Линклар

Шошилинч хабар
08 Avgust 2026, Toshkent vaqti: 12:35

Наманган шаҳар ҳокими 11 йилга қамалди

Наманган шаҳар собиқ ҳокими Анвар Отахўжаев 11 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Наманган шаҳар собиқ ҳокими Анвар Отахўжаев 11 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Наманган шаҳрининг собиқ ҳокими Анвар Отахўжаев 11 йилга озодликдан маҳрум этилди.

7 август куни Фарғона вилоят, Жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман суди Анвар Отахўжаевни Жиноят Кодексининг 7та моддаси бўйича айбдор деб топилган.

Собиқ ҳокимнинг адвокатлари, судда айблов сохта жиноят ишлари асосида қурилганини исботлашга уринган.

Анвар Отахўжаев яқинларининг иддаосича, ҳокимни қамоққа олиш тадбири бошида президент ДХХ Ўз хавфсизлик бошқармаси собиқ бошлиғи генерал Ғайратилла Ёзиев турган ва унинг “буюртмаси” билан ДХХнинг Наманган вилояти бўлими мулозимлари Отахўжаевни қамаш режасини тузиб чиққан.

Бу иддаоларнни Озодлик мустақил равишда текшириш имконига эга эмас. Ëзиевнинг ўзи ҳам бошқа жиноят иши доирасида ҳибсда қолаётгани сабаб у билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Собиқ ҳоким гўё криминал гуруҳларнинг ғайриқонуний ишларига шерик бўлишдан бош тортггани учун унга нисбатан “пора олиш” ва бошқа жиноят эпизодлари уюштирилгани иддао қилинмоқда.

Адвокатларнинг айтишича, бу жиноий ишда “сохта” жабрланувчи сифатида илгари фирибгарлик бўйича тўрт марта судланган рецидивист, Отахўжаевга қадар 18 та жиноят ишида “жабрланувчи” бўлиб ўтган шахс яна ишга солинган.

Фарғона вилоят, Жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман суди чиқарган ҳукмга кўра, судланувчи Анвар Отахўжаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 167-моддаси учинчи қисми «а» банди, 168-моддаси учинчи қисми «в» банди, 205-моддаси иккинчи қисми «а» банди, 206-моддаси иккинчи қисми «а» банди, 207-моддаси биринчи қисми, 209-моддаси иккинчи қисми «а» банди ва 210-моддаси учинчи қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.

2025 йилнинг 2 сентябр куни Ўзбекистон ДХХнинг Телеграм канали Наманган шаҳар ҳокими Анвар Отаходжаевнинг пора олаётганда қўлга олингани ҳақида хабар берган эди:

“Наманган шаҳар ҳокими ва пойабзал ишлаб чиқарувчи масъулияти чекланган жамият раҳбари ўзаро тил бириктириб, қурилиш соҳасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган фуқародан шаҳар ҳудудидаги 35 сотих ер майдонида жойлашган маънан эскирган турар-жой бинолари ўрнига кўп қаватли уй барпо этиш ҳуқуқини олиб бериш ва молиялаштириш эвазига 60 минг АҚШ доллари талаб қилишади. Ўтказилган тезкор тадбирда дастлаб МЧЖ раҳбари ушбу сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, шаҳар ҳокими ўзининг яна бир ишончли одами бўлган – ҳокимликнинг девонхона мудири орқали МЧЖ раҳбаридан 60 минг АҚШ долларини олган вақтида унинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди”.

Ҳокимни суд мажлисларида ўн нафар адвокат ҳимоя қилди. Адвокатлардан бири, ҳокимнинг укаси Усмон Отахўжаевнинг Озодликка айтишича, уч ойдан ортиқ давом этган маҳкамада айблов томон қўйган айбловларнинг бирортаси ўз исботини топмаган.

Адвокат иддаосича, тадбирга Жўрабек Байханов деган сохта тадбиркор ёлланиб, сохта тадбир ташкил қилинган:

“Ушлаб берувчи сохта жабрланувчи шахс, буни ёллаб, ёлғондан «қурувчиман» деб ҳокимга келиб, шаҳардаги, эски, маънан эскирган икки қаватли уйни олиб бузиб, қайта қураман, деб ҳоким олдига сохта тадбиркор бўлиб келган. Ҳоким энди шаҳарда анчадан бери турган эски уй бузилиб, янгиланса, шаҳарга яхши бўлади, деб самимий кутиб олиб, қўлидаги лойиҳаларни кўрган ва “агар тадбиркор бўлсанг, ҳақиқатда жойи мана бу икки қаватли иккита уйда йигирма саккизта аҳоли яшайди. Хусусий уй. Буларни сотиб олиб, лойиҳани вилоят қурилиш бошқармасида тасдиқлатиб, бузиб қураверасан. Биздан нима ёрдам бўлса, шаҳар кадастри ёки бошқа бўлса ҳам топшириқ бераман, ёрдам қилади”, деб ҳоким самимий гаплашган. Буларнинг олдиндан режаси ғалати бўлган. Уни энди ҳоким билмаган. Уларга «бўлди, қуравер, лойиҳани тасдиқлатавер», дегандан кейин ҳокимга: “Энди раҳмат, мана сиз жой бердингиз, сизга нима хизмат бўлса қиламиз, деб ўзи кира олмайди ва бошқа бир тадбиркорни киритади”.

Адвокатларнинг иддаосича, сохта жабрланувчи Жўрабек Байханов ҳокимга бир неча бор пул таклиф қилади, лекин ҳоким олмайди. Ҳоким “аввал 28 оила яшайдиган бу эски уйнинг одамларни рози қилиб сотиб олиш керак, кейин қурилиш қилаверасан”, деб айтади. Судда бу ҳақда кўрсатма берган ҳокимнинг сўзларига таяниб, адвокатнинг айтишича, ҳоким пулни олмагач, тадбир унинг иштирокисиз ўтказилади:

“Ҳокимга пул бера олмагандан, булар кейин Наманган шаҳар девонхона мудири Рустамов деган йигит бўлади, унга чиқишади ва “ҳоким, сизга мана шунақа бир нарса бор, бериб қўй, дейишди, дейди. Рустамов ҳам ўша вақтда банд бўлади ва “менинг ишим кўп, битта оғайним бор, машинамни миниб мойкага кетган, шунга бериб қўярсизлар, дейди. У энди бирор ҳужжат бўлса керак дейди. Унинг Адҳам деган бир оғайниси машинани миниб юрган бўлади, улар ўша Адҳамга “мана, почта бор, Рустамовга бериб қўясан, деб оқ салафандаги «почта»ни Адҳам деган йигитга беришади. Адҳам деган йигит ҳеч нарсадан хабари йўқ. У нарсани олиб машинага солганда тадбир якунланади”, дейди адвокат”, дейди адвокат Усмон Отахўжаев.

Собиқ ҳокимнинг отаси Ҳожахон Отахўжаевнинг Ўзбекистон бош прокуратурасига ёзган аризасида бу ишларнинг бошида Ўзбекистон ДХХ Ўз хавфсизлик бошқармаси собиқ бошлиғи генерал Ғайратилла Ёзиев тургани, унинг топшириқларини ДХХ Наманган вилояти бўлими ходимлари, вилоятдаги барча қурилишларни назорат қиладиган Ойбек Саматов деган шахс ва вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов бажаргани иддао қилинади.

Ҳожахон Отахўжаевнинг ёзишича, у бу гапларни тергов пайтида ўғли билан бўлган учрашувда ўғлидан эшитган.

“Ғайратулла Ёзиев ДХХ Наманган вилояти боқармасида бошлиқ бўлган вақтларда, вилоят хоким Шавкатжон Абдуразақов билан бирга ишлаган тадбиркор Ойбек Саматов эса, уларни дастурхонини қилиб хизматида бўлган. Шу вақтларда бу учлик бирлашган, кейинчалик Ғайратулла Ёзиев, Ўзбекистон Республикаси Президентнинг Кадрлар масалалари бўйича маслахатчисининг ўринбосари лавозимида ишлаган даврларида Наманган вилояти бўйича барча давлат идора ва корхоналарига кадр қўйиш масаласида Ойбек Саматов топган шахсларни маблағ эвазига лавозимларга қўйиш билан шуғилланишган. Кейинчалик Ғайратулла Ёзиев, Ўзбекистон Республикаси ДХХ Ўз хавфсизлик бошқармаси бошлиғи бўлиб тайинланганидан кейин, Ойбек Саматовни тармоқлари кенгайиб, Наманган вилоятида барча қурилиш ишларидан тортиб Навбахор футбол кулубигача назорат қиладиган мафияга айланган”, деб ёзилган Ҳожахон Отахўжаевнинг Ўзбекистон бош прокуратурасига ёзган аризасида.

Озодликда юқорида тилга олинган шахсларнинг шаҳар ҳокимини қамоққа олиш ҳолатидаги иштирокини бевосита тасдиқлайдиган ҳужжат йўқ.

Озодлик бу иддаоларга муносабат олиш мақсадида Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқовнинг мобил телефонига бир неча бор қўнғироқ қилди, лекин ҳоким жавоб бермади.

Наманган вилояти ҳокимлигининг ахборот хизмати ходими Улуғбек исмли мулозим, Озодликнинг Анвар Отахўжаев ҳақидаги саволини эшитиш билан алоқани узди.

Озодлик хавфсизлик хизматидаги манбаси ҳам бундан бир ой олдин, Наманган шаҳар ҳокими Анвар Отахўжаевнинг қамоққа олиниши генерал Ёзиевнинг кўрсатмаси билан бўлганини иддао қилган эди:

“Наманган шаҳар ҳокимининг қамоққа олинишида Ёзиевнинг қўли бор. У билан Ёзиев кадрлар бўйича президент маслаҳатчиси бўлиб ишлаган пайтда келишолмай қолганди", деган эди Озодликнинг хавфсизлик хизматидаги манбаси.

Анвар Отахўжаев отасининг Ўзбекистон Бош прокурорига ёзган аризасида ёзилишича, Анвар Отахўжаев 2023 йилда Наманган шаҳар ҳокими сифатида иш бошлаганидан сўнг, ноқонуний қурилишларга рухсат бермаганлиги боис вилоятдаги қурилишларни ўз назорати остида ушлайдиган, Ёзиевнинг яқин одами деб айтилаётган Ойбек Саматов билан зиддиятга киришган.

Жумладан “Мажнунтол” МФЙ ҳудудида жойлашган 4,3 гектар иссиқхонани сотиб олиб, у ерни аҳолига участка қилиб сотишни мўлжаллаган тадбиркорларга ҳоким қарши чиқиб, ернинг тоифасини ўзгартириб беришга рози бўлмаган.

Вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқовнинг рухсати билан ер тоифаси ўзгартирилиб берилганда ҳам, шаҳар ҳокими уни кадастр қилишга рухсат бермаган ва Ойбек Саматов билан зиддият кучайган.

“Булар энди Наманган шаҳрида жамики ишларни қилиб юрган. Анвар Отахўжаев келгандан кейин уларнинг ноқонуний ишларини, ҳақиқатда қонун рухсат бермайдиган ишларини қила олмаган. Анвар Отахўжаевга ҳар хил йўл билан кириб, булар уни ўзига шерик қилмоқчи бўлган. Ҳоким эса “йўқ, қонуний ишлаймиз”, деганидан кейин булар Анвар Отахўжаевни йўқ қилиш пайига тушган”, дейди Усмон Отахўжаев.

Ҳожахон Отахўжаевнинг Бош прокурорга ёзган аризасида қайд этилишича, ДХХнинг Наманган вилоят бўлими ходимлари бу жиноят ишида “сохта” жабрланувчи сифатида илгари фирибгарлик бўйича тўрт марта судланган рецидивист Жўрабек Байхановни ишга солган.

Жўарабек Байхановнинг тўрт марта судлангани ҳақида Ўзбекистон ИИВдан олинган маълумот
Жўарабек Байхановнинг тўрт марта судлангани ҳақида Ўзбекистон ИИВдан олинган маълумот

Озодликка тақдим қилинган расмий маълумотларга кўра, Жўрабек Байханов бундан аввал ҳам қарийб йигирмата жиноят ишида жабрланувчи сифатида иштирок этган.

Наманган вилояти ҳуқуқни мухофаза қилиш органлари Жўрабек Байхановни тезкор тадбирларга жалб қилиб, бир эмас, 18 та жиноят иши материалларида уни жабрланувчи сифатида ўтказгани фактини ўша жиноят ишларини ўрганиб чиққан адвокатлар суд базасидан топишган.

Жўрабек Байхановнинг жабрланувчи сифатида иштирок этган жиноят ишлари рўйхати.
Жўрабек Байхановнинг жабрланувчи сифатида иштирок этган жиноят ишлари рўйхати.

Усмон Отахўжаевнинг айтишича, судда асосий жабрланувчи Жўрабек Байхановнинг ўзи фақат онлайн қатнашган ва адвокатларнинг саволларига жавоб беролмаган:

"Аризачи Байханови биз суд залига олдириб кела олмадик. Онлайн ўша қаердандир қатнашиб юрди. Судга неча марта илтимоснома киритдик, бу энди инсон тақдири, у судга келиб кўрсатма берсин, дедик. Судя унинг онлайн қатнашиш қонуний ҳуқуқи бор, деди. Онлайн видеода қатнашди, лекин шунда ҳам унга савол берамиз жавоб бермайди. “Сен ўзи қанақа қурувчисан? Бу хусусий уй бўлса, йигирма саккизта хонадонни ўттиз-қирқ минг доллардан бўлса, бир миллион долларга у эски уйни сотиб олишинг керак. Сенинг пулинг борми?, десак, жавоб йўқ. Мана, сен тўғрингда маҳалладан маълумот олдик. Умуман сени иқтисодий ҳолатинг ҳеч қанақа. Беш-олти миллион пулларга жавобгар бўлган экансан, тўрт марта. Ҳеч қандай пулинг йўқ экан. Қанақа қилиб сен дом қурмоқчи эдинг? Нима ҳисобига ариза қилиб бердинг? Сендан ким пул талаб қилди? Ҳеч қаерда кўринмаяптику пул талаб қилганини, десак, ёлғон, ясама кўрсатувлар билан: «Ватанпарварлигим тутди, у бўлди, бу бўлди», деган жавобларни берди”, дейди адвокат.

Ҳоким ҳимоячиси Усмон Отахўжаевнинг айтишича, терговчиларнинг ҳокимни “пора олиш” тадбири исботланмагани учун, бу модда бўйича айблов тергов давомидаёқ қулаган ва терговчилар бу моддани жиноят ишидан олиб ташлаш эвазига бошқа моддалар бўйича айбловни тан олиш келишувини қилмоқчи бўлишган. Аммо адвокатлар бунга рози бўлмаган.

“Уюштирилгани, 210-модда ўз тасдиғини топмаслигига ақли етгандан кейин, булар Анвар Отахўжаевнинг Чортоқ туманида ҳоким бўлган даврларини ноқонуний текширяпти. Бозорга чиқиб, сохта аризачиларни топиб, уюштиряпти. Тадбиркорларга: «ҳокимга ариза қилиб бер», деяпти. Наманган шаҳрида Чортоқ деҳқон бозоридан аризачи топяпти. Қорақалпоғистон Республикасида ҳукумат топшириғи билан қилинган ишларни: «Бу жиноят қилган, давлат мулкини ўзлаштирган», деган. Хуллас, 210-модда тасдиғини топмаслигини билиб, булар ноқонуний равишда бошқа ўтмишини кавлаб, ўшалардан тўртта-бешта эпизод ясаб, уч ой бўладиган терговни беш ойда якунлаб, судга чиқаряпти, дейди Усмон Отахўжаев.

Суд жараёнида 210 моддадан ташқари бошқа моддалар бўйича айбловлар кўриб чиқилганда, жабрланувчи сифатида жиноят ишига тиркалган тадбиркорлар суд мажлисида уларни ҳокимга қарши ёлғон гувоҳлик беришга ДХХ ходимлари мажбурлаганини айтганлар:

“Қолган эпизодлар бўйича ҳам Чортоқдан тўртта-бешта сохта аризачини ташкиллаштирган. Улар ҳам судга келиб савол-жавоб қилинди. Барибир одил суддан қоча олмайди. Савол берсак, жавоб беролмайди. Охири барибир инсоннинг виждони бор. “Бизни Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари мажбурлашган. Агар шаҳар ҳокимига нисбатан ариза қилиб бермасанг, дўконларингни олиб қўямиз, дейишган. Шу қўрқувда, шу таҳдидларда биз ариза қилиб бергандик. Аслида судда ҳақиқатни гапиряпман. Биз ҳоким Отахўжаевдан ҳеч қандай зарар кўрмаганмиз. Биз жабрланувчи эмасмиз. Бизни мажбурлашган, деган кўрсатмаларни берди”, дейди адвокат Усмон Отахўжаев.

Адвокатлар бу ҳақда судга ариза ёзиб бера оласизми, деб сўрашганда тўрт нафар “жабрланувчи” аввалги кўрсатмаларидан воз кечиб, даъвоси йўқлиги ҳақида ариза ёзган.

Бу аризалар нусхасида уларга нисбатан собиқ ҳоким томонидан фирибгарлик жинояти содир этилмагани ва уларга Анвар Отахўжаев ҳеч қандай моддий зарар етказмагани, даъво ёки эътирози йўқлиги ҳақида ёзилган.

Озодликда бу аризалар нусхаси бор.

Адвокатларнинг иддаосича, Анвар Отахўжавени ҳибсга олишдан бошлаб тергов давомида ҳам унинг кўп ҳуқуқлари бузилган.

“ДХХ ходимлари пора олиш тадбирини ташкил қилганда, ҳокимнинг ўзи, шаҳардан 7 километр узоқда бўлган, Давлатобод туманидаги ошхонада овқатланиб ўтирган пайтда, 28 август, кечқурун соат 10 ушлаб кетилган.” - дейди судланувчининг адвокати Усмон Отахўжаев.

Озодлик адвокатлар билдирган барча иддаоларнинг мустақил равишда тасдиқлаш имконига эга эмас.

Ҳоким Наманган вилоят Кенгаши депутати бўлгани учун, у фақат депутатлар розилиги билан ҳибсга олиниши мумкин эди.

Адвокатларга кўра, ҳокимнинг дахслсизлик ҳуқуқи бузилиб тергов ҳибсхонасида эрталабгача ушлаб турилган, унинг хизмат хонаси ва яшаш уйи ноқонуний тинтув қилинган.

Адвокатларнинг айтишича, эртаси куни соат 10га депутатлар чақирилган ва дахслсизлик мақомини ечиб бериш сўралган, аммо депутатлар “бизга рад қилиб бўлмайдиган фактлар тақдим қилинг, бизнинг ҳоким пора оладиган инсон эмас”, деб рози бўлмай тарқаб кетишган, аммо депутатлар яна соат 15га чақиртирилиб, ҳокимнинг дахслсизлик мақоми бекор қилдирилган.

“Йигирма саккизинчи августда ҳибсга олинган бўлса, икки кун ҳеч қандай ушлаб туриш баённомасини тузмасдан ҳокимни ноқонуний ушлаб туришган", дейди адвокат.

Анвар Отахўжаев 2019 йилдан-2023 йилгача Наманган вилоят, Чортоқ тумани ҳокими бўлиб ишлаган. 2023 йилнинг декабрида Наманган шаҳри ҳокими этиб тайинланган эди.


This item is part of

Форум

XS
SM
MD
LG