Президент Шавкат Мирзиëевга яқин шахслардан бири ҳисобланган Комил Алламжоновга суиқасддан уч ҳафта ўтиб на ҳодиса тафсилотлари ва на мотивлари очиқланди. Расмий хабарларда ҳатто Комил Алламжонов номи тилга олингани йўқ.
Алламжонов яқин-яқингача раҳбарларидан бўлган Президент администрацияси ва мамлакатдаги хавфсизликка масъул қудратли ДХХ бу борада сукут сақлаяпти.
Озодлик ҳодиса юзасидан ўз суриштирувини ўтказди.
Фарғонадаги “Сеул”дан - Жанубий Корея пойтахтига…
Ўзбекистоннинг яқин тарихидаги энг шов-шувли сиёсий қотиллик уриниши сифатида кўрилаётган Президент Мирзиёев администрациясининг собиқ мулозими Комил Алламжоновга суиқасддан уч ҳафта ўтиб, илк бор номи Озодлик суриштирувида янграган Жавлон Юнусов Жанубий Кореяда ушлангани ўртага чиқмоқда.
Жавлон Юнусов Озодликнинг дастлабки суриштирувидан кейин Интерпол қидирувига берилган.
Қидирув эълони қизил рангда бўлиб, бу қидирилаётган шахсга ўта оғир жиноятни содир этиш айблови қўйилаётганини англатади.
Интерпол қайдича, Тошкент шаҳрида туғилган 36 яшар Жавлон Юнусов қасддан одам ўлдиришга суиқасдда гумон қилинмоқда.
Қизил рангдаги эълонни Интерполга аъзо мамлакатлар муайян шахсни ҳибсга олиш учун ҳуқуқий асос сифатида кўрадилар.
Ўзбекистон ҳуқуқ-тарибот идораларидаги бир-биридан мустақил икки манба Жавлон Юнусов Кореяда ҳибсга олинганини тасдиқлади.
Озодлик мухбири боғланган Сеулдаги Ўзбекистон элчихонаси вакили ҳам ҳибс фактини инкор қилмади, аммо тафсилотларни очиқлагани йўқ.
Терговнинг ўта махфий суръатда олиб борилаётгани, Ўзбекистон Бош прокуратураси суиқасд ҳодисаси билан боғлиқ ҳар қандай ахборотга расман монополия ўрнатгани инобатга олинса, бу ажабланарли эмас.
Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манба Юнусовнинг ҳибсга олинишини “терговдаги муҳим бурилиш” деб атади.
26 октябрь куни Ўзбекистон Бош прокуратураси Қибрай туманида “Range Rover” русумли автомашинага бир неча марта ўқ узилгани, ҳодисада ҳеч ким жабрланмаганини маълум қилган эди.
Озодлик манбалари бу ҳужум президент Шавкат Мирзиëевга яқин шахслардан бири, унинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева билан 7 йил тандемда ишлаб келган Комил Алламжоновга суиқасд мақсадида амалга оширилганини таъкидлашди.
Бош прокуратура ҳодисага оид кетма-кет 4 та баёнот эълон қилди, бироқ уларда Комил Алламжонов исми тилга олинмади.
Суиқасддан бир кун ўтиб, 27 октябрь куни тармоқларда тарқатилган видеодаги икки шахс Қибрайдаги суиқасд Комил Алламжоновга қарши қаратилганини айтиб, жиноятга намойишкорона иқрор бўлишди.
Улар жиноят мотивлари борасида ўзларининг фаразларини ҳам илгари суришди.
Кейинроқ суиқасд ижрочилари экани англашилган бу икковлон ҳибсга олингани маълум бўлди.
Озодлик ушбу видеодаги оқ кўйлакли йигит Шоҳруҳ Аҳмедов исмли шахс эканини аниқлади.
Шоҳруҳ Аҳмедов Кореяда ушланган Жавлон Юнусовнинг қўриқчиси ва ҳайдовчи ҳисобланади.
Қибрайдаги суиқасд саҳнасидан яширинишга муваффақ бўлган ва Озодлик суриштирувида Фарғона водийсига қочгани ўртага чиққан Шоҳруҳ Аҳмедов билан шериги ўтирган машина Жавлон Юнусовнинг фуқаровий хотини ҳисобланадиган Наталья Фен оиласига қарашли Фарғонадаги “Сеул” кафеси ёнидан топилган.
Умаров ва "Офис" билан боғлиқ иддаолар
Озодлик манбалари Жавлон Юнусовни Отабек Умаровнинг водий бўйича “ўнг қўли” эканини иддао қилишган.
У Умаровга алоқадорлиги иддао қилинган "қудратли офис"да таъсирга эга шахслардан бири сифатида таърифланади.
Озодлик ихтиёрида бу иддаоларни тасдиқлайдиган ёки инкор қиладиган ҳужжат мавжуд эмас.
Озодликнинг дастлабки суриштирувидан 11 кун ўтиб, на Отабек Умаров ва на унга алоқадор расмий ва тижорий тузилмалар ва на бошқа ўзбек расмийлари бу иддаоларни рад этганлари йўқ. Озодликнинг бу ҳақдаги видеосуриштирувини ҳозирга қадар 1.5 миллиондан кўпроқ одам кўрди.
Жавлон Юнусовнинг Ўзбекистон ва Кореядаги бизнеслари
Озодлик манбалари Жавлон Юнусовни Ўзбекистондаги фармацевтика тизимига норасмий куратор деб ҳам таърифламоқда.
Расмий ҳужжатга кўра, 36 яшар Жавлон Юсупов Жиноят Кодексининг 168- моддаси (Фирибгарлик) ва 105 -моддаси (Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) билан бир неча бор судланган.
Аммо судланганлик айблови Юнусов бизнесининг гуллаб яшнашига ҳалақит қилмаган.
Очиқ реестрдаги ҳужжатларда Жавлон Юнусов Тошкент шаҳрида рўйхатга олинган жами 18 та компаниянинг таъсисчиси эканини кўриш мумкин.
Ҳозирда Юнусовга тегишли 15 та компания фаолият кўрсатаётгани ва уларнинг айримлари фармацевтика билан боғликлиги маълум.
Жумладан, 2022 йил 27 январь куни асос солинган "IMUN GREEN-PHARMA" масъулияти чекланган жамиятида Жавлон Юнусов раҳбар сифатида қайд қилинган.
"MARXAMAT MED PHARM" ширкатида эса Юнусов 33.20 % улушга эга.
Юнусов бизнеси ранг-баранг бўлиб, қурилиш, донли экинлар етиштириш, биноларни ижарага бериш каби ўндан зиёд йўналишни ўз ичига олган.
Юнусовга қарашли "JAVLON IDEAL BIZNES" ширкатида пиво савдоси бўлса, "MAX LEATHER PRODUCTION" фирмаси фитнес клублар фаолияти билан шуғулланади.
Тошкентдаги манбаларга кўра, Жавлон Юнусов Жанубий Кореяда ҳибсга олингач, унинг Тошкентдаги бизнесларига рейдлар ўтказилган. Озодлик ушбу ширкатларнинг бир нечтасига қўнғироқ қилди, бироқ бу борада маълумот олишнинг имкони бўлмади.
Юнусовнинг тадбиркорлик фаолиятидан яхши хабардор манбаларга кўра, унинг Жанубий Кореяда ҳам бизнеслари бўлган. Жумладан, у Сувон шаҳридаги пластик товарлар ишлаб чиқарувчи JV Korea ширкати билан ҳамкорлик қилиб келган. Юнусов 2018 йилда таъсис қилган ABU BAKR PRODUCTION фирмаси пластик қадоқлаш маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
Кореядаги Озодлик манбаларига кўра, Жавлон Юнусовнинг Сеул шаҳрида ҳам бир қанча кўчмас мулклари бор.
Манбалар Юнусовнинг Кореяда ошиғи олчи бўлишида унинг фуқаровий хотини экани айтилаётган Наталья Феннинг ҳиссаси катта эканини айтишмоқда.
Наталья Фен Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги собиқ элчиси, марҳум Виталий Феннинг қизи бўлади.
Виталий Фен 1996 йилдан 2013 йилга қадар Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги бош дипломати лавозимида ишлаган.
"Пайсалга солинаётган" экстрадиция
Жанубий Кореяга серқатнов ўзбек элитасига яқин Сеулдаги манбага кўра, Жавлон Юнусов Кореяда ушлангани билан уни Ўзбекистонга топшириш масаласи “пайсалга солинмоқда”.
“Фенлар оиласи Сеулдаги “авторитетлар” билан жуда яқин. Одатда, Интерпол қидирувидаги шахслар ушланса, Корея медиасида дарров шов-шув бўлади. Лекин Юнусовнинг ушлангани хабарини чиқаришмади. Эшитишимизга қараганда, ишга инсон ҳуқуқлари фаолларини аралаштиришган. Юнусовни Ўзбекистонга топширмасдан, унга сиёсий бошпана берилишига эришишмоқчи шекилли”, дейди Сеулдаги манба.
Жавлон Юнусовни Ўзбекистонга топшириш масаласи қийин кечаётганини Тошкентдаги ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбалар ҳам тасдиқлади.
Юнусовнинг фуқаровий хотини экани айтилаётган Наталья Фен отаси Жанубий Кореяда элчи бўлган пайти Сеулда яшаган.
Манбаларнинг таъкидлашича, ўша йилларда Кореяда оиласи билан бирга яшаган президент Мирзиёевнинг кенжа қизи Шаҳноза Мирзиёева Наталья Фен билан яқин дугона бўлган.
Манбалар бу яқинлик улар Ўзбекистонга қайтганидан сўнг ҳам давом этганини айтишади. Шаҳноза отаси ҳокимиятга келгач, қайси лавозимда ишламасин, дугонаси Наталья Фен ҳам у билан бир ерда ишлаб келган.
Жумладан, Шаҳноза Мирзиёева 2017 йилда Ўзбекистонда янги ташкил қилинган Мактабгача таълим вазирилигида масъул лавозимга тайинланган.
2020 йил октябрида олинган расмий суратларда Наталья Фен ҳам ушбу вазирликда ишлаганини кўриш мумкин.
Манбалар Наталья Фен Отабек Умаров билан ҳам яқин муносабатларда эканини иддао қилмоқда.
“Наташа Фен Отабек Умаров аварияга учраган пайт унинг Кореяда даволанишини ташкиллаштириб берган. Бунга миннатдорчилик сифатида Умаров кейинчалик Наташага шоколад рангли “GLS Mercedes Maybach” автомобилини совға қилган. Наташа Фен ҳозир шу машинада юради”, деди ҳукуматдаги манба.
Ҳукуматдаги манбага кўра, Қибрайдаги суиқасдга оид Озодликнинг дастлабки суриштирувида тилга олинган шахсларнинг деярли барчаси жумладан, Наталья Фен ҳам терговга чақирилган. Манбалар Фендан кўрсатма олиниб, қўйиб юборилганини айтмоқда.
Алламжоновнинг қўриқчилари нима учун 15 суткага қамалди?
Алламжоновга суиқасд ижрочилари эканига иқрор бўлган икки шахс ва бошқа ҳибсга олинганларнинг кейинги тақдири ҳақида ҳозирча бирор маълумот йўқ. Бош прокуратура ҳозирга қадар суиқасд юзасидан бирон расмий фаразни илгари сургани йўқ.
Озодлик суиқасд ортидан яна 7 киши 15 суткага қамалганини аниқлади.
Ҳозирда озодликка чиқарилган бу шахсларнинг суиқасдга қандай алоқаси борлиги маълум эмас. Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот идоралари нафақат бу савол, балки умуман қамоққа олиш факти борасида ҳеч қандай маълумот бергани йўқ.
Суиқасд юз берган 26 октябрь куни Қибрайдаги кафелардан бирида ушланган ва 15 суткага қамалган 7 кишидан бирининг қариндоши эканини айтган шахс Озодликка мана буларни маълум қилди:
“26 октябрь куни Комил Алламжоновнинг етти ишчисини РОВДга чақириб қамаб қўйишди. Улар орасида бизнинг ҳам қариндошимиз бор эди. Улар билан умуман алоқага чиқиб бўлмади. Нима бўлганини, қаерда эканини билолмадик. 15 суткадан кейин, ўтган куни уйларига келишди. Кейин билдик нима бўлганини”.
Манбанинг айтишича, қамалганлар орасида Бош прокуратуранинг расмий хабарида ўққа учрагани айтилган “Range Rover” ҳайдовчиси ҳам бўлган.
Шунингдек, Алламжоновнинг уч нафар қўриқчиси, иш юритувчиси, ошпази ва ҳаммомчи ҳам ҳибсга олинган. Қибрай туман жиноят ишлари бўйича суди етти кишининг барчасига 15 суткалик қамоқ жазоси тайинлаган.
Озодлик Қибрай судига боғланиб, бу етти киши маъмурий ҳуқуқбузарликда айбланганини аниқлади. Суд ходимига кўра, етти кишининг барчаси 183- (Майда безорилик) ва 194-(Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) моддаларида айбланган бўлиб, улар 15 суткалик қамоқдан ташқари 375 минг сўм миқдоридаги жаримага ҳам тортилган.
Суд ходими маҳкамага оид бошқа тафсилотларни очиқлашни истамади. Қамалганлардан бирининг қариндоши улардан Алламжоновга қарши “компромат” талаб қилинганини иддао қилди:
“Уларга қўйилган айб суиқасд билан умуман боғлиқ эмас. Ҳаммасини қайсидир кафе олдида жанжал чиқарганликда айблашган. Суд қарорида шундай сохта айбловни ёзишган. Адвокат беришмаган. Ичкарида уларни роса қийнашган. 24 соат давомида ухлатмасдан, сўроқ қилишган. Қўлларига “наручник” тақиб, пешонасини ерга тираб қўйиб, тўнқайиб ётишга мажбурлашган. Улардан Алламжоновга қарши “компромат” талаб қилишган. Алламжонов кимлар билан учрашади, қаерга боради, уйига кимлар келади, деб сўрашган. Ҳаммаси эзилиб, бир аҳволда чиқишди ичкаридан”.
Озодлик ушбу иддаолар юзасидан Қибрай тумани Ички ишлар бўлимидан изоҳ ололмади. Озодлик боғланган ходим ёзма мурожаат қилиш шартлигини айтиш билан чекланди.
Видеодаги иккинчи шахс ким?
Расмий баёнотда айтилган суиқасдга алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинган яна тўрт киши ҳақида Озодлик ихиёрида ҳозирча маълумот йўқ. Лекин Озодлик суиқасдга уринишни бўйнига олган иккинчи йигитнинг ҳам шахсини аниқлашга муваффақ бўлди.
Бу - Жаҳонгиров Исмоил Каримжонович. Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбага кўра, Тошкентнинг Чилонзор туманида яшаган Жаҳонгиров муқаддам судланган.
Қибрайда отилган ўқнинг Грознийдаги акс-садоси
Жаҳонгировнинг шериги Шоҳруҳ Аҳмедов эса водийлик бўлиб, Озодлик тасарруфида унинг шахсини тасдиқловчи иккита ҳужжат мавжуд.
Ҳужжатларда қайд қилинишича, Шоҳруҳ Аҳмедов 2019 йилдан бошлаб Туркияда яшаган ва у ерда қарзларни ундириш бўйича таъмагирлик билан шуғулланган.
Озодлик Шоҳруҳ Аҳмедовнинг 2021 йилда Туркияда Рамзан Қодиров танқидчиларига қарши уюштирилган шов- шувли суиқасд режасига алоқадорликда айбланиб, ҳибсга олингани ва етти ой қамоқда ўтирганини аниқлаган.
Турк матбуотида “рус жосуслари можароси” деб аталган ушбу ҳодисада Аҳмедов билан бирга етти нафар чеченлар айбланган. Туркия нашрлари 15 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси сўралган бу шахсларнинг кутилмаганда суд залидан озод қилинишини Чеченистон президенти Рамзан Қодировнинг шахсан аралашувига боғлаган.
10 ноябрь куни Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Алламжоновга суиқасдда ўзининг қўли йўқлигини иддао қилиб чиқди:
“Ғарбпараст ва айрим мухолифатчи ОАВлар тергов натижасини кутмасдан воқеада “чеченлар изи бор” деган тахминни пуфлаб шиширишди, кейин эса “из” гўёки менга олиб келишини иддао қила бошладилар. Бу иғво хабарларга жавоб бермоқчи эмасман. Боз устига Ўзбекистонда, муҳтарам президент Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг доно сиёсати туфайли барча соҳалар, жумладан ахборот ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳаларида ишлар аъло даражада йўлга қўйилган. Фақат шуни қўшимча қиламанки, агар мен ростдан ҳам ниманидир режалаганимда ишни охирига етказмай ва 100 фоизлик натижага эришмай қўймасдим”.
Рамзан Қодиров Телеграмдаги постида Озодлик суриштирувида тилга олинган жиҳатларни изоҳсиз қолдирган. Жумладан, Қодиров Туркияда суиқасдда айбланган Шоҳруҳ Аҳмедов дохил чеченистонлик гуруҳ аъзолари қўлга олинганидан кўп ўтмай, Истанбулга норасмий сафар қилгани сабабини очиқламаган ва умуман “жосуслик” можаросига аввал ҳам Қодиров расмий изоҳ бермаган.
Туркия матбуотидаги хабарларга кўра, олти кишилик гуруҳ ўша йил мартида ҳибсга олинган чеченистонлик Ҳамзат Докуев ва Бадрудин Кимаев билан ҳам ҳамкорликда ишлаган.
Турк матбуотига сиздирилган “Жосуслик можароси” номли ишга доир 25 варақлик айблов хулосасига кўра, гуруҳ бошчиси Бислан Расаев кўрсатмаларни Россия Давлат Думаси депутати Адам Делимхановдан олиб турган. Делимханов Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировга яқин қариндош ва муҳим иттифоқчи ҳисобланади.
Шунингдек, тергов жараёнида Бислан Расаевнинг қатор қотилликлар сабаб халқаро қидирувда бўлган криминал авторетитет Казбек Дукуев билан ҳам ҳамкорлиги борлиги аниқланган. Турк матбуоти суриштирувига кўра, Делимханов ва Дукуевнинг 20 йил ичида содир этилган олтита суиқасдда қўли бўлган.
Турк матбуотига кўра, Шоҳруҳ Аҳмедов Туркиядаги криминал дунёда “Шоҳ” лақаби билан танилган бўлиб, у гуруҳ етакчиси ҳисобланган Бислан Расаев билан яқин ҳамкорлик қилган.
Рамзан Қодировнинг таҳдиди
Чечен гуруҳи лидери билан ҳамкорлик қилгани айтилган Шоҳруҳ Аҳмедовнинг Ўзбекистонга келиб, президентга яқин шахслардан бирига суиқасдни бўйнига олгани кўплаб саволларни туғдиради.
Аммо ўзбек расмийлари ҳозирча бу борада сукут сақларкан, Чеченистон раҳбари Комил Алламжоновга қарши суиқасд юзасидан баёнот билан чиқди.
Аммо англашилгани, Қодировни Алламжоновга суиқасдни ким содир этгани ва унинг мотивлари қизиқтирмайди, балки бу ҳақдаги журналистик суриштирувни кимлар қилаётгани муҳимроқ.
Ўзини "Путиннинг содиқ аскари" сифатида тақдим қиладиган Рамзан Қодиров ўз услубида таҳдид қилишни ҳам унутмаган:
“Мен бу иғволарни қандайдир учинчи шахсларнинг сиёсий ўйин қуроли ва мамлакатларимиз орасига нифоқ солишга уриниш деб биламан. Ушбу фитна ортидан Ғарб сохтакорлиги услубидаги бошқа хабар ва мақолалар ҳам чиқишига аминман. Аммо, нима бўлмасин, мен ва Ўзбекистондаги қадрдон биродарларим биргаликда ушбу иғво хабарлар ортида ким турганини албатта аниқлаймиз. Иш аллақачон бошланган”.
Ўзбекистон расмийлари ҳозиргача Рамзан Қодировнинг баёнотига муносабат билдирганлари йўқ. Хорижий давлат, бу ўринда Россия Федерацияси таркибидаги субъект бўлган Чеченистон раҳбарининг Ўзбекистондаги терговга аралашуви, камида ғалати.
Рамзан Қодиров танқидчисига суиқасд режасида гумон қилиниб ушланган ва Туркияда жосуслик можароси деб аталган шов-шувли жиноят иши фигуранти бўлган Ўзбекистон фуқароси Шоҳруҳ Аҳмедовнинг Ўзбекистонга қайтиб, бемалол юриши эса ундан ҳам ғалатироқ.
Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳозирча буларнинг биронтасига изоҳ бергани йўқ.
Суиқасд ортидан UZB рақамлари нега йиғиштириб олиняпти?
Суриштирувимизда аниқланган фактларнинг бир учи ўзбекистонлик аксар автомобил эгалари орзу қиладиган, қатор норасмий имтиёзларга эга UZB серияли давлат рақамларига бориб тақалди.
Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбаларининг айтишича, 26 октябрь куни Алламжоновга қарши суиқасдда ишлатилган қуроллар, дастлабки тахминларга кўра, Қирғизистондан олиб кирилган.
Озодликда қуролларнинг чегарадан қандай, қайси йўл билан олиб ўтилганига оид маълумот йўқ. Бироқ манбалар чегарадан ўтказилган қуролларни мамлакат ичкарисига олиб киришда айнан UZB серияли давлат рақами тақилган транспорт воситасидан фойдаланилганини тахмин қилишмоқда.
“UZB номерини ГАИ тўхтатиши мумкин эмас. Ҳамма жойда улар учун яшил чироқ. UZB номери ҳатто дипломатик номердан ҳам кучли. Машинангизда бундай номер бўлса, ҳеч ким сизни текширмайди. “Покушение” ишида ҳам жиноятчилар UZB номери тақилган машинада қуролларни қирғиз чегарасидан Фарғонага олиб ўтишгани ҳақидаги версия текширилмоқда. UZB номери бўлса, ҳар қандай жиноятни амалга ошириш мумкин”, дейди ҳуқуқ-тартибот идорасидаги манба.
Озодликка маълум бўлишича, суиқасд ишида UZB рақамлари билан боғлиқ версия пайдо бўлиши ортидан мамлакатда махсус рейд ўтказилган.
2 ноябрь куни бошланган рейдларда юзлаб юридик ва жисмоний шахслардан UZB серияли давлат рақамлари қайтариб олинган.
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Озодлик боғланган мулозими UZB рақамларига қарши рейдлар ўтказилганини тасдиқлади ва буни ушбу сериядаги давлат рақамлари “суиистеъмол қилингани” билан изоҳлади.
Қонунчиликка мувофиқ, UZB рақами давлат ҳокимиятининг марказий идоралари раҳбарларига берилиши лозим. Бироқ таниш-билишчилик йўли билан бу рақам кўзга кўринган таниқли шахсларга, тадбиркорларга ҳам бериб юборилган. Вазирлик расмийси шу каби шахслардангина UZB рақамлари қайтариб олинаётганини билдирди.
Аслида UZB серияли давлат рақамлари билан боғлиқ вазият 2021 йил августида АОКАда ўтган матбуот брифингида кўтарилганди.
Ўша пайтда Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи Олимжон Саидов UZB рақамлари ҳам оддий рақам экани ва исталган шахс олиши мумкинлигини айтган.
Озодлик суҳбатлашган бир-биридан мустақил уч манба UZB серияли давлат рақамлари норасмий равишда Отабек Умаров томонидан назорат қилинганини иддао қилди.
“Кейинги пайтда Умаров УЗБ номерларини ўзиники қилиб олганди. Умаров кимни бу номерга лойиқ деб билса, ўшанга бериларди. Унинг рухсатисиз, ҳеч ким бу номерни ололмаган. Чўнтагида пули бор бойваччаларнинг ҳаммасида шу номер. Рекет ҳам шу номер билан қилинди, криминали ҳам шу номер билан амалга оширилди. Контрабанда ҳам шу номер ёрдамида бўлди”, дейди ҳуқуқ-тартибот идорасидаги манба.
Озодлик UZB серияли давлат рақамлари йиғиштириб олинаётгани борасида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Шоҳруҳ Ғиёсовга мурожаат қилди.
“Ахборот хақиқатга тўғри келмайди. Давлат рақамларини олинишининг ёки берилишининг ўрнатилган тартиби мавжуд, шунга риоя этилади”, деди Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Шоҳруҳ Ғиёсов.
Ғиёсов UZB серияли рақамлар Отабек Умаров томонидан назорат қилингани ҳақидаги иддаоларни рад қилди.
Расмийлар сукунати
Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларга кўра, жиноят ишида Озодликнинг дастлабки суриштирувида тилга олинган жиҳатлар, жумладан, ҳужумчиларнинг “План А” ва “План Б” режалари ҳам ўрганилмоқда.
Озодликнинг ҳукуматдаги манбасига кўра, Алламжоновга суиқасд юзасидан терговни шахсан президент Мирзиёев ўз назоратига олган, аммо бу ҳақда расмий маълумот берилгани йўқ.
Алламжоновнинг уйи суиқасддан бери кучайтирилган тартибда қўриқланаётганини унинг маҳалласида яшовчи аҳоли вакиллари ҳам тасдиқлашмоқда.
Аввалроқ Озодликнинг ҳукуматдаги манбаси Алламжонов билан Отабек Умаров ҳамда ДХХ ўртасида “уруш” борлигини иддао қилган.
Бу "уруш"нинг мотиви Озодликка маълум эмас.
Президент Мирзиëевга яқин шахслардан бири ҳисобланган Комил Алламжоновга суиқасддан қарийб 3 ҳафта ўтиб ҳам на ҳодиса тафсилотлари ва на мотивлари очиқланди. Расмий хабарларда ҳатто Комил Алламжонов номи тилга олингани йўқ.
Алламжонов яқин-яқингача раҳбарларидан бўлган Президент администрацияси ва мамлакатдаги хавфсизликка маъсул қудратли ДХХ бу борада сукут сақламоқда.
"Табу" мавзу
Ўзбек матбуоти ҳам Алламжоновга суиқасд мавзусида сукут сақламоқда. Бу сукунатни Озодликка шарҳлаган ўзбек журналистларига кўра, Қибрайдаги суиқасд ҳодисаси маҳаллий матбуот учун ёпиқ мавзуга айланган.
“Кўпчиликни Гвардейскийга битта-битта чақириб, босим қилишди. Ҳозир ҳам кучли босимдамиз. Ўзи сўнгги пайтларда кучайиб келаётган босим Алламжоновга суиқасддан кейин баттар бўлди. Нафақат суиқасд ҳақида, умуман Алламжонов исмини тилга олмайсизлар, дейишди. Бу табу ҳозир”, дейди ўзбекистонлик журналист.
Суиқасддан кейин бир неча кун тармоқларда шиддат билан ёйилган “Қибрайдаги суиқасдни Алламжоновнинг ўзи қилган, мақсад ўзини пиар қилиш эди” деган иддао бош прокуратура огоҳлантирувидан сўнг босилгандай бўлди.
Суиқасддан бир кун ўтиб, парламент сайловида овоз бергани акс этган суратни тармоқларга жойлаган Комил Алламжоновнинг ўзи ҳам суиқасд юзасидан бирон баёнот бергани йўқ.
Озодликнинг Комил Алламжоновга боғланиш ва ундан у ёки бу кўринишда изоҳ олиш уринишлари ҳозирча натижа бермади.
Ҳозиргача суиқасд юзасидан бирон далил, жумладан, ҳукуматдаги одамларни ҳодисага боғловчи биронта аниқ, жамоатчиликка маълум далил мавжуд эмас.
Отабек Умаров Озодликнинг бундан олдинги қатор суриштирувларини жавобсиз қолдирган. Суиқасддан буён ўтган вақт давомида Тошкентдаги ўзи ташкилотчиларидан бўлган ММА чемпионатида кўриниш бермагани Озодлик эътиборини тортди.
Сўнгги ҳодисалар фонида Инстаграмда миллионлаб фолловерларга эга Умаровнинг саҳифалари ҳам олдингидек фото ва видеолар билан тўлиб тошмади.
Аммо таъкидлаймиз, Умаров ёки ҳукуматдаги бирон шахсни Қибрайдаги суиқасдга боғловчи жамоатчиликка маълум далил мавжуд эмас ва Озодлик бу борада барча томонлар, жумладан, расмийларнинг изоҳига очиқ.
Форум