Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:40

Қашшоқлик, адолатсизлик ва мия ювилиши... Тожикистонликлар нега ИШИДга ёлланмоқда?


"Крокус Сити Холл"га ҳужумда айбланаётган тожистонликлардан бири Фаридун Шамсиддин суд залида. Москва, март, 2024
"Крокус Сити Холл"га ҳужумда айбланаётган тожистонликлардан бири Фаридун Шамсиддин суд залида. Москва, март, 2024

ИШИДнинг террорчилик ҳаракатлари туфайли айбланаётган тожикистонликлар рўйхати кенгаймоқда. Нега тожиклар бу гуруҳ қуролига айланиб бормоқда ва бунга ким жавобгар?

22 март куни "Крокус Сити Холл"даги теракт Эроннинг Кирмон шаҳрида содир бўлган шунга ўхшаш ҳужумдан сўнг жорий йил бошидан бери содир этилган иккинчи йирик теракт бўлиб, жавобгарликни "Исломий давлат" – ИШИД ўз зиммасига олди. Тергов маълумотларига кўра, ҳар икки ҳолатда ҳам бевосита айбдорлар орасида Тожикистон фуқаролари ҳам бор.

"Крокус Сити Холл"да теракт содир этганликда айбланиб ҳибсга олинган 11 кишидан 10 нафари Тожикистон фуқароларидир. Россия хавфсизлик кучлари терактнинг бевосита айбдорлари деб атаган тўрт нафар тожикистонлик судгача ошкора қийноқларга дучор бўлди, бу эса эксперт доираларида ушбу қийноқлар натижасида олинган кўрсатмалар ва уларга нисбатан кейинги айбловлар ҳақида кўплаб саволлар туғдирмоқда. Шу билан бирга, сўнгги бир неча йил ичида Тожикистон фуқаролари турли мамлакатлардаги жиҳодий гуруҳларда мисли кўрилмаган фаоллик кўрсатмоқда.

Москва суди теракт доирасида ўнинчи муҳожирни қамади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:00 0:00

Ҳақиқатни тан олиш

Тожикистон фуқароларининг исм-шарифлари Эрон ҳудудида содир этилган сўнгги учта терактда, Туркия, Германия, Австрия ва Нидерландия ҳудудларидаги терактлар тайёрлаш жараёнида пайдо бўлди.

Жорий йил январида Толибон мудофаа вазири Муҳаммад Ёқуб Мужоҳид (Мулло Ёқуб) Афғонистонда сўнгги икки йил ичида содир этилган терактларда энг кўп Тожикистон ва Покистон фуқаролари иштирок этганини айтди. Март ойи бошида эса Тожикистон президенти Имомали Раҳмон диний уламолар вакиллари билан учрашувда уч йил давомида мамлакатнинг 24 фуқароси ўнта давлатда террорчилик содир этгани ёки уларни тайёрлашда гумон қилинаётганини тан олди.

Нега асосан ишчи кучини экспорт қиладиган давлат ёш радикаллар урчийдиган майдонга айланмоқда? "Крокус Сити Холл"даги терактдан кейин тобора кўпроқ берилаётган савол бу.

Муаммо манбаси нима?

Мустақил сиёсатшунос Парвиз Муллажонов ёшларнинг радикаллашувига сабаб бўлаётган асосий омиллар қаторида ижтимоий-иқтисодий омил, жамиятда ўз ўрнини йўқотган (маргиналлашган) ёшларнинг бундай ташкилотларга қўшилиши ва интернет орқали тарғибот-ташвиқот ишларини санайди.

Тожик муҳожирлари Россиядан кетмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:17 0:00

“Сўнгги ўн йил ичида жиҳодчилар ижтимоий тармоқлар ва умуман интернетдан фойдаланишга асосланган янги стратегиядан фойдалана бошлади. Илгари улар масжидларда назоратни ўз қўлига олмоқчи бўлган, аммо расмийлар бу билан шуғулланишни ўргангач, энди эътибор онлайн муҳитга қаратилди, – дейди сиёсатшунос. – Тожиклар орасида маргинал деб таснифланиши мумкин бўлган одамлар улуши жуда катта. Ҳар йили меҳнат бозорига 150 минг киши киради, уларнинг аксарияти меҳнат миграцияси мақсадида мамлакатни тарк этади”.

Унинг айтишича, аҳолининг радикаллашуви билан боғлиқ худди шундай ҳолатни меҳнат миграцияси юқори бўлган Тунис, Марокаш, Жазоир ва Мисрда ҳам кузатиш мумкин.

Аҳоли ўсиш суръатлари бўйича Тожикистон Марказий Осиё давлатлари орасида етакчи ҳисобланади. Аҳолиси ҳар йили ўртача 2,4% га ошади. Меҳнатга лаёқатлилар улуши қарийб 70 фоизни ташкил этади, иқтисодий кўрсаткичлар эса МДҲ ва Марказий Осиё мамлакатлари орасида энг паст кўрсаткичдир. Россияга меҳнат миграцияси давлатнинг ижтимоий-иқтисодий юкини енгиллатишнинг муҳим омили бўлиб қолмоқда, шунингдек, кўплаб мамлакатларда террорчи деб тан олинган ИШИД гуруҳи ҳам айнан Россияда ёллаш билан шуғулланади.

Ташвиқотга учадиганлар

“Мен миграция ҳақидаги мифга қўшилмайман, чунки маълумотлар кўрсатадики, тарғиботлар мигрантлар орасида ҳам, тарғиботга учганлар келган мамлакатларда ҳам содир бўлади. Миграция радикаллашув сабаби эмас, бу фақат ёлловчилар ва эмиссарлар ўзларининг мақсадли аудиториясини топадиган жой, холос. Бу гуруҳга 18 ёшдан 26 ёшгача бўлган ёшлар киради – айнан шу ёшда ҳамюртларимиз кўпроқ ишга боради”, дейди экстремизмга қарши кураш бўйича эксперт Рустам Азизий «Азиа-Плюс»га берган интервьюсида.

У учта асосий гуруҳни кўрсатади: ўзлигини тополмаётганлар, улар ўзларидаги комплексларини диндорлик билан қоплашга ҳаракат қиладилар; жиноий ҳаёт тарзига мойил бўлганлар; ва таълим ва даромад даражаси паст бўлган, кўр-кўрона диндорлиги юқори бўлган маргинал одамлар гуруҳи.

2017–2018 йиллар учун БМТнинг Терроризмга қарши кураш агентлиги маълумотларига таянган ҳолда эксперт аҳоли жон бошига ИШИДга қўшилган тожикистонликлар сони МДҲ, Яқин Шарқ ва ҳатто Европа давлатларидан кейин 14-ўринни эгаллашини таъкидлайди.

OzodNazar: Террорни уюштирганлар нишони – Марказий Осиё - эксперт
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:50:18 0:00

Адолат учун курашасизми?

Берлиндаги Карнеги Россия ва Евроосиё тадқиқотлари маркази ходими Темур Умаровнинг қайд этишича, рақамлаштириш ва умумбашарий шаффофлик даврида қашшоқлик ва даҳшатли тенгсизлик адолатсизликдан норозилик туйғусини янада кучайтирмоқда.

“Айниқса, Тожикистондаги каби сиёсий режимларда Президент Раҳмон оиласи деярли бутун мамлакатга эгалик қилади ва ўз бойлиги ва таъсирини ҳар томонлама намойиш этишдан тортинмайди. Ҳатто Раҳмоннинг жуда узоқ қариндошлари ҳам Instagram’да бой ҳаётлари акс этган суратларни баҳам кўришади. Тожикистонда адолатсизликка қарши курашишнинг қонуний йўллари амалда йўқ. Ўзининг ўттиз йиллик ҳокимияти давомида Раҳмон режими барча сиёсий мухолифатни йўқ қилди ва сўнгги йилларда ўтиш даврига тайёргарлик кўриш чоғида минтақалардаги фуқаролик жамияти қолдиқларини ва ўзига потенциал бевафо одамларни тозалади. Натижада, мамлакатдаги норозилар учун ягона йўл радикал экстремизм бўлиб қолди”, деб ёзади Умаров.

Худди шундай баҳони мамлакатда тақиқланган Тожикистон Миллий альянси раҳбари Муҳиддин Кабирий ҳам Озодлик тожик хизмати билан суҳбатда билдирди. Унинг айтишича, ўн йил давомида Тожикистон ҳукумати ёшларни ИШИД ва бошқа террорчи гуруҳларга емиш қиладиган шароитни яратиб берди.

“Қўлга олинганларнинг энг кичиги 19 ёшда, энг ёши каттаси 30 ёшда. Булар Эмомали Раҳмон президентлиги даврида туғилиб ўсган, у қўл остидаги таълим тизимида таҳсил олган, имомлари ҳам унга бўйсунувчи Дин қўмитаси томонидан тайинланадиган масжидларга борганлардир. Бундай ёшлар минглаб. Улар учун давлат раҳбаридан бошқа ким масъулиятни ўз зиммасига олиши мумкин?” деб сўрайди Кабирий.

Сиёсатчининг фикрича, радикал унсурларнинг мавжудлиги тожик расмийларига аҳолига қарши репрессияларни халқаро ҳамжамият олдида оқлаш имконини беради. “Аммо, менимча, сўнгги воқеалар тожик расмийларига фойда келтирмайди, чунки муҳожирларга нисбатан босим давом этса, уларнинг аксарияти Тожикистонга қайтишга мажбур бўлади, бу эса ижтимоий-иқтисодий инқирозга, келажакда эса сиёсий инқирозга олиб келиши мумкин», дейди Кабирий.

"Крокус"даги теракт 22 март, жума куни содир бўлган, бунинг натижасида, Россия Тергов қўмитаси маълумотларига кўра, камида 144 киши ҳалок бўлган, 500 дан ортиқ киши жароҳатланган. Ҳужумчилар баъзи одамларни отиб ташладилар, аксарияти ёнғин пайтида ўлди. Ҳужум учун жавобгарликни ИШИД гуруҳи ўз зиммасига олди.

Форум

XS
SM
MD
LG