Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Конституция куни арафасида “жиноят содир этган, қилмишига чин дилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган” 182 нафар шахсни афв қилишга оид фармонни имзолаган.
Бу ҳақда Президентнинг Конституция куни муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган табригида маълум қилинди.
Президент афви тартиби билан танишиб чиққан, Ислом Каримов даврида ўн йилга озодликдан маҳрум этилган собиқ сиёсий маҳкум, инсон ҳуқуқлари фаоли Аъзам Турғуновнинг айтишича, афв қилинган шахс жазодан умуман озод қилиниши керак. Аммо бу афвда жазо муддати қисқартирилгани(63 нафар), жазолар енгилроғига алмаштирилганини(8нафар) кўриш мумкин.
Инсон ҳуқуқлари фаолининг фикрича, айнан шундай талаблар амнистия актида ҳам акс этган:
“Ислом Каримов даврида фақат амнистия бўларди, Мирзиёев даврида эса фақат афв бўляпти. Лекин иккиси ҳам бир хил тартибда бажариляпти”.
Айни пайтда Ўзбекистон қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаётган, сиёсий айбловлар билан қамалган маҳкумларнинг тақдирини кузатиб бораётган Аъзам Турғунов фикрича, бу афвлар барибир “буюртма” билан қамалган маҳкумларга таъсир ўтказмаяпти:
“Техника фанлари доктори Аваз Тўхтахўжаев оиласидан қарийб 20 киши қамалган. Профессорнинг ўзи 22 йилдан буён ўтирибди. Шу инсонга афв ҳам, амнистия ҳам бирор марта қўлланилмади. Яна Миршароф Эгамбердиев деган йигит бор. Мактабни олтин медал билан, дипломатия университетини қизил диплом билан битирган. 18 йилдан бери ўтирибди. Ана чиқаман, деганда яна раскрутка қилиб, 10 йил қўшиб беришди. Гўёки у турмада жиноий уюшма ташкил қилганмиш. Ҳеч мумкин эмас, зонада уюшма тугул, гуруҳ ҳам ташкил қилиб бўлмайди. Чунки мен кўрганман. Агар у жиноий уюшма ташкил қилган бўлса, турманинг ходимларини ҳам унга қўшиб қамаш керак. Афсуски бу афвлар миллатнинг зиёли, олим одамларига қўлланилмаяпти”.
Аъзам Турғунов билан суҳбатни мана бу ерда тинглашингиз мумкин:
Президент матбуот хизмати томонидан ёйинланган байрам табригида 182 нафар шахснинг қайси жиноятлари учун жазога тортилганига аниқлик киритилган эмас.
Кейинроқ Адлия вазирлиги афв этилган шахсларнинг 3 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилгании, 108 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилингани, 8 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилгани ҳамда 63 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилгани ҳақида маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, афв этилганларнинг 6 нафарини чет эл фуқаролари, 6 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 9 нафарини аёллар ҳамда 25 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.
Уларнинг қайси ташкилотга аъзо бўлганлари очиқланмаган, бу тоифа маҳкумларнинг аксарияти, инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, Каримов даврида диний экстремизмда айбланиб қамалган ва кўпинча қийноқ ва бошқа ноинсоний муомалага тутилган маҳкумлардир.
Шу йил октябрида Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ Комиссияси Ўзбекистон қамоқхоналарида диний-сиёсий айблар билан қамалган 2 мингдан ортиқ маҳкумни аниқлагани, улардан 81 нафарининг шахси тасдиқланганини айтган.
Ҳисобот муаллифи, АҚШ Конгрессининг Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари бўйича маърузачиси Стив Свердловнинг қайд этишича, 81 нафар диндорнинг аксари қийноқ ёки бошқа турдаги таҳқирларга учраган.
АҚШ комиссияси Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён сиёсий айблар билан қамалган 50 га яқин таниқли маҳкумлар озодликка чиқарилгани, яна юзлаб диндорларнинг қамоқдан озод қилинганини қайд этган.
Аммо халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, АҚШ ва Европа Иттифоқи бу маҳкумларни оқлаш масаласи ҳанузгача очиқ қолаётганини айтиб келади.