Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:59

HRW ноҳақ қамалган ўзбек фаолларини озод қилишга чақирди


Дилдора Ҳакимова (чапда) 6 йил 1 ойга, Наргиз Келдиёрова эса 6,5  йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Дилдора Ҳакимова (чапда) 6 йил 1 ойга, Наргиз Келдиёрова эса 6,5  йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Human Rights Watch ва Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари форуми ташкилотлари Ўзбекистон ҳукуматини ноҳақ қамоққа олинган икки фаолни зудлик билан озод қилишга чақирди.

Қашқадарё суди 18 июль куни Ҳакимова ва Келдиёровани товламачиликда айбдор деб топиб Дилдора Ҳакимовани 6 йил 1 ойга, Наргиз Келдиёровани эса 6,5 йилга озодликдан маҳрум қилган эди.

Келдиёровага, шунингдек, «конституциявий тузумни ағдаришга уриниш» ва «президентни ҳақорат қилиш» айблари ҳам қўйилган.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳларига кўра, кўкрак бези саратонига чалинган Дилдора Ҳакимова сентябрь ойининг ўрталарида фарзандли бўлган.

"У қамоқда қолар экан, у ва унинг янги туғилган боласига тегишли тиббий ёрдам кўрсатилиши таъминланиши керак", дейилади баёнотда.

«Ўзбекистон ҳукумати танқидий овозларни бостириш учун икки фаолга нисбатан асоссиз жиноят иши қўзғатди», - дейди HRWнинг Марказий Осиё бўйича катта тадқиқотчиси Мира Риттман.

«Эндиликда эса она ва янги туғилган боланинг соғлиғига путур етказиш орқали улар адолатсизликни очиқ шафқатсизликка айлантиришмоқда»

Суд шунингдек, яна бошқа беш фаолни ҳам товламачиликда айблаб, беш йил озодликни чеклаш ҳамда ва олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган.

Блогерлар “ови” давом этмоқда
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:14 0:00

Жиддий хавотирлар

Инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг таъкидлашича, Ҳакимованинг соғлиғи билан боғлиқ жиддий хавотирлар бор.

Ҳакимованинг турмуш ўртоғига кўра, шифокор аёлнинг туғруқдан сўнг аҳволи оғирлашгани, зудлик билан онкология шифохонасига ётқизилиши зарурлиги бўйича хулоса берган.

Тергов изолятори 14 сентябрь куни янги туғилган чақалоқни парвариш қилиш учун зарур шарт-шароит яратиб бера олмаслиги ҳақида хат тақдим этган. Ваҳоланки Ўзбекистон президентининг 2022 йилда имзоланган “оналик ва болаликни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги тегишли қарори мавжуд.

Февраль ойида айбланувчиларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Суд етти нафар гумондордан беш нафарини, жумладан Келдиёрова ва Ҳакимовани судга қадар тергов ҳибсхонасида қолдириш бўйича қарор чиқарган.

Айблов хулосасида айтилишича, Келдиёрова жиноий гуруҳ ташкил қилган ҳолда бир неча шахсларга уларга тегишли махфий маълумотларни интернетда тарқатиб, обрўсизлантиш билан таҳдид қилган ва пул талаб қилиб келган.

Бироқ, мазкур айблов хулосасида ноаниқликлар мавжуд. Хусусан, Келдиёрова жиноий гуруҳ ташкил қилгани илгари сурилган бўлса-да, аммо айбланувчилардан баъзилари бир-бирини танимаслигини билдирган. Ҳуқуқ ташкилотлари, айбланувчиларни даъво қилинган жиноятларга боғловчи ашёвий далиллар йўқлигини айтмоқда.

«Эзгулик» инсон ҳуқуқлари ташкилоти аъзоси бўлган 44 ёшли Наргиз Келдиёрова сўнгги йилларда Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари форуми ҳамда «Озодлик» радиоси ва Элтуз сингари мустақил ахборот агентликлари билан ҳамкорлик қилган.

У Қашқадарё вилоятида мажбурий меҳнат, болалар меҳнати, фермерлар ҳуқуқлари, ерларнинг мусодара қилиниши, таълим тизимидаги коррупция ҳақида маълумот йиғишда ёрдам берган ва бу мавзуларда оммавий ахборот воситаларига интервьюлар бериб келган.

40 ёшли Дилдора Ҳакимова мактабда ўқитувчи бўлиб фаолият юритиш билан бирга жамоатчилик вакили сифатида Қашқадарё вилояти таълим тизимидаги коррупция ва бошқа маҳаллий муаммолар юзасидан мунтазам равишда ўз фикрларини билдириб келган.

Ҳакимова айбланувчилардан бири, «Ҳимоячи блогерлар» кичик ширкати раҳбари, Мустақил Инсон Ҳуқуқлари Ташкилоти аъзоси 44 ёшли Шукрулло Парпиев билан ҳам ҳамкорлик қилган.

Инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, яна уч нафар айбланувчи – Шаҳноза Сафарова, Фароғат Маматова ва Ойдин Рустамова ҳам маҳаллий мактабларда ишлаган. Еттинчи судланувчи Мусаллам Умирова эса Республика ижтимоий таъминот давлат муассаси ходими бўлган.

Референдум арафасида: Танқидий пост қўйганлар “суҳбат”га чақиртирилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:07 0:00


Айблов ишига 2023 йилда фаолиятидаги камчиликлари учун лавозимидан олинган собиқ мактаб директорининг шикояти асос қилиб олинган.

Ҳакимова ва Келдиёрова ўзлари ишлаб келган мактаб директорининг фаолияти бўйича тез-тез шикоят қилиб келган.

Расмийларнинг иддао қилишича, айбланувчиларнинг бир нечтаси собиқ директордан пул ундирган.

Янги Ўзбекистон ва эски одатлар

HRW инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Мира Риттманга кўра, 2016 йилда президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан кейин кўп ўтмай сиёсий мотивлар сабаб қамалган ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар озодликка чиқди. Гўё «янги» Ўзбекистон пайдо бўлаётгандек тасаввур уйғонди. Ўзбекистон Ислом Каримов давридагидан кўра ҳамкорликка, инвестицияларга ҳамда ислоҳотларга очиқ мамлакатдек кўрина бошлади.

Аммо HRW вакилига кўра, бу қисқа давр ортда қолди, эски одатлар яна бўй кўрсата бошлади.

"Бугун биз Ўзбекистонда кучишлатар тузилмалар ва суд ҳокимияти ҳукуматни, жумладан, Ўзбекистон президентини танқид қилган фаоллар ва блогерларни ҳибсга олиб, жиноий жавобгарликка тортаётганига гувоҳ бўляпмиз. Парламент ҳокимият органларига нутқи ёки ҳаракатлари «мамлакат суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига таҳдид солувчи, адоват қўзғатувчи, халқ шаъни, қадр-қиммати ёки тарихини камситувчи» деб ҳисобланган хорижликларни «исталмаган» деб белгилашга рухсат берувчи қонунни кўриб чиқмоқда. Уларнинг беш йилгача мамлакатга киришини тақиқлаш таклиф қилинмоқда.

Ҳуқуқ ҳимоячилари, блогерлар ва ҳукумат танқидчиларини ҳаддан ташқари ёки асоссиз айбловлар билан қамоққа ташлайдиган Ўзбекистон қайта пайдо бўлаётганини кўряпмиз", деб айтган олдинроқ Мира Риттман.

Мирзиёев VS Блогерлар. Таёқ, таҳдид ва таъма
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:19:40 0:00

Унга кўра, ҳозир Ўзбекистонда ўндан ортиқ блогерлар панжара ортида. Улардан баъзилари 2023 йил декабрида саккиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Олимжон Ҳайдаров каби товламачилик айблови билан жиноий жавобгарликка тортилган. Аммо уларнинг барчаси коррупция ва сўз эркинлиги билан боғлиқ танқидий чиқишлари учун жазога тортилган деб ишонилади.

2023 йилнинг март ойида 40 нафар журналист ва блогерлар ўзлари дуч келган цензура ва таъқиблардан хавотир билдириб Мирзиёевга мактуб йўллаган эди. Яна бир қанча журналистлар эса фаолиятини тўхтатишини эълон қилди. Президентни ижтимоий тармоқларда танқид қилгани учун қамоққа олинганлар сони сезиларли даражада ошди. Бу модда Жиноят кодексига 2020 йилда киритилган ва беш йиллик қамоқ жазосини ўз ичига олади.

HRW вакилига кўра, Ўзбекистон асоссиз жиноий айбловлар билан қамалган ҳар қандай фаол ёки журналистни зудлик билан озод қилиши ва сўз эркинлигини таъминлаш бўйича мажбуриятларини қайта кўриб чиқиши керак.

Форум

XS
SM
MD
LG