Ўзбекистон президенти администрациясининг Ахборот сиёсати департаменти раҳбари Комил Алламжонов президент администрациясидан кетди.
Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева 30 сентябрь куни ўзининг расмий Телеграм-каналида эълон қилган қисқа видеода унга администрациядаги фаолияти учун миннатдорчилик билдирган ва "кейинги лойиҳаларида" омад тилаган.
Видеода Алламжонов хусусий секторда фаолиятини давом эттиришини айтади.
Кутилмаган истеъфо
Олдинроқ Озодликнинг ҳукуматдаги манбалари Комил Алламжоновнинг лавозимдан кетиши ҳукумат ва администрациядаги кўпчилик учун “кутилмаган” бўлганини айтишганди.
Манбалар 40 яшар Алламжонов президентнинг тўнғич қизи ва ёрдамчиси Саида Мирзиёева “командасида қолиши”ни айтишган.
Озодлик гаплашган ҳукуматдаги бир-биридан мустақил икки манба Алламжонов юқори лавозимга тайинланиши мумкинлиги ҳақидаги фаразларни рад этган эди.
Олдинроқ президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўзининг Алламжонов истеъфоси ҳақидаги хабарида унинг президент администрацияси мулозими сифатидаги фаолиятини мақтаган ва “янги фаолиятида муваффақият тилаган”.
Бу ва истеъфонинг октябрь ойи охирида ўтадиган парламент сайловлари арафасида юз бергани Алламжонов янги, юқорироқ лавозимга тайинланиши ҳақидаги фаразларга йўл очган.
Алламжоновнинг нима учун ишдан бўшатилгани ва қайси лавозимга ўтказилгани ҳақида ҳозирча расмий маълумот йўқ.
Алламжоновнинг истеъфосини эълон қилган президент матбуот котиби Шерзод Асадов Алламжонов ўз Телеграм-каналидаги хабарда унинг “бошқа ишга ўтиши муносабати билан” бўшатилганини маълум қилди.
“Комил Алламжонов юртимизда сўз эркинлигини ривожлантириш, давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш ва халқ таълими тизимини такомиллаштириш бўйича Президентимиз Ш.М. Мирзиёев белгилаб берган устувор вазифаларни амалга оширишда катта натижаларга эришди”, деб ёзган президент матбуот котиби ўз ҳамкасби Алламжоновга “келгусидаги фаолиятида” муваффақият тилаган.
"Учинчи одам"
Ўзбекистон президентининг катта қизи Саида Мирзиёеванинг яқин иттифоқчиси сифатида кўриладиган Алламжонов президент администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг раҳбари лавозимига ўтган йил августида тайинланган эди.
Озодлик манбалари ушбу лавозим Алламжоновни президент администрациясида учинчи одамга айлантирганини айтишган.
Бунга қадар АОКА, Масс-медиа ва ПАда ёнма-ён ишлаган Мирзиёева-Алламжонов тандемининг президент администрациясининг янги вертикалида янада юқорилаши Саида Мирзиёева мавқеъининг кучайиши сифатида талқин қилинганди.
Аввалроқ Озодликнинг ҳукуматдаги манбаси Алламжонов билан президент Мирзиёевнинг кичик куёви Отабек Умаров ҳамда ДХХ ўртасида “уруш” борлигини иддао қилган.
Бу "уруш"нинг мотиви Озодликка маълум эмас, аммо вазиятдан хабардорлигини айтган яна бир манба Отабек Умаров олдинроқ Тошкентда президент куёвига алоқадорлиги иддао қилинган "қудратли офис"нинг фош этилганидан ғазабга келганини иддао қилди. Унинг даъвосича, Умаров "маҳаллий тадбиркорлар ва мулозимларга ноқонуний босимлар ўтказиб келгани" иддао қилинган "офис"нинг фош этилишида "Алламжоновнинг қўли борлигини" тахмин қилган.
Озодлик манбалари бу хабарлар ортидан "Дархондаги офис"да текширув олиб борилгани ва унга алоқадор Умаровнинг атрофидаги қатор шахслар "Дубайга қочгани"ни иддао қилишган. Ўзбекистон расмий идоралари бу хабарларни шарҳлаган эмас.
Бизнесдан сиёсатга ва яна бизнесга?..
Илк бор 2018 йилда тадбиркорликдан ҳукуматга келган Алламжонов монополия ва манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ қатор иддаолар марказида бўлган.
Унинг ўзи халқаро журналистларнинг ҳокимиятдаги лавозимидан бизнес манфаатларини илгари суришда фойдалангани ҳақидаги иддаоларини рад этган.
2018 йилдан буён президентнинг тўнғич қизи ва амалда администрация раҳбари бўлган Саида Мирзиёева билан тандемда ишлаб келаётган Комил Алламжонов ўзини сўз ва матбуот эркинлиги ҳимоячиси ҳамда ислоҳотларнинг фаол тарафдори сифатида тақдим қилиб келади.
У 2022 йил июлида президент администрациясига қайтганидан сўнг эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви боис "барча бизнес лойиҳалари, компанияларини бошқа эгаларига топшириши"ни эълон қилган эди.
Аммо Алламжоновнинг бизнес манфаатлари билан боғлиқ иддаолар шундан кейин ҳам давом этган.
30 сентябрь куни Саида Мирзиёеванинг Телеграм-каналида эълон қилинган видеода Комил Алламжонов ўз фаолиятини "хусусий секторда давом эттириб, иқтисодиётнинг муҳим соҳаларига замонавий технологиялар ва инвестициялар жалб қилишни режалаштираётгани"ни айтган, аммо тафсилотлар ҳақида гапирмаган.
Бу Комил Алламжоновнинг сиёсий фаолияти ниҳоясига етганини англатадими, маълум эмас.
Форум