Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:46

OzodMaktub: Ҳамма Green Card ютмоқчи. Аэропортнинг светини ким ўчириб кетаркин...


Сўнги йилларда бир тренднинг машҳурлашиб бораётганини ҳеч сезаяпсизми? Ҳа¸ бу Грин Кард.

Грин Кард бу ҳар йили АҚШ томонидан ўтказиладиган лотерея ўйини, бунда ғолиб чиққанларга АҚШ томонидан қонуний яшаш ва ишлаш хуқуқи берилади. Ҳар йили бир неча юзминглаб (балки вполне миллион) ватандошларимиз ҳам қатнашишади шу лотереяга.

Нима учун йилдан йилга бу лотереяда қатнашадиган ватандошларимиз кўпайиб кетаяпти? Статистика жуда қўрқинчли¸ мен сизга айтсам. Агарда шу лотереяда қатнашганки ҳар бир Ўзбекистон фуқароси ютганида эди, юртда фақат мансабдорлар қолар эди¸ холос. (Хотя бунга ҳам не уверен)

Ўзбек... Ҳамма нарсага чидаган, эртанги кунга умид билан яшашдан чарчамайдиган беғубор ўзбегим… Россияда миллатчиларни ҳожатхонасини тозалаган, ойлигини 4 дан бир қисмини солиқ қилиб тўлаган, Туркияда касал кампирларни боққан, БАА да танасини сотган, Кореяга ишга кетиш учун эса, Россияда қор кураб топиб келган пулларини пора тариқасида ўзбекка берган ўзбегим...

Ҳозир сизга классик ўзбек мигрантининг портретини чизиб бераман. Россияда ишлаган, документсиз юргани учун депорт қилинган, кейин Туркияга ишлагани кетган, у ерда эркакларга яхши иш йўқ экан деб қайтиб келган, кейин қарз ҳавола қилиб, мол-ҳолини сотиб Кореяга ишлашга бориш учун “ишнинг кўзини билувчи” маразга “муомаласини” қилган. Кореяга ишлагани кетган, бир-икки сўм пул орттириб келган, уй қилган, тўй қилган... Кейин яна қийинчиликлар бошланиб (чунки такси қилиш учун машина сотиб ололмаган) бу орада Россиядаги депорти очилиб, қор курайдиган лопаткасини елкасига олиб¸ яна Россияга кетаяпти, чунки набиралар катта бўлишаяпти, тўй қилиши керак...

Лекин энг қизиғи¸ шу юқорида лента каби айланиб ўтган 5-8 йилнинг ичида у ҳар йили Грин Кард лотереясини ўйнаган. Нега? Чунки бу лотереяда қатнашиш учун диплом керак эмас, қўлингда ҳунаринг бўлиши ҳам шартмас, сени ҳечк им ҳижоб ёки соқолингга қараб танламайди, “муомала” сўрамайди, прописканг қани демайди, вилоятдан келганингга қараб муомала қилмайди. У ерда ҳамманинг шанси тенг, юқори малакали инженернинг ҳам, колхоздаги Матқовулнинг ҳам...

Бу лотереянинг қизиқ томони, бунда¸ масалан¸ инглиз тилини сув қилиб ичиб юборган, фикру хаёли АҚШга кўчиб кетиш, у ерда буюк бизнес империяга асос солиш планларини калласида пишириб юрган йигит эмас, маҳалладан ташқарига чиқмаган, Грин Кардни эса ўртоғининг "юр бориб келайлик Гринкардхонага" (рўйхатдан ўтказиб берувчи шоввозлар. Уларга ҳали қайтамиз) деган гапига қизиқиб, бирга бориб ўзича ўйнаб келган Ғишмат ютиб олиши мумкин.

Одамлар нега ўйнашади буни? Сабаби оддий, инсонлар ҳамиша эртанги кунга умид билан яшашади, ниманидур кутиб яшайди. Ҳаётимизнинг маъноси ҳам шунда. Грин Кард ўйнаб қўйиб Россияга кетади, қор кураётганида хаёлига Флоридада, Маями Бичда Тони Монтананинг кўйлагидан кийиб олиб, кабриолетда юргани келади. Бу унга умид беради. Ҳар йили ўйнайверади чиқмаса ҳам. Чунки унинг бошқа умиди йўқ. Инсон ўз ватанида қийналмасдан, адолатсизлик, порахўрлик, ишсизликка учрамаса, дўстининг тўйига тўёна бериш учун кимдандур қарз сўрамаса, боласини роддомдан олиб чиқиш учун, бошқа аёлларнинг эрлари карнай-сурнай¸ там Микки Мауслар, лимузин, видеосъемкалар билан олиб чиқиб кетишаётганини кўриб ўтирган ўз аёли ўксимасин деб, никоҳ узугини сотиб бўлса-да, у ҳам шу ишларни қилиши керак бўлмаса, ишлаб топган ойлигидан озиқ-овқатдан бошқа нарсаларга ҳам етса, ўйнармиди шу лотереяни? Менимча йўқ. Ҳа бўлганида ҳам¸ бу даражада катта масса ўйнамас эди.

АҚШга раҳмат. Грин Кард ўйнатиб ҳар йили минглаб фуқароларимизни ўз бағрига олиб, иш¸ уй-жой билан таъминлашдан ташқари, ҳаттоки шу Грин Кард ўйновчилар учун, ўша лотереядан рўйхатга ўтиш пунктлари очиб бизнес қилаётган уддабуронларга ҳам иш топиб бераяпти.

Ҳар йили ноябрь ойида қаерга тош отсанг, ойнасига “Грин Кард регистрация” дейилган қоғоз ёпиштирилган бинога тегади. Масштабнинг қанчалигини тушунаяпсизми? Қадамингда шунақа конторалар фаолият юритса ҳам, аниқ уларни ҳаммасида очередь ҳам бўлса керак. Янгқишлахдан Матқовул Грин Кард ютибди дейишса, янаги йил вес Янгқишлах ўйнайди лотерея. Тем более¸ Матқовул тушмагур АҚШда океан бўйида очкиларни тақволиб, тушган расмлари келгач...

Бизда шундоқ ҳам каллали ёшларнинг аксар қисми Грин Кард ўйнамасдан ҳам бошқа программалар билан четга кетишаяпти. Ўша давлатларнинг иқтисоди, илм-фани, инфраструктурасини гуллатишаяпти. Бу Грин Кард орқали эса биз йилдан йилга баааарча фуқароларимизнинг кўчиб кетишига эришсак керак бу туришда... Аэропортнинг светини ким ўчириб кетаркин...

Ҳурматли раҳбарлар, АҚШга кўчиб кетаётганлардан валюта кутманг, улар ўз оилаларини ҳам олиб кетишади. Туп қўйиб¸ палак ёзади. Ўзбек меҳнаткаш, меҳнатдан қочмайди, сувоқчи бўлса ҳам иш берувчининг кўнглидагидай ишлайди. Шунга яраша ҳаққини олиб яхши яшайверади. Оиласини олиб боргач эса, онда-сонда ёшлиги ўтган қишлоқ ҳавоси, онаси ёпган иссиқ нон, дўстлари билан рамазон айтганлари, свет ўчиб қолганида шам ёқиб оила даврасида кулишиб ўтирган пайтларидан бошқа, унинг соғинадиган нарсаси қолмайди ватанда.

Зеро, Ватаннинг қиймати - сен у ердан бошқа жойлардагига нисбатан адолат кўпроқлигини кўришингдир. Ватаннинг қиймати, сен у ерда бошқа жойлардагига нисбатан муҳаббат кўпроқлигини кўришингдур.

Агар ватан ҳимоя, адолат ва муҳаббатдан холи бўлса, фуқаролар мусофирга айланиши муқаррардир.

Тошкентлик блогер Нурбек Алимов

XS
SM
MD
LG