Бу сатрлар Ўзбекистонда сўз рассоми дея таърифланадиган ажойиб шоир Холдор Вулқон қаламига мансуб.
Демак, бугунги меҳмонимиз шоир Холдор Вулқон
Шоирнинг таржимаи ҳоли
Шоир Холдор Вулқон, 1959 йилнинг 3 майида Андижон вилоятининг Олтинкўл тумани Маслаҳат қишлоғида дунёга келган. 1975 йилда илк шеърий машқлари чоп этилган. Ўзбекистон Миллий университети (собиқ ТошДУ) филология куллиётини тамомлаган. Тошкентдаги нуфузли нашриётларида “Туманли далалар қўшиғи”, “Лайлатул қадр” ва “Тунги лайлакқор” шеърий тўпламлари нашр қилинган. 1999 йилдан бери Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси. 2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган. Ҳозир хориж давлатларидан бирида яшайди.
“Чексиз кенгликларга кетаман”
Ғурбат саҳросининг барханларида,
Мен сени эслайман, кунда, кун ора.
Жилмайиб йиғловчи, йиғлаб жилмайгувчи,
Менинг ювошгина синглим, Анора.
Субҳи содиқ маҳал тақирлатсалар,
Томлар туникасин ёмғирлар чўқиб.
Ўлтирарсан балки меҳробда ёлғиз,
Сўлим сукунатда номозинг ўқиб.
Салқин кўчаларда юзларинг кесар,
Кўз ёшлар суюлган олмосдай оқиб.
Овозсиз йиғларсан ҳувиллаб ётган,
Акангнинг кимсасиз уйига боқиб.
Кўз ёшинг бебаҳо дур каби асра,
Тинсин кузги сувлар сингари асаб.
Дайди шоир аканг ҳовлисида куз,
Юрсин япроқлардан гербарий ясаб.
Озодлик: Холдор ака, сиз ўзбек адабиётига туманли далалар куйчиси, манзара шоири сифатида кириб келгансиз. Аммо эшиттиришимиз аввалида ўқиган шеърингиздан биз бошқа Xолдор Вулқонни – армонли соғинч шоирини кашф қилаяпмиз.
- Соғинч, ҳижрат, ҳижрон шоирларнинг манглайига битилган бир ëзув экан десам бўладида. Шу сингари бизнинг ҳам манглайда бор экан ватанни соғиниб яшаш. Энди бу ҳам Худонинг ҳикмати билан бўлса керак дейманда. Чунки ватаннинг қадрига етиш учун уни ташқаридан кўрган одам ва ташқарида қолган одам ватаннинг қадрига етар экан.
Озодлик: Холдор ака, Ўзбекистонда яшаётган пайтингизда “Ҳижрат” деб номланган бир шеър ёзган экансиз.
Узоқ тайёрландим, ниҳоят,
Деворни тешишнинг
Вақти ҳам етди.
Деворни тешдиму,
Ёруғликдан кўзим
Қамашиб кетди.
Энди шу оламга
- Чексиз кенгликларга кетаман,
Хайр, душманларим,
Хайр дўстларим!
Хайр сенга уйим, хайр ўчоғим!
Хайр, Холдор Вулқон -
Менинг пўчоғим!
Мана шу шеърда кейинги ҳаётингизни башорат қилгандай кўринасиз.
- Бу шеър 1987 йил апрел ойида ëзилган. Ўзбекистонда ëзганман. Маслаҳат қишлоғида ëзилган бу шеър. Ўша пайтдаги адолатсизликлар, ноҳақликлар, адабиëт майдонидаги неформатлик, ҳақ сўзни айтиб юрганимиз учунми турткилашлар, бошқалар сабаб бўлгандир бу шеърнинг дунëга келишига. Лекин бу ерда ҳижрат маъноси рамзий маънода бақо оламига. Лекин энди бу башоратдай бўлиб қолган экан сиз айтмоқчи. Ҳижратга юзландик қаранг энди. Шунақа бўларканда. Нима ëзсанг, сал эҳтиëт бўлиш керакми дегандай эҳтиëт бўлиб ëза олмайдию шоир одам. Нима руҳи буюрганини ëзадида энди.
Озодлик: Мана ҳижратга юз тутдингиз. Ҳижрат сизга нима берди шоир сифатида?
- Бу жуда яхши савол экан. Нималардир ëздик. Албатта ватанда юрсак яхши эди. Лекин ватанда биз бугунги ëзган асарларни ëза олмаган бўлардик деб ўйлайман. Чунки у ерларда, оëқ-қўли боғланган бир жамиятда шоир озод яшаб, озод ëза олмайди. Шоир одамга озодлик керак. Шу кунгача иккита роман ëзилди, бешта қисса ëзилди, шеърий китоблар ëзилди.
Эммоноэл бўғози, Тамсил, Эскудар,
Отмоқда ёмғирли Истанбул тонги,
Мармара денгизин кенгликларида,
Янграр кемаларнинг хасратли бонги.
Денгизлар ортида қолган Ватаним,
Соғиндим Масжиду минорларингни,
Ўлмай қайтиб борсам уялмай унсиз,
Қучоқлаб йиғлайман чинорларингни.
Совуқ шамол эсар, намчил палуба,
Кема чайқалади, ғижирлар эшик,
Бизни аллалайди кемага қўшиб,
Денгиз дунёдаги энг улкан бешик.
Мен уйғоқ боқаман кенгликлар тамон,
Ғамларга тополмай бўйинтуруқлик,
Сув юзида ярим кўриниб турган,
Қўрқинчли махлуққа ўхшар қуруқлик.
Шоирлик юки ёки шоир сиёсатнинг ичида бўлиши керакми?
Озодлик: Холдор ака, бир суҳбатимизда “Одамлар шоирдан ҳақиқат излайди, ҳақиқатни талаб қилади”, деб айтган эдингиз. Нимага шундай? Нима шиор ҳақиқатни чўнтагига беркитиб олганми? Ёки унинг одамлардан ҳақиқат қарзи борми? Нега одамлар шоирдан исёнкорликни талаб қилади?
- Бу ҳам қизиқ савол. Шоир одам, биласизми бу Худо юборган, ерга ëқиб қўйган чироқлари деса бўладида шоирларни. Булар йўлларни ëритиш учун Оллоҳ томонидан юборилган. Уларнинг баъзиларини ўчиришади, лекин ўчира олмайдиганлари ҳам бор. Мана тарихда ҳам қадимда шоирлар золимларнинг юзига тик қараб ҳақиқатни айтганлар ва керак бўлса қатлгоҳларда қурбон бўлиб кетганлар. Мана шуни халқ билади. Шоир халқни етаклайдиган зиëлиларнинг ҳам тозаси бўладида. Унинг руҳида шундай нарса бўлади. Руҳида бўронлар, руҳида исëнлар бор шоирнинг. Мана шунинг учун халқ умидвор қарайди, кўз тикади.
Озодлик: Энди мана шу айтганларингиздан келиб чиққан ҳолда бугунги Ўзбекистон ичкарисидаги адабиётни қандай баҳолайсиз?
- Ҳар қандай қийинчилик бўлса ҳам, ҳар қандай зулм бўлса ҳам, ҳар қандай тақиқлар бўлса ҳам барибир шоир одам шеърларини ëзаверади. Ҳамма ерда ëзаверади. Бугунги кунда ҳам ўзбек адабиëти тирик ва уни ўлди деб башорат қилаëтганлар адашади. Мен биламанки, шундай зўр шоирларимиз бор Ўзбекистонда. Улар бугунги зулм, золимлар нимасидан қўрқиб баъзи бир нарсаларни очиқ ëза олмасалар-да, албатта ëзиб-ëзиб қолдириб кетадилар. Энг гўзал қалбидаги дурдоналарни, ғалвирда қолган йирик-йирик дурдоналарни қолдириб кетади. “Сайғоқ” деган бир шеърни ўқий бўлмаса.
Ëвузлардан безиб чекинган жойинг,
Жазирама саҳро бепоëн қумлик,
Қутурган аждардек гоҳида қуюн,
Яйдоқ кенгликларда қилармиш шумлик?
Завр қумтепалар ортида оқшом,
Очқаган қашқирлар галаси увлар,
Шифобахш шохларинг сабаб овчилар,
Қийқириб милтиқдан ўқ узиб қувлар.
О, сайғоқ, бегунох, қувғинди жонивор,
Қисматлар муштарак, кетаман ўйлаб.
Мени ҳам қувлашар саҳролар аро,
Чопаман сен каби уфқлар бўйлаб.
Заъфарон уфқларда чопаман бадар,
Қувғинга сабабдир ботиним, ғайбим.
Сени шохинг учун овлашар, менинг
Бошимда шохимнинг йўқлиги - айбим.
Озодлик: Холдор ака, мана шу “Сайғоқ” деб номланган шеърингизни ўқиб туриб, менда бир қатор саволлар пайдо бўлди. Мана ша саволлардан биринчиси: Сизни Ўзбекистонни тарк этишга нима мажбур қилди?
- Энди Ўзбекистонда кейинги пайтларда менга нисбатан ҳар хил тазйиқлар кучайиб кетди. Аввал ҳам менинг мухолифатга бўлган хайрихоҳлигимми сабаб доим мен таъқиб остида бўлганман. Ëзган асарларим ҳам кўп қийинчиликлар билан давраларда доим четлатилиб юрганман. Лекин мен ундан ҳеч хафа бўлмас эдим. Бундан хурсанд ҳам бўлардим баъзан. Чунки ўзимнинг ички, руҳан озодлигимни ўзим яхши кўрардим. Менинг у ердан чиқиб кетишимга кейинги пайтларда умуман чидаб бўлмай қолдида. Ҳар хил тазйиқлар кучайиб кетиб қолди. Мен ўзим учун эмас оиламни хавфсиз жойга кўчириш мақсадида шундай қилдим.
Озодлик: Мен ҳурмат қилган шоирлардан бири “Шоир сиёсатчига айланган пайтда сиёсат ҳам ўлади, шеърият ҳам”, деган гапни айтган эди. Балки шоирлар сиёсатга аралашсалар ҳам, сиёсатнинг ичига кирмаганлари маъқулроқ бўлармиди?
- Менинг нуқтаи назарим шундайки, шоир одамнинг сиëсатдан ажраши жуда қийин. Унинг ўзи ҳаракат қилиб ажрайман деган тақдирда ҳам барибир сиëсат билан яшайди. Ҳамма одам сиëсат билан боғлиқ. Сен сиëсат билан шуғулланмасанг, сиëсат сен билан шуғулланади дейдию. Шу сингари шоир одам ҳам бошқалар сингари оддий одам. У ҳам жамиятда бўлаëтган адолатсизликлар, ноҳақликларга бефарқ қараб тура олмайди. Мана энг катта сабаб шу. Бўлмаса, у мақтаб-мақтаб, менинг ҳам қўлимдан келади, менга ҳам айтишган “достон ëзмайсанми каттага бағишлаб” деган гаплар ҳам бўлган. қўлимдан келарди ўша достонни ëзиш чиройли қилиб. Лекин мен унақа қилиб буюртмага ëза олмайман.
Дарахт менга йўл бўшатади
Ўтганимда шу йўлдан доим.
Ва дарахтнинг сарғайиб кетган
Хатларига кўмилар пойим.
Дарахт шўрлик мактубларини
Кимдир олиб ўқишин пойлар,
Мактубларин олис - олисга
Олиб кетар почтачи сойлар.
Севиб қолган кимнидир дарахт,
Севган ёри ёзмайди жавоб,
Хатларини яшириб ўқиб
Йиғлаб - йиғлаб этмайди тавоф.
Дарахт ҳар йил ёзаверади,
Сиёҳ, дастгоҳ, қалам, довотсиз,
Хатларини ҳеч ким ўқимас,
Унинг севгилиси саводсиз.
Озодлик: Холдор ака, Худо ол қулим, деб сизга яна янги ҳаёт бағишласа, қайта туғилсангиз, яна шоирлик йўлини танлаган бўлармидингиз?
- Албатта. Мен ҳеч ҳам хафа эмасман ҳаëтимдан. Ҳақиқат ахтариб қилган, адолат учун қилган озми кўпми курашларим, бошқалар шеърият билан омухта бўлиб, ҳаëтим билан боғлиқ бўлганлиги учун ҳам мен хурсандман. Чунки мен ҳаëтимда фақат яхшилик қилдим элга, халойиққа, одамларга. Мен яна қайта агар дунëга келадиган бўлсам, яна худди шу ҳаëтни Худодан сўраган бўлардим. Чунки мен гўзал, яхши ҳаëт кечириб ўтдим. Қийинчиликлар, бошқалар бўлса ҳам халқ томонида турганим менинг энг катта бахтим.
Озодлик: Шоирлик сиз учун нимани англатади?
- Шоирлик халқ ҳимоясида турадиган буюк мартаба бу. Худо юқтирган мартаба бу. Шунинг учун ҳам шоирлик бир буюк нарсаки, бу подшодан ҳам буюк турадиган нарса. Буни ҳеч ким олиб қўя олмайди. Шуниси билан қизиқда бу шоирлик мартабаси. Золимлар тортиб олиб қўя олмайди унинг тожини ëки тахтини.
Кузги шамол ва маҳзун хаёл,
Етим кунлар қайғуси ўзга.
Чўкар мовий дубулға - осмон,
Кузга ўхшаб кетгувчи кўзга.
Кўрдим кўзинг тубида ғамни,
Арзир эди йиғласам увлаб.
Юпун боғлар бағридан учгач,
Барглар кетди шамолни қувлаб.
Сочларингдай узун дардларинг,
Қошларингда йиллар куяси.
Кўзинг қири ханжардай ўткир
Киприкларинг кўзёш уяси.
Балки сен ҳам муҳожир қушдай,
Учиб кетиб қоларсан зумда.
Изларингда дарёлар инграб,
Сувлар йиғлар югуриб қумда.
Балки энди сенсиз ўларман,
Балки ўлмай кирарман юзга.
Термуларман балки соғинсам,
Кўзларинга ўхшаган кузга.