Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:35

Абу Сахий ва бошқа бозорларда пахта учун ё мардикор, ёки пул талаб қилинмоқда


Тошкентдаги "Абу Сахий" бозори дўкондорларига кўра, бозор маъмурияти ҳар бир дўкондордан пахта терими учун ё камида 300 минг сўм пул тўлашни, ёки мардикор топиб беришни талаб қилмоқда. Маъмурият ушбу талабни бажармаган савдогарларга дўконларини олиб қўйиш билан таҳдид қилган. "Абу Сахий" маъмуриятидаги Озодлик манбаси дўкондорлардан пахта учун ё нақд пул тўлаш ёки мардикор топиб бериш талаб қилинаётганини тасдиқлади. Бироқ айни тартиб Республиканинг бутун савдо тармоғига таълуқли эканини қўшимча қилди.

Ё пул, ёки мардикор

"Абу Сахий" бозорида бир нечта дўкони бўлган Озодлик манбасининг айтишича, пахта йиғим-терими учун улардан пул йиғиш 5 сентябрда бошланган.

Унинг иддао қилишича, ҳар бир дўкондордан, у эгалик қилган дўконнинг ҳажмига қараб, 50 доллардан 200 долларгача пул тўлаш талаб қилинмоқда.

"Пахтага ё одамингни чиқариб юбор, ёки пулни тўла, дейди. Мардикор олиб берсанг, кунига 40 минг сўмдан бир ойга 1 миллион 200 минг сўм бўлаяпти. Мардикорнинг бир ойлик еб-ечишини ҳисоблашаяптида. Ё бўлмаса, расходларни кўтариб, ўзинг мардикор жўнатиб юбор, деган талабни қўйишаяпти," дейди Абу Сахий бозоридаги дўкондорлардан бири.

"Абу Сахий" бозорида савдо қилувчи яна бир дўкондорнинг айтишича, маъмурият талабини бажармаганларни "ишлагани қўйишмайди".

"Агар тополмасак, ишлагани қўйишмайди. Налоговий келиб босади айб топиб. Чунки, ҳаммада айб бор. Қонуний бир хилда ишлаб бўлмайди," дейди Озодлик суҳбатдоши.

У айни талаб Тошкентдаги бошқа бозорларда ҳам қўлланилаётганини айтди.

Яна бир дўкондор сўралган маблағни тўламаганлар ёки пахта теримига одам юборишни истамаганларга босимлар кучайишини айтди.

"Сенга нега пахтага одам юбормадинг, нега пулни тўламадинг, дейишмайди. Индашмайдию, лекин сенга қийин бўлиши мумкин кейин. Доимий "прицел"да юрасан. Шунинг учун, яхшиси, далага мардикор топиб берган ёки нақд пул берган яхши," дейди "Абу Сахий" бозоридаги дўкондор.

Пахта терими учун дўкондорлардан маблағ йиғилаётганини тасдиқлаган "Абу Сахий" маъмуриятидаги Озодлик манбасининг айтишича, "бундай тажриба 3-4 йилдан бери бор, лекин бу ҳақда овоза қилинмайди".

У айни талаб Тошкентдаги бошқа бозорларда ҳам қўлланилаётганини айтди.

"Абу Сахий" конгломерати

Абу Сахий бозори
Абу Сахий бозори

​"Абу Сахий" маъмуриятининг бундай талаби ўтган ҳафта бозорда текширувлар бошлангани ҳақида, Ўзбекистон хавфсизлик тизимларидаги манбаларига таяниб, uzmetronom.com cайти хабар тарқатгани ортидан кузатилмоқда.​

"Абу Сахий" бозори маъмуриятидаги Озодлик манбаси хориждан келтирилган товарлар божхона назоратидан бир неча кун давомида ўтмай қолганини айтди.

Аммо у, ҳозирга келиб, вазият ўнгланганини ҳам қўшимча қилди.

Бир неча юзта дўконга эга бўлган "Абу Сахий" бозори марҳум президент Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаеванинг турмуш ўртоғи Темур Тиллаевга тегишлидир.

XS
SM
MD
LG