Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:14

«Абу Сахий» 439 миллиард сўмлик фойдадан давлатга солиқ тўламаганликда айбланди


«Абу Сахий» 439 миллиард сўмлик фойдадан давлатга солиқ тўламаганликда айбланди

Бу айблов давлатга қарашли “Ўзбекистон 24” телеканалининг “Ахборот 24” информацион дастурида 6 март куни намойиш этилган 9 минутлик махсус лавҳада янгради.

«Маълумотларга кўра¸ 2016-2017 йиллар давомида «Абу Сахий» савдо мажмуасида кўрсатилган хизматлардан олинган 439 миллиард сўм (жорий курс бўйича қарийб 55 миллион АҚШ доллари¸ бир йил олдинги курс бўйича эса¸ қарийб 110 миллион доллар - таҳр.) маблағ давлат фойдасига тушмай¸ аксинча¸ четга чиқиб кетган»¸ дейилади прайм-таймда намойиш этилган махсус лавҳада.

Мазкур лавҳа¸ ўзбекистонликлар учун импорт маҳсулотларининг мегабозорига айланган «Абу Сахий» комплексида унинг эгаси ўзгаргандан бери ўтган уч ой ичидаги ўзгаришларга бағишланди.

2017 йил декабрь ойида Озодлик биринчи бўлиб “Абу Сахий” бозори эгаси ўзгаргани ҳақида маълумот тарқатган ва бу хабарни бозорнинг эгаси¸ марҳум президент Ислом Каримовнинг куëви Тимур Тиллаев адвокати ҳам Озодлик билан ëзишмаларда тасдиқлаган эди.

Эгаси ўзгарганидан сўнг номи ҳам “Абу Сахий”дан “Тошкент савдо маркази”га айланган Ўзбекистондаги энг йирик улгуржи бозорининг янги эгасига оид аниқ маълумот Озодлик ихтиëрида ҳозирча йўқ.

Мегамажмуа деб аталаëтган “Абу Сахий”ни ким олгани¸ қайси тендер орқали олганига оид маълумот¸ давлат телеканали ҳозирлаган махсус лавҳада ҳам келтирилмайди. “Абу Сахий”нинг аввалги таъсисчи-эгалари номи ҳам тилга олинмаган бу кўрсатувда¸ “Тошкент савдо маркази”нинг хорижлик инвесторга берилгани айтилади¸ аммо бу “инвестор” номи мутлақ тилга олинмайди.

Бозор янги эгасининг бу қадар сир тутилаëтгани¸ ижтимоий тармоқларда айрим киноя-эътирозга сабаб бўлди.

"«Ахборот»да "Абу Сахий" бозори ​янги эгалар қўлига ўтиб, қандай яхши бўлиб кетгани, харидорлар нархлар пастлигидан, тадбиркорлар эски ўлпон йиғишлар йўқлигидан хурсандлиги ҳақида репортаж берилди («реклама ҳуқуқи асосида» деган жойи йўқ эди аммо). Нуқул «катта тажрибага эга хорижий инвестор»ни мақташди, ўша инвестор ҳаммаёқни шунақа зўр қилиб юборибди. Лекин ким у — айтишмади. На исмини, на фирмасини.

«Гарри Поттер»да ёвуз Волан-де-Морт (Лорд Волдеморт - таҳр.)нинг исмини айтиб бўлмасди — дарров ёнингда пайдо бўлиб қолиб, бирор ёмонлик қилиши мумкин эди. Ёки, «Мио, болажоним Мио» ёвуз Катонинг исми тилга олинса, бир қўрқинчли шамол бўлиб кетарди...

Балки, балки..."¸
деб ëзди Telegramдаги кузатувчилардан бири.

“Эгаси ўзгарган “Абу Сахий”да нарх 20 фоизгача тушиб¸ давлатга тушум 30 баробаргача ошди”

“Ахборот 24” лавҳасида йиллар давомида “Абу Сахий” ширкати давлатга тақдим этиб келган рақамлар “Тошкент савдо маркази” фаолиятининг биринчи уч ойига оид кўрсаткичлар билан солиштирилди.

Кўрсатув муаллифлари¸ бу рақамлар манбасини очиқламаса-да¸ уларнинг қисман Ўзбекистон Солиқ қўмитасидан олинганини тахмин қилиш мумкин.

Молиявий рақамлар қиëсига кўра¸ “Абу Сахий” дўконлар ижарасидан тушган маблағини 381 миллион сўм деб кўрсатган бўлса (бу рақамнинг қайси даврга оидлиги айтилмайди – таҳр.)¸ “Тошкент савдо маркази” уч ойлик фаолиятидан сўнг бу тушумни 1¸9 миллиард сўм деб кўрсатган - орадаги фарқ беш баробардан кўпроқ.

Айтилишича¸ бозор эгаси ўзгарганидан сўнг¸ бошқа турдаги ижаралардан тушумлар тўрт бараварга¸ реклама учун майдонлар ижарасидан келган фойда қарийб 30 бараварга¸ автотураргоҳ ва бошқа хизмат кўрсатиш турларидан олинган тушум икки баробарга ошган.

“Ўзбекистон 24” микрофонига гапирган тадбиркорлар¸ бозор эгаси ўзгарганидан бери¸ ижара ҳаққи арзонлашиб¸ турли “ўлпонлар” буткул йўқолганини айтадилар.

Бозор эгаси алмашганидан сўнг¸ “вазият бутунлай ўзгаргани” ҳақида гапирган кўрсатув бошловчиси¸ 2017 йил декабрида “Абу Сахий” эгаси ўзгариши билан бу ерда сотилаëтган маҳсулотлар нархининг ҳам 20-30 фоизгача арзонлаганини иддао қилади.

Бундай ўзгариш¸ лавҳада таъкидланишича¸ бозор бошқарувини олган “хориж инвестори” юкларни олиб келиш нархларини арзонлатгани¸ 15 кунгача омборхонада текин сақлаб¸ бозорчиларга текин етказиб беришни йўлга қўйгани¸ қолаверса¸ ижара нархларини пасайтиргани ҳисобига амалга ошган.

Келтирилган рақамларга кўра¸ ўтган уч ой ичида¸ шунингдек¸ бозорда савдо қилиб келган тадбиркор сони 275 тага кўпайган ва 2535 тага етган.

Президент баëнотига ҳамоҳанг кўрсатув

“Абу Сахий” “Тошкент савдо маркази”га айланганидан сўнг давлатга кўрсатилаëтган тушум ва тўланаëтган солиқ қийматида кескин ўзгариш кузатилганини жорий йилнинг 5 январь куни Тошкент вилоятининг Зангиота туманида вилоят фаоллари билан ўтказилган йиғилишда президент Шавкат Мирзиëев биринчи бор тилга олган эди.

"Абу Сахий» масъулияти чекланган жамиятидан (МЧЖ) давлат бюджетига бир ойда 5 миллиард сўм тушган. Ушбу бозор «Тошкент ипак йўли» (кейинроқ «Абу Сахий» номи «Тошкент савдо маркази» деб расмийлаштирилди – таҳр.) мажмуасига айлантирилгандан сўнг атиги 15 кунда тушум 35 миллиард сўмга етган"¸ деб ëзган эди президент келтирган рақамларга асосланиб Ўзбекистон миллий агентлиги 7 январь куни.

«Ўзбекистон 24» ҳозирлаган махсус лавҳада¸ 2017 йили «Абу Сахий» божхона тўловлари учун давлатга 82 миллиард сўм тўлагани ҳолда¸ «Тошкент савдо маркази» сўнгги уч ой ичида 53 миллиард сўм тўлагани ва йил давомида марказнинг жами 212 миллиард сўм тўлаши кутилаëтгани айтилади.

Бу эса¸ қиëсга мувофиқ¸ «Абу Сахий» тўлаб келган божхона тўловларидан қарийб уч баробар кўп демакдир.

«Абу Сахий» давлатга тўланмай¸ четга чиқарган маблағни қайтарадими?

Эгалари номини тилга олмай¸ «Абу Сахий»ни кўрсатилган хизматлардан олинган 439 миллиард сўм маблағ давлат фойдасига туширмай¸ аксинча¸ четга олиб чиққанлик»да айблаган кўрсатув муаллифлари¸ айни пайтда¸ бу ҳолат юзасидан бирор чора кўрилгани ëки кўрилажаги ҳақида лом-мим демаган.

Тимур Тиллаевнинг қайнотаси – президент Ислом Каримов ўлимидан кўп ўтмай¸ “Абу Сахий” ширкатининг логистика фаолияти тўхтаб қолгани ва ширкат фаолияти Ўзбекистондаги назорат органлари томонидан текширилаëтгани ҳақида 2017 йил давомида Озодлик бир неча бор хабар берган эди.

Бундай текширувлар ҳақидаги хабарларни муттасил инкор қилган Тимур Тиллаевнинг АҚШдаги адвокати¸ Озодлик билан ëзишмаларда “Абу Сахий”нинг махсус имтиëзлар асосида ишлаб келгани ҳақида ўзбекистонликлар орасида кенг тарқалган ишончни ҳам рад этишга уринган эди.

Сизга бундан олдин ҳам таъкидлаганимиздек¸ “Абу Сахий” солиқларни тўлайди ва ҳеч қачон солиқ ва бож тўловлари бўйича имтиëздан фойдаланган эмас. Бунинг аксини иддао қилиш¸ ëлғондир. Бундан ташқари¸ “Абу Сахий” ўзбек расмийлари томонидан текширилаëтгани йўқ ва унга қарши ҳеч қандай айб илгари сурилгани ҳам йўқ”¸ деган эди Озодликка 2017 йил январь ойида юборган ëзма жавобида Тимур Тиллаев адвокати Mark Raynolds.

Сиз "Абу Сахий" фаолияти¸ хусусан¸ унинг бошқаруви ва эгалиги қай шаклда¸ кимга ўтганига оид маълумотлардан хабардор бўлсангиз¸ уларни Озодликка йўллашингиз мумкин.

Маълумот жўнатишнинг энг осон йўли¸ Озодликнинг Telegram каналига қўшилиш¸ шунингдек¸ бошқа ижтимоий тармоқлар¸ хусусан WhatsApp рақамларига ëзишдир.

XS
SM
MD
LG