Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:39

Ўзбек муҳожирлари АҚШ ҳукуматини судга берди.  Улар камситишлардан шикоят қилмоқда


АҚШ-Мексика чегараси. Иллюстратив сурат
АҚШ-Мексика чегараси. Иллюстратив сурат

АҚШда бошпана сўраганларнинг аризаларини кузатиб борувчи Транзакция қайдлари таҳлил маркази (TRAC) нодавлат ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозирда камида 40 минг нафар марказий осиёлик суд жараёнларини кутмоқда. Уларнинг орасида энг кўпи - 17 минг киши Ўзбекистон ватандошлари.

Ўтган ҳафта Америкага Мексика орқали ноқонуний йўллар орқали келган ва иммиграция марказларида ушлаб турилган 35 нафар ўзбекистонлик АҚШ ҳукуматини ўзларига нисбатан камситувчи сиёсат олиб бораётганликда айблаб судга бергани ўртага чиққан эди.

3 март куни АҚШга ноқонуний йўллар билан кетган ўзбекистонликларнинг яна бир гуруҳи - 74 киши Ўзбекистонга қайтарилди. Маҳаллий матбуотдаги хабарларга кўра, Қўшта Штатларга Мексика орқали Америкага ўтган.

Америкалик сенатор Стив Дэйнснинг сўзларига кўра, 2023 йилда 50 мингдан ортиқ марказий осиёликлар АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб зтган. Daily Mail нашри бу ҳақда сенаторнинг Қўшма Штатлар ҳукуматидаги юқори мартабали мулозимга таяниб айтган сўзларини келтирмоқда.

Нашрнинг ёзишича, Байден маъмурияти ноқонуний мигрантлар оқими АҚШ хавфсизлигига таҳдид солишидан хавотирда.

АҚШ-Мексика чегарасидан қонуний ва ноқонуний ўтган ўзбеклар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:08 0:00

"Камситувчи сиёсат"

Айни пайтда АҚШ иммиграция марказларида ушлаб турилган 35 нафар ўзбекистонлик АҚШ ҳукуматини ўзларига нисбатан камситувчи сиёсат олиб бораётганликда айблаб судга берган.

Улар АҚШда бошпана олиш жараёнида камситишларга дучор бўлаётганликларини даъво қилишмоқда.

Ўзбекистонликлар ўз даъво аризаларида улар иллатига кўра камситилаётгани, асоссиз ҳибсда ушлаб турилгани ва ҳимоя ҳуқуқлари чекланаётганидан шикоят қилишган.

Ўзбекистонлик Нигора судга мурожаат қилган 35 мигрантнинг бири.

“Худди ёш болани [сўккандай] бақираверишади: “Бу ерга кел, мана бу ерга ўтирасан!”, “Сен қаерга кетяпсан? У ерга боришга ҳаққинг йўқ!” деб”.

Нигора 2023 йил сентябрда Мексикадан АҚШга ўтган.

“Айнан бизга [ўзбекларга] шундай қилишади. Кейин тиббий ёрдам кўрсатиш ноль даражада. Менинг ўзимни 3-4 соатлаб куттиришган. 3-4 соат мен тиббий ёрдам кўрсатишларини кутганман. Фақат шу, ўзбек, рус, МДҲ давлатларидан [келганларга муносабат] бошқача”, - дейди Нигора.

Нью Жерси штати маҳкамасига 19 февраль куни топширилган 82 варақдан иборат даъво аризасида жавобгар томон сифатида АҚШ президенти Жо Байден, Ички хавфсизлик департаменти котиби Алехандро Майоркас, Иммиграция ва божхона назорати директори вазифасини бажарувчи Патрик Лейкхейтнернинг исмлари келтирилган.

"Бошқа мигрантларга берилган имконият ўзбекларга берилмаяпти"

Муҳожирларнинг адвокати Абадир Барре АҚШда бошқа мамлакатлардан келган мигрантлар эга бўлган имкониятлар ўзбекларга берилмаётганини иддао қилади.

"Одамлар учта йўл билан озодликка чиқиши мумкин. Биринчиси – сиз чегарани қандай кесиб ўтишингиздан қатъи назар: CBP One ёки девор орқалими, 90 фоиз ҳолатларда улар муҳожирлар тўғрисида маълумотларни олиб қўйиб юборишади. Барча мамлакатлардан келган мигрантларни - Африка, Осиё, Лотин Америкасидан. Бу муддатидан аввал шартли озодликка чиқариш, деб аталади. Аммо ўзбекларни қўйиб юборишмаяпти. Бу - ҳуқуқбузарлик. Чунки улар ўзбекларга бошқача муомала қилишяпти. Иккинчи йўли – уларнинг Америкада қолиш учун асоси бўлса. Агар сизнинг сўзларингизга ишонишса, қўйиб юборишади. Аммо ўзбекларнинг ишончли асоси бўлса ҳам ушлаб туришибди ва бу иккинчи ҳуқуқбузарлик. Учинчиси – агар сиз биринчи интервьюдан ўта олмасангиз, судга мурожаат қилишингиз мумкин. Агар суд “Мен сизнинг ватанингизга қайтишингиз хафвли эканлигига ишондим” деса, сизни озодликка чиқаришади. Аммо ўзбекларда бу имконият ҳам йўқ. Буларнинг барчаси ўзбеклар камситилаётганини кўрсатиб турибди. Ҳаммага тенг муомала қилиш керак, бир мамлакатнинг фуқароларини ажратиб олиб уларга ёмонроқ муносабатда бўлиш тўғри эмас", дейди Барре.

Адвокатнинг айтишича, АҚШ ҳукумати нима учун ўзбекистонликларга нисбатан назорат кучайгани тўғрисида расмий изоҳ бермаган.

АҚШ - Мексика чегараси, Техас.
АҚШ - Мексика чегараси, Техас.

Судга мурожаат қилган ўзбекларни ҳимоя қилишда Абадир Баррега ёрдам бераётган блогер Ўткир Раҳматуллаев охирги пайтларда АҚШда ўзбекларга нисбатан ҳуқуқбузарликлар аввалгидан кўра кўпайганини таъкидлайди.

Блогер иддаосича, Мексика орқали АҚШга ўтишга уринаётган ўзбекистонликларга бошпана бериш жараёнидаги бундай сиёсат ўтган йил сентябрь ойидан бошланган.

"Сентябрдан бошланди [ўзбекларни ҳибсга олиш]. Нимага сентябрдан бошланди? Чунки августда биринчи CNN хабар берди - ўзбекистонликларни ўртакашлар бор-ку – ёрдам берадиганлар одамларни ўтказишга... Шуларнинг ичида ҳар-хил оқимлар, террористлар билан алоқаси бор одамлар ўзбекларни [Мексикагача олиб келган] деган мақола чиқди. Бу мақоладан кейин [ўзбекларни ҳибсга олиш] бошланди", дейди Ўткир Раҳматуллаев.

Ўтган йил августда CNN канали ва Рейтер агентлиги қатор ўзбекистонликлар “ИШИД”га алоқадор контрабандачи гуруҳ воситасида АҚШга Мексика чегарасидан кириб келгани ҳақида хабар берган эди.

Нигора ҳам ўзбекларга нисбатан камситувчи сиёсат ўтган йил кузидан бошланганини иддао қилади.

"Бинолар бор у ерда [иммиграция марказида]. Бошқа бинодагилар “Нимага бизни бундай ушлаб турибсизлар? Қўйиб юбормаяпсизлар, бошқа давлатлардан: Мексикадан, бошқа лотин америкаликларни бир ойда, уч ойда судсиз битта интервью билан қўйиб юборяпсизлар” деган саволларни беришганда, “Чунки сизлар террористсизлар” деб айтишди” дейишганди", таъкидлайди Нигора.

"Ортиқча текширишлар"

Нигора АҚШ ва Мексика чегарасидаги девордан ноқонуний ўтган. Бу йўлдан фойдаланганларнинг барчаси АҚШда ҳибсга олинади. Аммо, Америкада 20 йилдан бери яшаб келаётган Ўткир Раҳматуллаевнинг айтишича, сўнгги пайтда АҚШ-Мексика чегарасидан қонуний ўтган ўзбекистонликларнинг ҳам ҳибсга олиниши кузатилмоқда.

"Бу ортиқча текширишлар меъёридан ўтиб кетяпти. Чегарада текширишлар бошқа гап. Лекин одамларнинг уйига, саҳарлаб келиб, олиб кетишлар... CBP One деган нарса бор, мана шу CBP One орқали кирган одамларни ҳам, ҳаммаси қонуний... Шу одамларни ҳам олиб кетган", дейди Раҳматуллаев.

CBP One – АҚШ ҳукуматидан бошпана сўраш имконини берувчи илова. Яъни бошпана олиш учун ишончли асослари борлар бу илова ёрдамида виза ва грин-картасиз Америкага қонуний кириш мумкин.

Нью-Йоркдаги ўзбекистонлик Фотиманинг онаси ҳам Америкага CBP One ёрдамида кирганига қарамай, орадан икки ойча ўтиб 51-ёшли муҳожир аёл миграция хизматлари томонидан ҳибсга олинган.

"Ҳа 20 тача полиция келди уйга. Тахминан 8 таси уйга кирди. “Бу аёл ким бўлади?” деди. Хўжайиним “Бу аёл хотинимнинг оналари бўлади” деди. “Ҳозир биз билан бўлимга борасиз, кечқурун қўйиб юборамиз” деди. Кейин шу билан олиб кетишди. Ўшандан бери мана уч ойдирки, ҳали дарак йўқ қачон чиқишларидан", дейди Фотима.

АҚШ-Мексика чегарасида қийналган ўзбеклар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:53 0:00

Фотима онаси Америка чегарасини ноқонуний кесиб ўтишни истамаган ва шу сабаб CBP One иловаси орқали АҚШга ўтишга рухсат олиш учун Мексикада 20 кун кутган.

"Мексикада бир кун юриш ҳам хатарли. [Онам] 20 кун жонларини хатарга қўйиб кутиб ўтирганлар “шу, қонуний кирай” деб. Нимага энди қонуний кирса ҳам онамни сабабсиз ушлаб ўтирганларидан ҳайронман. Майли “террористлар” дейишяпти, террористларни текшириш мумкин-ку ҳозир, 21 асрда яшаяпмиз. Агар алоқаси бўлса [билинар эди-ку]. Ундан кейин уч ёки тўрт марта Федерал тергов бюросидан (ФБР) келиб сўроқ қилишган ва битта нарсани сўрашган: “Қандай қилиб келдинг?”, “Қайси йўл билан келдинг?”, “Террористларга алоқанг борми ёки йўқми? деб", дейди Фотима.

Ўзбекистон фуқароларини ҳимоя қилаётган Абадир Барре ҳозирча суд куни белгиланмаганини айтади. Унинг айтишича, тергов ишлари бир неча ой давом этиши мумкин.

Ўтган йил ноябрида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Мексикадан АҚШга ноқонуний ўтган ўзбекистонликлар уларнинг иммиграция иши ҳал қилингунича ҳибсда сақланиб, АҚШ ичкарисига қўйиб юборилмаслиги тўғрисида хабар берган эди.

20 декабрда АҚШга ноқонуний йўллар билан кирган 119 ўзбекистонлик Тошкентга қайтарилган.

Ўзбекистон фуқаролари АҚШ чегарасини энг кўп ноқонуний кесиб ўтганлар қаторида тилга олинади.

"Иқтисодий" муҳожирлар

Ўзбекистонлик таниқли блогер, “Шоввозсой” қароргоҳини фош қилган Алексей Гаршин АҚШга Мексика орқали кириб бошпана излаётган муҳожирлардан бири.

“Мен сал кам тўрт ой Мексика чегарасида миграция марказида ўтириб, мана, ҳозир Калифорния штатида юрибман. Мен шу нарсанинг гувоҳи бўлдимки, АҚШга Мексика орқали ўтишга ҳаракат қилаётган ўзбекистонликларнинг тўқсон фоиздан кўпининг бу ерга келиш ва ерлашиш мотивлари - иқтисодий. Яхшироқ ҳаёт илинжида АҚШда ўрнашиш. Бунинг учун улар Миграция хизматларига ҳар хил баҳоналарни айтишади", - дейди Гаршин.

АҚШда яшаётган ўзбекистонлик тадқиқотчи Баҳодир Файзнинг айтишича, сўнгги пайтларда Туркия орқали Мексика ва у ердан ноқонуний АҚШга ўтишга уринаётган марказий осиёликлар сони кўпайган.

Ўтган йили АҚШга Мексика чегараси орқали 2,5 миллион ноқонуний муҳожир ўтган.

Чегара масаласи ноябр ойида АҚШда бўладиган президентлик сайловларида ҳал қилувчи масала бўлиши кутиляпти.

АҚШга қонуний йўл билан грин карта олиб келиш мумкин.

Ҳар йили 2 миллиондан ортиқ Ўзбекистон фуқароси Америкада яшаш ҳуқуқини берувчи грин-карта лотереяси ўйинида қатнашади.

АҚШ Аҳолини рўйхатдан ўтказиш бюросининг сўнгги ҳисоботига кўра, Қўшма Штатларда 62 мингдан зиёд ўзбекистонлик яшайди. Улардан икки мингдан ортиғи АҚШ ватандошлигини олган.

Ўзбеклар энг кўп яшайдиган шаҳарлар Нью Йорк, Сан Антонио, Хюстон, Чикаго, Филадельфия экани айтилади.

2023 йили Ўзбекистон Green Card ютуқлари бўйича ҳам етакчи 10 давлат қаторига кирди.

DV-2024 лотереяси натижалари 2023 йил май ойида эълон қилинган. Шу билан бирга, 2022 йилда Ўзбекистон Green Card олувчи давлатлар орасида учинчи ўринни эгаллаган эди.

Форум

XS
SM
MD
LG