Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:53

"СССРга шон-шарафлар!" Мирзиёев Қизил майдонда, Тошкентда "Ўлмас полк" тадбири


Тошкентда 2019 йилда ўтказилган "Ўлмас полк" юришидан лавҳа (архив сурати)
Тошкентда 2019 йилда ўтказилган "Ўлмас полк" юришидан лавҳа (архив сурати)

Ўзбекистон пойтахтидаги “Биродарлик қабристони” ёдгорлик мажмуасида 9 май куни стихияли йиғилиш бўлиб ўтган. Бу ҳақда “Ўлмас полк Тошкент” (“Бессмертный полк Ташкент”) телеграм-канали маълумот тарқатди.

“Ўлмас полк”чилар совет давридан қолган “Катюша” ва “Ғалаба куни” (“День Победы”) қўшиқлари жўрлигида мажмуа ҳудуди бўйлаб юриб, Иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлганлар хотираси учун гуллар қўйишган.

1945 йил майида қозонилган Ғалаба учун уруш қатнашчиларига миннатдорлик сўзлари айтилди. Ғалабага эришган давлат — Совет Иттифоқини ҳамда унинг Қизил Армия учун моддий база яратган иқтисодий ва мафкуравий тизими — социализм-коммунизмни шарафлаб, алоҳида шиорлар янгради”, дейилган хабарномада.

Ҳақиқатан ҳам хабарномага илова қилинган видеолардан бирида аскарча кийинган нотиқнинг “Совет Иттифоқига шон-шарафлар — ура-а-а-а!” деб ҳайқиргани, йиғилганлар эса унинг “ура”сига жўр бўлишганини кўриш мумкин.

Нотиқ иддаосига кўра, фашистлар Германиясига Европада ҳеч ким қаршилик кўрсатолмаган. “Фақатгина совет аскари, ўртоқ Сталин бошчилигидаги Совет Иттифоқи, совет халқи, социализм-коммунизм нацизм-фашизм умуртқасини синдира олди”, дея иддао қилган у. Ўз сўзи сўнгида нотиқ тадбир ташкилотчиси Тимур Исмаиловга алоҳида ташаккурлар изҳор қилган.

Бу йил постсовет ўлкаларининг аксариятида, ҳатто ўзини СССРнинг бош вориси эканини даъво қилиб, унга оид ҳар қанақа атрибутни ўз пропаганда воситасига айлантириб олган Россияда ҳам “Ўлмас полк” юриши бекор қилинган. Ўзбекистонда “Ўлмас полк” тадбирига рухсат берилгани ҳақида бирор-бир расмий маълумот йўқ.

Ўзбекистонда 9 май расман Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишоналанади. Марҳум президент Ислом Каримов даврида иккинчи жаҳон уруши борасида Россиянинг талқини ва совет даври рамзларидан узоқлашиш кузатилган, аммо Мирзиёев ҳокимиятга келгач, айрим совет рамзларини қайтарди. 9 май тадбирлари Мустақиллик майдонидаги Мотамсаро она мажмуасидан Мирзиёевнинг ўзи очиб берган Ғалаба боғига кўчирилди ва кўтаринки руҳ касб этди.

Расман рухсат берилмаган бўлса-да, бундан руҳланган айрим жамоалар ушбу санани айнан Москва ёки Россиянинг бошқа шаҳарларидаги каби нишонлашга уринаётгани кузатилади. Бу тадбирларда Россия элчихонаси ва унинг пропаганда билан шуғулланувчи Россотрудничество ташкилоти расмийларини ҳам кўриш мумкин.

Ўтган йилларда Ўзбекистонда “Ўлмас полк” йиғини ва маршлари жамоатчиликнинг қаттиқ норозилиги остида тақиқланган эди. Ташкилотчиларга кўра, юришга бу йил ҳам рухсат берилмаган, аммо тадбир иштирокчиларининг стихияли равишда йиғилиб, маросимни ўтказишига қаршилик ҳам кўрсатилган эмас.

Бундан ташқари, бу йил 9 май куни мамлакатнинг турли нуқталарида катта-кичик ҳарбий парадлар, ҳарбий оркестрлар ижроси, ҳарбий кийим кийган катта-кичикнинг кўчалардаги юриши янада кенгроқ кўлам касб этди.

Бу йил ҳам жамоатчилик томонидан "Георгий ленталарига тақлид" дея танқид қилинган Ўзбекистон байроғи нусхасидаги кўкрак нишонлари болалар ва ёшларга улашилди.

Шуниндек, Тошкентнинг қатор нуқталарида ҳарбий парадлар бўлиб ўтди. Фарғонада эса вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ўз мулозимлари билан бирга “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, бугун Тошкент вақти билан соат 21:00 да 9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан “Янги Ўзбекистон” боғида мушакбозлик ташкил этилади.

9 май куни Москвага сафар қилган президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёнинг қолган тўрт давлати раҳбарлари билан бирга Қизил майдондаги ҳарбий парадда иштирок этди.

Қасим-Жомарт Тоқаев ва Шавкат Мирзиёев Кремлдаги Ғалаба кунига бағишланган тадбирда.
Қасим-Жомарт Тоқаев ва Шавкат Мирзиёев Кремлдаги Ғалаба кунига бағишланган тадбирда.

Дунёнинг аксар мамлакатлари нацизм устидан Ғалаба кунини 8 майда нишонлайди, 1945 йилнинг айни санасида Германия таслим бўлгани эълон қилинган эди.

СССРда эса ғалаба ҳақида 9 май куни эълон қилинган. Ғалаба куни 1965 йилдан бошлаб дам олиш куни ҳисобланади. Совет даврида 9 май парадлари аҳён-аҳёнда ўтказилар эди, ҳар йили парад қилиш эса Путиндан олдинги президент Борис Елцин томонидан жорий қилинган постсовет анъанадир.

Путин бошқаруви йилларида давлат пропагандаси Ғалаба кунининг мафкуравий мазмунини тубдан ўзгартириб, ҳукумат Ғарб билан зиддиятини, кейинроқ эса Украинадаги урушни оқлашда ундан фойдалана бошлади.

Форум

XS
SM
MD
LG