Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:45

Тошкент Бош имоми Анвар қори Турсунов комадан чиқди


Тошкент Бош имоми, "Минор" масжиди имоми Анвар қори Турсунов комадан чиқди. Унинг яқинларидан олинган маълумотга кўра, шу кунда шифохонада қолаётган имомнинг соғлиги тикланмоқда.

Озодлик билан суҳбатда, имомнинг исмини ошкор этишни истамаган яқинларидан бири: "Уч кун муқаддам қори акамиз ўзларига келдилар, ҳозир соғлиги яхшиланаяпти, иншааллоҳ, тез орада соғайиб кетадилар", деб маълумот берди.

Анвар қори Турсуновнинг комадан чиққани ҳақида биринчи бўлиб хабар берган ўзбекистонлик шоир Муҳаммад Исмоил ҳам, Озодлик билан суҳбатда: "Кўзларини очиб, одамларни таний бошладилар, тез орада соғайиб кетадилар, албатта", деди.

Унинг айтишича, ҳозирча имомнинг ёнига фақат оила-аъзолари киритилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент шаҳар вакиллиги бош имоми, 60 яшар Анвар қори Турсунов Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш Республика илмий марказида сунъий комада ушлаб турилгани ҳақида Озодлик хабар қилган эди.

Имом шу йилнинг 5 апрелида оғир инсультдан сўнг жарроҳлик амалиëтини бошдан кечирди.

Озодлик суҳбатлашган шифокор мия тўқималари шишиши ва нобуд бўлиши олдини олиш учун бемор сунъий комага солинганини билдирганди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур "Турсуновнинг вазифаси вақтинча унинг ëрдамчиси Давлатиёров Мирзоискандар зиммасига юклатилган”ини айтган.

Шунингдек, Ўзбекистон Дин ишлари қўмитасида ишлайдиган мулозим “Анвар қори Турсунов Тошкент шаҳар Бош имом-хатиби сифатида саломатлиги боис ишлай олмаслиги инобатга олинган ҳолда номзодлар танланаётганини” билдирган.

Ўзбекистонда энг кўзга кўринган расмий дин уламоларидан ҳисобланган Анвар қори Турсунов 2009 йилда суиқасдга нишон бўлганди.

Ўша йилнинг 31 июль тунида уч шахс Анвар қорини ўзининг уйи ёнида 9 жойидан пичоқлагани жиноят иши ҳужжатларида ëзилган.

Ҳужумчилар воқеа жойидан қочгани ортидан 2009 йилда Тошкентда йирик қидирув амалиёти ўтказилган, 70 га яқин одам ҳибсга олинган. Суиқасд буюртмачилари ва жиноят мотивлари ҳақида ҳанузгача маълумот берилмаган.

Анвар қори Турсунов 2015 йил ноябридан бошлаб Минор жоме масжидида имом-хатиб сифатида ишлаб келади.

Турсунов 1958 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, 1981 йили Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология факультетини, 2001 йили Тошкент Ислом институтини тамомлаган.

Анвар қори Турсунов меҳнат фаолиятини 1981-1984-йилларда “Ёшлик” журналида муҳаррир вазифасидан бошлаган.

1994-1999 йилларда Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, “Янгиобод” жоме масжиди имом-хатиби бўлиб ишлаган.

Анвар қори Турсунов 1999 йилдан буён 128та масжид фаолиятига масъул бўлган Тошкент шаҳар бош имом-хатиби вазифасида фаолият юритиб келмоқда.

У 1989-1992 йилларда Қуръони Каримнинг биринчи ўзбекча изоҳли таржимасига (Шайх Алоуддин Мансур таржимаси) муҳаррирлик қилган.

Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagramсаҳифасида кузатинг!

XS
SM
MD
LG