Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:41

Андижондаги кластер 3 ойдан буён фермерларга пахта пулини бермаяпти


Ўзбекистондаги аксарият кластер корхоналари фермерларнинг пахта пулини шартнома муддатида тўлаб беролмайди.
Ўзбекистондаги аксарият кластер корхоналари фермерларнинг пахта пулини шартнома муддатида тўлаб беролмайди.

Андижон вилоят, Улуғнор туманидаги “Водий саноат фахри” МЧЖ кластер корхонаси ўнлаб фермернинг 2020 йил пахта пулини бермай келмоқда.

Бу ҳақда арз қилган фермерларнинг Озодликка айтишича, ўз ҳақини талаб қилиб борган фермерларни "кластер раҳбари қувиб солган".

Кластер корхонаси бош ҳисобчиси 14 фермернинг пахта пули тўланмаганини тасдиқларкан, бунинг сабабини пандемия боис хорижга маҳсулот сотилмай қолгани билан изоҳлади.

Улуғнор туманидаги фермерларнинг айтишларича, кластернинг пахта пулини тўлаш муддати шартномада кўрсатилганидан юз кун ўтиб бораётган бўлса-да, кластер 2020 йил ҳосил пулини тўлашдан бўйин товлаб келмоқда.

“Ҳумоюн Мирзо” фермер хўжалиги раҳбари Шуҳратбек Абдуқодировнинг айтишича, у кластерга қарийб 80 тонна пахта сотган, лекин шу пайтгача пулини ололмаган:

Бизнинг топширган маҳсулотимизни ҳақини берсин, бўлди, бошқа даъвомиз йўқ!

“Кластер бир сўм пул бергани йўқ, қўлим бир сўм ҳам пул кўргани йўқ. Барча харажатлардан ташқари, 36 миллион сўм соф даромадим бор. Ишчиларимга пул беришим керак, сувчиларга бериш керак, эҳеее, бир дунё масала бор. Ҳамма нарса ана шу пулга қараб турибди. Агар биз қарздор бўлиб қолсак пенья тўлаймиз, ҳозир мана солиқдан қарзимиз бор, пенья босиб ётибди. Бўлмаса, солиққа тўлаб берсин. Бизнинг топширган маҳсулотимизни ҳақини берсин, бўлди, бошқа даъвомиз йўқ!”

“Улуғнорда Турсуной ери” фермер хўжалиги раҳбари Жонибек Холматовнинг айтишича, кластер ундан ҳам қарийб 17 миллион сўм қарздор:

“Шартномани бажарган бўлсак, ўз вақтида пахтани териб топширган бўлсак, нега пулимизни бермайди. Қачонгача кластер ортидан чопиб юрамиз, қачонгача ўзимизнинг пешона тери ҳақимизни ололмаймиз?”

“Улуғнорда Сариқсув” фермер хўжалиги раҳбари Элмурод Исроилов кластер раҳбари олдига бир неча бор пахта пулини сўраб боришгани, лекин раҳбар уларни қувиб солганини айтади:

Мени сизларга берадиган пулим йўқ деб, ҳайдаб чиқариб юборди.

“Буни қаранг, пахта топшириш шартномасини 130 фоизга бажардим. Ўзим ҳам, ишчиларим ҳам январда қўлимиз пул кўради деб хурсанд бўлдик. 16 миллион сўм пулим қолган, шуни бермаяпти. Солиқ пенья туғиб ётибди. Куни-кеча кўпчилик бўлиб, калстер раҳбари Иқболжон деган одамнинг олдига кирган эдик, мени сизларга берадиган пулим йўқ деб, ҳайдаб чиқариб юборди. Ўзининг ҳақингни олиш учун ҳам гап эшитсанг, ахир бу нима деган гап?”

“Нодир” фермер хўжалиги раҳбари Шарофиддин Мақсудов ҳам шу пайтгача 18 миллион сўм пулини ололмаётганини айтди.

“Водий саноат фахри” МЧЖ кластер корхонаси раҳбари Иқболжон Абдуманнаев Озодлик қўнғироқларига жавоб бермади.

Кластер корхонаси бош ҳисобчиси Нодир Достонов 14 фермернинг пахта пули тўланмаганини тасдиқлар экан, бунинг сабабини экспорт тўхтаб қолгани билан тушунтирди.

Ҳозир 14та фермердан 350 миллион сўм қарзимиз қолган.

“Тўғри, шартнома муддати ўтиб кетди. Бизнинг маҳсулотларимиз асосан чет элга экспорт бўлади. Пандемия сабаб экспортимиз жичча тўхтаб қолиб, шунинг ҳисобига маблағни етказолмай қолдик. Ҳозир 14та фермердан 350 миллион сўм қарзимиз қолган. Мана, бозоримиз юриб қолди, Худо хоҳласа апрель ойининг охиригача ҳал қиламиз”.

Бош ҳисобчи Озодликнинг “кечиктирилган муддат учун фермерга сизлар ҳам пенья тўлайсизларми?”, деган саволига “Биринчи ўринда ўзаро келишув қилинади, агар келишувга эришилмаса, судга мурожаат қилишлари мумкин. Лекин пуллари қолиб кетмайди, берамиз, албатта”,- дея жавоб берди.

Фермерларнинг иддао қилишларича, бир нечта ишлаб чиқариш корхоналарини ўзида жамлаган “Водий саноат фахри” МЧЖ кластернинг маблағи етарли, лекин бу пулларни у аввало ўзининг манфаати учун ишлатмоқда:

“Кластернинг қурилиш объектлари кўпайиб кетибди, деган гапларни эшитяпмиз. Кластер раҳбарининг бир-иккита фабрикани очиб олай, кейин сизлар билан расчет қиламан, деган жойи ҳам бўлди. Учинчи апрель куни ўша фабрикани очиб, кейин бераман деди, мана у ҳам ўтди, бермади. Улуғнорда фабрикаси бор, Андижонда янги фабрика очди, беш юлдузли меҳмонхона қуряпти. Фермернинг пулига қараб қолган экан”.

Озодлик бундан аввал ҳам ўнлаб туманларда пахта пулини ўз вақтида ололмаган фермерлар муаммоларини ёритган эди.

Жори йил бошида Хоразм вилоятидаги 78 та фермер хўжалиги раҳбарлари “Шовот Текстил” кластер корхонасига қарашли “Textile Finance Khorezm” МЧЖ билан ишлашдан бош тортган. Шовотлик фермерлар йирик тадбиркор Фарҳод Мамажонов назорат қиладиган “Uztex Group” ни етказиб берилган пахта учун кам ҳақ тўлаш ва кластер манфаати кўзланган шартномани имзолаш йўлида босим ўтказишда айблашган.

14 январь куни Озодлик билан суҳбатда фермерлар бундан сўнг фаолиятларини ўзлари ташкил қилган “Шовот Пахта кооперацияси”да давом эттиришларини айтишган.

Британиядаги Ulster университетининг криминология профессори Кристиан Ласслетт ўтган йилги тадқиқотида Ўзбекистондаги кластерлар фаолиятида шаффофликнинг деярли йўқлигига эътибор қаратганди.

“Биз кластерларга¸ шартли равишда уч хил рангдаги байроқ бериб чиқдик. Яшил - фаолияти очиқ ва шаффоф ¸ зарғалдоқ -жамоатчилик учун очиқ манбаларда бирор маълумот йўқ¸ қизил эса бошқарув фаолияти нафақат ахлоқ¸ балки пул ювиш бўйича гумонларга элтувчи жиҳатлар туфайли ҳам ëмон деб топилган кластерларга берилди. Ҳайратланарли жиҳати¸ Ўзбекистонда кейинги уч йил ичида ташкил этилган кластерларнинг 49 фоизи зарғалдоқ¸ 41 фоизи эса¸қип-қизил бўлиб чиқди. 90 фоиз кластерга оид маълумот ëки умуман йўқ¸ ëки борлари ниҳоятда шубҳалидир”, - деган тадқиқотчи Озодлик билан суҳбатда.

XS
SM
MD
LG