Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:55

Бузилиш навбати Олой бозорига келди


Олой бозори. 30 март¸ 2011 йил.
Олой бозори. 30 март¸ 2011 йил.

29 март куни Тошкент марказидаги Олой бозорида кутилмаганда бузилиш ишлари бошланди.



Олой бозори маъмурияти вакилига кўра, бозорнинг кийим-кечак ва буюм сотиладиган қисми бузилади. Расмийнинг айтишича¸ кийим бозори ўрнида машиналар учун пуллик тўхташ жойи ташкил этилади.

Олой бозорида дўконларни бузиш бормоқда.


Олой бозорида савдо қилувчи тадбиркорлардан бири, Озодлик билан суҳбатда ўзларидан кутилмаганда дўконларни бўшатиб қўйиш талаб қилинганини айтади.

- Кеча эрталабдан бизга айтишдида. “Уч кун муҳлат. Бозорни бузамиз” дейишди.

Озодлик: Қаерга кўчиришаяпти сизларни?

- Кўплар мана бу Пойтахтга, кейин Ўрикзорга, бир пайтлар гилам бозори бўлардию, Ипподромга, ким қаердан жой топса топаяпти-да.

Озодлик: Бозор ўрни нима бўларкан? Бозор бутунлай ëпиларканми?

- Бозорни стоянка қилишмоқчи экан.

Озодлик: Сизларга компенсация пули берилдими?

- Жой бераяпти-да. Бизларга Ўрикзордан жой берган. Энди ўша ëққа борамиз. Ҳали тайëр жой эмас. Ҳали ремонт қилиш керак ҳаммасини.

Озодлик: Сиз Ўрикзорга боришга розимисиз?

- Нима қиламиз, бошқа иложиси йўқ. Бола-чақани боқиш керак, невараларни боқиш керак. Кунига болаларга пул керак, дейди Олой бозорида савдо қилиб келган тадбиркорлардан бири.


Бузилаëтган бозор.


Озодлик илтимосига кўра, Олой бозорига бориб бузилиш жараёнини кузатган тошкентлик Абдулла Тожибой ўғли, гувоҳ бўлгани манзарани тасвирлаб берди.

- Ҳамма юкларини ортиб, олиб чиқиб кетишаяпти. Айримлари шундай бир бўш жойга бориб олибди¸ ўша ерни қайта таъмирлаб юрғизиш учун. Бир хиллар ҳали қаëққа боришини билмайди. Мана шунақа аросатда ҳозир булар. Дўконларнинг олдида йўлкада тез ëрдам Дамас машинаси турибди. Бирор-бир дўкон эгаси ҳушидан кетиб қолса, тез ëрдам кўрсатиш мақсадида мана бу ерда Дамас турибди.

Бу уларнинг қора қозонини қайнатиш учун келиб турган даромад манбаи эди. Ҳатто бир хиллари йил охиригача налог пулларию аренда пулларини тўлаб қўйган. Буларга нафақат компенсация пули, ўша тўланган пуллари, 1 миллион сўмдан ортиқроқ тўланган пуллари бор налог билан бир қаторда, албатта бу нарса ҳар бир инсоннинг асабига тегиб, бевосита ўзидан кетиб қолиш ҳолатлари бўлиши мумкин. Ана шунинг учун тез ëрдам қилайлик¸ деб мана бу ерда Дамас тез ëрдам машинаси турибди. Бу ерда стоянка, шу билан бир қаторда нима десак бўлди, зелений зона дейди, шунақа боққа ўхшаган жой қурилади дейишаяпти, деди Абдулла Тожибой ўғли.

Олой бозори маъмурияти вакилига кўра, кийим бозорида бузилаётган 152 та савдо нуқталари давлатга қарашли бўлиб, уларни ижарага олиб келган тадбиркорларга эса эндиликда Ўрикзор бозоридан савдо ўрни берилаяпти:

- Кийим бозорни йиқишаяпти.

Озодлик: Фақат кийим бозор бузиладими?

- Ҳа.

Озодлик: Кийим бозори қаерга кўчади?

- Ўрикзордан жой қилиб беришди.

Озодлик: Ҳаммаси Ўрикзорга кўчадими?

- Ҳа, Ўрикзорда жуда катта жой бор.

Озодлик: Буюм бозори ўрнида нима бўлади?

- Стокянка қилишаяпти катта қилиб. Умуман бозорга стоянка-да. Кенгроқ қилиб, йўлларни кенгайтиришмоқчи. Кийим бозор бизларда арендада ўтирган эдида. Давлатнинг жойи. Бир квартал тамом бўлди договор. Иккинчи кварталга қилинмади-да. Мана бу ëқлар бузилиб Ўрикзордан жой берилди. Одамларга, халққа қулайлик яратиш, деди Олой бозори маъмурияти вакили.

14 мартдан бошлаб, Тошкентнинг Навоий кўчасида жойлашган уй жиҳозлари, маиший ва офис техникалари билан савдо қилувчи расталар бузилиб, собиқ “Малика” тикув фабрикаси биносига кўчирилди.

Тошкентнинг Юнусобод деҳқон бозоридаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан савдо қилувчи улгуржи бозор ва шу ҳудудда жойлашган ошхона ва дўконлар эса бир кун ичида бузиб ташланди. Ундан аввал Паркент бозорида қурилиш моллари билан савдо қиладиган тадбиркорлар ҳам бозор бузилишидан огоҳлантирилган эди.

Айни пайтда¸ ўтган ой Ўзбекистондаги Turkuaz, Oxus Gold, Oriflame каби хорижий ширкатлар фаолияти тақиқланиб, уларга нисбатан жиноий ва маъмурий ишлар очилди. Уч ҳафта аввал эса¸ Тошкентдаги Ўзбекистон ва БАА тадбиркорларининг қўшма корхонасига қарашли “Комфорт элит” номли йирик мебел дўкони ёпилди.

Тахминларга кўра, Юнусободдаги Аҳмад Дониш бозори ва “Korzinka.uz” тармоқ дўконлари ҳам яқин кунларда "реконструкция" қилиниши кутилмоқда.

Пойтахтдаги бузилиш тўлқини вилоятларни ҳам четлаб ўтмаяпти. Айни кунларда Хоразм вилоятининг Урганч шаҳри марказидаги Ал-Хоразмий кўчасидаги ўнлаб савдо шаҳобчаларини бузиш жараёни кетаяпти. Охирги йилларда Самарқанд, Наманган ва Қўқондаги йирик бозорлар бузилди.

Расмийлар изоҳисиз қолаётган бузилиш тўлқини ортида, кузатувчиларнинг таъкидича, мамлакатдаги жиддий иқтисодий муаммолар яширинган.

Бозорларда терминаллар ўрнатиш муаммоси ўз ечимини топмаётган бир пайтда, мамлакат расмийлари бозорларни супермаркетларга айлантириш режаси пластик карточкалар билан боғлиқ муаммоларга барҳам беришидан умидвор кўринади.
XS
SM
MD
LG