Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:34

Андижонда 15 яшар қиз ҳомиладор бўлди. Қизларнинг бокиралиги текширилмоқда


Суратнинг Андижондаги воқеага алоқаси йўқ.
Суратнинг Андижондаги воқеага алоқаси йўқ.

Андижондаги 6-мактабда 9- синф ўқувчисининг ҳомиладор бўлиб қолиши ортидан шаҳар мактабларида қизларнинг бокиралигини текшириш кучайди. Бу ҳақда Озодликка шу мактаб ўқитувчилари ва маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари маълум қилди.​

Ўқитувчилар жавобгар эмас

6- мактаб раҳбарларидан бирининг айтишича, айни мактабнинг 9- синф ўқувчисининг (исм ва фамилияси Озодликка маълум) ҳомиладор бўлиб қолгани унинг ноябрь ойи охирида мактабга бир неча кун давомида келмагани сабабини аниқлаш давомида маълум бўлган.

"У 25 ноябрь куни дарсга келмади. Бувисига телефон қилдик. Бувиси инсульт бўлиб қолгани ва айни вақтда набираси унга касалхонада қараётганини айтди. 27 ноябрь куни қизнинг уйига текширгани бордик. Бувиси бу гал иситмаси чиқиб ётганини айтди. Тиббий кўрикдан ўтказилганда ўқувчининг ҳомиладор экани аниқланди," деди мактаб ўқитувчиларидан бири.

Яна бир ўқитувчининг айтишича, тиббий текширувлар натижасида 15 яшар қизнинг 6 ойлик ҳомиласи борлиги аниқланган.

Мактаб ўқитувчилари қиз ёз фаслида ҳомиладор бўлгани учун улар масъулиятни ўз зиммаларига олмасликларини билдирди.

"7 декабрда уйларига бориб, ўқувчидан билдиришнома олдик. Қизнинг айтишича, бу ҳолат у ёзги таътилга чиққан пайтда юз берган. Босқичли имтиҳонлар пайтида қизда ҳеч қандай ўзгариш ёки руҳий тушкунлик ҳолатлари аниқланмаган. Бу ҳолат мактабда ёки мактаб ўқувчилари томонидан содир этилмаган. Ўқувчининг дарсдан кейинги ҳолатига ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс жавобгарлиги ҳаммага маълум," - деди ўқитувчилардан бири.

Андижон шаҳар Ишчилар даҳаси фуқаролар йиғини фаоллари қиз ҳозирда шифокорлар назоратида эканини билдирди.

"Ўқувчи туғруқ комплексида даволанди. Икки кун олдин даволаниб чиқди. Мактабга бораётгани йўқ," деди Ишчилар даҳаси фаолларидан бири.

Ёппасига текширув

Маҳалла фаолларидан бирининг маълум қилишича, мактаб ўқувчисининг ҳомиладорлиги аниқлангач, шаҳар ҳокимлиги қизларнинг бокиралигини текширишни кучайтирган.

"Мактабларда қизларни УЗИдан ўтказаяпмиз. Ҳар бир мактаб қизларни ташкиллаштирган ҳолда поликлиникаларга олиб бориб, қизлигини текшираяпти. Текширувлар анча олдин бошланганди. Лекин 15 яшар қизнинг ҳомиладор бўлгани аниқлангач, текширувларни янада кучайтирдик," деди маҳалла фаолларидан бири.

6-мактаб раҳбарларидан бирининг маълум қилишича, 15 яшар мактаб ўқувчисининг ҳомиладор бўлгани шаҳар ҳокимлиги, таълим бошқармаси ва фуқаролар йиғини фаолларини "оёққа турғизган".

"Ҳаммани оёққа турғиздида шу воқеа. Роса кўп мажлис қилдик. Ота-оналарни чақиртирдик. Маҳалла комитетидан, поликлиникадан гинеколог врачларни чақиртириб, мажлислар ўтказдик. Қизнинг уйига жуда кўп, ҳар куни бориб хабар олаяпмиз. Маҳалла комитетидагилар билан ҳамкорликда ишлаяпмиз," деди у.

Андижон шаҳар, Ишчилар даҳаси фаолларидан бирига кўра, ҳозирда қизнинг кимдан ҳомиладор бўлгани аниқлаштирилмоқда.

"Дадаси вафот этган. Онаси бор. Онаси Россияга ишлагани кетган. Бувиси, бир опаси ва акаси билан бирга яшайди. Октябрь ойида кўзи хира кўрган акаси онасининг олдига Россияга даволангани кетган," деди у.

Ички ишлар ходимининг таъкидлашича, қизнинг турли кўрсатма бераётгани текширув ишини мураккаблаштирмоқда.

Ўтган ой Озодлик Самарқанд вилоятидаги коллежлар ва ўрта мактабларнинг юқори синф ўқувчи қизлари гинеколог текширувидан ўтказилаётгани ҳақида хабар қилганди.

Қизларнинг бокиралигини текшириш тадбири президент Шавкат Мирзиëевнинг Самарқандда ўз жонига қасд қилган аëллар сони ошгани юзасидан билдирган ҳавотиридан кейин кучайган эди.

XS
SM
MD
LG