Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:00

Сенат ҳисоботларида Россиянинг 2016 йилги АҚШ сайловига аралашгани айтилди


Россиянинг "Интернет тадқиқотлари агентлиги" ("Троллар фабрикаси") Санкт-Петербургдаги мана шу бинода жойлашгани айтилади.
Россиянинг "Интернет тадқиқотлари агентлиги" ("Троллар фабрикаси") Санкт-Петербургдаги мана шу бинода жойлашгани айтилади.

АҚШ Сенати учун тайёрланган иккита ҳисоботда Россия махсус хизматлари ходимлари 2016 йилги президент сайлови кампанияси вақтида АҚШ сайловчилари фикрига таъсир кўрсатиш мақсадида кенг қамровли кампанияни қандай ўтказгани баён қилинади.

17 декабрь куни чоп қилинган ҳисоботлардан бирини Сенатнинг Разведка масалалари қўмитаси тайёрлади. У Конгресснинг президент Дональд Трамп ғолиб чиққан сайловга Россия қандай қилиб таъсир ўтказишга уринганини тергов қилаётган етакчи қўмиталардан бири ҳисобланади.

Ҳисоботга тайёргарлик вақтида Твиттер билан Фейсбукдаги миллионлаб постлар, Ютубдаги видеолар ва Инстаграмдаги фотосуратлар ва ижтимоий тармоқлардаги бошқа контентлар текширувдан ўтказилди. Шунинг учун ҳисоботлар россиялик фаоллар нотўғри ахборот тарқатиш учун юксак технология воситаларидан қандай фойдалангани таҳлилига бағишланган энг тўлиқ ҳужжат ҳисобланади.

АҚШнинг Разведка масалалари бўйича қўмитаси 2017 йил январида Москва демократлар номзоди Ҳиллари Клинтонни эмас, унинг рақиби Трампни қўллаб-қувватлаган ҳамда сайловчилар кайфиятига таъсир кўрсатиш учун компьютер ҳакерлиги, шунингдек, тарғибот ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланган, деган хулосага келган эди.

Ҳисоботлардан бирида русларнинг "Интернет тадқиқотлар агентлиги" деган ном билан Санкт-Петербург шаҳрида фаолият кўрсатган компанияси ҳақида батафсил маълумот келтирилади. Ушбу компания нотўғри ахборот тарқатиш, шубҳа уйғотиш, Трампни кўпроқ қўллаб-қувватлаш ва Клинтонни ёмонотлиқ қилиш учун Фейсбук, Гугл ва Твиттер сингари ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ва бунинг учун қалбаки киши номларидан иш кўрган.

Россиянинг “троллар фабрикаси” деган ном билан довруқ қозонган "Интернет тадқиқотлар агентлиги"ни Кремлга яқин бизнесмен Евгений Пригожин маблағ билан таъминлаб тургани қайта-қайта айтилмоқда.

Махсус прокурор Роберт Мюллер февралда у билан яна 12 кишига банк қаллоблиги, фитна ва шахсий маълумотларни ўғирлаш сингари айблар қўйган эди.

Иккинчи ҳисоботни Колумбия университети қошидаги хавфсизлик масалаларини тадқиқ қилувчи “New Knowledge” компанияси ва “Canfield Research” ташкилоти тадқиқотчилари тайёрлади. Улар Россия махсус хизматлари ходимлари демократларга мойил бўлган афро-америкаликлар ёки камсонли этник гуруҳларга мансуб кишиларни қандай нишонга олганини, улар орасида АҚШнинг сайлов тизимига нисбатан шубҳа уйғотишга ва сайловга бориш вақти сингари нарсалар ҳақида нотўғри ахборот тарқатишга уринганини ўрганиб чиқди.

"Интернет тадқиқотлар агентлиги" “қоратанлилар жамоасига мўлжалланган кенг қамровли” ёлғон хабарлар тарқатишда нафақат Инстаграм, Фейсбук ва Твиттер, қолаверса, бошқа ижтимоий тармоқлардан ҳам фойдаланган.

Оқ Уй буюртмасига кўра тайёрланаётган ва 21 декабрь куни эълон қилиниши кутилаётган бошқа ҳисоботда ноябрь ойида бўлиб ўтган ўрталиқ сайловга чет элликлар аралашгани ёки аралашмагани ҳақида маълумот берилиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG