Ўзбекистон президенти 18 апрел куни имзоланган қонун асосида мамлакат конституциянинг 96-моддасига киритилган ўзгартишга биноан тиббий комиссия президент ўз вазифасини бажаришга нолойиқ¸ деган хулосага келган тақдирда президентлик ваколати вақтинча Сенат раисига топширилади ва уч ой ичида мамлакатда президентлик сайлови ўтказилиши лозим бўлади.
93-моддага киритилган ўзгартишга биноан президент ижроия ҳокимият аппаратини тузиш ва уни бошқариш ҳамда Ўзбекистон Бош прокурорини тайинлаш ваколатларидан ҳам маҳрум этилди.
98-моддага киритилган ўзгартишга биноан парламентда энг кўп ўринни эгаллаган партиялар Бош вазир лавозимига номзод кўрсатиш ҳаққига эга бўлди.
Ислом Каримов илк бор 2010 йилнинг 12 ноябрида бу ўзгартишларга оид таклифни ўртага ташлаганда, Ўзбекистондаги сиёсий вазиятни кузатаётган айрим таҳлилчилар, буни Каримовнинг сиёсий саҳнадаги навбатдаги чалғитувчи ҳаракати, баъзи кузатувчилар эса Каримовнинг амалдаги бош вазир Шавкат Мирзиёевга нисбатан ишончсизлиги ифодаси, деган фикрни тилга олган эдилар.
Бугун ҳам бу янгиликка айни мазмундаги муносабат билдирилганмоқда.
Ҳозирча, Ўзбекистон ичкарисида рўйхатга олинган сиёсий партиялар, жумладан, Ўзбекистон бош вазирлигига номзод кўрсатиш ҳаққига эга бўлган Ўзбекистон Либерал демократлар партиясидан бу борада муносабат олишнинг имкони бўлмади.
Аммо, муҳолифатдаги "Эрк" ва "Бирлик" партиялари муносабати деярли бир хил бўлди.
Жумладан, "Бирлик" халқ ҳаракати партияси Марказий кенгаши аъзоси, Германияда муҳожиратда яшаётган журналист Анвар Усмон Ўзбекистон қонунчилигига киритилган ўзгартишларга ишонмаслгини айтди.
- Биринчидан, мен ҳеч қачон шу ўзгаришларга ишонмайман. Каримов даврида бунақа яхши инициатива билан кўп марта Олий Мажлис ҳам чиқди, ўзлари ҳам чиқди. Ҳеч нарса бўлмади. Эски тос, эски ҳаммом. Мана шу системани ўзи қувватлайди. Кичкина ўзгаришларни ўтказишни ҳам хоҳламайди.
Лекин дунë ўзгараяпти. Мана кўрдингиз, Араб мамлакатларида қанақа воқеалар, Украинада, Грузияда. Шунинг учун пиар акцияни ўтказаяпти. Бу ўзгаришлар - пиар акция. Ўзининг обрўйини кўтариш учун шунақа пиар акция қилаяпти. Бу менинг фикрим, дейди Анвар Усмон.
"Эрк" демократик партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистон конституциясига киритилган ўзгартишлар ортидан мутлақо президент манфаатига қаратилган янги сиёсий ўйинлар муддаоси ётибди, деган фикрда.
- Воқеалар уни бурчакка сиқиштирган пайтда Ислом Каримовнинг доим шундай янги ўйин ўйлаб топиши 21 йиллик тарихида доим кўрилган. Демак, Каримов шунга мажбур бўлаяпти. Нега? Чунки дунëда юз бераëтган воқеалар, хусусан Араб дунëсида юз бераëтган сўнгги воқеалар унинг аввалги ўйлаб юрган тахтини қутқариш режасини амалга ошириш уичун қамчилади десак бўлади.
Ўзи Бош вазир бўлмоқчими ëки Бош вазир қилиб қизини тайинламоқчими буни ҳозирдан айтиш қийин. Лекин бунинг орқасида мутлақо бир нарса бор.
Агар у иккинчи планга чекинмоқчи бўлса ҳам, ўша иккинчи планга чекинган пайтда унинг ҳукуматдаги позициясини сақлаб қолиш учун қилинаëтган ҳаракатдан бошқа нарса эмас, дейди Муҳаммад Солиҳ.
Ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов аслида демократик ислоҳотлар иддаоси билан киритилган бу ўзгартишлар демократия тамойилларига мос эмас, Ўзбекистон президент ҳануз дахлсиз шахслигича қолмоқда, деган фикрни тилга олди.
- Буни тўлақонли демократиялаштириш, яъни ҳокимиятни демократик бир жараëнга, демократик релсларга ўтказиш дейиш қийин. Шартли равишда буни Сингапур модели кучаяяпти дейишимиз мумкин. Чунки Каримовнинг ваколатлари пасаяëтгани йўқ. Унинг қонунчилик ва суд тизимини назорат қилиш потенциали мутлақ сақланиб қолаяпти.
Каримовда ҳар қандай шароитда иккита палатани ëки иккаласидан бирортасини тарқатиб юбориш ҳақ-ҳуқуқи сақланиб қолаяпти. Каримовга ҳеч бир шароитда импичмент билдириш имконияти мавжуд эмас. Президент дахлсиз ва назоратсиз, тегиниб бўлмас шахс сифатида қолаяпти қонунчилик даражасида.
Яъни, бу ерда кўпроқ айтиш мумкинки, ҳокимият ваколатлари эмас вазифалари кўпроқ тақсимланаяпти дейишимиз мумкин.
Мана тасаввур қилинг, катта бир пирог. Пирогни якка тақсимловчи шахс бу президент Каримов.70-80 фоизини ўзига қолдиради ва қолганини бутун ҳокимият ва жамиятга бўлиб беради қўпол қилиб айтганда, дейди ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.
Азиз Муштарий айни пайтда, марҳамат, сиз ҳам бу борада ўз фикр-мулоҳазаларингизни билдиринг ҳамда бизга шарҳ қолдиринг.
Савол бундай: президент Каримовнинг ўзи ташаббус қилиб ваколатларини қисқартириши ва Бош вазир ваколатларини кенгайтириши ортида қандай мақсадлар ётибди?
Жавобларингиз веб-саҳифамизда чоп этилади ҳамда Озодлик радио-эшиттиришларида ўқиб берилади.
Бу ҳақда интервью беришни истовчилар ўз телефон рақамларини шарҳ сифатида қолдириш ёҳуд uzbek@rferl.org манзилига йўллаши мумкин.
Жавобларингизни кутиб қоламиз.