Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:37

“Аҳмадбой” тергови ортидан Чиноз милиция бошлиғи ишдан олинди


Чиноз милицияси раҳбари ва ходимлари давлат ва халққа эмас¸ Аҳмадбойга ишлаганликда танқид қилинмоқда.
Чиноз милицияси раҳбари ва ходимлари давлат ва халққа эмас¸ Аҳмадбойга ишлаганликда танқид қилинмоқда.

Ўзбекистон ҳуқуқ тизимлари чинозлик тадбиркор Аҳмад Турсунбоев молиявий пирамидасини тергов қилаëтган бир пайтда¸ Чиноз туман ИИБ бошлиғи Отабек Ғанибеков ўз лавозимидан бўшатилди. Аҳмадбой иши ортидан бўшатилган Ғанибеков ўрнига подполковник Шуҳрат Темуров Чиноз тумани ИИБ бошлиғи этиб тайинланди.

Озодликнинг Тошкент вилоят ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбасининг айтишича¸ Ғанибеков ўрнига келган янги бошлиқ илк мажлисданоқ Чиноз туман ИИБ ходимларига “Аҳмадбой пирамидаси”дан сабоқ чиқарилиши лозимлигини уқтирган:

- Шуҳрат Шукурсалимович мажлис қилиб¸ милиция ходимлари давлат хизматчиси деган мақомини йўқотиб¸ маҳаллий тадбиркорлар билан бизнес қилмаслиги кераклигини таъкидлади¸ дейди манба.

Ҳукумат тизимларига яқин Озодлик манбаларига кўра, Ғанибеков ҳозирча ҳуқуқ-тартибот тизимидан бутунлай четлаштирилмаган бўлса ҳам¸ у Аҳмад Турсунбоев иши бўйича гувоҳ сифатида сўроқ қилинган:

- Отабек Ғанибекович Ғанибеков ҳозир Паркентга ишга юборилган бўлса ҳам¸ Турсунбоев иши бўйича терговга қатнамоқда¸ дейди исми сир тутилишини сўраган расмий манба.

Айни манбанинг айтишича¸ Чиноз туманидаги деярли барча мулозимлар “эрта-индин ишдан олинаман" деган қўрқувда яшамоқда:

- Ички ишлар, прокуратура, ҳокимиятдагилар, қолаверса, Тошкентдаги ҳукуматнинг юқори лавозимли амалдорлари Аҳмадбойни қўллаб- қувватлаб келган. Чиноз ИИБ бошлиғи Аҳмадбой хавфсизлигини таъминлаш ва Аҳмадбойга қарши чиққан шахсларни жазолашда иштирок этган. Кимда-ким Аҳмадбой устидан милиция ëки прокуратурага шикоят қилса, бу шикоятчининг исми дарҳол Аҳмадбойга билдирилган. Туман милицияси ва прокуратураси Аҳмадбой учун ишларди. Туман прокурори Беҳзод Юнусалиевични шунинг учун ишдан олишувди¸ дейди Ўзбекистон ҳуқуқ тизимларидаги Озодлик манбаси.

Чиноз Туман ИИБ тизимига яқин яна бир манбанинг иддао қилишича¸ Аҳмадбойга “хизмат кўрсатган” мулозимлар “сахийларча тақдирланган”:

- Органда ишлайдиганлар тўртта-бештаси кириб Аҳмадбой ширкатининг кассасидан пулини олиб чиқиб кетар эди. Мен ўз кўзим билан кўрганман шу нарсани. Бу ҳолат Аҳмадбой ишхонасидаги 20 дан зиëд камерага ҳам тушган, агар исбот керак бўлса ¸ дейди манба.

Бундан 20 кун олдин Озодлик Чиноз туман прокурори Беҳзод Мирсоатовнинг ишдан олиниб¸ ўрнига Дамир Маҳмудов вақтинча прокурор вазифасини бажарувчи этиб тайинлангани ҳақида ëзган эди.

Ҳуқуқ-тартибот тизимларидаги Озодлик манбаларига кўра, Мирсоатов прокуратура тизимидан бутунлай четлаштирилган.

Жорий ой бошида Ўзбекистон телеканаллари намойиш этган Аҳмадбой молиявий пирамидаси ҳақидаги кўрсатувда маҳаллий мансабдорлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари фирибгарлик ва жиноий амалларга нафақат кўз юмиб келганлик, балки Аҳмадбойга шериклик қилганликда ҳам айбланганди. Бу айблов ортидан кўпчилик санъаткорлар "Аҳмадбойни танимаймиз" дея маҳаллий матбуотга билдиришди. Бу ҳол ижтимоий тармоқларда Аҳмадбой мавзуидаги ҳазил видеоларни урчитди.

Тошкент вилояти Чиноз туманида жойлашган "Чиноз ҳалол чорва" ҳамда "Чиноз авто ҳамкор" корхоналари таъсисчиси Аҳмад Турсунбоев ва унинг ходимлари аҳолидан йилига камида 100 фоизлик дивиденд ваъдаси билан миллий ва чет эл валюталарини олиш билан шуғулланиб келган.

15 июнь куни Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари 38 ёшли тадбиркор Аҳмад Турсунбоевни ҳибсга олган эди.

У Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 165-моддаси (товламачилик),168-моддаси (фирибгарлик) ва 170-модда (алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш), шунингдек, 177-модда - валютани қонунга хилоф равишда олиш ва 178-модда - чет эл валютасини яшириш бандлари бўйича айбланмоқда.

Намойиш этилган махсус кўрсатувда Аҳмад Турсунбоев ўз "қилмиши"га иқрор бўлган ва бунинг учун халқдан кечирим сўраган эди.

XS
SM
MD
LG