Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:53

TheDailyTelegraph: Британия жорий этажак санкциялар рўйхатида Алишер Усмонов ҳам бор


Британия разведкаси санкциялар жорий қилинадиган Кремлга яқин “олигархлар” рўйхатини тузганини эълон қилди.

The Daily Telegraph нашрига кўра, Буюк Британия ҳукумати Владимир Путин ва унинг режими билан бевосита боғлиқ экани айтилаётган олти бизнесмен, жумладан Алишер Усмоновга тадбиркорлик қилишга тўсқинлик қилади.

The Daily Telegraph газетаси, Британия ҳукуматидаги ўз манбасига таяниб, Кремлга яқин бўлган “рус олигархлари” рўйхати тузилганини очиқлади.

Манба МИ5 инглиз разведкаси берган маълумотлар асосида Владимир Путинга яқин бўлган олти нафар йирик тадбиркорга нисбатан турли чеклов чоралари жорий қилишга ҳозирланаётганини сиздиргани айтилмоқда.

Мамлакат бош вазири Тереза Мэй томонидан тасдиқланган рўйхатда, жумладан, Алишер Усмонов, Роман Абрамович, Игорь Сечин, Олег Дерипаска, ака-ука Аркадий ва Борис Ротенберглар борлиги маълум қилинди.

Нашр келтирган маълумотга биноан, бу ҳужжат ҳукумат бўлимларига тарқатилиб, Буюк Британиянинг Европа ва Шимолий Америкадаги ҳамкор мамлакатлар ҳукуматларига ҳам тақдим этилади.

Британия ҳукуматидаги юқори лавозимли манба рўйхатдаги рус миллиардерларга нисбатан жорий этилаётган жазо чоралари “уларнинг маневр қилиши, Европа, Буюк Британия ва бошқа ҳар жойга келиб-кетишига имкониятларни чеклашга” қаратилганини билдирган. The Daily Telegraph суҳбатдоши рўйхатга “президент Владимир Путин билан ўта яқин профессионал ва молиявий муносабатларда қолаётган” шахслар туширилганини ҳам қўшимча қилди.

Расмий Лондон бу одамлар молиявий имкониятларидан Путин ва унинг ҳукуматига яқин бўлган гуруҳлар фойдаланаётганидан хавотир билдираётганини маълум қилди.

Бу рўйхатдаги одамларга нисбатан чоралар – Британия ҳукуматининг Солсберида Скрипаллар заҳарланишига жавобнинг муҳим қисмидир”, дея мулозим сўзларини келтиради The Telegraph нашри.

Бу масалада Озодликнинг Алишер Усмоновнинг ваколатхонасига қилган расмий мурожаати жавобсиз қолди.

Кузатувчилар рўйхатга киритилган россиялик йирик тадбиркорларга нисбатан виза тақиғи, Британия ва унинг ҳамкорлари бўлган мамлакатларга боришга бўлган чекловлар ҳамда уларнинг Буюк Британиядаги молиявий активлари ва мулкларига бўлган чора-тадбирлар қўлланилиши тўғрисида гап кетаётганини таъкидламоқда.

Маълумки, Роман Абрамович ва Алишер Усмонов узоқ йиллар давомида “Челси” ва “Арсенал” футбол клублари эгалари сифатида танилган. 2018 йилнинг ёзида Алишер Усмонов “Арсенал”даги ўзининг 30 фоизли улушини америкалик бизнесмен Стэн Кронкка 550 миллион фунт стерлингга сотганди.

Айрим маълумотларга кўра, Роман Абрамович ҳам ўзи эгалик қилиб келаётган “Челси” клубига харидор қидирмоқда. Айтиш жойизки, Солсберидаги можаро ортидан Буюк Британия ҳукумати Роман Абрамовичга “узоқ муддатли инвесторлик визаси”ни ўзайтиришдан бош тортди ва бизнесмен Исроил гражданлигини олишга мажбур бўлганди.

USM Holdings мулкдори Алишер Усмонов кўп маротаба Россиянинг энг бадавлат бизнесмени деб эътироф қилинган. 2013 йилда Times уни Буюк Британиянинг энг бой одами деб эълон қилганди. BBC Panorama келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Усмонов Англиянинг “Эвертон” клубини ўз назоратига олгани тўғрисидаги маълумотлар борлигини ёзганди.

Охирги пайтларда миллиардер Алишер Усмонов Россиянинг ўзида ҳам бир нечта молиявий ва сиёсий можароларга тортилгани маълум.

2018 йилнинг декабр бошларида Алишер Усмонов Москва шаҳар, Басманний туман судига криминал авторитет Захарий Калашов (Шакро Молодой) билан алоқалари мавжудлиги иддао қилинган мақолаларни Интернетдан олиб ташлаш талаби билан мурожаат қилди.

Усмоновнинг адвокатлари судга топширган даъво аризасида “Алишер Усмонов. Мақоми - авторитет”, “Алишер Усмонов Шакронинг ишида” ҳамда “Усмоновнинг уюшган жиноий гуруҳлар билан алоқалари тўғрисида”, деган сарлавҳалар остидаги 3 та мақола тилга олинган. Миллиардернинг фикрича, бу мақолаларда нотўғри информация келтирилган ва улар унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқини бузмоқда.

Жорий йил майида Алишер Усмонов россиялик мухолифат етакчиси ва коррупцияга қарши кураш фаоли Алексей Навальнийни ҳам судга берган эди.

Навальний ўз текширувлари натижаларига таяниб¸ Усмоновни 50 миллион АҚШ долларлик данғиллама ҳовлини Медведевга қарашли жамғармалардан бирига “ҳадя сифатида” берганини жамоатчиликка эълон қилган.

Жорий йилнинг ноябр охирларида Владимир Путин Forbes тадқиқотлари натижаларига кўра 12,5 миллиард доллар миқдорида бойликка эга бўлган Алишер Усмонов ва унинг рафиқаси Ирина Винер-Усмоновани “Юрт олдидаги хизматлари учун” орденлари билан тақдирлаган эди.

XS
SM
MD
LG