Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:03

Мустақиллик тенгдошлари: мустақилмисиз?


 "Мустақиллик болалари Мустақиллик майдонида рақсга тушмоқда.
"Мустақиллик болалари Мустақиллик майдонида рақсга тушмоқда.

Ўзбекистон расмий мустақиллигидан сўнг суяги қотган янги авлод дунëга қарашида мустақил бўла олдими?


Фармони Олий: Бу йилги байрам янада каттароқ бўлсин....

6 апрел куни Ислом Каримов “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 20 йиллигини нишонлашга тайëргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорга имзо чекди. Президент қарорига кўра, мустақилликнинг 20 йиллик тантаналари “Буюк ва муқаддассан, мустақил Ватан!” деган шиор остида ўтади.

“Бу йил Ватанимиз мамлакатимиз истиқлолининг шонли санасини – миллий мустақиллигимизнинг 20 йиллигини баланд руҳ ва кўтаринки кайфият билан кутиб олишга тайёргарлик кўрмоқда” дея бошланган бу қарорда Ўзбекистонда “демократик давлат, фуқаролик жамиятини барпо этиш, иқтисодиётни бозор муносабатларига ўтказиш ва ривожланган давлатлар қаторидан муносиб жой олиш йўлида эришган марралар жаҳон аҳлини ҳақли равишда ҳайратда қолдираётган”и таъкидланади.

Қарорга мувофиқ, бу галги байрам тадбирлари ўзбекистонликлар, хусусан, “ёш авлод қалбида чуқур таассурот қолдирадиган юқори савияда ўтказиш мақсадида” бутун мамлакат миқëсида ташкилий-амалий¸ маданий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари ўтказиш ҳақида кўрсатма берилган.

Бу тадбирларга, айниқса, ëш авлодни фаол жалб этиш алоҳида таъкидланган мазкур қарорда¸ ўқувчи ва талабалар ўртасида “Баркамол авлод”¸ “Биз 20 ëшдамиз” деб номланган форум ва мусобақалар ўтказиш лозимлиги айтилади.

Мустақиллик байрамлари мафкуравий вазифасини адо қилаëтирми?

Ўзбекистонда мустақиллик куни 19 марта дабдаба ва асъаса билан байрам қилинди¸ мустақиллик даврида туғилиб улғайган бир авлодга 19 йилдан бери “Ўзбекистон келажаги буюк” давлат дея шеър ва қўшиқлар айттирилди. Бу каби тарғибот-ташвиқоту байрам тадбирлари мустақиллик даврида шаклланган янги авлод шуурига мустақил ватандан фахрланиш ҳиссини қанчалик сингдира олди?

Ўзбекистон президенти имзо чеккан фармонда мамлакат мустақиллигининг 20 йиллига бағишланган байрам тадбирларини ватандошлар¸ хусусан¸ ëш авлод қалбида чуқур таассурот қолдирадиган юқори савияда ўтказиш лозимлиги айтилади.

Гарчи бу галгиси мисли кўрилмаган кўлам ва даражада ўтказилса-да¸ Ўзбекистон мустақиллиги байрами ўзбекистонликлар¸ хусусан мустақиллик тенгдошлари учун янги ҳодиса эмас. Кўз очгандан бери улар ҳаëти мамлакатда энг кўп ва хўб нишонланадиган байрам айнан мустақиллик санаси эканига гувоҳдир.

"Аммо бу байрамлар¸ Ўзбекистонда кўпчиликни ташкил этадиган қишлоқ ëшлари руҳига на мустақил мамлакатда туғилиб ўсгандан фахрланиш ҳиссини ва на ватанни севиш туйғусини сола олди"¸ дейди Қашқадарë қишлоқларидаги мактаблардан бирининг исми айтилишини истамаган ўқитувчиси.

- Бу фақатгина сафсата гапдан бошқа нарса эмас. Менинг қоғозга раҳмим келади¸ бошқа ҳеч нарсага эмас. Алоҳида фахр фақат тилида-да, дилида эмасда. Дили-да энди, бизнинг қишлоқ шароитини олиб қарайдиган бўлсак, биринчи ўринда нонни ўйлатиб қўйган. Қорин оч бўлгандан кейин фақат шеърини айтади, қўшиғини айтади, “Ҳеч кимга бермаймиз¸ сени Ўзбекистон!” дейди. Ватан дейишимиз мумкинку, лекин улар кунининг ўтишини ўйлайди фақат. Ана энди¸ масалан¸ мактабга келади, кетади. Тилида бошқа гап, дилида бошқа гап¸ дейди мустақиллик даврида улғайган қишлоқ ëшлари портретини чизишга уринган қашқадарëлик ўқитувчи.

Пойтахтдан тарқаладиган тарғибот-ташвиқот руҳига Қашқадарëдан кўра яқинроқ бўлган Жиззах ëшларига ҳам мустақиллик байрами муносабати билан ўтказиб келинаëтган тадбирлар буюк ватанда яшашдан бахтиëрлик ҳиссини сингдира олмади¸ дейди хавфсизлик нуқтаи-назаридан ўз исми келтирилмаслигини сўраган жиззахлик ўқитувчи.

- Мустақиллик бўйича болалар таассуроти бор, лекин кўпроқ иш билан бўлиб кетади-да болалар. Сабаби¸ бизларда компютерлаштирилган синфнинг ўзи йўқ. Компютер бўйича болаларнинг таассуроти йўқда. Аввалги дарс тизимидан замонавий дарс тизимига камдан кам ўқитувчилар ўтган.

Байрамларнинг бўлгани яхши, лекин ундан халқимиз ҳам кўпроқ манфаатдор деймизми, халқимиз ҳам кўп қатнашса дейман-да. Бу ерда кўпроқ катталар қатнашади-да. Адабий кечалар, конкурс, мусобақалар бўлиб тургани яхши. Бизларнинг қишлоқ жойларида мусобақаларга бориб келиш қийин¸ дер экан ўзи яшаëтгани қишлоқ ëшларида на “буюк ватанни айланиб кўриш¸ ва на компютер деб аталган сеҳрли қутича орқали дунëдан хабардор бўлиш имкони йўқлигини таъкидлайди бу суҳбатдош.

Байрамларга қўйилмаган мустақиллик болалари...

Ислом Каримов ўз чиқишларида “мустақиллик болалари” деган иборани кўп ишлатади. Ана шундай болалардан бири¸ аниқроғи¸ мустақиллик тенгдоши Абдулла Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларидан бирида яшайди. Ўртаҳол оила катта бўлган бу йигит дунëқараши¸ бир томондан Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари¸ яъники ҳукумат пропагандаси¸ иккинчи томондан¸ Ғарб адабиëти¸ қолаверса Озодлик каби мустақил ахборот манбалари таъсирида шаклланмоқда. Шу боис¸ Абдуллани ўзи мансуб авлоднинг мўътадил вакили¸ деб аташ мумкиндек. Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги билан тенгдош Абдулла неча авлод ўзбеклар орзу қилган суверен давлатда яшаëтганидан фархланишини айтади.

- Фахр¸ масалан¸ мустақиллик вақтида туғилганимиз учун фахрланаман. Тошкентга борганман, Самарқанд, Қашқадарëда бўлдим. Мен хурсанд бўлганим мустақилликдан кейин тарихимиз ўзимизга қайтди-да. Маданий ëдгорликлар қайтадан таъмирланди. Бу биз учун энг катта бахт. Ислом оламида энг буюк алломаларнинг зиëратгоҳлари ободонлаштирилди¸ дер экан Абдулла мустақилликнинг шу пайтга қадар ўтказилган 19 байрамига ўзи каби оддий халқ болалари қўйилмагани бундай фахр туйғусига бир оз аччиқ таъм беришини айтади.

- Мустақиллик байрамида қатнашмаганман бирор марта. Беш йил олдин бир борган эдим. Киритмаган эди ўшанда. Мустақиллик майдонига борган эдим, киритмаган эди¸ дейди Абдулла.

Мустақиллик болалари мустақиллик нималигини билмайди...

"Мустақиллик болалари учун мустақиллик¸ мустақил давлат деган сўз ва иборалар нимани англатади¸ улар бу тушунчаларни қандай тушунадилар?"¸ деб сўраймиз мустақиллик тенгдоши Абдулладан.

- Тўғриси тушунмайди. Биз қаторидагилар мустақиллик нималигини ҳам билмайди. Мустақиллик бу мамлакатда эркин яшаш-да. Масалан¸ Ўзбекистон мустақилликка эришганига 20 йил бўлган бўлса, сўз эркинлиги йўқ ҳали ҳам. Кейин қонун устуворлиги умуман йўқ. Ҳамма жойда бир хил эмас қонун устунлиги. Мамлакатда иқтисодиëт бир хил ривожланмаган. Ўзбекларда “Оч қорним тинч қулоғим” деган бир гап бор. Шу ақидага амал қилади ўзбеклар. Ноҳақлик кўрган жойда жаҳлим чиқиб фикримни айтиб келганман. Жисмоний жиҳатдан калтак еганим йўқ-ку, маънавий жиҳатдан кўп калтак едим. Маънавий жиҳатдан калтак еявериб ўрганиб ҳам қолдим¸ дейди Ўзбекистондаги юзлаб коллежларидан бири талабаси Абдулла.

Мен нечун сев(май)аман Ўзбекистонни?

19 йилдан бери мустақил ватан ҳақида айтилаëтган қўшиқлар¸ тўқилаëтган шеърлар¸ қилинаëтган маърузалар¸ ўтказилаëтган дабдабали байрамларга қарамай¸ нега мустақиллик тенгдоши Абдулла айтган каби¸ аксар ëшларда мустақил ватандан фахрланиш ҳисси шаклланиб улгурмади?

“Ëш авлодда ифтихор шаклланиши учун амалда ифтихорга арзийдиган ишлар бўлиши керак. Ўзбекистонда ана шу йўқ”¸ деб гап бошлайди ўзбекистонлик педагог олим Абдулла Абдураззоқ.

- Ҳозир ўтмишни қўмсаш бор. Ҳаттоки совет иттифоқини қўмсовчилар бор. Буни ҳам тушуниш керак. Чунки ўша вақтда ҳар бир иттифоқ граждани бутун совет иттифоқи бўйича эркин ҳаракатлана олар эди. У ëғи Болтиқбўйи республикалари, бу ëғи Узоқ Шарқ кенг бир майдонда ҳаракатлана олар эди. Ҳозир ҳаммаси ўзининг қобиғига ўраниб, тиканли сим тортиб, қамоқхоналарга айлантириб олишдида ҳудудларни бўлиб-бўлиб, қамоқхонага айлантириб олиб, “Яшасин озодлик, яшасин мустақиллик” дейди. Бу мустақиллик эмас, бу озодлик эмас. Ҳар бир одам исканжада. Ҳар бир одам эркин эмас.

Аввало инсонинг ички руҳиятида озодлик, эркинлик йўқ. Фикрлар эркинлиги, туйғулар эркинлиги, инсонийлик эркинлиги йўқ. Ноғора сасининг узоғи яхши¸ деган бир сатр бўларди. Ноғора билан қоқиб шовқин-сурон каттаку, амалда ҳеч нарса йўқ. Ҳаммаси гапда қуруқ шиор. Озодлик, мустақиллик, озодлик, мустақиллик, амалда ҳеч нарса йўқ. Каримовнинг мана шу гапи одамларнинг жонига теккан¸ зиғир ëғдек кўнглига урган¸ дейди ўзбекистонлик педагог олим Абдулла Абдураззоқ.

Ватан муқаддас¸ аммо буюкликка ҳали кўп бор....

Президент Каримовнинг 6 апрел кунги қарорига мувофиқ¸ тез кунларда бутун Ўзбекистон бўйлаб мактабу коллежлар¸ олийгоҳлару бошқа даргоҳларда мустақилликнинг 20 йиллигига бағишланган тадбирлар бошланиб кетади. Яна минг-минглаган ўқувчи-талаба саратон иссиғида Ўзбекистоннинг каттаю кичик шаҳарлари марказидаги Мустақиллик майдонларида “Ҳеч кимга бермаймиз сени Ўзбекистон!”¸ “Буюк ва муқаддассан¸ мустақил Ватан!” деган сатрларни жўровоз бўлиб куйлаш машқини олишади.

"Агар ихтиëр менда бўлса¸ мен бундай майдонларга чиқиб¸ бундай носамимий қўшиқларни куйламаган бўлардим”¸ дейди мустақиллик тенгдоши Абдуллажон.

- "Бу муқаддас Ватанда азиздир инсон", дебми? Виждонан бўлса йўқ. Виждонан чиқадиган бўлсам, айтмасдим. Ҳозирги пайтда Ўзбекистон аҳолисининг деярли кўпчилиги Россияда қул бўлиб юрибди. Мен шу нарсани кўриб туриб байрамга чиқиб олиб мақтасам, қандай бўлади у? Худди ўлганнинг устидан тепгандай бўлади-да.

Одамнинг туғилган жойи, киндик қони тўкилган жойи муқаддас саналади. Ватанимни яхши кўраману, лекин шу жамиятдаги бўладиган ишларни кўриб кўнглим беҳузур бўлиб кетади¸ дейди кўп тенгдошларидан фарқли ҳақни айтишга журъат қилгани учун¸ аллақачон маънавий зарбалар мазасини татиб кўрганини айтган мустақиллик тенгдоши Абдуллажон.

Телефонларимиз:
+420 602 61 27 13
+420 773 26 72 30
Email: uzbekweb@rferl.org
Skype: OzodSkype

XS
SM
MD
LG