Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:14

Афсонавий ўзбек раққосаси пандемия даврида америкаликларни "Лазги"га ўйнатмоқда (ВИДЕО)


Гавҳар Матëқубова "Лазги" рақсини 1967 йилда "Комилжон Отаниëзов куйлайди" фильмида ижро қилиб, бир кунда Марказий Осиëнинг рақс юлдузига айланган эди - видео скриншоти
Гавҳар Матëқубова "Лазги" рақсини 1967 йилда "Комилжон Отаниëзов куйлайди" фильмида ижро қилиб, бир кунда Марказий Осиëнинг рақс юлдузига айланган эди - видео скриншоти

Қадимий "Лазги" рақси ҳақидаги китоб муаллифи¸олима ва раққоса, Ўзбекистон халқ артисти 74 яшар Гавҳар Матëқубова Америкадаги талабаларга хореографиядан онлайн дарслар ўтмоқда. Матëқубованинг раққоса шогирдлари дарсларни инглизчага таржима қилиб, видеокамера ëрдамида кўрсатиб бермоқда.

Матëқубованинг Озодликка айтишича¸ АҚШ ва Японияда яшайдиган санъатсевар талабалар "Хоразм лазги"сини ўрганамиз, деган таклиф билан чиқишган. "Мана, бир неча ойдан бери дарс бермоқдаман", - дейди раққоса.

Исломдан олдинги Хоразм давлатида яралган қадимий рақс бўлган "Лазги" ЮНЕСКО ташкилотининг Жаҳон номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган.

"Лазги" рақси
"Лазги" рақси

Бугун уммон оша рақсдан сабоқ бераëтган Гавҳар Матëқубова "Лазги" рақсини 1967 йилда "Комилжон Отаниëзов куйлайди" фильмида ижро қилиб, бир кунда Марказий Осиëнинг рақс юлдузига айланган эди.

Гавҳар Матëқубова ўзи рақсга тушган "Лазги" ҳақида илмий иш ëзиб, олимлик унвони олган Ўзбекистондаги ягона раққоса.

1993 йилда Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида унинг “Офатижон Лазги” китоби нашр қилинган.

АҚШда илк Ўзбек рақс дастасини тузган Лоурель Виктория Грей Гавҳар Матëқубовани ўзига устоз деб билади.

Қайроқ лазги
Қайроқ лазги

"Лазги" нима?

"Лазги" Исломдан олдинги даврдан бизнинг кунларгача етиб келган кўҳна ритуал намунаси. Мутахассисларга кўра, уч қисмдан иборат бу композиция тирилиш¸ куч-қудратга тўлиш ва ўлимни акс эттиради.

Туркиядаги Ардахан университетининг Нафис санъатлар факультети профессори¸ мусиқашунос Ботир Матëқубов Озодлик билан суҳбатда "Лазги" “эркакларнинг жанговар рақси” эканлигини айтади.

“Бу 6/8 тактли жанг рақси эканлигига оид далиллар бор. Мусиқий ўлчов ва усулларда 6/8 ўлчови барча халқларда рақсбоп ва жўшқин бўлиб, бу усулга “Гул уфори”, Хоразмда халқ тилида “Тандира касак”, Бухорода “Чиллиги ёки Чиллаки”, Тошкент-Фарғонада эса,“Умбалақидон-Лаққалақидон” каби иборалар билан юритилади”.

"Лазги"ни (айниқса "Сурнай лазгиси"ни) мусиқий мотивлари ҳижжалаб таҳлил қилинса, Ҳусравоний, яъни қадимги мусиқашунос Барбад давридаги рақс куйлари “Мавриги”ларнинг баъзи қисмларига менгзайди.

Хоразмлик марҳум мусиқашунос София Собированинг 1983 йилда “Ёшлик” журналида чоп қилинган “Лазги” мақоласида “Хоразмшоҳ Жалолиддин Мангубердининг аскарлари Кавказ юришларидан бирида меҳтарлар (мусиқа ротаси -таҳр.) ижросида "Лазги" жанговар рақси чалиб, жангчилар ўйинга тушгани” ҳақида маълумотлар бор.

Афсонавий ўзбек раққосаси пандемия даврида америкаликларни лазгига ўйнатмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:10 0:00

Эскидан "Лазги"лар, асосан чолғуларда чалинадиган рақс куйлари бўлиб¸ уларга сўз басталаб, ўқилмаган. Аммо ХХ-асрнинг 30-йилларига келиб¸ халқ шеърларига солиб куйлангани кузатилади.

Манғитли Турсун бахшининг айтишича¸ Отақ дақа-дақ деган доирачи ўз даврида тўй ва зиёфатларда олдин “Лазги афсонаси”ни сўйлаб, кейин “Жон тана гир” радифли шеър билан куйлаб юрган.

Ундан кейин 1950-йилларгача гармончи Хўжа Отажонов-Хўжа кўр (Ортиқ Отажоновнинг доирачиси Қадам Хўжанинг отаси-таҳр.) “Шоббоз қовун тўрлама, Гурлан йўлин йўллама, уйингизга бир галдик, ука бизни хўрлама” радифли шеър билан куйлаб юрган.

Шу даврдан бошлаб Комилжон Отаниёзов Комил Хоразмийнинг “Кимни севар ёрисан” муҳаммасига солиб куйлаган "Лазги"си бутун Ўрта Осиёда машҳур бўлди.

Бугунги кунгача "Лазги" рақсининг тўққизга яқин тури етиб келган.

Қайроқ тошларнинг бир-бирига урилишидан ҳосил бўлган мусиқага тушиладиган қайроқ лазги тарихи Тош даврига бориб тақалиши айтилади.

Хоразмда "Лазги"нинг турли хиллари мавжуд бўлиб¸ энг қадимгилари "Сурнай Лазги", "Дутор Лазги", "Қайроқ Лазги"лари ҳисобланади. Улардан кейингилари "Чангак Лазги", "Гармон Лазги"¸ "Бодя (товоқ) Лазги" ва бошқаларидир.

"Лазги" Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримов рақсга тушган қадимий хореографик композиция ҳамдир.

Ислом Каримов рақс тушмоқда
Ислом Каримов рақс тушмоқда

"Лазги"-янгиланиш¸ тирилиш¸ фалаж танага жон ато қилганини акс эттиради. Каримов ўлимидан кейин “тирила бошлаган янги Ўзбекистон” йўлбошчиси Хоразмда "Лазги" академияси ташкил қилиш ташаббуси билан чиқди.

2020 йилнинг март ойида Шавкат Мирзиëев Хоразмда "Лазги" бўйича халқаро фестиваль ўтказишни таклиф этган эди.

Мирзиëев "Лазги" ватани Хивада
Мирзиëев "Лазги" ватани Хивада

Гавҳар Матëқубова Хоразмдаги аëл раққосаларнинг иккинчи авлоди вакили. Унинг устозлари Ровия Отажонова, Анаш халфа Собирова (Анаш чўлоқ) ва Тамарахонимлар "Лазги" рақсига тушишни эркак устодлардан ўрганишгани маълум. Гавҳар Матëқубовага кўра, "7-асргача "Лазги"га барча рақсга тушган:

"7-асрда Хоразмда исломий мафкура ўрнашганидан кейин аëлларнинг рақс тушиши уламолар фатвоси билан тақиқлаб қўйилган. Фақат эркакларга изн берилган. 7-асрдан то 1920 йилгача фақат эркаклар рақсга тушган. 1920 йилда Анаш чўлоқ Собирова (Рақсга тушгани учун оëғи уриб синдирилган. таҳр.) илк бора "Лазги"га тушган. 1932 йили Тамарахоним Хоразмга келганида, унга эркаклар устозлик қилиб, "Лазги" ўргатган. Жумми Қайроқ¸ Бобожон Тўқ Тўқ¸ Зариф Латипов каби устодлар "Лазги" рақсини аëлларга ўргатишган".

"Лазги"
"Лазги"

Хоразмлик таниқли шоир, Ўзбекистон Бош вазирининг собиқ ўринбосари Эркин Самандар "Лазги"га бағишлаб ëзган шеърида бу рақсни "лаҳча чўғ"га менгзайди:

Дилимга лаҳча ўт солдинг,

На ўтки, чулғадинг олдинг,

Уни сен тор қилиб чалдинг,

Сеҳр, кўркинг ибо, Лазги...

XS
SM
MD
LG