Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:48

Нега бокс атрофида можаролар кўп ва нима учун у кейинги Олимпиада дастуридан олинди?


Қозоғистонлик боксчи Нурбек Оралбай (80 кг). Париж, 7 август, 2024 йил
Қозоғистонлик боксчи Нурбек Оралбай (80 кг). Париж, 7 август, 2024 йил

Халқаро олимпия қўмитаси боксни 2028 йилда Лос-Анжелесда ўтажак ёзги Олимпия ўйинлари дастурига киритмади. Ушбу спорт турига катта умид боғлаган Қозоғистон ва айниқса, Ўзбекистон бу қарордан жиддий хавотирга тушган. Ҳаваскорлар боксининг истиқболи бошқаларни ҳам ўйлантирмоқда. Нега бундай вазият вужудга келди? Охирги бешта олимпиада ўйинларини яқиндан кузатган Озодлик қозоқ хизмати муҳаррири Руслан Меделбекка кўра, бунинг қатор сабаблари бор.

Боксда муаммолар нимадан бошланди?

Боксдаги ҳакамлик 2016 йилги Рио-де-Жанейро Олимпиадасидан бошлаб қизғин тортишувларга сабаб бўлган эди. 91 килограммгача вазн тоифасида ўтказилган финал учрашувида қозоғистонлик Василий Левит россиялик Евгений Тишченкодан яққол устунлик қилган бўлса-да, ҳакамлар россиялик боксчини ғолиб деб эълон қилишади. Мухлислар ва экспертлар ҳакамлар ноҳақлик қилганини айтиб, Олимпия ўйинларида бокс учун масъул бўлган AIBA (Ҳаваскорлар бокси халқаро ассоциацияси)ни танқид қиладилар. Шундан сўнг Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) AIBA’ни иншончномадан маҳрум этди.

2018 йилнинг октябрида AIBA ташкилот президенти, тайбэйлик Чинг-Куо Вуни талон-торожда ва бошқарувга лаёқатсизликда айблаб, лавозимидан бўшатди.

Ассоциацияга ўзбекистонлик Ғафур Раҳимов раҳбар бўлди. Бироқ АҚШ уни “Ўзбекистондаги жиноий гуруҳга алоқадорлик”да айблаб чиқди. ХОҚ ҳам Раҳимовга ташкилот раҳбари ўлароқ шубҳа билан қарай бошлади. Кейинроқ Раҳимов президент лавозимидан кетди.

Ҳакамлик ва раҳбарият атрофидаги можролардан сўнг, 2019 йилда ХОҚ AIBA’га Олимпия ўйинларида бокс мусобақалари ўтказишни тақиқлаб қўйди, шунингдек AIBA’даги молия, бошқарув ва этика билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш мақсадида суриштирув бошлади.

2020 йилда бокс ташкилотига Россия президенти Владимир Путинга яқинлиги билан танилган россиялик тадбиркор Умар Кремлёв раҳбар бўлиб келди. У ташкилот номини IBA (Халқаро бокс ассоциацияси)га ўзгартирди ва бокс бўйича жаҳон чемпионатларини ўтказишда давом этди. 2023 йилда Кремлёв бошлиқ ташкилот жаҳон биринчилигида ҳар бир олтин медал учун 200 минг доллардан мукофот пули тўлашини эълон қилди.

IBA жаҳон чемпионатларини ўтказиб юраверди, Токио ва Париждаги Олимпия ўйинларида эса бокс мусобақаларини ХОҚнинг ўзи ташкиллаштирди.

Зиддиятли ўзбек тадбиркори Ғофур Раҳимовнинг AIBA президенти этиб сайланганига халқаро матбуот нима деди?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:09 0:00

Лос-Анжелесда ўтажак кейинги ёзги Олимпия ўйинларида бокс мусобақалари бўладими, йўқми – номаълум. Гап шундаки, ХОҚ Ўйинларда бокс турнирларини мутасадди ассоциация ўтказиши керак, деб ҳисоблайди. “Тегишли ташкилот ҳали тузилмаган”лиги сабабли бокс Олимпиада-2028 дастурига киритилмади.

Ҳозирда Халқаро олимпия қўмитаси янги бокс ташкилотини тузиш учун 2025 йил охиригача вақт берган. Шу вақт ичида янги ташкилот тузилса, бокс 2028 йилги Ўйинлар дастурига қайтарилиши мумкин.

World Boxing: У қандай ташкилот?

2023 йил апрелда АҚШ ва Ғарб мамлакатлари World Boxing номли ташкилотга асос солди ва бошқа давлатларни ҳам унинг атрофида жамлашга уринмоқда. Ташкилот келгусида Олимпия ўйинларида бокс мусобақаларини ўтказишга масъул этиб белгиланишидан умидвор.

World Boxing 2023 йил ноябрда Франкфурт шаҳрида (Германия) ўз конгрессини ўтказди, унда 27 мамлакат вакиллари қатнашди. Айни пайтгача ташкилотга АҚШ, Буюк Британия, Чехия, Германия, Нидерландия, Скандинавия мамлакатлари ва Сингапур дохил 37 мамлакат аъзо бўлган.

World Boxing 2025 йилда бир нечта йирик мусобақа ўтказишни режаламоқда.

Умар Кремлёв билан яхши муносабатда бўлган Қозоғистон бокс федерацияси (раҳбари – тадбиркор Муталип Шаҳмурат) ҳозирда IBA турнирларида иштирок этмоқда.

Июль ойи бошларида Қозоғистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Геннадий Головкин (профессионал бокс бўйича жаҳон чемпиони, Афина Олимпиадаси кумуш медали соҳиби) Қозоғистон ва бошқа мамлакатларни World Boxing ташкилотига қўшилишга чақирди.

“Биз уларни [Қозоғистон бокс федерациясини] World Boxing’га аъзо бўлишга кўндиришга ҳаракат қиляпмиз, бироқ федерация ўзи қарор қабул қилади. Юридик нуқтаи назардан уларнинг қарорига таъсир ўтказишга менинг ҳеч қанақа ваколатим йўқ. Федерация бу жараёндан ўзи ўтиши керак”, деди Головкин Reuters агентлигига.

Париж Олимпиадаси қозоғистонлик боксчилар учун жуда муваффақиятсиз кечди. Эркаклар терма жамоаси Ўйинларга 7 нафар боксчи билан борди ва биттагина кумуш медал (Нурбек Оралбой) олиб қайтди. Шундан сўнг Мирзагали Айтжанов бошлиқ мураббийлар штабини ишдан бўшатилди. Федерация World Boxing ташкилотига қўшилиш хусусида ҳозирча бирон баёнот бергани йўқ.

Боксдаги ғирромлик ҳақидаги иддаоларнинг далили борми?

Сўнгги йилларда ҳар бир бокс мусобақасидан сўнг мухлислар ва боксчилар ҳакамларнинг қарорларини муҳокама қилишмоқда. Рингнинг бу тарафида ўтирган ҳакам бир боксчига 30 : 27 ҳисоби билан ғалаба ёзса, қарши тарафдаги ҳакам 27 : 30 ҳисоби билан иккинчи боксчини ғолиб деб топяпти. Шунда томошабинлар: “Бу икки судя икки хил боксни кўряптими?” дея ҳақли савол қўйишмоқда.

2021 йилда канадалик юрист Ричард Макларен бошлиқ гуруҳ AIBA’да тафтиш ўтказиб, федерация расмийлари ва ҳакамлари бокс мусобақаларида ва Риодаги Олимпия ўйинларида пора олишганини аниқлади. Макларен гуруҳи федерацияга 2016-2017 йилларда раҳбарлик қилган Чинг-Куо Вуни коррупцияга аралашган деб ҳисоблайди.

Макларен гуруҳи суриштирувида айтилишича, Қозоғистон ва Ўзбекистон 2016 йилнинг баҳорида Осиё Олимпиадаси саралаш босқичида AIBA вакилларига пора таклиф қилган. Ўша турнирда Қозоғистон ва Ўзбекистондан олти нафардан боксчи иштирок этган ва якунда барчасига Олимпия ўйинлари йўлланмаси берилган.

Макларен гуруҳи, шунингдек, Рио Олимпиадасида ўтказилган Левит – Тишченко жангги бўйича якуний қарорда “манипуляция аломатлари бор”, дея хулоса берди.

Суриштирувчилар Рио-де-Жанейрода 60 килограммгача вазн тоифасида Отгондалай Доржнямбугийн (Монголия) ҳамда Софян Умиа (Франция) ўртасида кечган ярим финал жанггида ҳам “сотиб олишга уриниш” бўлганини қайд этганлар. Гуруҳ маълумотига кўра, қозоғистонлик ҳакам Раҳимжон Рисбаев Монголий федерацияси вакилларига “пул тўламасангиз, боксчингиз енгилади” дея “таҳдид қилган”. Монголия бокс федерацияси “пора беришдан бош тортган”. Айтилишича, ўшанда Рисбаев монголияликлардан 100 мингдан 250 минг долларгача талаб қилган экан. Бироқ Рисбаев 2021 йилда Озодликка берган интервьюсида бу маълумотни “бўҳтон” деб атаган.

Макларен жамоаси суриштирувида бокс ҳакамларининг холис эмаслигига салмоқли далиллар келтирилган.

Бокс мусобақаларида ҳакамлар чиқарган қарорлар ҳеч қачон ўзгартирилмайди. Қарордан норози тараф федерацияга шикоят қилиши мумкин. Ҳакам ишида хато аниқланган тақдирда у ҳакамлик фаолиятидан четлатилади, аммо рингда қўли кўтарилган боксчи ғолиб бўлиб қолаверади.

Форум

XS
SM
MD
LG