинг чақириғи “Мир всем” православ лойиҳаси порталида эълон қилинди.

Мурожаат муаллифлари Навальний нафақат мухолифатчи сиёсатчи, балки эътиқодли православ насроний бўлганини таъкидлаган.

"Худо олдида барчамиз тенгмиз. <…> Унинг онаси, хотини, фарзандлари ва яқинларига марҳамат қилинг. Ҳар бир киши инсоний қадриятлар асосида дафн этилиш ҳуқуқига эга. Хатто императорга мойил эмас деган мақомга тушиб қолишидан қўрққан ҳолда Масиҳни қатл этиш тўғрисида қарор қабул қилган Понтий Пилат ҳам <…> Қутқарувчимизнинг жасадини дафн этиш учун берилишига қарши чиқмаган. Пилатдан ҳам тошбағир бўлманг”, – дейилади мурожаатда.

Мазкур хабар чоп этилиши арафасида уни уч юз киши имзолаган.

АҚШ Навальний ўлими муносабати билан Россияга қарши йирик санкциялар жорий қилади

Қўшма Штатлар мухолиф сиёсатчи Алексей Навальний Россия қамоқхонасида ўлиши ва Украинадаги икки йиллик уруш муносабати билан Россияга қарши йирик санкциялар туркуми жорий этилиши ҳақида маълум қилди.

Президент Жо Байден Калифорнияга сафари чоғида журналистлар билан мулоқот қиларкан, янги чеклов чоралари 23 феврал куни эълон қилинишини айтди, бироқ тафсилотларни очиқламади, деб ёзади Reuters.

Аввалроқ, сешанба куни Оқ уй вакили Жон Кирби санкциялар тайёрланаётганини билдирган, лекин у ҳам қўшимча маълумот бермаган эди. Мулозим чеклов чораларини анонс қиларкан, Қўшма Штатлар Россиядан Алексей Навальнийнинг Ямалдаги ахлоқ тузатиш муассасасида вафот этиши сабабларини текширишда буткул шаффоф бўлишни талаб қилаётганини урғулади.

“Россия ҳукумати дунёга қанақа чўпчак айтиб беришидан қатъи назар, Навальнийнинг ўлими учун президент Путин ва аъёнлари жавобгарлиги барчага аён”, деди Кирби. Оқ уй вакилига кўра, россиялик мухолифатчининг ўлими сабаблари холис ўрганилмас экан Россия ҳукуматининг сўзларига ишониб бўлмайди.

Кирби қўшимча қилишича, АҚШнинг Москвадаги элчихонаси Навальний ўлими бўйича кўпроқ маълумот олишга ҳаракат қилмоқда.

Алексей Навальний ўлганини Россия расмийлари 16 февралда эълон қилди. Жазони ижро этиш федерал хизмати талқинича, “Қутб бўриси” номли махсус тартибли қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган мухолифатчи кундузи, сайрдан сўнг вафот этган.

Ўлимидан бир неча кун олдин муассаса маъмурияти уни йигирма еттинчи марта, шарт-шароити оддий камераларга нисбатан анча оғир бўлган жарима изоляторига қаматтирган.

Тарафдорлари сиёсатчини ўлдирилган, деб ҳисоблашмоқда. Навальний жасади қариндошларига ҳануз берилмаяпти ва кўрсатилмаяпти. Мухолифатчининг беваси Юлия эрининг ишини давом эттиришга ваъда берди.

АҚШ президенти Жо Байден Навальний ўлими учун жавобгарликни Россия президенти Владимир Путин зиммасига юклади. Байден Алексей Навальний Россия қамоғида ўлганидан ғазабланганини, аммо бу хабар уни ажаблантирмаганини айтди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG