Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:16

"Бу энди постсовет ҳудуди эмас". Америкалик эксперт "АҚШ-Марказий Осиё" саммити ҳақида


Президент Жо Байден Марказий Осиё етакчилари билан "С5+1" форматида биринчи марта учрашади.
Президент Жо Байден Марказий Осиё етакчилари билан "С5+1" форматида биринчи марта учрашади.

Марказий Осиё “Евроосиё суперконтиненти юраги” саналади ва Вашингтон учун мазкур минтақа билан муносабатларни тубдан янги стратегия асосида қуриш вақти келди, дейди америкалик тадқиқотчи Женнифер Брик Муртазашвили. У АҚШнинг Питтсбург университетидаги Бошқарув ва бозорлар маркази директори ва узоқ вақтдан бери Марказий Осиёни ўрганиб келади. Президент Жо Байден минтақадаги беш давлат раҳбари билан учрашмоқда. Эксперт Қўшма Штатлар минтақа билан алоқаларни чуқурлаштирадими ёки йўқ ва бу нимани англатиши мумкин; инсон ҳуқуқлари ва иккиламчи санкциялар масалалари кўтариладими каби саволларга жавоб беради. Шунингдек, у минтақадаги бирорта ҳам давлат Россиянинг Украинадаги урушда ғалаба қозонишини истамаслиги сабабини тушунтиради.

“АҚШ – МАРКАЗИЙ ОСИЁ” ЙИҒИЛИШИ КИМГА ВА НEГА КEРАК?

Озодлик: С5+1 саммити АҚШ президенти ва Марказий Осиёнинг барча беш давлати раҳбарларининг илк учрашуви бўлади. С5+1 форматининг ўзи янгилик эмас, деярли 10 йилдан бери Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари ва АҚШ Давлат котиби ушбу формат доирасида учрашиб келади. Нега бу сафар мазкур учрашув президентлар даражасида ўтказилмоқда?

Женнифер Брик Муртазашвили: Қўшма Штатлар, ниҳоят, Марказий Осиё бўйича жиддий стратегияга муҳтожлигини тушунди. Илгари сиёсат асосан Афғонистон ёки бошқа муаммолар нуқтаи назаридан кўриб чиқилар эди. АҚШ стратегияси гўё Афғонистон стратегиясига шунчаки қўшимча бўлиб, Марказий Осиёга қаратилмагандек эди.

Украинадаги уруш бу минтақанинг нақадар муҳимлигини кўрсатди. АҚШ охирги икки йил ичида дуч келган иккита энг муҳим ташқи сиёсат муаммоси (Афғонистон ва Украинадаги уруш) ҳақида гап кетганда, Марказий Осиё иккаласининг марказида эканини унутмаслик керак.

Америкалик тадқиқотчи Женнифер Брик Муртазашвили.
Америкалик тадқиқотчи Женнифер Брик Муртазашвили.

Озодлик: Май ойида Хитой раҳбари Си Цзиньпин “Хитой-Марказий Осиё” биринчи саммитида Марказий Осиё давлатларининг беш етакчисини қабул қилди. Россия президенти Владимир Путин 2022 йил октябрь ойида Остона шаҳрида тарихда биринчи бўлиб ўтган “Россия-Марказий Осиё” саммити доирасида беш давлат раҳбари билан учрашган эди. “АҚШ-Марказий Осиё” саммитининг ўтаётган вақти ва геосиёсий контексти ҳақида нима дея оласиз?

Женнифер Брик Муртазашвили: Ҳозир минтақада ҳақиқатан ҳам қизиқ давр, чунки биз кўп қутбли тизимдамиз. Демак, минтақавий кучлар кўпроқ таъсирга эга. Афғонистондаги уруш пайтида Марказий Осиёга кўпчилик АҚШ-Россия рақобати призмасидан қараган эди. Энди биз Хитой ва Россия ўртасидаги рақобат призмасидан Марказий Осиё ҳақида гапиряпмиз. Бу давлатлар доимо минтақадаги мулоқот иштирокчилари бўлиб қолади.

Аммо муҳокамаларда Хитой ва Россия ҳукмронлигига жуда кўп эътибор қаратилмоқда. Минтақадаги давлатлар ташқи сиёсатда ўз йўлларини танлашга қодир эканини тушунишимиз керак. Бу шуни англатадики, улар АҚШ, алоҳида Европа давлатлари ёки умуман Европа Иттифоқига катта кучларни мувозанатлаш учун ёки уларнинг манфаатларига мос келганда юзланишлари мумкин.

Россия ва Хитой раҳбарлари Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари билан учрашди. Қўшма Штатлар буни бироз кечикиб бўлса ҳам амалга ошираётгани яхши, лекин бундан ҳам муҳими, нафақат минтақавий, балки икки томонлама учрашувлар ҳам барқарор асосда ўтказилишида. Агар АҚШ етакчиларидан бири Марказий Осиёга ташриф буюрса, шундай бўлади, аммо ундай ҳозирча бўлмади.

Озодлик: Айрим экспертлар фикрича, саммитдан мақсад Россия ва Хитойга маълум сигналлар бериш. АҚШнинг ушбу саммитдан асосий манфаати нима?

Женнифер Брик Муртазашвили: Қўшма Штатлар минтақадаги ўйинчи эканлигини, унинг роли муҳимлигини кўрсатиш. Лекин у ҳам тақлидга ўхшайди: Путин, Си Цзиньпин, энди эса АҚШ. Албатта, сигналлар бўлади. Аммо сигнал ишонарли бўлиши учун унга амал қилиш керак. Ушбу ҳаракатларнинг аксарияти икки томонлама асосда бўлади, чунки [минтақада] кўп томонлама ташкилотлар мавжуд эмас.

Ўтган йил октябрида Остонада бўлиб ўтган “Россия-Марказий Осиё” саммитида [Тожикистон президенти Эмомали] Раҳмон Путиндан қаттиқ ранжиганини кўрсатган эди. Ғарбда баъзилар Раҳмон Россия ҳақида ёмон гапиряпти, деб ўйлашди. Лекин ундай эмас, у «С5+1» форматини масхара қилди, ҳозир бу формат ҳаммада бор: АҚШ, Россия, Хитой, Япония, Жанубий Корея. Раҳмон: “Етар. Биз билан икки томонлама муносабатлар асосида гаплашинг. Бирга бир" деди. У Путинга бизни шахс сифатида кўринг, бизга гуруҳ сифатида қараш керак эмас, демоқчи эди.

Шундай экан, АҚШ барча етакчилар билан учрашгани яхши, аммо икки томонлама жиддий чоралар кўрилиши керак. Гап Марказий Осиё Россияни ёки Хитойни ёқтирмаслигида эмас. У бирор давлатга қарам бўлишни хоҳламайди. Денгизга чиқиш йўли бўлмаганда, вариантлар керак бўлади. Қанча кўп вариант бўлса, шунча яхши. Қўшма Штатлар бунда ёрдам бериши мумкин.

“Қандай ҳукуматга эга бўлиш-ўзбек халқининг иши”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:47 0:00

Озодлик: Марказий Осиё давлатлари бу саммитдан қандай манфаатдор?

Женнифер Брик Муртазашвили: Ўйлашимча, бу ерда Марказий Осиё давлатларининг манфаатлари – ўтган ҳафта (Душанбеда) бўлиб ўтган маслаҳат учрашувида ҳам аён бўлди – иқтисодий интеграция билан боғлиқ.

Марказий Осиё давлатлари интеграциялашса, ҳатто савдо ёки хавфсизлик масалаларида ҳам самаралироқ бўлишларини тушуниб туришибди. [Душанбеда] ўтган маслаҳат учрашувида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари минтақада савдо ва таъминот занжирлари тўғри ишлашини таъминлаш қанчалик мураккаблиги ҳақида гапиргани жуда қизиқ бўлди. Йиғилишда ҳозир бўлган Озарбайжон Президенти томонидан ҳам худди шундай саволлар кўтарилди.

Агар Марказий Осиё давлатлари иқтисодий ҳамкорликдаги тўсиқларни бартараф эта олса, бу уларнинг халқаро миқёсдаги умумий таъсирини кучайтиради. Улар ҳеч бир давлат асосий ўйинчига айланмаслигини тушунишади, лекин биргаликда улар кўпроқ таъсирга эга бўлишлари мумкин. Ўйлайманки, Қўшма Штатлар ақлли иш тутса, минтақа давлатлари билан бу йўналишда ҳамкорлик қилади.

МАРКАЗИЙ ОСИЁДА ИҚТИСОДИЙ ИНТEГРАЦИЯ ИМКОНИЯТИ БОРМИ ВА АҚШ БУНДА ҚАНДАЙ РОЛЬ ЎЙНАШИ МУМКИН?

Озодлик: Сизнингча, Қўшма Штатлар минтақа интеграциясига ёрдам бера оладими?

Женнифер Брик Муртазашвили: АҚШ қўллаб-қувватлаши, ресурс билан таъминлаши мумкин эди. Бу кўп томонлама ташкилотга эга бўлмаган дунёдаги кам сонли минтақалардан биридир. Ажабланарлиси шундаки, Марказий Осиёда ҳатто нуфузли иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ҳам мавжуд эмас. Шунинг учун, эҳтимол, Қўшма Штатлар ёрдам берар, аммо бу унинг ташаббусига ўхшаб қолмаслиги керак. Бу минтақа давлатларининг ўз саъй-ҳаракати бўлиши керак. Менимча, ўтган ҳафта бўлиб ўтган йиғилишда бу масалада етакчилар ўзаро манфаатдор экани кўринди.

Озодлик: Бироқ минтақада ҳамкорликда муаммолар бор. Айрим давлатлар муносабати таранг. Ўтган ёзда бўлиб ўтган Марказий Осиё саммитида икки давлат Туркманистон ва Тожикистон қўшма декларацияни имзоламаган эди.

Женнифер Брик Муртазашвили: Туркманистон ҳеч нарсага имзо чекмайди. Россия Тожикистонга босим ўтказмоқда. Мамлакатлар турли манфаатларга эга. [Кўп томонлама ташкилот] яратиш қийин бўлади. Европа Иттифоқидаги каби тўлиқ иқтисодий интеграция ёки умумий бозор бўлмайди. Аммо бу ерда қандайдир имконият, қандайдир институт бўлиши керак, унда мамлакатлар божхона ва икки томонлама асосда юзага келадиган бошқа масалалар ҳақида гаплашиши мумкин. Лекин, айни пайтда, таъминот занжирида ўзига хос жиҳатлар борки, бу кўп томонлама муносабатларни мураккаблаштиради.

Озодлик: Қўшма Штатлар Россиянинг Марказий Осиё орқали санкцияларни четлаб ўтишидан жиддий хавотирда. Ўтган ёзда Вашингтон бир ўзбек ширкатига санкцияларни четлаб ўтишдаги роли учун, жорий йил ёзида эса худди шу сабабга кўра қирғиз ширкатларига қарши иккинчи даражали санкциялар киритган эди. Бу мавзу кун тартибига киритиладими? АҚШдан огоҳлантиришлар ёки сигналлар бўладими?

Женнифер Брик Муртазашвили: Бу мавзу кун тартибида бўлишига ишончим комил. Муҳокама очиқ ёки ёпиқ тарзда ўтадими, бу бошқа масала. Бу муҳим мавзу ва Марказий Осиёни жуда оғир аҳволга солиб қўймоқда. Бир томондан, Қозоғистон каби давлатлар урушдан унчалик хурсанд эмас ва у туфайли ўзини жуда заиф ҳис қилмоқда. Боз устига, санкциялар ҳақиқий зарар келтиради ва уларнинг иқтисодий имкониятларига таҳдид солади.

Санкция масаласи Марказий Осиё учун жуда оғриқли, чунки Афғонистон жанубдан, Эрон жануби-ғарбдан, ҳозир эса Россия шимолдан санкциялар остида қолган. Бундан ташқари, АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатлар ҳам ёмонлашган. Ўрта Осиёда денгизга чиқиш имкони йўқ экан, савдо қилиш учун қўшнилар керак. Аҳоли камбағал, иқтисодий ўсиш керак. Атрофингиздаги барча давлатлар Америка санкцияларига дучор бўлганда, иқтисодий омон қолиш учун нима қилиш керак?

Менимча, Марказий Осиё давлатлари санкцияларга риоя қилишни истайди, лекин улар жуда оғир иқтисодий шароитда ҳозир. Минтақадаги ҳеч бир давлат Россиянинг Украинада муваффақият қозонишини, бу урушда ғалаба қозонишини истамайди, лекин иқтисодий жиҳатдан улар жуда катта зарар кўряпти.

ДEМОКРАТИЯ ВА ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ЁКИ ХАВФСИЗЛИК МАСАЛАСИ?

Озодлик: Мутахассислар фикрича, Қўшма Штатлар Марказий Осиё республикаларидан инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлар соҳасида маълум кафолатлар олишга интилиши керак, чунки бу соҳа барча бешта давлатда абгор аҳволда. Президент Байден буни кўтарадими?

Женнифер Брик Муртазашвили: Инсон ҳуқуқларига устуворлик берадиган ташқи сиёсат муаммоси шундаки, хавфсизлик масалалари доимо устунлик қилади. Мен буни USAIDда ва Америка ҳукуматида демократияни ривожлантириш учун ишлаган одам сифатида айтаман. 20 йил олдин мен Ўзбекистонда ишлаганман, инсон ҳуқуқлари ҳақида гапирганман, ҳукумат билан демократия масалаларида ишлаганман, кейин эса АҚШ Ўзбекистонда ҳарбий база ташкил қилди.

Инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ўзгармади, балки ҳатто ёмонлашди. АҚШ хавфсизлик масалаларини ҳар доим ҳамма нарсадан устун қўйса ҳам, айни пайтда инсон ҳуқуқлари ҳақида гапиришда давом этади. Менимча, бу минтақа давлатларини безовта қилаверади.

Назаримда, раҳбарларимиз қадриятларга асосланган ташқи сиёсат юритмоқчи. Аммо реаллик бу ниятлар қанчалик кучлилигини синовдан ўтказмоқда. Кўпинча демократия ғалаба қозонмайди. Албатта, Байден бу масалаларни кўтаришини кутамиз. Албатта, у буларни эслайди. Бундай учрашувларда доим шундай бўлган, лекин бу мулоқотнинг асосий мавзуси эмас.

Озодлик: Марказий Осиё хавфсизлик муаммолари, иқлим ўзгариши, сув танқислиги ва қурғоқчиликка дуч келмоқда. АҚШ минтақага ёрдам беришдан манфаатдорми?

Женнифер Брик Муртазашвили: Агар Қўшма Штатлар ижодий ёндашса ва Марказий Осиё энг кўп ёрдамга муҳтож соҳаларда ҳамкорлик қилса, унда имконият бор. Минтақа учун жуда муҳим бўлган таълим, фан-техника, экология соҳаларида ўзаро ҳамкорлик учун кенг имкониятлар мавжуд.

РОССИЯ «ЗАИФЛАШЯПТИ», ХИТОЙ «КУЧАЙМОҚДА», ҒАРБ СИЁСАТИ ҚАНДАЙ БЎЛИШ КEРАК?

Озодлик: Мутахассислар айтишича, айни пайтда Украинадаги уруш туфайли Россия Марказий Осиё устидан назоратни қўлдан чиқармоқда, Хитойнинг минтақавий амбициялари эса ўсмоқда. Россиянинг Марказий Осиёдаги мавқеи заифлашяптими? Хитойнинг таъсири ҳақиқатан ҳам кучаймоқдами?

Женнифер Брик Муртазашвили: Ҳа, ривожланиш траекториясига назар ташласангиз, сўнгги 20 йил ичида айнан шундай бўлди деган бўлардим. Бу нафақат Украинадаги уруш, балки минтақадаги иқтисодий динамика билан ҳам боғлиқ. Хитой таъсири кучаймоқда. У ташқи дунёга кўпроқ йўналган. Ўн йил аввал Хитой Марказий Осиёда “Бир макон, бир йўл” ташаббусини илгари сурган эди.

Лекин Хитой иқтисодий манфаатларни ҳамма нарсадан устун қўйса ҳам, Марказий Осиёга хавфсизлик ва чегаралар нуқтаи назаридан қарайди. Шу маънода Хитой АҚШ ёки Россиядан унчалик фарқ қилмайди. Лекин у, албатта, минтақага катта миқдорда сармоя киритган, айниқса, иқтисодий йўлаклар ва транспорт йўналишларига.

[Россия] таъсири пасаймоқда. Бу аста-секин бўлади. Россия тил ва миграция туфайли узоқ вақт давомида таълим, маданият ва оммавий ахборот воситалари соҳасида Хитойга қараганда каттароқ таъсирга эга бўлади: Россияда Марказий Осиёдан жуда кўп муҳожир ишлайди.

Узоқ вақт давомида Марказий Осиё давлатлари ўзини Россия олдида жуда заиф ҳис қилди. Тожикистон жуда эҳтиёткор бўлиши керак эди – у Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига қўшилди, Россияга катта имтиёзлар берди, чунки у меҳнат муҳожирлари юборган пулга жуда қарам эди.

Ҳозир эса Россия жуда қийин аҳволда. У урушда қатнашган ёки ҳалок бўлган кўплаб эркакларини йўқотди. Бу Марказий Осиёлик муҳожирларни Россия учун янада керакли қилиб қўяди ва минтақадаги айрим давлатлар Россия таҳдидлари олдида ўзини бардамроқ ҳис қилиши мумкин.

Озодлик: Агар Россия заифлашиб, Хитой таъсири кучайиб бораётган бўлса, янги шароитда Ғарбнинг позицияси қандай бўлади?

Женнифер Брик Муртазашвили: Қўшма Штатлар Марказий Осиёдаги хавфсизлик ҳақида кўп гапира олмайди. Улар Афғонистонни тарк этгандан кейин бу ҳақда гапириш имкониятидан маҳрум бўлишди. Менимча, АҚШнинг минтақада хавфсизликни таъминлаш қобилиятига унчалик ишонч йўқ.

Бу нимани англатади? Албатта, ҳар бир давлат чегаралар, хавфсизлик, терроризмга қарши кураш ва шу кабилар ҳақида гапиради. АҚШ ҳар доим ҳарбийлар билан ишлаган, уларни ўқитган, техника билан таъминлаган ва ҳоказо. Бу ишлар давом этишига ишонаман. Лекин менимча, хавфсизлик бўйича кенг кўламли ҳамкорлик давом этмайди. Бундан ташқари, Хитой минтақада Америка қўшинларининг бўлишини истамаслигини очиқ айтди. Буни Россия ҳам аниқ билдирган.

Албатта, АҚШ Марказий Осиёга ҳарбий хизматчиларни юбормасин деган талаб йўқ, лекин унинг минтақада хавфсизликни таъминлашдаги иштироки кескин ўзгарди: агар икки йил аввал бу ерда Америка ҳарбий базалари бўлган бўлса, ҳозир йўқ. Шунинг учун мен Қўшма Штатлар хавфсизлик нуқтаи назаридан [ҳамкорлик] масаласини кўтаради деб ўйламайман. Улар бошқа соҳаларни кўриб чиқишлари керак.

Озодлик: Айрим экспертлар фикрича, Россия заифлашиб бораётган бир пайтда АҚШ Марказий Осиёга нисбатан стратегиясини янгилаши керак. Агар Қўшма Штатлар фурсатдан фойдаланмаса, бу имконият қўлдан бой берилиши мумкин. Минтақа ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар ва ҳамкорлик чуқурлашишини кутиш мумкинми?

Женнифер Брик Муртазашвили: Менимча, бўлажак учрашув шундай бўлишини кўрсатади. Янги стратегия учун вақт келди. Марказий Осиёни борича кўриш вақти келди. Бу энди постсовет ҳудуди эмас. У Евроосиё. Мен Марказий Осиёга постсовет призмаси орқали қараб келинган деб ўйлайман, унга Евроосиё суперконтинентининг юраги сифатида қаралмади.

АҚШнинг минтақа бўйича стратегияси нафақат тор хавфсизлик манфаатларига, Украина ёки Афғонистондаги урушга, балки бу кичик давлатлар ўз кучларини йирикроқ рақиблар ва иқтисодларга қарши қандай ишлатишини тушунишга қаратилиши керак.

Бундан ташқари, АҚШ [минтақадаги] қашшоқликни катта муаммо деб билиши керак. Мамлакат раҳбарларини нима ташвишга солмоқда: қашшоқлик муаммосини қандай ҳал қилиш керак? Охирги 25 йил давомида ягона ечим Россияга меҳнат миграцияси бўлди. Ҳозирда иқтисодий ривожланиш муаммоларининг бошқа ечими йўқ, чунки минтақа раҳбарлари ҳеч қачон иқтисодий ўсишни таъминловчи стратегияларни амалга оширмаган.

Ҳозир Ўзбекистонда ўзгаришларни кўряпмиз. Мен Қирғизистон ёки Тожикистонга нисбатан жуда оптимистик эмасман, лекин умид қиламан. Қозоғистон ва Ўзбекистон иқтисодий двигателлари иқтисодий интеграция ва ҳамкорлик орқали минтақани кўтариб, қашшоқлик муаммосини ҳал қилишига умид қиламан.

Форум

XS
SM
MD
LG