Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:49

Андижонлик фермерлар уйидан 50 км узоқликдан уй сотиб олишга мажбурланяпти


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Андижон вилоят, Андижон туманидаги фермерлар буғдойдан тушган даромад пулига 50 километр узоқликдаги Хонобод шаҳридан кам таъминланган оилалар учун қуриладиган 2 хонали уйлардан сотиб олишга мажбурланяпти.

Бу ҳақда Озодликка шикоят қилган фермерларнинг айтишича, фермерлар "Агробанк"нинг туман филиалига чақиртирилиб, улардан пул ўтказиш ҳақида “поручение” ёздириб олинмоқда.

Андижон вилоят ва туман ҳокимликлари мулозимлари Озодлик саволларига жавоб беришдан бош тортди.

Андижон туман ҳокимининг тазйиғидан чўчиб, исми сир қолишини сўраган фермерлардан бирининг айтишича, 15 июль куни эрталаб Андижон туманининг барча фермерлари Хонобод шаҳрига чақиртирилган, бормаган фермерлар ички ишлар бўлими ходимлари томонидан мажбурлаб олиб борилган.

Фермерлар Хонобод шаҳридаги кам таъминланган оилалар учун уйлар қуриладиган майдонда йиғилган. Бу ҳақда гапирган фермер бундай деди:

“Борсак, Бахтиёр Режапов деган туман Маҳалла жамғармаси раиси фермерларни йиғиб турибди. Кейин у мана шу жойда 2 сўтихли уйлар қурилади. Ҳаммаларинг бугун шу уйларнинг пулини банкдан ўтказасизлар, бир йилда қурилиши тугайди, деди. Ҳамма ҳайрон қолди. Табиийки, бизда савол туғилди. Нега энди, ўзимизнинг тумандан эмасу, Хонободдан уй сотиб олишимиз керак экан деб. Бу савол раисга берилди. У эса, мен билмайман, бу ҳокимнинг буйруғи, ҳамма шу ердан уй сотиб олишга мажбур, ҳозир қайтиб бориб банкдан 45 миллион сўмдан қурилиш фирмаси ҳисобига ўтказасизлар, деди".

Исми сир қолишини сўраган бошқа фермернинг айтишича, банк улардан “поручение” ҳам олмасдан пулни қурилиш фирмаси ҳисобига ўтказишни бошлаган:

“Биз банкдаги пулимизга ҳам ўзимиз хўжайин эмасмиз. Аввал ўтказдириб олишади-да, кейин поручение ёздириб олишади. Масалан, менга Хонободдан умуман уй керак эмас. Ҳозир эсласам, ўша томонларга бормаганимга 20 йил бўлибди. Мен уйни нима қиламан у ерда? Шунақа десак, ҳали бу жойлар зўр бўлиб кетади, мингта уй қуриляпти, керак бўлмаса бир-икки йилдан кейин 10 минг долларга сотасан, дейишяпти. Мажбур поручение ёзиб бердим. Кам таъминланган оилаларга давлат ўзи пул ажртаган, ўзи қуриб бериши керак. Билмадим, қурилишга пуллари йўқми ёки еб юборишганми, камбағалларга шунча уй қуриб бердик деган ёлғон ҳисобот учун фермерлар ва тадбиркорлар пулига қурдиришяпти”.

Андижон туман Маҳалла жамғармаси раиси Бахтиёр Режапов Озодлик саволига жавоб беришдан бош тортди ва телефонини ўчириб қўйди.

Андижон вилоят фермерлар кенгашининг исми сир қолишини сўраган мулозимларидан бири, бундай топшириқ вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов томонидан берилганини айтди:

“Бу битта Андижон туманида эмас, бошқа туманларда ҳам бўляпти. Вилоят ҳокимининг ўзи ҳар битта тумандан буғдойдан даромади яхши бўлган 50-60 та фермерга Хонободдаги кам таъминланган оилаларга қуриладиган уйларга пул ўтказишни буюрди. Бу гап мажлисда айтилган. Ўзим эшитганман. Нафақат фермерлар, балки тадбиркорлар ҳам мажбурланяпти бунга. Бу йил буғдой яхши бўлди, фермерлар анча даромад кўрди. Ҳоким бу пуллардан фойдаланиш йўлини топди. Бу уйлар битганидан кейин фермерга тегадими-йўқми, буни ҳеч ким билмайди. Чунки, Хидирша мавзеидаги кам таъминланган оилаларга қурилган уйлар учун пул тўлаган тадбиркорлар, кейин ўз ихтиёрлари билан “кечиб”юборишганини ҳамма билади”.

Озодлик Андижон вилоят ҳокимлигига қўнғироқ қилиб, бу масалага муносабат олишга ҳаракат қилди. Лекин биз боғланган икки мулозим ҳам саволни эшитибоқ алоқани узиб қўйди.

Бундан аввал, Андижон туманидан Озодликка мурожаат қилган фермерлар ғалла режасини бажарган бўлса-да, туман ҳокими “унинг ўзи учун 2-3 тоннадан” буғдойни алоҳида омборга тўкдиргани ҳақида шикоят қилган эди..

XS
SM
MD
LG