Президент Шавкат Мирзиёев Ботир Зоҳидовни камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири лавозимига тасдиқланган.
Бу ҳақда 23 сентябрь куни президент раислигида ўтган ҳукумат йилишида эълон қилинди.
Президент матбуот хизмати тарқатган хабарда айтилишича, бир вақтнинг ўзида агентлик ҳукумат бўйсунувига ўтказилмоқда.
Ҳукумат йиғилишида вазирлик фаолияти "мутлақо бошқача бўлиши" айтилган. Маҳаллабай агентлиги тугатилиб, унинг барча вазифалари ҳамда ҳоким ёрдамчилари Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига ўтади.
Собиқ бандлик вазири Беҳзод Мусаев эса Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбари этиб тайинланган.
51 яшар Мусаев бунгача Соғлиқни сақлаш вазири, Солиқ қўмитаси раҳбари ва бош вазир ўринбосари лавозимларида ишлаган.
Беҳзод Мусаев 2010-2011 йилларда Давлат солиқ қўмитаси, ўша пайтлардаги раис генерал Ботир Парпиевнинг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган ва очиқланмаган сабабларга кўра ишдан кетган эди.
Ички ишлар вазирлиги сайтида эълон қилинган маълумотга кўра, Беҳзод Мусаев исмли шахс (сурати илова қилинмаган) Ўзбекистон Жиноят Кодексининг олтита моддаси¸ хусусан¸ 167-модда ( Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш)¸ 175-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг манфаатларига хилоф равишда битимлар тузиш)¸ 178-моддаси (Чет эл валютасини яшириш)¸ 179-моддаси (Сохта тадбиркорлик)¸ 184-моддаси (Бюджет ва смета-штат интизомини бузиш) ва 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) да кўзда тутилган жиддий иқтисодий жиноятларни содир этганликда гумонланганиб¸ қидирувга берилган.
Орадан қисқа муддат ўтиб, Озодлик манбалари Мусаевнинг АҚШдан сиёсий бошпана олгани бунга эса Ўзбекистонда унга нисбатан ҳозирланаётган жиноят ишидан хабар топгани сабаб бўлганини иддао қилганди. Ўша пайтда ҳам, кейинчалик ҳам бу хабарлар расман тасдиқланмаган.
Мусаевнинг ўзи ёки бошқа расмийлар ҳозиргача бу хабарларни шарҳламаган.