"Пишмаган" пахтанинг ғўзапояси талаш бўлмоқда
Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманидан қўнғироқ қилган Қурбон Намозов ҳали бу йилги қиш этагини йиғмай туриб, кейинги қиш қайғусида маҳалладошлари жанжаллашиб қолганини сўзлаб берди.Қурбон акага кўра, маҳалладошлари ғўзапоя учун ҳозирдан пахта даласидаги эгатларни талашмоқда.
- Халқ жойга чиққан ўтин олиш учун. Ўшани етиштириб, пахтанинг ҳамма ишловини қилиб, пахта теримгача бепул ишлашарди фақат ғўзапоясини олиш шарти билан.
Озодлик: Ер кимники?
- Ер фермерларники.
Озодлик: Фермер иш ҳақи бермайдими?
- Йўқ. Фақат ишлаган одам неча эгат олса, масалан саккиз эгат олса, фақат ўтинини олади. Ғўзапоясини. Терган пахтасига пулини олади.
Озодлик: Демак, улар фақат чопиб беради?
- Чопиб беради, чала чиққан жойларига экиб беради. Уч-тўрт марта чопиғи бор.
Озодлик: Одамларга нечта эгатдан тегади?
- Одамлар кўпроқ олишга ҳаракат қилди. Энг кўп берганига 8-12-16 эгатдан берган. Кўпроқ олишга ҳаракат қилаяпти одамлар, лекин беришмаяптида. Чунки одамлар кўп чиққан далага. Ҳаммаси оламан деган, етишмади жой. Ўшанинг устида жанжал бўлди. Фермерлар ҳам биринчи навбатда ўтган йил ишлаганларга берди. Ишламаганларнинг кўпчилиги ололмади.
Озодлик: Бошқача айтганда одамлар эгатнинг устида эмас ғўзапоянинг устида жанжал қилганда-а?
- Ҳа. Шу бу йил қишда бизда умуман газ бўлмади. Бирор кун эслай олмайман газимизда ëки печкамизда овқат пиширганимизни. Фақат ўтин ишлатдикда. Олдинлар умуман далага чиқмайдиган одамлар ҳам далага чиқиб жой оламан деб чиқди. Фақат аëллар чиқишадида. Эркаклар чиқишмайди. Бизлар ҳеч олмас эдик. Шу йил олмоқчи бўлиб боришган экан, олишолмай қайтиб келишди. Олдин ишламаганларга бермаймиз деб беришмабди. Ҳар йил сотиб олардик. Сўраб суриштираяпмиз бирорта сотадиган йўқ. Сотиладиган ўтинлар ҳам йўқ. Бу йил тезак қилишни ният қилишаяпти аëллар.
Озодлик: Демак, бир чораси бор экан.
- Муаммо бўлади барибир. Ўтин бўлмаса, ўзини ишлатиб бўлмайди, дейди Қурбон ака.
Фосиқнинг орқасида намоз ўқимаслик буюрилган
Озодликнинг “Эркин микрофон”ига Таиланддан қўнғироқ қилган муҳожир йигит Нодир Мансур “Ислом ва мусулмонлар” эшиттиришининг сўнгги сонларидан бири кўтарилган мавзуга муносабат билдирди.Тошкентда жума намозларидаги маърузалар ҳақида гап борган эшиттиришга муносабат билдирган Нодиржон Исломда фосиқ одам ортида намоз ўқимаслик хусусда келадиган фатво борлиги ҳақида эслатди.
- Мен бундан баттарларига гувоҳ бўлганман. Чунки кўпроқ Кўкалдош масжиди борку, ўқирдим жумани. Қисқа қилиб айтганда улар гапирган гаплари туфайли уларнинг орқасида намоз ўқиш жоизмас. Бунақа фатво оммавий равишда берилган. Жумани ўқиса бўлади. Жума фарз. Чунки жумага боришлик фарз.
Озодлик: У фатво ким томонидан берилган?
- Буни бир овоздан ҳамма иттифоқ қилади. Яъни фосиқ одамнинг орқасига эргашишлик жоиз эмас. Минбарда туриб 8 мартни оғзига олишлиги бу очиқ фосиқлиги. Менинг билишимча, 8 март куни ҳижобнинг ташланишлиги, аëл кишининг авратини очишлик, гўëки ўзларининг тили билан айтганда озодликка чиқариш, шуни бўлиб бошланган. Яъни шу кунда бўлгани учун ҳар йили нишоналанадиган бўлиб қолган. Майли бошқа тоифалар ўзининг байрами деб нишонлайверсин. Лекин бизга нисбатан, Исломга нисбатан ҳаром нарса бу. Бунга фатво қидиришнинг ҳожати йўқ. Бу оддий ëш боланинг ақли бовар қиладиган нарса. Фосиқ одамнинг орқасида намоз ўқишликдан эҳтиëт бўлишликка буюрилиб турган пайтда кофир одамнинг орқасида намоз ўқиш ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Мен Ўзбекистоннинг мусулмонларига жар солмоқчи эмасман жумага борманглар, буларнинг орқасида намоз ўқиманглар деб. Ўзбекистон ҳақида мен ҳозир ҳеч нарса дея олмайман. Чунки у ердаги бугунги ҳолат шунчалик мушкулки, одамнинг оғиз очишга ҳам кучи етмайди. Шу даражада хатарли, фитнага тўлиб тошган пайтда яшашаяпти. Масжидга тааллуқли мавзулар бундан ҳам қийинроқ,- дейди Нодир Мансур.
Таиланддан қўнғироқ қилган мухлисимздан у ердаги ўзбеклар ҳаёти ҳақида ҳам сўрадик.
Нодиржонга кўра, Таиландда ҳам ўзбек кўп.
- Келганимга бир ярим йилдан ошди. Ҳамма ҳар хил иш қилади. Кимдир ошпаз, кимдир курьер. Тирикчилигига яраша касб қилиб, кимдир сотувчи, кимдир туризм соҳасида иш қилади. Кафелар очиб, миллий ошхона очиб, шунинг орқасидан яшаб юрган ўзбеклар. 99 фоизи мусулмон. Менимча, 95 фоизи намоз ўқиса керак. Мен билган ошна-оғайниларнинг ҳаммаси намозхон. Кўпчилиги Ўзбекистонда яшаш хатарли бўлиб қолгани учун бориша олмайди. Европада, бошқа жойларда, араб диëрларида жойлашиб қолишнинг иложи бўлмагани учун бошқа одам орқали шу ерга тортилган шу ерда жонини, динини сақлаб юришлик учун. Қисқача шунақа. Тайландда ўрта осиëлик халқларга виза керак эмас. Туризм кенг ривожлангани учун турист қаторда келаверади кўпчилик, айнан Ўзбекистон фуқаролари. Фақат Тожикистон билан Қирғизистон фуқароларига виза қўлланилган. Кўпчилик қонуний яшайди. Махсус ташкилотлар орқали документларини легаллаштириб олган кўпчилиги,- дейди Тайланддан қўнғироқ қилган Нодир.
Муздини бермасангиз ўтолмайсиз
Навбатдаги суҳбатдошимиз Чимкентда меҳнат қилиб юрган меҳнат муҳожири Ғуломжон ака.У киши бизга бугунги кунда ўзбек-қозоқ чегарасидаги қатновга оид бугунги вазиятни сўзлаб берди.
- Чегаралар ҳозирча бемалол. Декларация тўлдирасиз.
Озодлик: Чегарачиларга уч-тўрт сўм бериладими ҳали ҳам?
- Бермасангиз ўтказадими?
Озодлик: Қанча берасизлар?
- 1000 танга берамиз. Мени энди болалар олиб ўтади, қандай йиғиштириб олади, кимга беради, нима қилади.
Озодлик: Сиз ҳар сафар ўтганингизда 1000 танга берасизми?
- Ҳа.
Озодлик: Сўмга қанча бўлади бу?
- 15 минг.
Озодлик: Шу 15 мингни бермасангиз ўтказмайдими?
- Ўтолмайсизда. Ўтасиз, қийинчилик билан ўтасиз.
Айни пайтда Чимкентда ишлаб юрган Ғуломжон ака ўзи истиқомат қиладиган Сурхондарёдаги бир дўсти – “Эрк” партиясининг аъзоси, деб эслагани Хуррам Бердиевни 50 ёшга тўлгани муносабати билан қутлади ва табриги етказиб қўйишимизни сўради.
- Бизнинг бир ҳамшаҳримиз бор эди Бердиев Хуррам деган. Эрк партиясининг аъзоси. Бугун шу кишининг туғилган куни. 50 ëшга тўлиши муносабати билан шу кишини табриклаб қўймоқчиман. Уч-тўрт йил бўлди қишлоқдан чиқиб кетган.
Озодлик: Қаерда ҳозир?
- Билмайманда қаерда. У Озодлик радиосини ҳамиша эшитади. Кўп йиллар бўлган. Эрк тузилиши билан унга аъзо бўлган ҳамшаҳримизда. Шуни туғилган куни билан табриклаб қўяйлик деган эдик, дейди Чимкентда ишлаб юрган Ғуломжон ака.
Шерали акамизни Қозонга таклиф қиламиз
Татаристоннинг Қозон шаҳридан телефон қилган Эркин Йўлдошев эса бетакрор хонанда, Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраевни таваллуд куни билан табриклади ва у кишига Қозон шаҳридаги ўзбеклар жамоаси таклифини етказиш мақсадида қўнғироқ қилганини айтди.- Шерали Жўраевни туғилган куни билан табриклаймиз. Оллоҳдан баракатлар тилаймиз. Оиласига, бутун қариндошларига ҳамда ўзига соғлик-саломатлик. Фақат халқнинг хизматида бўлиб, энг асосийси Оллоҳ ҳақида шеърлари, ашулалари бор. Бизга шулар ëқади. Шу ашулалар кўпайсин истагимиз. Шерали Жўраев акамизни Қозонга таклиф қиламиз. Ўзбек диаспорасининг таклифи орқали чақиришимиз ҳам мумкин.
Озодлик: Кўпчиликмисизлар у ерда?
- Қозонда роса кўп. Ўзбеклар жуда кўп. Яқинда мана Наврўз бўлди. Наврўзда фақат ўзбеклар йиғилди. Сизларнинг Озодлик радиосида битта жойда бўлибди. Қозонда иккита жойда бўлди. Биттаси ўша ўзбек диаспорасида, иккинчиси Абдураҳмон ака деган битта катта одам бор, у тожикистонлик ўзбек, унинг ресторанида бўлди. У ерда ҳам қарийб 1000та одам йиғилди. Шунга айтаманки, бу ерда ўзбеклар кўп. Келса яхши бўларди. Шу ерда концерт берса, яхши бўларди. Шу мақсадда телефон қилганим,- дейди Қозондан қўнғироқ қилган суҳбатдошимиз Эркин Йўлдошев.
*******************
Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 773 267 230 рақамига йўлланг.
“Эркин микрофон” сизга мунтазир!
“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!