Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:39

Андижонда свети тармоқдан узилган одам МИБ ходимини пичоқлади


Андижон вилоят, Андижон туманида яшайдиган фуқаро 19 июль куни уйига қарз ундиришга келган Мажбурий ижро бюро ходимини пичоқлади.

Орқасидан иккита пичоқ жароҳати олган МИБ ходими касалхонага ётқизилган. Андижон шаҳар шошилинч тиббий ёрдам касалхонасидан Озодлик олган маълумотга кўра, ходимнинг аҳволи ўртача оғир, деб баҳоланмоқда.​

Андижон туман ички ишлар бўлими мулозими шундай вқоеа бўлганини тасдиқлади ва МИБ ходимига тан жароҳати етказишда гумонланган шахс устидан жиноят иши очилганини маълум қилди.

Андижон тумани Бўтақора қишлоғида яшайдиган, ўзининг "Дамас" машинасида киракашлик билан шуғулланадиган Ёдгор Охунов 19 июль куни унинг уйига қарз ундиришга келган МИБ ходими Баҳромни (МИБ ходими фамилиясини аниқлаш имкони бўлмади – таҳр.) пичоқлаганликда гумонланиб ҳибсга олинган.

Бу хабарни тасдиқлаган Андижон туман ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозимига кўра, қасддан баданга оғир шикаст етказишда айбланаётган шахсга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 104-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Мулозим бу ҳақда бошқа маълумот беролмаслигини айтди.

Воқеага гувоҳ бўлган Бўтақора қишлоғи маҳалла фаолларидан бирининг Озодликка айтишича, МИБ ходими электрдан бўлган қарзини ундириш мақсадида Ёдгор Охуновнинг уйига келган:

“Ёдгорнинг электрдан 500 минг сўм қарзи борлиги учун уйини бир ҳафтача олдин электрдан узиб кетишган эди. 19 июль куни кечга яқин Баҳром деган МИБ ходими ундан қарзини ундиришга келган. Ёдгор уйида бўлмаган, МИБ ходими билан жанжал бўлганидан сўнг, хотини уни телефон қилиб чақирган. Ёдгор жанжалнинг устига етиб келган ва МИБ ходими билан сану-манга борган. Ёдгор МИБ ходимига икки марта орқасидан пичоқ санчиб олган. Биз борганда МИБ ходимини қўни-қўшнилар ўзларининг машинасида касалхонага олиб кетишган экан. Кейин милиция келди, Ёдгорга наручник солиб олиб кетишди”, дейди маҳалла фаоли.

Андижон шаҳар шошилинч тиббий ёрдам касалхонасидан Озодлик олган маълумотга кўра, 19 июль куни кечқурун пичоқланган МИБ ходимига жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Врачлар унинг аҳволини ўртача оғир, деб баҳоламоқда.

Ўзбекистонда аҳолининг МИБ ходимлари билан қарздорлик масаласида жанжаллар бўлиб туради.

Жумладан, жорий йилнинг февраль ойида Наманган вилояти Поп тумани Чодак қишлоғида Мажбурий ижро бюросининг Адҳамжон Обидов ва Бахтиёр Камолов Чодак қишлоғидаги Шамсиддин Ҳасанов хонадонида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш бўйича далолатнома ёзаётганида, шу маҳаллада яшовчи Шавкатжон Юсупов маст ҳолда “Сенлар одамлардан пул талаб қиляпсан”, дея Бахтиёр Камоловнинг юзига мушт туширган. Маст ҳолдаги ватандошни ушлаш учун ички ишлар ходимлари чақирилган.

Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманининг Мажбурий ижро бюроси бошлиғи Баҳром Жўраевни 3 май куни ишдан бўшатилган ходими Шавкат Ибратов пичоқлаган эди.

XS
SM
MD
LG