Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:25

Абдуллоҳ Парпиевнинг дараги чиқди – унинг 15 суткага қамалгани маълум бўлди


Ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармаганлик иддаоси билан 15 суткага қамалган Абдуллоҳ Парпиев
Ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармаганлик иддаоси билан 15 суткага қамалган Абдуллоҳ Парпиев

Яқинлари 1 августдан буён хабар ололмаётган Абдуллоҳ Парпиевга жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди томонидан 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Бу ҳақда “Озодлик” радиосига Абдуллоҳ Парпиевнинг акаси - 2018 йил декабридан буён Ўзбекистон хорижида яшаётган собиқ имом Фазлиддин Парпиев маълум қилди.

Нусхаси “Озодлик”да бўлган суд қароридан маълум бўлишича, Абдуллоҳ Парпиев 1 август куни Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани Қорақамиш 2/5 даҳаси ҳудудида жойлашган ““Аъло” туйхонаси олдида ички ишлар ходимларнинг қонуний талабларини бажармасдан, омма олдида уларни ўз хизмат вазифаларини бажаришларига қаршилик кўрсатган”ликда айбланган. У билан биргаликда яна тўрт киши – Мирзо Улуғбек туманида яшовчи Раҳматилла Рашидов, Учтепа туманида яшовчи Фазлиддин Аҳмеджанов, Сергели туманида яшовчи Шуҳрат Қосимов ва Равшан Толиповлар судланган.

Ўн беш суткалик маъмурий қамоқ ва жарима жазоси

Биринчи август санаси қўйилган суд қарорида қайд этилишича, судланувчиларнинг ҳеч бири ўзига билдирилган айбловларни тан олишмаган. Бироқ суд судланувчиларнинг “ҳуқуқбузарлиги иш ҳужжатларидаги билдирги, тушунтириш хатлари, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар ва бошқа далиллар билан ўз тасдиғини топган” деган қарорга келиб, уларнинг ҳар бирига нисбатан Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 195-моддаси (Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) ҳамда 194-моддаси 1-қисми (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) бўйича 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси ҳамда маълум миқдорда жарима тайин қилган.

Хусусан, Абдуллоҳ Парпиевга маъмурий қамоқ жазосидан ташқари БҲМнинг икки баравари миқдорида – 680 минг сўм жарима солинган. Бундан ташқари, ундан “Тошкент шаҳар ИИББ Маъмурий тартибда қамоққа олинган шахсларни сақлаш махсус қабулхонаси фойдасига махсус қабулхонада сақлаш билан боғлиқ харажатлар учун маъмурий қамоқнинг ҳар бир суткаси учун энг кам ойлик иш ҳақининг 15 фоизи миқдорида”, яъни 765 минг сўм ундириладиган бўлган.

Укам “шериклар”ини танимайди

Фазлиддин Парпиев “Озодлик” билан суҳбатда укаси Абдуллоҳ билан биргаликда судланган шахслар унга нотаниш эканини айтди.

Уларнинг бешовини нима учун бир қилиб судлади – бизга қоронғи бўлиб турибди”, деди у.

Суҳбатдошнинг айтишича, Абдуллоҳ Парпиев “Аъло” тўйхонасининг олдида ички ишлар ходимларининг талабини бажармади, деган иддао ҳам мантиққа зиддир.

Ўша куни эрталаб укам фарзандларини боғчага олиб кетаётган бўлган. ИИБдан “бирровга келиб кетинг” мазмунида қўнғироқ бўлганидан кейин у йўналишини ўзгартириб, тўғри Олмазор РОВДсига борган. Кейин ичкарига кириши кераклиги айтилган бўлса керакки, жиянимни чақириб, “келиб, болаларни олиб кетгин”, деб телефон қилган. Жияним келгунига қадар укамни ичкарига олиб кириб кетишган. Жияним келганидан кейин ичкаридан машинанинг калитини олиб чиқиб беришган. Унгача 6 ва 3 яшар қизлари машинада иссиқда пишиб, “дадамни мелисалар олиб кириб кетди, йўқ бўлди дадам” деб қўрқиб, йиғлаб ўтиришган. Укамнинг “Аъло” тўйхонасига ҳеч қанақа алоқаси йўқ, у боғчага кетаётган эди. Айби йўқлигини билгани учун у тўғри РОВДга борган. Агар инсон ўзини айбдор деб билса, биринчи бўлиб болаларини ё уйга олиб келиб қўяди, ёки боғчага олиб бориб қўяди, ундан кейин хотиржам, тайёр бўлиб боради чақирилган жойга, шунақамасми? Бу ердаги ҳолатнинг мантиққа зидлиги шундаки, укам “бирров учраб кетар эканман” деган хаёл билан болаларини олиб борган у ёққа”, деди Фазлиддин Парпиев.

“Суд қароридан норозимиз, шикоят аризаси киритамиз”

Суҳбатдошимиз суд қароридан Абдуллоҳ Парпиев ҳам, унинг яқинлари ҳам норозилигини таъкидлайди. Улар Олмазор туман суди қарори устидан юқори инстанцияга шикоят аризаси киритишмоқчи.

Ҳозир адвокат бу борада аризаларни тайёрлаяпти. Яъни биз “15 суткагина экан” деб ортга чекинмоқчи эмасмиз, борамиз ва аризамизни топширамиз. Бу ерда бир неча қонун бандлари бузилган, укамга уйдирма статьялар қўйилган. Бизга Абдуллоҳ ҳозирги пайтда қаерда экани ҳам номаълум, унинг жазо муддатини қаерда ўтаётганини ҳам билиб бўлмаяпти, ҳеч қаердан топиб бўлмаяпти. Укамнинг қаерда сақланаётганининг яширилаётгани ота-онамни кўпроқ хавотирга соляпти”, деди Фазлиддин Парпиев.

Тошкентнинг Олмазор туманида истиқомат қилиб келган Абдуллоҳ Парпиев 1 августдан буён бедарак кетгани ҳақида “Озодлик” аввалроқ хабар қилган эди. Фазлиддин Парпиев укаси Ўзбекистонда ҳеч қанақа қора рўйхатда турмаслиги, телефонида ҳеч қандай тақиқланган материал сақламаслиги, унинг Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг халқаро алоқалар бўлимида ишлашини маълум қилган.

Форум

XS
SM
MD
LG