Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:33

Андижон поликлиникасида газ портлаши оқибатида 18 ўқувчи ва 4 ўқитувчи жароҳатланди


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

26 февраль куни тонгги соат 10 ларда Андижон шаҳридаги марказий поликлиника қозонхонасида портлаш юз берди.

Воқеа гувоҳларининг айтишларича, портлаш оқибатида қозонхонага яқин рентген кабинетида бўлган мактаб ўқувчиларидан беш нафари оғир жароҳат олган ва ҳозирда касалхонага ётқизилган.

Дастлабки тахминга кўра, портлашга қозонхонада газ йиғилиб қолгани сабаб бўлган.

Матбуотга маълумот бериш ваколати йўқлиги учун исми сир қолишини сўраган поликлиника шифокорларидан бири Озодликка воқеа тафсилотларини гапириб берди.

“Қозонхона поликлиникамизнинг орқа томонида жойлашган. Ўша томондаги рентген кабинети бор. Ўша ерда 4-мактаб ўқувчилари флюрографиядан ўтишаётган эди. Портлаш шунчалик кучли бўлдики, худди бомба тушгандай бўлди. Бутун поликлиника титраб кетди, деразалар чил-чил бўлди. Қозонхонадаги кучли портлаш босими рентгенхона деворларига ҳам зарар етказган. Натижада ўша ердаги ўқувчилардан камида беш нафари қаттиқ жароҳат олди. Ҳозир улар касалхонада”.

Андижон шаҳар тиббиёт бирлашмасининг ўзини таништирмаган мулозими, поликлиника қозонхонасида портлаш бўлганини тасдиқлади.

“Ҳозир ҳамма ўша ерда, милиция ҳам, прокуратура ҳам, ўт ўчирувчилар ҳам. Дастлабки тахминларга кўра, қозонхонада йиғилиб қолган табиий газ портлаш сабаби бўлган. Қозонхонага қаровчи ишчининг айтишича, воқеа содир бўлмасдан ярим соат олдин у қозонхонага кириб, ҳаммасини текшириб чиққан экан. Аниқ версияни энди мутахассислар айтишади”, деди мулозим.

Исми сир қолишини сўраган 4-мактаб ўқитувчиларидан бирининг айтишича, болалардан бир нафари енгил жароҳат олгани учун биринчи ёрдам кўрсатилиб, касалхонадан жавоб бериб юборилган:

"Қолган тўрт нафарининг жароҳати жиддий. Бир қизбола, уч нафари ўғил бола. Бирининг оёғи сингани учун гипс қилинган, бирининг белига осколка тегиб йиртиб юборган, у тикилган. Биттаси куйиш жароҳати олган, биттаси шокка тушиб қолгани учун ҳозир нейрохирургия бўлимига ётқизилган".

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими​ 26 февраль куни бу воқеа бўйича шундай хабар тарқатди:

"Бугун, 26 февраль куни соат 10:26да Андижон шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси ҳудудидаги “Иссиқлик манбаи” АЖга қарашли иситиш қозонининг портлаши юз берди.

Фавқулодда ҳолат оқибатида поликлиникада тиббий кўрикдан ўтаётган шаҳардаги 4-умумтаълим мактабининг 18 нафар 9-г-синф ўқувчилари турли даражада енгил жароҳат олиб, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали травматология қабулхонасига олиб келинган.

Улар зудлик билан зарур текширувлардан ўтказилиб, шифокорлар томонидан шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилди. 18 нафар бемор кузатув остида бўлиб турибди. Олиб келинганлардан 4 нафари ҳолати текширилиб, нейрореанимация бўлимига ётқизилди, жумладан, 2 нафар беморда зудлик билан жарроҳлик амалиёти ўтказилди. 10 нафар қўшимча мурожаат қилганларга амбулатор-психологик ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилди.

Жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатиш, зарур дори-дармонларни етказиб бериш бўйича барча чоралар кўрилган. Вазият Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан назоратга олинган".

Ўзбекистонда газда ишлайдиган қозонхоналарнинг портлаб туриш ҳолатлари учраб туради.

Бекобод шаҳридаги 1-умумтаълим мактабининг қозонхонаси 28 январь куни туш пайти портлаб кетган эди. Портлаш оқибатида қозонхона ёнида таъмирлаш ишлари билан машғул бўлган қашқадарёлик ишчилардан бири воқеа жойида ҳалок бўлган, икки киши тан жароҳати олган эди.

XS
SM
MD
LG