Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:58

Ўзбекистон насронийлари Пасхани нишонлашди


Ўзбекистондаги насронийлар ўзларига нисбатан Каримов ҳукуматининг мурувватини сезиб туришади, дейди Александр ота.
Ўзбекистондаги насронийлар ўзларига нисбатан Каримов ҳукуматининг мурувватини сезиб туришади, дейди Александр ота.

Ўзбекистондаги насронийларнинг бир неча жамоалари - православ, католик ва протестантлар Пасха байрамини бир кунда 24 апрел куни нишонлашди.


Пасха байрами мамлакатнинг Тошкент, Самарқанд, Ғазалкент, Дўстобод, Навоий, Урганч каби шаҳарлардаги черковларда нишонланди.

Исои Масиҳ тирилиш куни, деб ишонилган насронийларнинг бу байрамида Исломдан чиқиб Христианликни қабул қилган ўзбек, тожик ва қорақалпоқлар ҳам иштирок этгани маълум қилинди.

Ўзбекистондаги насроний черкови рухонийси Озодлик билан суҳбатда Пасха байрами ўзбек мулозимларининг хайрихоҳлиги фонида, ҳеч қандай чекловларсиз ўтди, дея мамнунлигини яширмади.

Бу йилги Пасха байрамини Ўзбекистондаги насроний жамоалари бир кунда нишонлашди, дейди Тошкентдаги Янги Аппостол черкови бош рухонийси Александр ота.

- Бу йилги тақвимга кўра, байрамни проваславлар, католиклар ва бизнинг черков бир кунда нишонлашди.

Александр ота Пасха гунохлар устидан ғолиб келганлар байрамидир, дея давом этди:

- Христиан учун бу байрам Исоий Масихнинг тирилиши, ўлим ва гуноҳлар устидан ғалабани англатади. Бугунги мушкул кунларда ва ҳар доим бу байрамнинг аҳамияти буюк. Биз Исо кўмагида Худога яқинлашамиз. Биз Ота, Ўғил ва Муқаддас руҳ учлигида намоëн бўлган худога ишонамиз, дейди Александр ота.

Унга кўра, Ўзбекистонда насронийлар ҳукумат таянчи ва мехрибонлигини ҳар дақиқада ҳис қилиб туришади.

- Пасха байрамини нишонлашда ва умуман Исога эътиқод қилишда мутлақо ҳеч қандай муаммолар йўқ. Бизни ҳукумат ҳам, аҳоли ҳам бирдек қўллаб қувватлашини ҳар дақиқада сезиб турамиз. Ўзбекистон кўпмиллатли давлат ва бу ерда барча диний қарашлар хурмат ва иззат қилинади. Мусулмонлар ҳам бизни хурмат қилади, биз ҳам уларнинг диний эътиқодига эҳтиром билан қараймиз.

Александр отага кўра, Исонинг тирилиши куни, деб билинган Пасха байрами бутун Ўзбекистон шаҳарларидаги черковларда байрам қилинган. Самарқанддаги насроний черкови лиқ тўлди улар орасида руслар, тожик ва ўзбеклар ҳам бор, дейди черков қавмларидан бўлган Вероника.

- Исои Масиҳ тирилгани билан бир биримизни табрикладик. Байрам зўр бўлди, хочлар кўтардик, тухумларни бўядик.

Пасха байрами куни Ўзбекистон ва Марказий Осиëдаги қавмларига байрам қутлови юборган Тошкент ва Ўрта осиë Митрополити Владимир, Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистондаги проваслав насронийларнинг маънавий падаридир.

Мустақиллик боис насронийларниг Россияга кетиши черковлар сонига таъсир қилмади, аксинча черковлар кўпайди дейди митрополит Владимир Youtube порталидаги мурожаатида.

- 1990 йилда мен раҳбарликка келганимда бу давлатларда Ўрта Осиë Епархиясига оид 56 черков бор эди, хозир бу черковлар сони 104га чиқди. Яна янги ибодатхоналар очилади яқинда.

Айни пайтда Ўзбекистонда насронийлар камситилаëтгани, уларга оид черковлар бузилаëтгани борасидаги ҳавотирлар Россия думаси минбаридан янграмоқда.

Россия думаси депутати Семен Багдасаров Тошкентдаги черков бузилиши юзасидан ташвиш билдирган эди.

- Тошкент марказидаги архитектор Бенуа ижодига мансуб бўлган черков биноси ўзбек ҳукумати вандаллари тарафидан бузиб ташланди. Марказий Осиëдаги русийзабонларнинг ҳуқуқлари Болтиқбўйи давлатларидан ҳам кўпроқ бузилмоқда. Балким Тошкентдаги Россия элчисини чақириб олармиз.

Бу ҳавотирлар дума залидан нарига ўтмади. Ўзбекистондаги насронийлар нолиш учун сабаб йўқлигини айтишмоқда.
XS
SM
MD
LG