Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:35

Россия муфтиёти Алишер Усмоновни орден билан тақдирлади


Миллиардер ва меценат Алишер Усмонов.
Миллиардер ва меценат Алишер Усмонов.

Россия муфтийси шайх Равиль Гайнутдин 21 декабрь куни USM-Holdings асосчиси, асли ўзбекистонлик бўлган миллиардер Алишер Усмоновга I даражали “Ал-Фахр” орденини топширди. Мазкур орден Россия муфтийлар кенгашининг олий мукофоти бўлиб ҳисобланади.

Россия мусулмонлари диний бошқармаси маълумотига кўра, “Ал-Фахр” нишонини Россия муфтийси Москва жомеъ масжидида Алишер Усмонов билан бўлиб ўтган учрашув сўнгида тақдим қилган.

Усмонов бу мукофотга Россияда исломий уйғонишга қўшган улкан ҳиссаси, Ислом умматининг диний-ахлоқий ва маданий қадриятларини мустаҳкамлашга, турли миллат вакиллари орасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни ривожлантиришга қаратилган дастурларни қўллагани учун муносиб топилгани айтилмоқда.

- Биз диндош биродарларимизнинг бизнесдаги ютуқларини ифтихор билан кузатаяпмиз ҳамда уларга муваффақият ва равнақ ёр бўлиши тилаб, дуо қиламиз. Биз Россия мусулмон элларидаги руҳоний уйғониш масалалари ва Россия мусулмон ҳамжамияти тараққийсига оид муаммолар сизга яқин ва тушунарли эканига аминмиз, - деди шайх Равиль Гайнутдин.

Ўз навбатида, Алишер Усмонов бу юксак мукофот учун Россия муфтийсига ташаккур изҳор қилди.

- Мен муфтий шайх Равиль Гайнутдин ҳазратларига фаолиятимга берган юксак баҳоси учун, юксак мукофот учун миннатдорчилик билдиришни истардим. Кўнгил хотиржамлигини ҳис қилиши учун инсон ўз динида бўлиши, диндошларига яқин бўлиши керак, деб ҳисоблайман.

Мен мусулмонман ва мусулмон ўғлиман. Яқинлар учун, диндошлар учун савоб амалларни қилиш, одамларга яхшилик қилиш ва бунинг учун улардан ҳеч қанақа ажр кутмаслик, менинг назаримда, ҳаётнинг энг асосий мазмун-моҳиятидир, - деди Алишер Усмонов.

Россия давлатмандлари орасида 3-ўринни эгаллаган Усмонов, Forbes журнали маълумотига кўра, ҳозирда 12,5 миллиард долларлик сармояга эга.

2011 йилдан 2014 йилгача Россиядаги энг бой одам ўлароқ эътироф этилган, келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган миллиардер Алишер Усмонов Россияда хайрия ишлари учун аввал ҳам кўп маротаба тақдирланган.

Хусусан, у Россия президенти Владимир Путиннинг жорий йил 11 июндаги фармони билан “За благодеяние” нишони билан мукофотланган. Фармонда айтилишича, миллиардер “Хайрия ишлари ва жамоатчилик фаолиятига қўшган катта ҳиссаси ва учун” тақдирланган.

Aлишер Усмонов Россия футбол уюшмасигa ёрдaм сифaтидa 300 миллион рубль, жорий йилнинг феврaль ойидa мураббий Фaбио Кaпеллонинг етти ойлик мaошини тўлaш учун 400 миллион рубль aжрaтгaн. Шунингдек, у 2015 йилнинг 17 июнь куни америкалик генетика олими Жеймс Уотсонга унинг Нобель медалини қайтаргани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

Алишер Усмонов ва у бошқараётган “Санъат, фан ва спорт” хайрия жамғармаси 2015 йили Россиянинг “Йил ҳомийси” унвонига сазовор бўлган. Петербургда бўлиб ўтган IV Халқаро маданий форумнинг махсус комиссияси Алишер Усмоновнинг Россия маданиятига қўшган ҳиссаси учун тақдирлаганини маълум қилган.

XS
SM
MD
LG