Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:31

АҚШ ҳарбийлари Марказий Осиёга қайтадими?


Айрим оммавий ахборот воситаларида кейинги пайтда эълон қилинган ҳисоботлардан Афғонистондан 20 йил деганда ҳарбийларини олиб чиқиб кетаётган АҚШ ўз қўшинларининг бир қисмини Марказий Осиёда жойлаштиришга уриниб кўришини хулоса қилиш мумкин.

15 апрель куни "New York Times" АҚШ расмийлари қозоқ, ўзбек ва тожик расмийлари билан минтақада ҳарбий базалардан фойдаланиш тўғрисида музокара олиб бораётганини хабар қилди.

АҚШ Давлат котиби Антони Блинкен "Twitter"да 22 апрель куни Ўзбекистон ва Қозоғистон ташқи ишлар вазирлари билан суҳбатлашгани ҳақида ёзди. Аммо улар АҚШ ёки бошқа НАТО қўшинлари минтақадаги ҳарбий базалардан фойдаланиши эҳтимолини муҳокама қилгани ёки йўқлиги номаълум.

Агар Вашингтон ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида бундай битим тузилган бўлса, бу минтақа учун мисли кўрилмаган ҳолат бўлмайди, чунки 2001 йилдан бошлаб 2014 йилгача АҚШ ва бошқа НАТО қўшинлари ҳудудда ҳарбий базалардан фойдаланган.

Аммо Ғарб қўшинларининг Марказий Осиёдаги илк базалари машмаша билан ёпилди.

Бунга қарамасдан, АҚШ ва НАТО расмийлари Марказий Осиё мамлакатлари билан ушбу масалада яна бир бор музокара олиб боришга уриниши учун асос бўла оладиган бир нечта сабаб ҳали ҳам мавжуд.

Бошимиздан ўтган

2001 йил 11 сентябрда "Ал-Қоида" томонидан АҚШга қилинган террор ҳужумларидан кўп ўтмай Вашингтон Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон расмийлари билан боғланиб, Афғонистондаги АҚШ бошчилигидаги ҳарбий кампанияда Марказий Осиё ролини муҳокама қилган эди.

Марказий Осиё ҳукуматлари мамнуният билан ёрдам беришга рози бўлиши учун бир неча сабаб бор эди.

Туркманистонни ҳисобга олмаганда, қолган тўрт мамлакат фундаменталист Толибон ҳаракати жангарилари Афғонистоннинг жануби-шарқий қисмидан ўз ҳудудлари томон ҳаракатланаётганини хавотир билан кузатаётган эди.

Толибон кучлари 1998 йил август ойида Амударёнинг шундоқ нариги томонидаги Хайратон шаҳрига етиб борди. Бир ой ўтгач, улар Тожикистондаги Панж дарёсининг нариги томонида жойлашган Шерхон Бандарга етиб бордилар.

АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбий кампанияси халқаро миқёсда ҳам қўллаб-қувватланди. Бундан ташқари, АҚШ 1990‑йиллар давомида Марказий Осиёга ёрдам бериб келган эди.

Масалан, АҚШ биринчилардан бўлиб Марказий Осиёнинг беш давлати мустақиллигини тан олди (1991 йил декабрда) ва улар билан дипломатик алоқалар ўрнатди.

Вашингтон уларнинг суверенитетини қўллаб-қувватлагани янги ҳукуматларни улар фақат Москвага қарам эмасликларига ишонтирди.

Шунингдек, Тожикистон президенти Имомали Раҳмондан ташқари (2007 йилгача фамилияси Раҳмонов эди) 1990‑йилларда Марказий Осиё президентлари Вашингтонга расмий ташриф билан борди. (Раҳмон ҳали ҳам АҚШга расмий ташриф билан боргани йўқ).

Бундан ташқари, АҚШ 1992–1997 йилларда бўлиб ўтган фуқаролар урушида Тожикистонга инсонпарварлик ёрдамини кўрсатган энг йирик донор бўлди.

Шу аснода, Марказий Осиёнинг янги давлатлари АҚШ билан алоқа ўрнатиш орқали танилиш учун қулай имконият кўрдилар. Шу билан бирга, бу мамлакатлар АҚШ ва унинг Ғарбдаги иттифоқчилари билан ҳамкорлик уларни минтақа учун жиддий таҳдид ўлароқ кўрилган Афғонистондаги исломчи жангарилардан ҳимоя қилиши мумкин, деган хулосага келганди.

2001 йил 11 сентябрга қадар бўлган вазият

Толибон минтақа остонасида пайдо бўлганидан кейин Марказий Осиё учун хавфсизлик муҳим масалага айланган эди.

Туркманистон бетарафлик сиёсатини олиб борди ва Афғонистондаги турли гуруҳлар билан, шу жумладан, толиблар билан ҳам уларга ҳеч қандай ваъда бермасдан ёки уларнинг ғазабини келтирмасдан алоқада бўлишга муваффақ бўлди.

Аммо Тожикистон ва Ўзбекистон этник қариндошлари бошчилигидаги тузилмаларни қўллади: Душанбе этник тожик қўмондон Аҳмад Шоҳ Масъудни, Тошкент эса этник ўзбек қўмондон Абдур Рашид Дўстумни.

Толиблар ҳаттоки 1997 йил март ойида, яъни Кобулни қўлга олгандан бир йил ўтиб Бирлашган Миллатлар Ташкилотига рақиб афғон ҳарбий гуруҳлари Тожикистон ва Ўзбекистондан ёрдам олаётгани ҳақида шикоят қилишди. Хусусан, жангари гуруҳ Тожикистон ҳукумати Масъудга Тожикистоннинг Кўлоб шаҳрида ўз ҳарбий учоқларини жойлаштиришга рухсат берганидан шикоят қилди.

Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари толибларга қарши гуруҳларни фаол қўллаб-қувватлагани учун Толибон ёки унинг издошлари ушбу икки мамлакатга ҳужум қилиши мумкинлиги ҳақида хавотир туғилди.

Толиблар 1996 йил сентябрь ойида Кобулни қўлга киритганда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида камдан кам учрайдиган бирдамлик мавжуд эди.

Умумий душман, яъни Толибон ва унинг исломий мафкураси уларни бирлаштирди.

Қарши Хонобод ҳарбий базаси
Қарши Хонобод ҳарбий базаси

2001 йилнинг ёзига келиб, Толибон Афғонистон ҳудудининг 95 фоизи устидан назорат ўрнатди.

Бу Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматларини АҚШ ва унинг иттифоқчилари ўз ҳудудларидан, шу жумладан, ҳарбий базалардан толиблар ва уларнинг террорчи ҳамкорларига қарши кампанияда фойдаланишига рози бўлишга ундади.

АҚШ қуролли кучлари Ўзбекистонда Хонобод базасига, Қирғизистонда Бишкек аэропортига ва қисқа муддатга Тожикистоннинг Кўлоб шаҳридаги аэродромга – Масъуд ўз ҳарбий учоқларини кўчирган базага сафарбар қилинди.

НАТО иттифоқчилари ҳам Марказий Осиёга ҳарбий юборди.

Германия Ўзбекистоннинг Термиз шаҳри яқинидаги базадан, Франция қўшинлари Тожикистон пойтахти Душанбе ташқарисидаги аэродромдан фойдаланди.

Янги ҳамкорлик деярли дарҳол ўз самарасини берди.

АҚШнинг 2001 йил ноябрь ойида Афғонистоннинг Қундуз вилоятида уюштирган амалиётида Ўзбекистон Исломий ҳаракати (ЎИҲ) раҳбари Жума Намангоний ўлдирилди, бунинг ортидан ҳаракат парчаланиб кетди ва унинг қолдиқлари Покистондаги қабила ҳудудларга қочиб кетди.

Марказий Осиёнинг жанубий чегаралари хавфсизлиги ҳозирча таъминланган эди.

Аммо Афғонистон ичидаги можаро давом этди ва дастлабки тинчликдан сўнг толиблар қайта тўплангани ва жанглар яқин орада тўхтамаслиги аён бўлди.

АҚШ ва унинг иттифоқчилари қўшинларининг Марказий Осиё базаларида қолиш муддати долзарб масалага айланди. Айниқса, бошида Марказий Осиё ҳукуматларининг АҚШ бошчилигидаги кампаниядаги ролини истар-истамас қўллаб-қувватлаган Россия учун.

Хитой ҳам ўз ғарбий чегараси яқинига оз сонли бўлса-да АҚШ ва НАТО қўшинлари юборилганидан тобора кўпроқ хавотир ола бошлаган эди.

Хайрлашиш вақти келганди

2005 йилнинг 24 мартда Қирғизистон президенти Асқар Ақаев халқ қўзғолони ортидан ҳокимиятдан ағдарилди.

Собиқ совет ҳудудида содир бўлган ушбу «рангли инқилоб» (2003 йилда Грузияда, 2004 йилда Украинада рангли инқилоб содир бўлган эди) Марказий Осиёнинг авторитар раҳбарлари учун жуда ёқимсиз ҳодиса бўлди.

Ақаев Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистон президентлари сингари (Тожикистон президенти ҳокимият тепасига 1992 йилда келган) 1991 йилдан бери Қирғизистонни бошқариб келаётган эди.

Орадан кўп ўтмай, 2005 йилнинг май ойида Андижон шаҳрида ўтаётган тинч норозилик намойишига қуролли гуруҳ аралашди ва намойиш қўзғолонга айланди. Ўзбекистон ҳукумати тартибни тиклаш ва мамлакатда рангли инқилоб содир бўлишига йўл қўймаслик учун кескин куч ишлатди.

Қонли воқеалар давомида юзлаб одам ўлдирилганига ишонилади.

2005 йил 13 май куни Ўзбекистонда Андижон воқеалари бўлган эди
2005 йил 13 май куни Ўзбекистонда Андижон воқеалари бўлган эди

АҚШ ва Европадаги ҳукуматлар намойишчиларга нисбатан оортиқча куч ишлатилганини кескин қоралади ва мустақил халқаро тергов ўтказилишини талаб қилди.

Ўзбекистон ҳукумати бунга жавобан АҚШга ўз қўшинларини Хонобод базасидан олиб чиқиб кетишни буюрди.

2005 йил июль ойи бошида ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммити чоғида Хитой ва Россия Ўзбекистон позициясини қўллаб-қувватлади ва Афғонистондаги "антитеррор коалицияси аъзолари" ўз ҳарбийларини ШҲТга аъзо мамлакатлардаги базалардан олиб чиқиш муддатини белгилаши кераклиги тўғрисидаги баёнотни тайёрлашга кўмаклашди.

АҚШ қўшинлари 2005 йил охиригача Ўзбекистони тарк этди, аммо немис қўшинлари Термизда қолди.

НАТОнинг Душанбе аэропортидан фойдаланиши аста-секин камайиб борди, альянснинг сўнгги кучлари 2014 йилда мамлакатни тарк этди.

Бишкек аэропортидаги АҚШ базаси турли қирғиз сиёсатчилари томонидан мунтазам равишда танқид қилинаётган эди ва Россия таъсири билан 2014 йилда бу база ҳам ёпилди.

2002 йилдан 2014 йилгача Бишкекдаги Манас авиабазасида бўлган АҚШ қўшинлари икки инқилобга ҳамда 2010 йил июнь ойида содир бўлган даҳшатли миллатлараро зўравонликка гувоҳ бўлди.

Ақаевнинг ўрнини эгаллаган Қурманбек Бакиев 2009 йилда Москвага Россия молиявий ёрдами эвазига АҚШ базасини ёпишни ваъда қилиб, ваъдаси устидан чиқмагани учун Кремль қаҳрига учради.

Бакиев АҚШ база учун тўлайдиган ижара нархи бўйича янги келишувга эришди, бу эса Москвани ғазаблантирди.

Бакиев 2010 йилда лавозимидан ҳайдалди ва АҚШ қўшинлари мамлакатда яна тўрт йил қолди. Аммо Қирғизистондаги бу тажриба ва Москванинг кескин қаршилиги “New York Times” мақоласида айтиб ўтилган АҚШ расмийлари нима сабабдан Қирғизистонни "кучлар қайта жойлаштирилиши" мумкин бўлган жой сифатида тилга олмаганини изоҳлаши мумкин.

Вазият кескинлашди

Сўнгги ўн йил ичида хорижий давлатлар Афғонистондаги қўшинлари сонини камайтирди ва хавфсизлик учун жавобгарликни Кобулга топширди, натижада мамлакат бўйлаб яна тўқнашувлар бошланди.

АҚШ бошчилигидаги Афғонистондаги кампания бошланганидан кейин Марказий Осиё чегаралари жанубидаги ҳудудлар 10 йилдан ошиқроқ вақт давомида тинч бўлди. Аммо сўнгги 7 – 8 йил ичида Афғонистоннинг шимолий қисми бўйлаб хавфсизлик вазияти ёмонлашди.

Айни дамда Афғонистон шимолида, Туркманистон ва Тожикистон билан чегарадош туманларнинг айримлари қисман ёки бутунлай толиблар назоратида бўлиб, у ерда бошқа жангари гуруҳлар аъзолари ҳам бор.

Бу ҳолат Афғонистон билан чегарадош Марказий Осиё давлатларини хавотирга солиб қўйган.

Афғонистон шимолидаги хавфсизлик кучлари Тожикистон билан чегарадош Бадахшон, Тоҳар ва Қундуз вилоятларида ҳамда Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон билан чегарадош Балх вилоятида тожикистонлик ва ўзбекистонлик шахслар қўлга олингани ёки ўлдирилгани ҳақида мунтазам равишда маълум қилиб туради. Шунингдек, улар Туркманистон билан чегарадош Жузжон, Фарёб ва Бадғис вилоятларида келиб чиқиши ўзбекистонликларга қарши курашмоқда.

Афғонистон шимолида расмий Кобул "Жундаллаҳ" деб атайдиган гуруҳ ҳам бор.

Бундан ташқари, "Исломий давлат" террорчи ташкилоти таркибига кирувчи "Хуросон исломий давлати" (ХИД) гуруҳи ҳам мавжуд.

ХИД жангчилари сони номаълум. Шундай бўлса-да, Россия расмийлари тез-тез ўз тахминларини эълон қилиб туришади.

2019 йилнинг 20 февраль куни Россиянинг Тожикистондаги элчиси Игорь Лякин-Фролов Афғонистон шимолида ХИДнинг 3 000 га яқин жангариси борлигини айтди.

Орадан бир неча кун ўтиб, Тожикистон генерали Ражабали Раҳмонали ҳудудда умумий ҳисобда 16 700 га яқин жангари борлиги, уларнинг 6 370 нафарини хорижий ёлланма жангари деб таснифлаш мумкинлигини айтди.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати раҳбари Александр Бортников 2019 йил май ойида "Афғонистон шимолида, МДҲ давлатлари чегараларида" террорчи гуруҳларнинг 5 000 га яқин аъзоси борлигини таъкидлади.

Айни пайтда, 2019 йил декабрь ойида Россия Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари Рашид Нургалиев Афғонистонда ХИДнинг 3 500 дан 10 000 гача жангариси борлигини айтди.

АҚШ базаларига ҳануз эҳтиёж борми?

Бугун Афғонистонда вазият 1990‑йилларнинг охиридагидан унчалик фарқ қилмайди.

Толиблар Марказий Осиё мамлакатлари билан чегарадош айрим ҳудудларга қайтди, аммо Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари яна Афғонистон шимолидаги террор гуруҳларига қўшилаётгани ушбу икки мамлакат ҳукуматлари учун бошоғриқ масаладир.

Бу сафар Марказий Осиё ҳукуматлари тинчлик битими имзоланишига умид қилган ҳолда Толибон билан музокара олиб бормоқда. Тинчлик ўрнатиш имконсиз бўлган тақдирда ҳам, Марказий Осиё давлатлари ички террорчилар ҳудудда беқарорлик келтириб чиқариш учун Афғонистондан фойдалана олмаслигини кафолатлаш учун бирор келишувга эришишга умид қилмоқда.

Агар базаларнинг бир қисми Афғонистоннинг шимолий қисмидаги марказий осиёлик экстремистик гуруҳларни зарарсизлантиришга ёрдам берадиган бўлса, бу АҚШга базалардан вақтинча фойдаланишга рухсат бериш қарори учун асос бўла олади.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон
Тожикистон президенти Имомали Раҳмон

Айни дамда, Россиянинг Қирғизистон ва Тожикистонда базалари бор. Тожикистоннинг узоқ шарқий қисмида, тожик, хитой ва афғон чегаралари туташган тоғларда Хитойнинг ҳам кичик базаси мавжуд.

Аммо Россия ва Хитой Тожикистоннинг жанубий чегараларида кўрсатаётган ёрдам асосан йирик гуруҳларга қарши мудофаани кўзлайди. Москва, Пекин ва бошқалар Тожикистонни ёрдам пули ва қурол-яроғ билан таъминлаб келаётган бўлса-да, айрим кичик гуруҳлар Афғонистондан Тожикистонга ўтишда давом этмоқда.

Афтидан, янги АҚШ базалари Афғонистон ҳукумати кучларининг «Жамоат ансоруллоҳ», «Исломий жиҳод иттифоқи», ЎИҲ қолдиқлари ва ХИД каби гуруҳларга қарши операцияларини дастаклашни кўзлайди. Бу гуруҳларнинг барчаси Марказий Осиё барқарорлигига таҳдид солиши мумкин.

Баъзилар Тожикистон АҚШга ўз ҳудудида база очишга рухсат берадиган бўлса, бир пайтда Россия, Хитой ва АҚШ базаларига мезбонлик қилган биринчи мамлакат бўлишини айтмоқда.

Аммо бундан олдин Қирғизистон бир вақтнинг ўзида АҚШ ва Россия базаларини қабул қилганида ҳамда Тожикистон ҳам Россия, ҳам НАТО базаларига мезбонлик қилганида муаммолар юзага келган эди.

Ўзбекистонда Россия ҳарбий базаси йўқ ва мамлакат Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан фарқли ўлароқ, Россия бошчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига (КХШТ) аъзо эмас.

Ўзбекистон хавфсизлик таҳдидларидан икки томонлама ҳарбий келишувлар ҳимоя қилишига умид қилмоқда. Мамлакатга АҚШ қўшинларини киритиш Афғонистонда ўрнашиб олган марказий осиёлик жангариларни ушлаб туриш учун қўшимча восита бўлади. Бу, шунингдек, Тошкентга КХШТга аъзо бўлишни кечиктиришга ёрдам беради.

АҚШ ва унинг иттифоқчилари Афғонистонга қўшни мамлакатларда ўз ҳарбий базаларига эга бўлишни хоҳлайди. Яқин Шарқ, Эрон ва Покистонда база очиш варианти мавжуд эмас.

Бу эса ҳарбий базалар учун Марказий Осиё идеал вариант эканини англатади.

Афғонистонга қўшни давлатлар ёки сўнгги 20 йил ичида Афғонистон ҳукуматига ёрдам бериб келаётган давлатларнинг ҳеч бири АҚШ ва унинг иттифоқчилари чиқиб кетгандан кейин Афғонистонда Ироқда юзага келган беқарорлик такрорланишини истамайди, чунки бундай беқарорлик қўшни мамлакатларга тарқалиши мумкин.

XS
SM
MD
LG