Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:31

"Трамп биз учун ҳеч нарса қилгани йўқ!" - россияликлар АҚШ сайловларига бефарқ қарамоқда


Куни кеча америкаликлар АҚШнинг 46-президентини сайлаш учун сайлов участкаларига боришди.

Бунга қадар аксар сайловчилар почта, факс ёки интернет орқали муддатидан олдин ўз овозларини бериб бўлишган.

АҚШ президентлиги учун амалдаги президент, Республикачилар партияси номзоди Дональд Трамп ва Демократлар партияси номзоди, собиқ вице-президент Жо Байден даъвогарлик қилмоқда.

Жорий президент Трамп 2016 йилги сайловда ғалаба қозонганини Россиянинг ашаддий миллатчи сиёсатчиси Владимир Жириновский Давлат Думасида шампань ичиб нишонлаган эди.

Жириновский Россия расмийлари билан қадаҳ уриштирар экан, «Янги ички ва ташқи сиёсат учун!» дея тост айтган.

Бу сафарги сайлов арафасида Жириновский собиқ медиа юлдузи Трампга бўлган ишончи тугаганини айтди. Депутат Озодликка берган интервьюсида «Трамп Россия учун ҳеч нима қилгани йўқ», деди.

«3 ноябрда Трамп ғолиб чиқади. Бунга ишончимиз комил», - дея қўшимча қилди у.

Россиянинг «Левада» таҳлил маркази ўтказган сўровнома натижаларига кўра, россияликларнинг учдан икки қисми АҚШ президентлик сайловида ким ғалаба қозонишининг аҳамияти йўқлигига ишонади.

Сентябрь ойида ўтказилган сўров натижаларига кўра, россияликларнинг 23 фоизи Трамп ҳақида ижобий, 43 фоизи эса салбий фикрда.

Россия деярли 10 йилдан бери АҚШ президентлик сайловларига таъсир кўрсатиб келади.

2016 йилги сайлов жараёнига Москва аралашиб, Трампга ғалаба қозонишга кўмаклашди. Трампнинг бир неча собиқ ёрдамчиси ушбу ҳолат юзасидан қамалган бўлса-да, унинг ўзи Россия аралашуви ҳақидаги иддаоларни кескин рад этиб келади.

Аммо бу йилги АҚШ президентлик сайловлари давомида россияликлар ўзларидаги муаммолар билан банд бўлди. Коронавирус пандемияси Россия иқтисодига қаттиқ зарба берди, мамлакатда реал иш ҳақи сўнгги олти йилдан бери бир маромда қисқармоқда. Шу сабабдан Россия Атлантиканинг нариги томонидаги сиёсий ҳодисаларга аввалгидек эътибор бермаяпти.

Кремль маслаҳатчиси Фёдор Лукьянов «россияликлар нима учун парво қилиши керак? Қўшма Штатлар бошқа бир хорижий давлат, холос. Ким ғолиб чиқишидан қатъи назар, бирорта одам қандайдир ўзгариш содир бўлишини кутаётганига ишонмайман», - деди.

Жириновский 2016 йилда Трамп ғалабасини нишонлаган ягона россиялик эмас эди. Кўпчилик Трамп ғалабаси ортидан Москва ва Вашингтон ўртасидаги муносабатлар яхшиланишига, Москва Қримни аннексия қилиб олгани учун жорий этилган иқтисодий санкциялар бекор қилинишга умид қилаётган эди.

2016 йилги сайлов кампанияси давомида Трамп Путинни «ҳақиқий етакчи» ўлароқ таърифлаб, Россия билан муносабатларни яхшилашни ваъда қилди. Натижада Россия телеканаллари Трампни олқишлади ва унинг рақибини Ҳиллари Клинтонни қоралади.

Кремль тарғиботчиси Дмитрий Киселёв 2016 йилги сайлов натижалари эълон қилинганидан кейин «Трамп Американинг чириган элита тизимига кириб бориб, унинг қоидаларига биноан ўйнади ва президент бўлди», - дея хулоса қилган эди.

Россияликлардан фарқли ўлароқ, Кремль АҚШ сайловига бефарқ эмас. Россия етакчиларига Байден таниш – у президент Барак Обаманинг ёнида вице-президент ўлароқ ишлаган. Байден 2011 йилда Путин билан кескин суҳбат ўтказганини иддао қилган. Хусусан, Байден The New Yorker газетасига берган интервьюсида Россия президентига «кўзингга қараяпман, ва, ўйлашимча, сенда қалб йўқ», деганини иддао қилди.

XS
SM
MD
LG