Линклар

Шошилинч хабар
03 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:27

"Демократия учун саммит": Байден раҳбарларни демократиядан чекинишни тўхтатишга чақирди


Байден видеоконференция тарзида ўтказилган саммитни президентлигининг биринчи йили учун устувор масала  деб атаган.
Байден видеоконференция тарзида ўтказилган саммитни президентлигининг биринчи йили учун устувор масала  деб атаган.

АҚШ Президенти Жо Байден пайшанба куни Оқ Уйда демократияга бағишланган биринчи саммитни ўтказди. Видеоконференция шаклида ўтган саммитда Байден глобал эврилишлар ҳақида огоҳлантириб, давлатлар раҳбарларини демократик институтларни ривожлантириш йўлида ҳамкорликни кучайтиришга чақирди.

“Аssociated Press” агентлигининг ёзишича, Байден демократияни мустаҳкамлаш учун саъй-ҳаракатларни икки баравар ошириш зарурати аллақчон етилганини таъкидлаган. Айни пайтда у Қўшма Штатларнинг ўзининг демократик институтлар ва анъаналари борасидаги муаммоларига ҳам ишора қилган.

“Бу шошилинч масала. Маълумотлар воқелик биз истамаган йўналишда ривожланаётганини кўрсатмоқда”, дея ўз нутқини бошлаган Байден саммит очилишида.

Байден ушбу саммитни президентлигининг биринчи йили учун устувор масала деб атади. У АҚШ ва иттифоқчилари бутун дунёга ҳар қандай жамият ривожи учун автократия эмас, айнан демократия яхшироқ эканлигини кўрсатиши кераклигини бир неча бор урғулаган.

Бу Байден ташқи сиёсатининг асосий тамойили бўлиб, у Доналд Трампнинг “Америка биринчи” ёндашувидан кўра кўпроқ истиқболли бўлишга ваъда берган.

Саммит олдидан АҚШдаги Хитой ва Россия элчилари қўшма баёнот чиқариб, Байден маъмуриятини “дунёда мафкуравий қарама-қаршилик ва низоларни келтириб чиқарадиган”, “совуқ уруш менталитети” намоён этиладиган йиғилиш ўтказишда айблашди. Байден маъмуриятининг давлатларни таклиф қилишдаги ёндашуви ҳам танқидга учраган.

Байденнинг очилиш нутқидан сўнг, иштирокчи давлат раҳбарлари бирин-кетин сўзга чиқиб, демократиянинг аҳволи ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирган. Уларнинг кўпчилиги, жуда тез ривожланиб бораётган технологияларнинг ўз мамлакатларига таъсири ҳақида гапиришган. Улар, шунингдек, сайловларни бузишга қаратилган дезинформацион кампанияларнинг кучайиб бораётганидан хавотир билдирганлари айтилади.

“Демократик мулоқот ўзгармоқда. Янги технологиялар ва йирик технология компаниялари демократик мулоқот учун замин яратмоқда, баъзида эса сўз эркинлигидан кўра кўпроқ одамларни қамраб олишга эътибор қаратилмоқда”, деган Дания Бош вазири Метте Фредериксен.

Чоршанба куни эълон қилинган янги йиллик ҳисоботида CIVICUS глобал ҳуқуқлар индекси 2021 йилда 13 мамлакатда фуқаролик эркинликлари ўтган йилга нисбатан ёмонлашганини қайд этди. Ҳисоботга кўра, фақат Мўғулистонда фуқаролик эркинликлари бироз яхшиланган. Гуруҳ томонидан ўрганилган 197 мамлакатнинг фақат 39 таси очиқ жамият сифатида баҳоланган.

“Pew” тадқиқот марказининг шу ҳафта эълон қилинган ҳисоботида айтилишича, “одамлар демократияни яхши кўрса-да, уларнинг демократияга содиқлиги етарлича кучли эмас”. Ҳатто бой давлатлар, жумладан, АҚШда ҳам ҳарбий бошқарувни маъқул кўрадиганлар бор.

Хитой Тайванни саммитга таклиф қилинганидан қаттиқ ғазабланган. Хитой Тайванни ўз ҳудудининг бир қисми деб даъво қилади ва унинг хорижий ҳукуматлар билан мустақил алоқада бўлишига қарши.

“Фактлар яна бир бор шуни кўрсатадики, “Лидерлик демократияси саммити” деб аталган бу саммит ҳеч қанақасига халқаро фаровонликка эришишни кўзда тутмайди, балки Американинг хусусий секторига хизмат қилади. Бунинг глобал демократияга ҳеч қандай алоқаси йўқ, бу бор-йўғи Америка гегемонлигини сақлаб қолиш учун”, дея Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ван Венбиндан иқтибос келтирган “Аssociated Press”.

Покистон Бош вазири Имрон Хон конференцияда қатнашишдан бош тортган.

Европа Иттифоқининг таклиф қилинмаган ягона аъзоси бўлган Венгрия саммитга чақирилмаганидан норозилик билдирди.

НАТО аъзоси Туркия ва АҚШнинг Яқин Шарқдаги асосий иттифоқчиси Миср ҳам саммитдан четда қолди. Байден маъмурияти ҳар икки мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият бўйича хавотирларини билдирган. Бироқ суд тизими ва оммавий ахборот воситаларининг мустақиллигига зарар етказгани учун танқидга учраган Польша таклиф қилинган.

Саммит рўйхатига собиқ совет республикаларидан Украина, Арманистон, Грузия, Молдавия, Литва, Латвия ва Эстония киритилган, Беларусь, Озарбайжон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон эса тушириб қолдирилган.

XS
SM
MD
LG