Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:37

Андижонда йўл тўсган аёллар қамалди. Улар ҳокимдан уй-жой муаммосини ҳал қилишни талаб қилиб чиққан эди


31 июль куни, асосан аёллардан иборат йигирмадан ортиқ одам Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов қабулига борган.
31 июль куни, асосан аёллардан иборат йигирмадан ортиқ одам Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов қабулига борган.

Ўтган шанба Андижонда норозилик тариқасида йўл тўсишга уринган аёллардан 11 нафари 8 суткадан 15 суткагача бўлган муддатга қамалди.

Ҳоким қабулига киролмаганидан норози бўлган аёллар ички ишлар ходимларининг қонуний талабларини бажармаслик ҳамда кўча юришлари ёки намойишлар ўтказиш тартибини бузишда айбланган.

Қолган аёллар эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 баравари (1 миллион 715 минг сўм) миқдорида жаримага тортилди.

31 июль куни, асосан аёллардан иборат йигирмадан ортиқ одам Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов қабулига борган.

Ҳоким қабулига қўйилмаган аёллар норозилик сифатида ҳокимлик биноси олдидан ўтувчи марказий йўлни тўсишган. Бу ҳақда Озодлик ўша куни хабар берган эди.

Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг Озодлик суҳбатлашган вакили 31 июль куни ҳоким Шуҳрат Абдураҳмонов қабулига келган аёллар вилоят раҳбарининг биринчи ўринбосари Отабек Турсунов ҳузурига йўлланганини айтди.

“Ҳоким йўқлигида унинг биринчи ўринбосари қабул қилади. Лекин аёллар ҳоким қабул қилсин, деб туриб олишди. Жамоат жойларида ўзини тутиш қоидаларини бузиб, жанжал кўтаришди, тўс-тўполон қилиб йўл тўсишди. Биз бу холат ҳақида ўз вақтида хабар берганмиз. Тартиб бузилгандан кейин ишга ҳуқуқ-тартибот идоралари аралашади. Суд аралашади. Биз уларнинг қарори бўйича изоҳ беришга ваколатимиз йўқ”, - деди Андижон вилояти ҳокимининг матбуот хизмати вакили.

Аёллар нимадан норози бўлиб ҳокимликка боргани ҳақида расмий баёнотда ҳеч нарса айтилмаган. Ҳокимлик мулозими Озодликка “аёллар турли муаммолар” билан келганини айтиш билан челанди.

Уйсиз қолган андижонликлар

Андижонлик ҳуқуқ фаоли Саиджаҳон Зайнобиддиновнинг Озодликка айтишича, 31 июль куни ҳоким қабул қилишини талаб қилиб борган аёллар уйлари бузилиб, кўчада қолган фуқаролар бўлган.

“Икки йилча олдин шаҳар марказидаги Чўлпон кўчасида “хрушёвка” уйлар бузилган эди. “ “LYUKS APORTAMENT” деган ширкат ҳокимлик рухсати билан қилган бу ишни. Қурувчилар уйи бузилганларга арзон нархга квартира қилиб берамиз, деб ваъда берган. Ваъда қилинган муддат 2020 йилнинг декабрь ойи эди, ўтиб ҳам кетди. Қурилиш бошлангани йўқ. Янги пудратчи қаерга борсанг боравер, деяпти. Эски шартномани тан олмайман, деяпти. Эски қурувчилар эса фирибгарлик қилиб Қирғизистонга кетворган.

Ҳар бир домда ўнтадан квартира бўлса, учта дом бузилган, ўттизта оила бўладими, шулар ҳозир кўчада. Бир ой олдин буларни ҳоким қабул қилувди, ҳал қиламиз, деб ваъдалар бериб, жўнатворганди. Мана, бир ой ўтиб, ваъдалар бажарилмаган, булар яна ҳокимликка боришяпти. Ҳоким қочиб юрибди, ўрнига милиция ходимлари келяпти, устидан иш очиляпти, қамаяпти”, - дейди Зайнобиддинов.

Озодлик қамалган аëлларнинг қариндошларига боғлана олмади.

Саиджаҳон Зайнобиддиновнинг айтишича, норозилик билдириб борганларга қамоқда босим қилинган бўлиши мумкин.

“Қўрқитилган ҳаммаси. Қариндошлари билан ҳам гаплашолмайсиз, шокда”, - дейди Зайнобиддинов.

“Каримов даврида ҳам аёлларга тегилмаган”

Андижонда 2005 йил 13 май куни содир бўлган оммавий ғалаённинг қонли бостирилишидан буён аҳолининг йирик норозилик чиқишлари кузатилмаган.

Аммо сўнгги ойларда йўл тўсиш акциялари тўлқини бу вилоятга ҳам келди.

“2005 йилдаги воқеалардан кейин Андижондан ортиқча шовқин чиқмасин, деган алоҳида директива бўлган. Энди, ҳозир чамамда, у воқеалар унутилиб, қўрқувлар ариб, йўл тўсишлар кўпаймоқда, аёллар кўп чиқяпти. Ҳокимликдагилар жудаям эплашолмай қоляпти. Норозилик кучаймоқда. Нимага бизда аёллар намойишга чиқади, чунки булар шу тегилмайдиган қатлам бўлиб келган. Каримов президентлиги пайтида ҳам уларга тегилмаган. Каримов аёллар билан жанг қилмаймиз, деган. Чунки ёш болалари бор. Бу қамалган аёлларнинг ҳам ёш болалари бор. Энди ҳозир ўнтасини жазолаб туриб, қолганларга йўл тўссанг мана бунақа бўлади, деб қўрқитяпти чамамда. Лекин бу билан йўл тўсишлар тўхтамаса керак, чунки пичоқ одамларнинг суягига бориб қадалган”, - дейди Зайнобиддинов.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда аҳолининг ўз норозилигини ифодалаш учун йўл тўсиши кўп кузатилмоқда. Аксар ҳолларда бундай норозиликлар расмийларнинг назарига тез тушади ва узоққа чўзилмайди.

Йўл тўсиш акцияларининг иштирокчилари эса, асосан аёллар.

Бу йилги қиш мавсумида газ ва электр таъминотидаги мунтазам узилишлар ортидан Андижон, Хоразм, Фарғона, Сирдарё ва Қорақалпоғистонда аҳоли норозилик билдириб, йўлларни тўсиб қўйди.

Ўзбекча норозилик: Газ ва светсиз қолган аҳолининг йўл тўсиш акциялари...
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:05 0:00

Маҳаллий ҳокимиятлар аҳоли норозилигини вақтинча чоралар, жумладан, шошилинч тарзда кўмир тарқатиш ёки электр таъминотини бир муддат қайта тиклаш билан ҳал қилишга уринди.

Ўзбекистонда аҳолининг тинч намойишлар ўтказишига рухсат этилмайди, инсон ҳуқуқлари гуруҳлари бу борадаги мавжуд тартиб амалда демократик жамиятларнинг фундаментал ҳуқуқи бўлган тинч намойишлар ўтказиш ҳуқуқини чеклашини танқид қилиб келадилар.

Андижонда шаҳар қиёфасини янгилаш доирасида эски уйлар ўрнида янги 16-қаватли уйларни қуриш 2019 йилда бошланган эди.

Андижон шаҳар хокимининг 2019 йил 3 апрелдаги 200-қ-сонли қарорига мувофиқ янги қурилишларга ер очиш учун шаҳар марказида жойлашган Чўлпон кўчасидаги уйлар бузиб ташланган.

Бу холат фуқаролар норозилигига сабаб бўлгач мулк ҳуқуқлари қонун билан кафолатланиши юзасидан Андижон вилояти ҳокимлиги вазиятни ўз назоратига олишини маълум қилган эди.

Уйлар қурилиши кечикиши ортидан шу йилнинг 7 июль куни Андижон шаҳар халқ депутатлари кенгаши “LYUKS APORTAMENT-1” маъсулияти чекланган жамияти томонидан Андижон марказида Чўлпон шоҳ кўчасидаги 183-, 185- уйлар ўрнида замонавий лойиҳалар асосида кўп қаватли турар-жой бинолари қуриш ишларини бир ой муддатда жадаллаштириш чораларини кўриш ҳақида қарор чиқарди.

Андижон шаҳар халқ депутатлари кенгашининг "Андижон сити" бўйича чиқарган қарори.
Андижон шаҳар халқ депутатлари кенгашининг "Андижон сити" бўйича чиқарган қарори.

Озодлик тасарруфидаги қарор нусхасида қурилиш ишлари тармоқ-жадвал асосида олиб борилмаган тақдирда, доимий комиссия хулосаси асосида ҳалқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессиясида Андижон шаҳар ҳокимининг 2020 йил 10 февралдаги 80-Қ сонли қарорини бекор қилиш тасдиқланиши айтилган.

Ўзбекистон бош прокуратураси шу йил бошида берган маълумотга кўра, “снослар” бўйича энг кўп ноқонуний қарор Андижонда қабул қилинган.

АОКАда ўтган брифингда Бош прокуратура бошқарма прокурори Абдураҳим Муҳиддиновнинг билдиришича, уйи бузилган мулкдорларга давлат 400 миллиард сўмдан кўпроқ қарз бўлиб қолган. Бу қарзнинг фақат 202 миллиард сўми тўланган.

“2020 йилнинг 1 январь ҳолатига бузилган мулклар бўйича компенсация тўловларидан қарийиб 443 млрд. сўм қарздорлик мавжуд бўлган, бироқ ўтган йилда бу қарздорликнинг атиги 202 млрд. сўми ёки 45 фоизи мулк эгаларига қоплаб берилган, холос”,- деб айтган Бош прокуратура мулозими.

Унга кўра, тўланган қарздорликнинг 151,5 млрд. сўми нақд пул, 10,7 млрд. сўми ер бериш, 39,2 млрд. сўми мулк бериш ҳисобига тўғри келган.

Шу билан бирга, ҳудудий ҳокимликлар томонидан бузилишлар бўйича қабул қилинган 52,6 млрд. сўмлик 196 та қарорларнинг 76 таси ёки 39 фоизи бўйича амалдаги тартибга риоя этилмаган.

Ноқонуний қарорлар Андижонда 48 та, Тошкентда 11, Наманганда 7, Жиззахда 6, Қорақалпоғистонда 4, Бухорода 3 ва Қашқадарёда 1та қабул қилинган.

Бунинг оқибатида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида 1 338 та мулк эгасидан ҳукумат 221,5 млрд. сўм қарздор бўлиб қолган. Бу эса мулкдорларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилиши сифатида таснифланиши мумкин.

Қонуний ва ноқонуний "снос"лар Тошкент шаҳри, Қашқадарё вилояти ва бошқа қатор ҳудудларда аҳолининг норозилик чиқишларига сабаб бўлган.

XS
SM
MD
LG