Россия президенти Владимир Путин “Россия Федерациясида экстремизмга қарши кураш стратегияси тўғрисида” фармон имзолади. Ҳужжат ҳуқуқий ахборот расмий порталида эълон қилинган.
Янгиланган стратегияга илк бор русофобия тушунчаси киритилган бўлиб, унга “Россия фуқароларига, рус тили ва маданиятига ёмон кўз билан қараш, нохолис ва душманларча муносабатда бўлиш” дея таъриф берилган.
Шунингдек, Россияга дўст бўлмаган давлатлар ҳукуматларининг камситувчи хатти-ҳаракатлари ҳам русофобия деб ҳисобланиши кўрсатилган.
Стратегияда айрим давлатлар экстремизмни гибрид урушларда ва бошқа мамлакатларнинг ички ишларига аралашишда қўллаётгани иддао қилинади.
Экстремизм манбалари орасида Украина ҳам тилга олинган бўлиб, Россия ҳукумати фикрича, у ерда Россияга хавф солувчи “радикал неонацист тузилмалар” қўллаб-қувватланади.
Ҳужжатда Украина инқирози русофоб кайфият ва Россияга қарши гибрид урушларни авж олдиришга хизмат қилаётгани урғуланади. Украина ҳудудидан келаётган хавфни бартараф этиш ҳужжатда “энг муҳим вазифа” деб аталган.
“Қасддан” оммавий тартибсизликларга айланиб кетадиган рухсат этилмаган норозилик акциялари, шунингдек мигрантларнинг ғайриҳуқуқий фаолияти ва халқаро ноҳукумат ташкилотларининг деструктив ишлари Россияни беқарорлаштирувчи омиллар сифатида санаб ўтилган.
Стратегия экстремистик фаолиятда иштирок этиш, шунингдек “дўст бўлмаган мамлакатлардаги ўқув марказларида тайёргарлик кўриш учун” чет элга чиқувчи шахслар рўйхатини юритишни назарда тутади.
Аммо ҳужжатда “дўст бўлмаган мамлакатларнинг ўқув марказлари” тушунчаси аниқлаштирилган эмас.