- Жорий йилнинг ўзида 917 млн. кубметр газ импорт қилдик. Бу жуда катта рақам. Иккинчидан, бу импорт қилганимизни пул тўлаб олиб келяпмиз, валютага олиб келяпмиз. Бу нима бўлади келажакда?..
Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 9 август кунги йиғилишда қўйган бу саволига жавобни Ўзбекистон Статистика агентлигининг сўнгги ҳисоботидан топиш мумкин.
Унга кўра¸ 2024 йил январь ва февраль ойида биргина табиий газ импорти учун бюджетдан 166,7 миллион доллар маблағ сарфланган. Бу бир йил олдингига нисбатан қарийб икки баравар кўп.
Бугунга келиб¸ 1 триллион куб метрдан кўпроқ газ заҳираларига эга Ўзбекистон Россиядан йилига 2¸8 миллиард куб метр газ сотиб олаëтган¸ Кремлнинг сиёсий қуроли - "Газпром"га қарам давлатга айланди. Бунга солиқ тўловчининг қанча миллиардлари¸ қандай сарфланаëтгани ҳақида ўзбек жамоатчилиги ҳеч нарса билмайди.
Бу миллиардларнинг бари чиндан ҳам аҳоли уйини иситиш¸ қозонини қайнатиш¸ иқтисодни тебратиш учун газ сотиб олишга сарфланмоқдами?
Шундай бўлса, нега ўзбеклар ҳамон йилнинг қарийб ярмини газсизликда ўтказишга маҳкум? Айниқса, қиш мавсумида нега яна аксар қувурлар ва газ қуйиш шохобчалари бўм-бўш? Расмий ҳисоботларда келтираëтган улкан маблағ газ¸ хусусан уни импорт қилишга сарфланаëтган бўлса¸ газ қани?
Озодликнинг янги журналистик суриштируви газ импорти деган иддао билан солиқ тўловчи ҳисобидан олинган юзлаб миллион доллар қандай схемалар орқали кимларнинг чўнтагига кетаëтганини фош қилди.
*****************
2021 йилнинг 10 март куни Тошкентда Ultimo Group Limited деб номланган МЧЖ рўйхатга олинди. Устав фонди 100 000 000 сўм. Ўша пайтдаги расмий курс бўйича¸ 9,522 доллар. Фаолият тури “қаттиқ¸суюқ ва газсимон ëқилғи ва шу каби маҳсулотлар улгуржи савдоси”.
Стратегик маҳсулот – газ улгуржи савдоси билан шуғулланишга киришган компания таъсисчи ва директори нафақат кенг жамоатчилик¸ балки энергетика секторидагиларга ҳам нотаниш исм ва фамилиялар.
2021 йил уз доменида ultimogroup.uz сайти рўйхатдан ўтказилди. Қайдга олингандан бери “сайт ишланмоқда” деган ëзув қандай осиғлиқ бўлса¸ орадан уч йил ўтиб ҳам шундоқлигича турибди.
Устав фонди кичиклиги¸ реал офис ëки реал вебсаҳифаси йўқлигига қарамай, Ultimo Group Limited МЧЖ туғила солиб катта ўйинга киришди.
Бир ой ўтиб-ўтмай¸ 2021 йилнинг 13 апрелида "Қизилқумцемент" билан 315 миллиард сўм¸ ëки ўша пайтдаги курс бўйича 30 миллион долларлик контракт имзолади. Келишувга кўра¸ на газ қазиб чиқариш ва на газ олди-бердисида тажрибага эга бўлган бир неча кунлик бу МЧЖга Ўзбекистондаги энг йирик цемент заводи - "Қизилқумцемент"га табиий газ етказиб бериш ваколати юкланди.
2021 охирига қадар Ultimo Group Limited МЧЖ "Қизилқумцемент" билан яна камида учта қўшимча келишув имзолади. 2021 йил охирига келиб "Қизилқумцемент" Ultimo Group Limited МЧЖдан олиши белгиланган газ ҳажми 379 миллион кубметрга етди. Янги ҳужжатларда бериладиган газ босими пасайди¸ аммо нархи кескин - 50 фоизга оширилди.
Бу контрактлар имзоланганда¸ "Қизилқумцемент" асосий акциялари давлат қўлида эди. Боз устига¸ "Қизилқумцемент" АЖ 2019 йил февралида ташкил этилган “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси таъсисчиси.
"Ўзбекнефтгаз" ўз фаолияти ҳақида Лондон биржасига еврооблигациялар чиқаришдан аввал тайëрлаган ҳисоботга кўра¸ "Ўзтрансгаз" бу уюшма аъзолари¸ биринчи галда¸ "Қизилқумцемент"га табиий газни имтиëзли нархда сотиб келган. Ultimo Group Limited МЧЖ "Қизилқумцемент" АЖга ҳар минг куб метр газни 95 доллардан сотиб¸ сўнгра уни 145 долларга кўтарганида¸ "Ўзтрансгаз" АЖ айни газни уюшманинг бошқа аъзоларига 63 доллардан сотган.
Устав фонди ўша пайтдаги расмий курс бўйича 10 минг АҚШ долларидан кам бўлган Ultimo Group Limited МЧЖга давлатнинг энг йирик цемент компаниясига 36 миллион долларлик табиий газ сотиш имтиëзи ҳукуматнинг махфий қарори билан берилган. Лекин Ўзбекистоннинг энергетика соҳасига алоқадор барча расмий тизимлари – Энергетика вазирлиги¸ "Ўзбекнефтгаз"¸ "Ўзтрансгаз"¸ "Қизилқумцемент" расмий сайти¸ улар архивларида Ultimo Group Limited МЧЖ деган компания номи топилмайди.
Ultimo Group Limited МЧЖ тузилганидан бир ой ҳам ўтмай, бундай улкан контрактни қайси асосда¸ қайси идора чиқарган қарорга мувофиқ олганига оид Озодлик саволларига Энергетика вазирлиги¸ "Ўзтрансгаз" АЖ¸ "Қизилқумцемент" АЖ маъмурияти жавоб бермади.
Озодлик ихтиëридаги ҳужжатлар тузилганидан саноқли кунлар ўтиб¸ Ultimo Group Limited МЧЖ Ўзтрансгаз АЖнинг нафақат "Қизилқумцемент" АЖ каби магистрал қувурга уланган йирик истеъмолчиларга тўғридан-тўғри табиий газ сотиш¸ балки унинг Ўзбекистон қонунчилигида белгиланган эксклюзив вазифаси – табиий газ импортини ҳам ўз қўлига ола бошлаганини кўрсатади.
Бу ҳужжатларда¸ Ultimo Group Limitedнинг 2021 йил 1 апрелидан¸ аниқроғи, тузилганидан 20 кун ўтмай¸ Туркманистоннинг давлатга қарашли "Туркменгаз" компаниясидан катта ҳажмда табиий газ импорт қила бошлагани кўрилади.
Глобал экспорт ва импортга оид маълумотлар базаси бўлган Хитойнинг Sinoimex порталида Ultimo Group Limited МЧЖнинг 2021 йил апрелидан 2022 йил январини ичига олган камида 16 та хариди қайд этилган. Шу 10 ой ичида расман бирор ҳужжатда кўринмайдиган компания туркманлардан қарийб 1 миллиард ( 955 296 860) куб метр газни 88 524 014 АҚШ долларига импорт қилган. Суд ҳужжатлари¸ айни даврда Ultimo Group Limited МЧЖ директори ва ҳисобчисининг туркман газини Божхона юк декларацияси (БЮД) тўлдирмай¸ яъни бож тўламай импорт қилиш ва солиқ тўламаганликда айбланганини кўрсатади.
2019 йил 9 июлида Шавкат Мирзиëевнинг ўзи имзолаган қарорга кўра¸ "Ўзтрансгаз" АЖ табиий газни ишлаб чиқарувчидан сотиб олади. Уни тўғридан-тўғри шартнома асосида магистрал газ қувурига уланган йирик истеъмолчиларга ўзи сотади. Аҳоли ва бошқа улгуржи харидорларга газни "Ҳудудгазтаъминот" АЖ тарқатади¸ аммо унга ҳам газни "Ўзтрансгаз" АЖ етказиб беради.
На бу қарор ва на жамоатчиликка эълон қилинган бошқа ҳужжатларда "Ўзтрансгаз" АЖнинг газни экспорт ва импорт қилишда ўртакашларни ëллаши ҳақида сўз йўқ.
Бу ваколат 2022 йил июнида Ўзбекистонда яна бир давлат компанияси UzGasTrade АЖ ташкил этилгунга қадар "Ўзтрансгаз"да қолди. 2022 йил 1 августидан “табиий газни давлатнинг ягона оператори сифатида республикадаги ишлаб чиқарувчилардан Идоралараро тариф комиссияси томонидан тасдиқланадиган нархларда ва импорт орқали ташқи манбалардан марказлашган тартибда харид қилиш” ваколати унга юклатилди.
Озодлик ихтиëридаги банк ўтказмалари "Ўзтрансгаз" АЖнинг 2020-2022 йилларда табиий газни кимлардан сотиб олгани ва харид учун қайси компанияга¸ қачон¸ қанча ҳақ тўлаганини кўрсатади.
"Ўзтрансгаз" “табиий газ учун”¸ деган асосда бу компаниялар ҳисобига юзлаб миллион доллар ўтказган. Бу тўловларнинг бир қисми¸ Ўзбекистонда газ қазиб чиқараëтган икки хорижий ва қўшма корхона – Lukoil ва Uz-Kor Gas ҳиссасига тўғри келади.
Айни транзакциялар рўйхати 2021 йил ноябрига келиб мамлакатнинг табиий газ етказиб бериш бўйича ягона оператори – "Ўзтрансгаз" АЖ бирор жойда номи кўринмайдиган Ultimo Group Limited МЧЖга ҳам миллионлаб доллар пул ўтказа бошлаганини кўрсатади.
"Ўзтрансгаз" АЖ 2022 йил январидан сентябрига қадар Ultimo Group Limited МЧЖ ҳисобига саккизта тўлов қилган. Уларнинг барчасига бир хил изоҳ – "2021 йил 31 август куни имзоланган 34/26-2021 сонли воситачилик шартномаси асосида табиий газ учун тўлов” деб ëзилган.
Битта шу воситачилик келишуви асосида "Ўзтрансгаз" Ultimo Group Limited МЧЖ ҳисобига 66 628 555 АҚШ доллари ўтказиб берган. Бу - Озодликдаги ҳужжатлардан жамланган тўлов. "Ўзтрансгаз" Ultimo Group Limited МЧЖга бундан бошқа яна қанча тўлов қилгани Озодликка маълум эмас.
Давлатнинг стратегик корхоналари нега айнан қоғозда бор¸ амалда йўқ Ultimo Group Limited МЧЖдан "Ўзтрансгаз"никидан қарийб икки баравар қимматига ва олдиндан ҳақ тўлаб, газ олишга мажбур қолди? Нега ҳукумат тепасидагилар бу компанияга мисли кўрилмаган имтиëзни тақдим этди? Бу МЧЖ маҳаллий ëхуд туркман газ қазувчиси билан давлатнинг "Ўзтрансгаз" компанияси ўртасидаги олди-бердида нима қилиб юрибди?
Бу саволларнинг жавоби Ultimo Group Limited МЧЖнинг асл бенефициарлари ким, деган жумбоқда яширин.
Ўзбекистон корпоратив реестрига кўра¸ Ultimo Group Limited МЧЖнинг айни дамдаги таъсисчилари Анвархўжаев Туҳфатхўжа Шавкат ўғли ва Қаюмова Матлюба Илҳомовна. Ҳар иккала таъсисчи 50 фоиздан акция эгаси. Компания директори Муталов Равшан Ҳасанович.
Корпоратив ҳужжатлар тарихига қаралса¸ Анвархўжаев Туҳфатхўжа Шавкат ўғли деган ном Ultimo Group МЧЖга қадар яна иккита компанияда кўрилади. Фаолияти тўхтатилган бу иккала ширкатнинг энергетика соҳаси¸ хусусан¸ табиий газ савдосига алоқаси йўқ.
Туҳфатхўжа Анвархўжаев Ўзбекистон ДХХсининг узоқ йиллик мулозимларидан бири Шавкат Анварович Аъзамхўжаевнинг ўғли. Амакиси Алишер Аъзамхўжаев Мирзиëев ҳокимиятга келгандан бери Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси.
Туҳфатхўжа Анвархўжаевнинг Ultimo Group Limited МЧЖдаги дастлабки шериги Қаюмов Дилëр Тоҳирович бўлган.
Қаюмов Дилëр Тоҳирович Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнг унинг “ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш” учун 2018 йил бошида хориждаги ўзбекистонликлар тузган “Буюк келажак” экспертлар кенгаши аъзоларидан бири.
Мазкур кенгашнинг ҳозирга келиб ўчирилган сайтида қўйилган биографиясига кўра¸ 44 яшар Дилëр Қаюмов асли ангренлик. Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиëти ва дипломатия университетини битирганидан сўнг¸ АҚШда ўқишини давом эттирган. Ундан Канадага ўтиб¸ RLG International Inc. компаниясида нефть-газ соҳасидаги лойиҳаларни бошқарган. Резюмесига ишонилса¸ газ соҳаси мутахассиси.
Қаюмов 2022 йил ëзида Ultimo Group таъсисчилигидан чиқади ва кўп ўтмай Тошкент тарихидаги энг қиммат лойиҳалардан бири - Tashkent City Mall директорлигига тайинланади.
У жорий йилнинг 5 март куни Шавкат Мирзиëевнинг Tashkent City Mall савдо-кўнгилочар марказига қилган ташрифи давомида унга ҳамроҳлик қилган асосий шахс.
Озодликнинг “Фарғоналик куëвлар¸ зоминлик жиянлар¸ Президент ва “Инвестор” сарлавҳали журналистик суриштируви сохта таъсисчилар ва хориждаги компаниялар лабиринти Tashkent City Mall лойиҳасини президент куëви Отабек Умаров ва минтақанинг энг йирик контрабандачиси деб ном чиқарган асли шинжонлик Абдуқодир Ҳабибуллага олиб чиқишини очиқлаган эди.
Дилëр Қаюмов Tashkent City Mall директорлигига ўтгaч, 2022 йил ëзида Ultimo Group Limited МЧЖдаги акцияларини онаси Қаюмова Матлюба Илхомовнага ўтказган.
Ҳозирда Ultimo Group МЧЖнинг 50 фоизи Туҳфатхўжа Анвархўжаевда¸ қолган 50 фоизи эса¸67 яшар Матлуба Қаюмова номида.
Facebook профилига қаралса¸ давлат корхоналарига миллионлаб долларлик газ сотиб келаëтган компаниянинг ҳозирги эгаси Матлуба Қаюмова Низомий номидаги педагогика институти (ҳозирда айни номдаги университет-таҳр.)ни битирган. Ultimo Group МЧЖнинг икки эгасидан бирига айлангунига қадар Қаюмованинг нафақат газ савдоси¸ балки бирор бизнес билан шуғулланганига оид маълумот корпоратив ҳужжатларда йўқ.
Она-ўғил Қаюмовлар Озодликнинг Ultimo Groupдаги фаолиятига оид саволларига жавоб беришни истамади. Матлуба Қаюмованинг турмуш ўртоғи Тоҳир Қаюмов телефон суҳбатида аëлининг Озодлик мухбири билан гаплашишни истамаслиги¸ ўғли Дилëр Қаюмов эса Германияда сафарда эканини айтди.
Ultimo Group Limited директори¸ у таъсис этилганидан ҳозирга қадар Муталов Равшан Ҳасанович.
Ўзбекистон ва Россия корпоратив маълумотлар базасига кўра¸ Равшан Муталов бир пайтнинг ўзида бир неча компания директорлигига расмийлаштирилган.
Тошкентдаги Ultimo Groupга оид маълумот йиғиш жараëнида хорижда ҳам айни шу номда бошқа ширкатлар борлиги аëн бўлди.
Улардан бири Ultimo Group FZE - LLC, иккинчиси Ultimo Group FZCO. Тошкентдаги билан айни номдаги бу иккала Ultimo Group Бирлашган араб амирликларида рўйхатга олинган.
Тошкентдаги Ultimo Group 2021 йил 10 мартда очилган бўлса¸ Шаржадагиси ундан тўрт ойча ўтиб – 25 июлда, Дубайдагиси эса ўша йилнинг сентябрида ташкил этилган.
Айни номда кетма-кет Араб амирликларида очилган бу компаниялар ҳам¸ регистрация ҳужжатига кўра¸ ëқилғи, хусусан нефть, дизел ёқилғиси, бензин ва қайта ишланган нефть маҳсулотлари улгуржи савдоси билан шуғулланади.
Учала Ultimo ўртасидаги алоқадорлик фақат номдаги бир хиллик ва таъсис вақтидаги кетма-кетлик билан чекланмайди.
Тошкентдаги "Ултимо"нинг таъсисчилари ва директори кенг жамоатчиликка нотаниш одамлар бўлса¸ Шаржадагисининг бошқарувчиси ва лицензия эгаси анчайин таниш.
Бу – Британия фуқароси Ross Thomas Connon.
Бу исмни “Ўзбекистон” билан қўшиб Google қидирувга берилса¸ биринчи бўлиб 7SABER бренди веб саҳифаси чиқиб келади.
"Бренд тарихи 2019 йилдан - Ўзбекистон Триатлон федерацияси раҳбари Отабек Умаров дунёга машҳур пиктограмма асосида турли спорт турларини ифодаловчи, уларнинг аксариятини контурда бирлаштирган график элементни яратишидан бошланди"¸ дейилади 7SABER сайтининг "Биз ҳақимизда" дейилган саҳифасида.
Росс Коннон¸ давлатга қарашли ЎзА миллий ахборот агентлигига ишонилса¸ Berkeley Square Project Management, қолган ўзбек нашрлари ва бренд сайтига ишонилса¸ Дубайдаги Berkeley Square Investments компанияси раҳбаридир.
7SABER сайтида ëзилишича¸ 2020 йили Дубайдаги Berkeley Square Investments Ўзбекистонда “маркетинг тадқиқоти” ўтказиб¸ Отабек Умаров чизган қайрилма беллик 7 графикаси “Ўзбекистонда юқори даражада машҳурлигини ҳамда брендга содиқликнинг ажойиб кўрсаткичларини аниқлаган”.
Маҳаллий матбуотга кўра¸ бунинг ортидан Berkeley Square Investments раҳбарияти ушбу бренднинг муаллифлик ҳуқуқини сотиб олишга аҳд қилган.
Музокаралар натижасида Berkeley Square Investments раҳбари Росс Коннон ўзбекистонлик Ораз Абдуразаков билан ҳамкорликда Urban Hayot номли МЧЖ тузган ва гербдан 5 йил муддатга фойдаланиш ҳуқуқини олган. Шартноманинг бошқа шартлари очиқланмаган.
7Saber брендининг расмий тақдимот маросими 2021 йил 25 июнида Тошкентда дабдаба билан ўтказилди. Эртасига Отабек Умаров расмий Инстаграм саҳифасида бу ҳақда пост қолдирди.
Қизиқ жойи шундаки¸ жамоатчиликка расман тақдим этилишидан бир ярим йил олдин¸ Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон делегациясини спорт кийимлари билан таъминлаш ҳуқуқини 7SABER га берган.
Отабек Умаров пости¸ 7Saber сайти ва ўзбек матбуотига ишонилса¸ Росс Коннон 7Saber брендини глобал миқëсга олиб чиқишга қарор қилган "британиялик инвестор¸ Лондон ва Дубайда жойлашган корпорация президенти".
Конноннинг Berkeley Square Project Management деган компанияси номи Бирлашган Араб Амирликлари ва ўзбек реестридан бошқа жойда йўқ. Аниқроғи¸ Дубайда 2020 йил кузида тузилган бу компания ўз фаолиятини 2022 йили тугатиб бўлган. Шунга қарамай¸ у ҳамон 7Saber брендига эгалик қилувчи Urban Hayot таъсисчиси ўлароқ қолмоқда. Унинг на веб саҳифаси¸ на аниқ адреси бўлган.
Росс Коннон раҳбари экани айтиладиган иккинчи компания номи Berkeley Square Investments. Отабек Умаровнинг 7Saber бренди сайтида бу шунчаки компания эмас¸ балки корпорация деб тақдим этилган.
Berkeley Square Investments сайтига кўра¸ “корпорация”нинг Лондон офиси Mayfair миллиардерлар районидаги айнан Berkeley Square House 6BD манзилида жойлашган.
Озодлик суриштируви давомида Отабек Умаровнинг британиялик инвестори корпорациясини бу манзилдан излаш уриниши бесамар тугади - Berkeley Square House 6BD манзилидан Berkeley Square Investments корпорацияси нари турсин¸ унинг изи ҳам чиқмади.
Berkeley Square Investments бўм-бўш сайтида “корпорация”нинг иккинчи офиси Дубайда экани ëзилган.
Berkeley Square Investments веб саҳифасида Дубай офиси деб берилган манзил дунëга машҳур Бурж Халифа минорасининг шундоққина қаршисида¸ машҳур "Дубай Молл"дан ўтиладиган йирик бизнес марказда.
37 қаватлик бу бинода ҳам йирик халқаро корпорациялар¸ инвестицион компаниялар жойлашган. Росс Конноннинг Berkeley Square Investments корпорацияси бу манзилда ҳам йўқ.
Linkedin профилида Коннон¸ ўзбек матбуотидаги мақомидан фарқли¸ ўзини Berkeley Square Investments корпорацияси раҳбари эмас¸ компанияда хусусий мижозларга маслаҳат берувчи ходим сифатида тақдим этган. Шунингдек, у ўзини Cross Border Freedom номли ташкилотнинг айни шундай хусусий мижозлар маслаҳатчиси деб таништирган.
Веб саҳифасига кўра¸ Cross Border Freedom пулдорларга инвестиция ва кўчмас мулк сотиб олиш орқали ривожланган хориж давлатларидан фуқаролик¸ яшаш изни¸ ишлаш ва ўқиш визаси олиб бериш билан шуғулланади. Компания таклиф қиладиган рўйхатда АҚШ ва Канада¸ Испания¸ Малта¸ Венгрия¸ Португалия¸ Кипр каби ЕИ¸ қолаверса¸ Кариб ҳавзасидаги қатор давлатлар бор.
Ўзини глобал компания деб тақдим этган Cross Border Freedom келтирган асосий манзил ҳам Дубай¸ аниқроғи Дубай Маринада. Компания офиси ва Росс Коннон бу манзилдан ҳам топилмади.
Суриштирув давомида аниқ бўлишича¸ Росс Коннон¸ Ўзбекистон каби давлат янги бойларининг “инвестиция дастури” воситасида бошқа давлатлар¸ хусусан¸ Европа Иттифоқида яшаш ҳуқуқини олишида ëрдам берадиганлардан бири.
"Катта еттилик" давлатлари таъсис қилган Financial Action Task Force ҳукуматлараро ташкилот 38 давлат аъзо Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиëт ташкилоти билан 2023 йил ноябрида “Инвестиция орқали фуқаролик ва яшаш изни олиш дастурлари суистеъмоли” деб номланган йирик ҳисобот чиқарди. Бу ҳисоботда инвестиция орқали фуқаролик таклиф қилувчи дастурлар туғдираëтган хавотирлар жамланди. Хусусан¸ инвестиция дастурларининг аксар ҳолларда коррупция¸ порахўрлик¸ фирибгарлик¸ солиқдан қочиш каби жиноятлар воситасида тўпланган кир пулларни ювиш механизмига айланганидан бонг урилди.
Компанияларга оид очиқ манбалардаги маълумотлар Росс Коннон нафақат Шаржадаги¸ балки Тошкентдаги Ultimo Group компаниясини Отабек Умаровга боғлайдиган ягона ип эмаслигини кўрсатади.
Ultimo Group FZE – LLC рўйхатга олинган Шаржа эркин иқтисодий ҳудуди инспекторати учун ишлаб чиқилган виртуал жарима юбориш синов тизимида Ultimo Group фаолияти юзасидан мурожаат қилиш учун электрон почта манзиллари берилган.
Улардан бири Росс Коннон бўлса¸ иккинчиси doniyor.kad@gmail.com почтаси. Бу почта манзили Дониëр Қодиров деган шахсга тегишли.
Дубайда очилган иккинчи Ultimo Group FZCO ҳам яна Дониëр Қодировга боғланади. Бу виртуал компания билан боғланиш учун берилган телефон рақамига қилинган Озодлик қўнғироғига жавоб берган котиба қиз¸ Дониëр Қодировни “менинг бошлиғим” деб таништирди.
Linkedin профилига кўра¸ Дониëр Қодиров БААда истиқомат қилади ва “қимматбаҳо буюмлар ва заргарлик маҳсулотлари бўйича” мутахассис.
Ўзбекистон Дзюдо федерациясининг Телеграмдаги расмий сайтида 2023 йил 8 май куни қўйилган хабарга илова қилинган суратларда "Ўзбекистон спорти мутасаддилари" деб тақдим этилган расмийлар даврасида Дониëр Қодиров ҳам борлиги кўринади.
Қодиров¸ БААдаги Ultimo Group деб номланган икки компаниядан ташқари, Rushmore LLC орқали ҳам Умаров шерикларига боғланади.
Ўзбекистондаги Rushmore МЧЖ 2018 йил 18 апрелда рўйхатдан ўтган озиқ-овқат савдоси билан шуғулланувчи ширкат. Унинг ягона таъсисчиси Бухаров Улуғбек Баҳодирович. Унинг дастлабки директори Муталов Равшан Ҳасанович. Муталов эса¸мазкур суриштирув марказидаги Ultimo Group МЧЖнинг жорий директори.
Бухаров Улуғбек Баҳодирович K7 Hotel management МЧЖ Отабек Умаровнинг укаси Ойбек Умаров номига ўтгунча¸ унинг қоғоздаги эгаси бўлган. Бухаров¸ Дзюдо федерацияси билан боғлиқ янгиликларга кўра¸ Ўзбекистон Дзюдо федерацияси раиси Азизжон Комиловнинг ëрдамчиси.
Тошкентдаги Rushmore рўйхатга олинган адрес – Олой бозори тор кўчаси¸ 23А уй. Умаровнинг 7Saber брендига эгалик қилувчи Urban Hayot ҳам¸ Азизжон Камилов эгалик қилган Baikal МЧЖ айни шу манзилда регистрация қилинган.
Айни Rushmore номли компания БААда ҳам бор. У энди шунчаки Rushmore эмас¸ Rushmore Group деб аталади. Умумий маълумотлардан иборат сайтида бу гуруҳнинг конкрет бирор лойиҳаси¸ бирор бошқарувчи ëки мулкдорлари ҳақида бирор маълумот йўқ. 2018 йил февралида очилган бу гуруҳнинг бенефициари ҳам корпоратив ҳужжатда кўринмайди.
www.rushmore.ae сайтини регистрация қилган ва боғланиш учун берилган шахс – Дониëр Қодиров.
Ўзбекистон иқтисоди¸ ўзбекистонликлар ҳаëт-мамоти учун энг стратегик маҳсулот бўлган табиий газ савдогарлигига изн берилган Ultimo Group схемасидаги белгиловчи ўйинчилардан бири - Ўзбекистон Дзюдо федерацияси раҳбари Азизжон Камилов.
Уни Ultimo Group Limited МЧЖга корпоратив тармоқ орқали боғлайдиган шахс - Беҳрўз Абдушукуров. Ultimo Group Limited МЧЖ директори Равшан Муталов бир пайтнинг ўзида ORTON LOGISTICS компанияси директори. Бу компаниянинг ягона эгаси эса Беҳрўз Абдушукуров.
Ultimo Group Limited МЧЖнинг таъсис ҳужжатида алоқа учун behruz@mail.ru электрон почта манзили берилган. Бу почта манзили эса Беҳрўз Абдушукуровга оид.
Озодлик билан телефон суҳбатида Абдушукуров бу электрон почта манзили ўзига оидлигини тасдиқлади¸ аммо унинг қандай қилиб Ultimo Group Limited МЧЖ таъсис ҳужжатига киритилганини билмаслигини айтди. У шунингдек¸ ўзи таъсисчиси бўлган компания директори Равшан Муталовни танимаслигини иддао қилди.
Беҳрўз Абдусаматович Абдушукуров Orton Logistics МЧЖдан бошқа яна бешта компания таъсисчиси. Улардан тўрттаси овчилик ва ëввойи ҳайвонларни тутиш соҳасида хизмат кўрсатиш билан шуғулланади. Тўрталасида ҳам Абдушукуровнинг бизнес шериги FALCON HUNTING SOLUTIONS¸ унинг турли туманлардаги шўъбалари. Тўртала компанияда ҳам акцияларнинг деярли барчаси FALCON HUNTING SOLUTIONS МЧЖ қўлида.
FALCON HUNTING SOLUTIONS МЧЖнинг бирламчи таъсисчиси ва жорий директори Ўзбекистон Дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов бўлади.
Мирзиëев ҳокимиятга келганидан кўп ўтмай, Ўзбекистон миллий қўриқхоналари араб шайхларининг ов майдонига айланди. Хусусан¸ 2017 йилдан Дубай валиаҳд шаҳзодаси Шайх Ҳамдан ибн Муҳаммад ибн Рашид Ал Мактум бутун аъёнлари билан Ўзбекистон чўлларини ўз лочинлари учун ўлжага айлантирди.
Шайх Ҳамданнинг бундай хоббиси ортидан 2018 йил ëзида унинг мезбонлари махсус компания - FALCON HUNTING SOLUTIONS тузди.
Шундан бери нафақат шўъбалари сони¸ балки фаолият қамрови ҳам кенгайиб бораëтган FALCON HUNTING SOLUTIONS бир мақсад - биринчи оила куëвлари¸ айниқса Отабек Умаровнинг Форз кўрфазидаги шайх ошналари учун ов ташкил қилиш билан шуғулланади.
Тузилганидан саноқли кунлар ўтиб яширин қарор ва келишувлар билан Ўзбекистонга туркман газини импорт қилишда ўртакашликни қўлига олиб¸ бу олиб-сотарлик учун солиқ тўловчининг миллионлаб долларини ўзлаштирган Ultimo Group Limited МЧЖ корпоратив зигзаг орқали бевосита президент оиласи¸ хусусан¸Отабек Умаровга боғланади.
2021 йил баҳоридан 2022 йил кузига қадар туркман газини арзонига олиб¸ уни бож ва солиқ тўламай¸ "Ўзтрансгаз" қувурлари орқали давлат компанияларига қарийб икки баравар қимматига сотиш орқали ўнлаб миллион долларни ўзлаштирган Ultimo Group Limited МЧЖнинг айни кунларда қандай фаолият билан шуғулланаëтгани номаълум. Озодлик билан телефон суҳбатида компания директори Равшан Муталов икки йилдан бери компаниянинг газ импорти билан шуғулланмаëтганини билдирди¸ аммо бошқа саволларга жавоб беришни истамади.
Ultimo Group Limited МЧЖ фаолияти билан боғлиқ унинг таъсисчи ва директорига юборилган саволларга суриштирув эълон қилиниши арафасида Туҳфат Анвархўжаевдан ëзма жавоб келди.
Ўз жавобида Анвархўжаев Азизжон Камилов билан дўстлиги¸ аммо Отабек Умаров билан ҳеч қандай муносабати йўқлигини билдирди.
“Ultimo Group Limited МЧЖ "Қизилқумцемент" АЖга табиий газ етказиб беришда ва умуман олганда ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосланган ҳолда амалга оширган ва ошириб келяпти”¸ деган Анвархўжаев Озодликнинг "Қизилқумцемент" билан контракт айнан қайси қонунчилик ҳужжати¸ қандай тендер асосида тузилгани ҳақидаги саволини жавобсиз қолдирди.
Ўз жавобида Анвархўжаев, шунингдек Ultimo Group Limited МЧЖ "Қизилқумцемент" АЖга жаҳон бозоридагидан арзон нархда табиий газ етказиб берганини билдирди. Маълумот учун - Ўзбекистонда ички истеъмолчилар учун табиий газ нархини жаҳон бозори эмас¸ балки ҳукумат белгилайди¸ 2021 йили "Қизилқумцемент" АЖ табиий газни имтиëзли нархда олувчи саноат корхонаси бўлган.
Анвархўжаев хатидаги мана бу: «Ўзтрансгаз» АЖ «Ultimo Group Limited» МЧЖга фақат воситачилик хизматини кўрсатган”, деган жумла эса¸ янги жиддий савол уйғотмай қолмади.
Қандай қилиб¸ қайси ҳужжат асосида давлатнинг газ етказиб бериш бўйича ягона миллий оператори номаълум бир хусусий компаниянинг воситачисига айланди? Шундай бўлган тақдирда¸ нега воситачилик хизмати учун ҳақни Ultimo Group Limited МЧЖ "Ўзтрансгаз"га эмас¸ балки "Ўзтрансгаз" АЖ Ultimo Group Limited МЧЖга тўлаган? Тўлаганда ҳам¸ оз эмас¸ кўп эмас, қарийб 67 миллион доллар тўлаган?
Бу ва бошқа янги саволларимизга жавоб келган тақдида¸ уларни сизга албатта тақдим этамиз.
Бошқа алоқадор компанияларга юборилган саволларнинг бирортасига суриштирув эълон қилингунга қадар жавоб келмади.