Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:47

Навальнийнинг ўлими: одамлар Борисов қабристонига гул олиб келишда давом этмоқда

1 март куни Москвада мухолифатчи, президент Владимир Путиннинг асосий рақибларидан Алексей Навальнийни дафн этиш маросими бўлиб ўтди.

Навальнийнинг Россия шимолидаги қамоқхонада вафот этгани ҳақида расмийлар 16 февраль куни хабар қилишган.

Навальний сафдошлари унинг ўлдирилганини айтишади.

Видолашув маросими Москванинг Навальний яшаган "Мариньо" туманидаги "Утоли моя печали" черковида бўлиб ўтди.

Қаттиқ хавфсизлик чораларига қарамасдан Навальний билан видолашиш учун минглаб одамлар келишди.

Навальний оиласига аввалига жасадни беришмаган, кейин эса у билан хайрлашишга рухсат берилмаган.

Алексей Навальний қарийб 10 йил – Борис Немцов ўлимидан буён – Россиянинг бош мухолифатчиси эди. Унга қарши таъқиблар, заҳарлаш, мамлакатдан чиқариб юборишга уринишларга қарамасдан Навальний Владимир Путин режими коррупциясини фош қилишда давом этди.

Алексей Навальний сўнгги уч йил қамоқда эканига қарамай, Россиядаги бош мухолиф сиёсатчи бўлиб қолди.

Ғарб раҳбарлари Навальнийнинг ўлими учун Путин масъул эканини айтишган.

АҚШ, Канада, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи Навальнийнинг ўлими муносабати билан Россияга қарши қўшимча санкциялар жорий қилди.

Россияликлар Навальний жасадини оиласига қайтаришни талаб қилмоқда

Мальтанинг Каппара шаҳридаги Россия элчихонаси олдида Алексей Навалний хотирасига ўтказилган акция.
Мальтанинг Каппара шаҳридаги Россия элчихонаси олдида Алексей Навалний хотирасига ўтказилган акция.

Тергов қўмитасига Алексей Навальнийнинг жасадини оиласига қайтаришни талаб қилиб, мурожаат юборганлар сони 67 мингдан ортди, деб хабар берди Медуза нашри.

Россия расмийларининг марҳум мухолифат етакчисининг жасадини ушлаб тургани ғазаб билан бирга саволларни пайдо қилмоқда.

Мурожаатлар йиғиш акциясини «ОВД-Инфо» инсон ҳуқуқлари ташкилоти ўтказмоқда. Европа Иттифоқи Навалнийнинг ўлими бўйича мустақил халқаро тергов ўтказишга чақирган.

Навальнийнинг рафиқаси Юлия Навальная бугун YouTube га ўз видеомурожаатини жойлади. У эрининг ўлимида Россия президенти Владимир Путинни айблаб, Навалнийнинг ишини давом эттиришга ва унинг ўлимида айбдорларни жазолашга ваъда берди.

Навалнийнинг матбуот котиби Кира Ярмиш Россия расмийлари Навальнийнинг жасадини таҳлил қилиш учун икки ҳафта кетишини айтгани ҳақида ёзди.

«Терговчилар Алексейнинг оиласига жасадни бермасликларини айтишган. Жасад яна 14 кун давомида қандайдир »кимёвий экспертиза«да бўлади. Улар ёлғон гапириб, очиқчасига вақтни чўзмоқда», деб ёзди Ярмиш.

ЕИ Навальний ўлими юзасидан Россияга қўшимча санкциялар киритмоқчи

Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Навальнийнинг ўлими учун Россияга қарши қўшимча санкциялар жорий этишга чақирди.

«Россия Навальнийнинг ўлими устида мустақил ва шаффоф халқаро тергов ўтказилишига рухсат бериши керак. Европа Иттифоқи ҳамкорларимиз билан яқин ҳамкорликда Россиянинг сиёсий раҳбарияти ва ҳокимиятини жавобгарликка тортиш учун қўшимча санкциялар киритади», — дейилади ташқи ишлар вазирларининг қўшма баёнотида.

Европа Иттифоқи ҳозиргача Россияга 12 бор санкциялар жорий қилган. Украинага босқинга икки йил тўлиши олдидан блок 13- санкциялар пакетини киритиш устида ишламоқда.

Украинага босқин бошланганидан бери Кремль сўз эркинлиги ва мухолифатни шафқатсиз бостириб келмоқда. Навальний Путиннинг душманлари рўйхатидаги энг сўнгги қурбонлардан бири бўлди.

Россия полицияси одамлар Навальний шарафига гул ва шамлар қўйиб кетаётган ёдгорлик майдонларини ўраб олиб, қатор шаҳарларда 430 дан ортиқ одамни ҳибсга олди.

Навальнийнинг онаси: Алексейнинг жасади зудлик билан берилишини талаб қиламан!

Қамоқда ўлган мухолифатчи Алексей Навальнийнинг онаси президент Путинга видеомурожаат эълон қилди. YouTube порталидаги Навальний LIVE каналида эълон қилинган мурожаатида Людмила Навальная ўғлининг жасадини беришни талаб қилди.


“Менинг ортимда “Қутб бўриси" деб аталган ИК-3 деворлари турибди. Бу ерда 16 февраль куни ўғлим ўлди. Беш кундан бери мен уни кўра олмайман, менга унинг жасадини беришмаяпти ва қаерда эканини ҳам айтишмаяпти. Мен сизга мурожаат қиляпман, Владимир Путин, масаланинг ҳал этилиши фақат сизга боғлиқ. Менга, ниҳоят, ўғлим билан кўришишга рухсат беринг. Мен уни одамга ўхшаб дафн этишим учун, Алексейнинг жасади зудлик билан берилишини талаб қиламан”, - деди Людмила Навальная.

Олдинроқ марҳумнинг онаси Салехард шаҳар моргига киритилмагани хабар қилинганди. Мазкур ўликхонада Навальний жасади сақланаётгани тахмин қилинади.

Навальнийнинг матбуот котиби Кира Ярмиш мухолифатчининг жасади қариндошларига камида икки ҳафтадан сўнг берилиши кутилаётганини айтган.

Унга кўра, бу ҳақда терговчилар Навальнийнинг онаси ва адвокатларни хабардор қилган. Терговчиларга кўра, кимёвий экспертиза ўтказиш учун икки ҳафта керак бўлади.

АҚШ Навальний ўлими муносабати билан Россияга қарши йирик санкциялар жорий қилади

Қўшма Штатлар мухолиф сиёсатчи Алексей Навальний Россия қамоқхонасида ўлиши ва Украинадаги икки йиллик уруш муносабати билан Россияга қарши йирик санкциялар туркуми жорий этилиши ҳақида маълум қилди.

Президент Жо Байден Калифорнияга сафари чоғида журналистлар билан мулоқот қиларкан, янги чеклов чоралари 23 феврал куни эълон қилинишини айтди, бироқ тафсилотларни очиқламади, деб ёзади Reuters.

Аввалроқ, сешанба куни Оқ уй вакили Жон Кирби санкциялар тайёрланаётганини билдирган, лекин у ҳам қўшимча маълумот бермаган эди. Мулозим чеклов чораларини анонс қиларкан, Қўшма Штатлар Россиядан Алексей Навальнийнинг Ямалдаги ахлоқ тузатиш муассасасида вафот этиши сабабларини текширишда буткул шаффоф бўлишни талаб қилаётганини урғулади.

“Россия ҳукумати дунёга қанақа чўпчак айтиб беришидан қатъи назар, Навальнийнинг ўлими учун президент Путин ва аъёнлари жавобгарлиги барчага аён”, деди Кирби. Оқ уй вакилига кўра, россиялик мухолифатчининг ўлими сабаблари холис ўрганилмас экан Россия ҳукуматининг сўзларига ишониб бўлмайди.

Кирби қўшимча қилишича, АҚШнинг Москвадаги элчихонаси Навальний ўлими бўйича кўпроқ маълумот олишга ҳаракат қилмоқда.

Алексей Навальний ўлганини Россия расмийлари 16 февралда эълон қилди. Жазони ижро этиш федерал хизмати талқинича, “Қутб бўриси” номли махсус тартибли қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган мухолифатчи кундузи, сайрдан сўнг вафот этган.

Ўлимидан бир неча кун олдин муассаса маъмурияти уни йигирма еттинчи марта, шарт-шароити оддий камераларга нисбатан анча оғир бўлган жарима изоляторига қаматтирган.

Тарафдорлари сиёсатчини ўлдирилган, деб ҳисоблашмоқда. Навальний жасади қариндошларига ҳануз берилмаяпти ва кўрсатилмаяпти. Мухолифатчининг беваси Юлия эрининг ишини давом эттиришга ваъда берди.

АҚШ президенти Жо Байден Навальний ўлими учун жавобгарликни Россия президенти Владимир Путин зиммасига юклади. Байден Алексей Навальний Россия қамоғида ўлганидан ғазабланганини, аммо бу хабар уни ажаблантирмаганини айтди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG