Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:39

Адлия вазирлиги “диний мавзуда чиқишлар қиладиган”ларни огоҳлантирди


Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиевнинг соқол қўйишга оид фикрлари акс этган видео тармоқнинг ўзбек сегментидаги диний контент муаллифлари томонидан қораланган эди. Видео скриншоти.
Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиевнинг соқол қўйишга оид фикрлари акс этган видео тармоқнинг ўзбек сегментидаги диний контент муаллифлари томонидан қораланган эди. Видео скриншоти.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги “ахлоқий-диний нуқтаи назарларни ҳуқуқий муносабатлар предметига айлантиришга уриниш, миллий қадриятларга зид, инсонларнинг шахсий ҳуқуқларини топтовчи ва чекловчи ахборот ташвиқотлари олиб бориш ҳолатлари аниқлангани"ни”хабар қилди.

7 сентябрда эълон қилган баёнотида “инсонларнинг шахсий ҳуқуқларини топтовчи ва чекловчи ахборот ташвиқотлари”ни ким олиб бораётгани тўғрисида конкрет маълумот бермаган вазирлик “шахсларга диний қарашларни мажбурий сингдиришга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракат, тарғибот-ташвиқот жавобгарликни келтириб чиқаради”, дея огоҳлантирди.

Адлия вазирлигининг 7 сентябрдаги баёнотида жумладан бундай дейилган:

“Диний мавзуда чиқишлар қиладиган ва шу соҳада фаолият юритадиган айрим шахслар томонидан аёлларнинг машина ҳайдашига субъектив баҳо бериш, уларнинг машғулот турини эркин танлаш ҳуқуқини чеклаш, айрим турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолиятини тўхтатиш, айрим жаҳон дурдоналари саналадиган санъат асарларини сотиш (фойдаланиш)ни чеклаш, бошқа диний қарашларга ишончсизлик уйғотиш, ҳеч қайси динга эътиқод қилмайдиганларга нисбатан нафрат уйғотиш, Ўзбекистондаги дунёвийлик принципига монанд қонунлар билан ўрнатилган қоидаларни шубҳа остига олиш ва бошқа шу кабиларни тарғиб қилиш ҳолатлари ҳам учрамоқда”.

Баёнотдан келтирилган юқоридаги парчадаги барча таъкидлар (қорайтирилган сўзлар) вазирликники.

Ижтимоий тармоқлардан баёнотда тилга олинган барча ҳолатларга оид ўнлаб чиқишларни топиш мумкин. Бундай зиддиятли чиқишларнинг баъзилари тўғрисида Озодлик ўз вақтида хабар қилган.

Масалан, жорий йилнинг 27 июнида Тошкентнинг Чилонзор туманидаги бинолардан бирининг деворига Леонардо да Винчининг стрит-арт услубида ишланган “Мона Лиза” асари ўчириб ташлангани тўғрисида хабар қилинган эди.

Мустақил АsiaTerra нашри Тошкентдаги “Ниқоб таққан Мона Лиза” асарининг ўчирилишини Аброр Мухтор Алий тахаллуси остида фаолият юритадиган блогер ва Ислом цивилизацияси маркази ходими Аброр Абдуазимовнинг чиқишлари билан боғлаган.

Нашр унинг шу йил июнида пойтахтдаги китоб дўконлари бўйлаб уюштирилган "рейд" чоғида Леонардо да Винчи ва Рембранд каби ғарб рассомлари ишлаган жаҳон санъати дурдоналари "ўзбек халқи учун ёт" экани ҳақида айтган сўзларини келтирган.

"Ниқоб таққан Мона Лиза" ўчирилаëтгани акс этган суратни ўзининг Фейсбук саҳифасига қўйган тармоқ фойдаланувчиларидан бири "Мона Лиза"нинг ўчирилиши олқишланган изоҳ қолдирган.

"Ниқоб таққан Мона Лиза"нинг ўчирилиши
"Ниқоб таққан Мона Лиза"нинг ўчирилиши

Ижтимоий тармоқларда диний чиқишлар қилаётган ўзбек имомлари билан боғлиқ яна бир шов-шувли воқеа Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиевнинг виртуал сазойи қилиниши бўлди.

Саъдиевнинг соқол қўйиш ҳақидаги танқидий фикрлари акс этган видео тарқалгач, тармоқнинг ўзбек сегментидаги диний контент муаллифлари санъаткорга қарши ҳақорат кампаниясини бошлади.

Видеочиқишларда Саъдиев “жирканч артист”, “ўлдирилиши жоиз бўлган тоғут”¸ “Аëллар либосини кийган ҳезалак” каби ҳақорат ва таҳдидли сўзлар билан нишонга олинди.

Ютуберлардан бири Саъдиевнинг “Келинлар қўзғолони” спектаклида ўйнаган ролини мисол келтириб, “лозим иштон кийиб ликиллаган ҳезалаклар бизга насиҳат қилиб бошлади”, дея кесатади.

Андижон вилоят, Бўстон (собиқ Бўз) туманининг собиқ имом-хатиби Абдулаҳад қори Тожибоев (Шаҳрихоний) Адлия вазирлигининг 7 сентябрдаги баёнотини “баъзи имомларга ўз вақтида берилган огоҳлантирув”, деб атади. Имомларнинг Адлия вазирлиги эътирозига сабаб бўлаётган чиқишларини назарда тутар экан, Абдулаҳад қори Тожибоев бундай деди:

“Буни фаросатсизлик, деса ҳам бўлади. Бундан ташқари, ўзларини билимдон қилиб кўрсатиш истаги ҳам бор. Аслида эса, бу онг тақчиллиги аломатидир. Биз ўзбекларда ҳовлиқмалик, олд-ортига қарамай чопиб кетиш бор. Бундай қусурни баъзи ҳамкасбларимда ҳам кўряпман”.

Ўзининг таъбири билан айтганда, “Олти муфтийни кўрган, 45 йиллик тажрибага эга” имом билан суҳбатни қуйида тинглашингиз мумкин:

Бўстон (Бўз) туман собиқ имом-хатиби Абдулаҳад Тожибоев билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:14 0:00
Бевосита линк

Адлия вазирлиги 7 сентябрдаги баёнотида “фуқароларнинг шахсий ҳаётига аралашиш ҳисобига амалга оширилишига йўл қўйиб бўлмаслигини, инсонлар хулқ-атворига ва юриш-туришига алоҳида шахсларнинг ахлоқий-диний қарашлари ёки ўлчовлари билан эмас, балки амалдаги қонунчилик талаблари нуқтаи назаридан баҳо берилиши лозим”лиги таъкидлаган.

Вазирлик ўз баёнотида мамлакат Конституциясининг 31-моддасига кўра, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эгалигини, 25-моддасида ҳар кимнинг эркинлик ва шахсий дахлсизлиги, 27-моддасида шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ҳуқуқи кафолатланганини эслатиб ўтган.

Вазирлик, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 12-моддасида ҳеч кимнинг шахсий ҳаётига ўзбошимчалик билан аралашиш мумкин эмаслиги аниқ белгилаб қўйилганини ҳам эслатиб ўтган.

Таниқли ўзбек тележурналисти Дадахон Ёқубов Озодликка берган шарҳида Конституция ва қонунларга риоя қилишнинг муҳимлигини таъкидлади:

“Адлия вазирлигининг мазкур баёнотини оддий фуқаро, ёши катта одам сифатида тўғри тушунаман. Демократик давлатда яшар эканмиз, энг аввало Конституцияга итоат қилишимиз зарур. Қонун, қонун ва яна қонунга амал қилиш, уни ўрганиш, бошқалардан ҳам қонунийликни талаб қилиш бу бурчимиздир”.

XS
SM
MD
LG