Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:25

“Президент уйи” спектакли қаҳрамони Хуршида Тиллаева 3 кун уйдан чиқарилмагани маълум бўлди


Муяссар Раҳимова ҳам ўзини алдов қурбони деб ҳисобламоқда
Муяссар Раҳимова ҳам ўзини алдов қурбони деб ҳисобламоқда

Хуршида Тиллаева ҳамда "Президент совғаси сифатида уй берилди томошаси"да иштирок этишга мажбурланганини даъво қилганлардан бири - Муяссар Раҳимованинг Озодликка айтишича, Андижон ҳокимлиги "томоша"дан кейин журналистларга гапирган Хуршида Тиллаевага ва яна камида икки аёлга уч кун уйидан чиқишга изн бермаган.

Алдов қурбони бўлганлардан бири - Муяссар Раҳимова Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева қабулида бўлгани ва коттеж олиш ниятидан қайтмаганини Озодликка билдирди.

Бу маълумотни Хуршида Тиллаеванинг қўшнилари ҳам тасдиқлади. Айни пайтда “коттеж ваъда қилиниб, кейин берилмаган” бошқа аëллар ҳам маҳаллий ҳокимият босими остида қолаётгани айтилмоқда.

Президент келганида коттеж берилиб кейин чиқариб юборилганлардан Шоҳиста Бакирова билан Муяссар Раҳимовалар 10 июнь куни вилоят прокуратурасига чақирилган.

Муяссар Раҳимованинг Озодликка айтишича, прокуратура ходимлари ундан “хўжакўрсин уй“ воқеаси юзасидан тушунтириш олган.

Ўзини ҳокимият “саҳналаштирган ўйин қурбони" дея билган Муяссар Раҳимова “ҳокимиятни фош“ қилган уч нафар аëлнинг Озодликка суҳбат берганидан кейин кўрган- кечирганларини гапириб берди:

- Ҳозир прокуратурага ҳам кўрсатма бериб келдим. Уларга айтган гапимни сизга ҳам айтаман. Андижон раҳбарлари Хуршида Тиллаеванинг ўзини айбдорга, ношукурга чиқариш учун уни уч кун уй қамоғида сақлаб тавбасига таянтиришди. Озодликда мақола чиққанидан кейин бизни ҳам устимиздан қулфлаб, уй қамоғида ўтиришга мажбур қилишди. Аммо мен ўз талабимдан воз кечганим йўқ. Президент совғаси дея менга берилган коттеж қайтарилсин. Менга дом уй керак эмас.

Спектаклнинг давоми

Муяссар Раҳимованинг Озодликка айтишича¸ Андижон ҳокимлиги Озодлик мухбирига суҳбат берган Хуршида Тиллаевани уч кун уй қамоғида сақлаганидан кейин¸ у "Ўзбекистон 24" телеканалига 16 май куни интервью берган “обстановкали коттежга” онасини яна қайтариб кўчириб оборишган:

- Мақола чиққанидан уч кун ўтиб, 31 май куни Хуршиданинг онасини у телевизорга чиқиб суҳбат берган Хидирша массивидаги коттежга кўчириб оборишди. Чунки Тошкентдан журналистлар кела бошлаган эди.

Воқеани ўрганган ва хавфсизлигини ўйлаб исми айтилишини истамаган андижонлик блогернинг Озодликкка айтишича¸ Озодлик мақоласидан кейин тезда Хуршида Тиллаеванинг онаси коттежга қайтариб кўчириб қўйилиши “спектаклнинг давоми холос”:

-Тошкентдан келган журналистлар кўрсин, деб кўчиришди. Қаранг, президент 16 майда келиб кетди. Спектакль фош қилинган мақола 28 май куни чиқди. Хуршиданинг онаси 31 май куни коттежга “кўчиб ўтди”. Мен кадастр идорасидан суриштирдим, коттеж ҳали Тиллаеванинг онасига расмийлаштирилмаган.

31 май куни Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов президент совғаси сифатида “уй берилиб”, кейин уйдан чиқарилган тикувчи Хуршида Тиллаева билан боғлиқ воқеага тўхталиб, "ўша уйда онаси яшаяптику" деб писанда қилган эди.

Андижон вилоят ҳокимлиги сайтидаги гап хатони тан олишдан бошланади:

"Энди бу ерда битта хатолик ўтган булардан энди, олиб киришиб шу уйларга, мана шу уйлар сизларники, деб, ҳалиги отдел кадрими, шу ерда ишлаётган гапирган. Гап кетган холос, тема кетган холос, бу ерда. Лекин у қиз интервью берган бўлса, онасининг уйида интервью берди. Бу ерда ҳам онаси билан бирга яшаб келган-ку, шу пайтгача. Нима бўпти онасининг уйида интервью берган бўлса? Нима хатолиги бор буни? Энди чиройлик кўриниб кетиб, у қизимиз ҳалиги тўқликка шўхлик деган нарсани, сизларга уч марта қайтараман. Нима ерда яшаётувдингизу, нима ерга олиб чиқяпмиз сизни? Қанақа ҳолатда эдингизлару, қанақа ҳолат, юртбошимиз бош, сизга шароит яратиб бераяпмиз", дея эътироз билдиради вилоят ҳокими.

Коттеж ваъда қилинган, лекин берилмаган 23 аëл ишдан бўшаб кетгани маълум бўлди

Муяссар Раҳимованинг айтишича¸ ўзи ва ўнлаб бошқа аëллар коттеж олиш учун Андижон вилоят Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан очилган "Мустақиллик тикувчилик мажмуаси"га ўтган йили ишга кирган:

- Ўтган йили Президент маслаҳатчиси Турсунхон Худойберганов Андижонга келиб бизни тўплаб йиғилиш ўтказди. Йиғилишда уйга муҳтож, ишсиз аёллар учун олти ойлик ишлаган пули бошланғич тўловга ўтиши шарти билан тикувчилик цехи очилганини айтди. Шундан сўнг, 2018 йил октябрида вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзура Юнусова барча 63 аëл коттеж олишини айтиб, цехга ишга қабул қилди.

Аммо президент келиши арафасида коттеж оладиганлар рўйхати 8 кишига туширилган:

- Андижон шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Равшаной Тўхтасинова тикув цехига келиб, ишчиларга коттеж эмас дом берилади, деди. Шундан кейин коттеж оламиз деб ишлаётган 63 нафар аёлдан 23 нафари ишдан бўшаб кетди¸ - дейди Раҳимова.

Муяссар Раҳимованинг айтишича, у ва яна 7 нафар аëлга “президент совғаси сифатида текинга коттеж берилиши” ваъда қилинади:

- Бунинг эвазига мен телевизорга чиқиб гапиришим лозим эди. Наврўз байрами пайтида қурилаëттан коттежлар фонида туриб "Ўзбекистон 24" каналига интервью берганман.

Муяссар Раҳимованинг яна айтишича¸ коттеж олувчилар рўйхатига кирган 8 аëл билан президент келишидан бир ҳафта олдин Андижон вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзура Юнусова “муттасил иш олиб борган”:

- Вилоят ҳокими ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзура опа бизни учрашувга тайëрлади. Адрас куйлак олдирди. Пулим йўқ десам¸ қарзга олинг куйлакни мана коттежли бўляпсиз мени умидлантирди.

Раҳимовага кўра¸ президент Андижонга келган 16 май куни жами 8 нафар аëл коттежларга кўчиб кирган ва улардан етти нафари президент кетиши биланоқ¸ уйлардан чиқариб юборилган.

ТВ даги ëлғон қандай ясалди?

Ўзбекистон президентининг 16 май куни Андижон вилоятига ташрифини ëритган "Ўзбекистон 24" канали таунхаус типидаги ҳовлили уйлардан иборат янги массивга 164 оила кўчиб кирганини айтган. Ташрифни ëритишда иштирок қилган маҳаллий журналистлардан бири исми сир қолиш шарти билан Озодликкка баъзи тафсилотларни айтиб берган эди.

Президент билан учрашадиганлар шортлистига кирган бир соатлик “уй бекаларидан” бири Муяссар Раҳимованинг айтишича¸ “спектаклнинг ишонарли чиқиши учун” ташкилотчилар сидқидилдан ҳаракат қилишган:

- Ўша телевизорда кўрган уйдаги жиҳозларнинг ҳаммасини ҳокимият вақтинча олиб келиб қўйган. Ошхонадаги зиравор соладиган кўзалар ва девордаги пальмалар расмигача. "Президентга ортиқча савол берманг¸ фақат дуо қилиб¸ миннатдорчилик билдиринг"¸ деб уқтиришди.

Муяссар Раҳимова
Муяссар Раҳимова

Кейинчалик хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзура Юнусова маҳаллий матбуотга берган суҳбатида аёллар алданганини тан олиб, фақат бу алдов эзгу мақсадлар йўлида қилинганини тасдиқлаган эди.

Бу алдов қурбони бўлганлардан бири - Муяссар Раҳимова Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева қабулида бўлгани ва коттеж олиш ниятидан қайтмаганини Озодликка билдирди.

XS
SM
MD
LG