Линклар

Шошилинч хабар
20 сентябр 2024, Тошкент вақти: 03:11

АҚШ Алеут оролларига ҳарбий бўлинма жойлаштирди


Алеут архипелагининг суньий йўлдошдан олинган тасвири.
Алеут архипелагининг суньий йўлдошдан олинган тасвири.

АҚШ Мудофаа вазирлиги Алеут архипелаги таркибига кирувчи Шемья оролига 130 нафар ҳарбий хизматчини сафарбар қилди.

Аляска штатининг Анкорижа шаҳридан 2000 км масофада жойлашган оролга HIMARS ракеталари билан қуролланган ҳарбий бўлинма жойлаштирилиши Россиянинг минтақада ҳарбий фаоллиги ошишига жавоб экани айтилмоқда.

“Ассошиэйтед Пресс” ахборот агентлиги хабарига кўра, сўнгги ҳафталарда Аляска штати яқинида Россияга тегишли саккизта ҳарбий самолёт ва тўрт кема, жумладан, икки сувости кемаси ҳаракати қайд этилган. Маълум бўлишича, Россия Хитой билан ҳамкорликда “Океан-24” ҳарбий-денгиз машғулотлари ўтказаётир.

“Аляска яқинида ва минтақада эҳтимолий душманларнинг машғулотлари кўпайиб бораётган бир пайтда Шемья оролидаги амалиётимиз Ҳинд–Тинч океанлари минтақасидаги ҳодисаларга тезкор жавоб қайтаришга шай эканимизни намойиш этади”, деб баёнот берган Аляскада жойлашган 11-ҳарбий десант дивизияси қўмондони, генерал Жозеф Ҳилберт.

АҚШ Конгрессида Аляска штатини тамсил этиб келаётган сенатор Дэн Салливанга кўра, Пентагон Алеут оролларининг ғарбий қисмидаги вазиятни назорат қилиш учун эсминец ва соҳилни қўриқлаш хизмати кемасини ҳам юборган.

Қўшма Штатлар ҳарбийлари Шемья оролида жойлашган радар мажумаси орқали Россиянинг Камчатка ярим оролидаги ракета полигонини кузатиб боради.
АҚШнинг Алеут архипелаги таркибига кирувчи Адак оролидаги ягона ҳарбий базаси 1997 йилда ёпилган эди. Минтақада Россия ва Хитой фаоллашиб бораётгани сабаб ҳарбий базани қайта очиш таклифи илгари сурилмоқда.

XS
SM
MD
LG