Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:29

АҚШ Украина мудофаасига 8 миллиард доллар ажратади


 Владимир Зеленский ва Жо Байден
Владимир Зеленский ва Жо Байден

АҚШ Украинанинг мудофаа эҳтиёжи учун қўшимча равишда қарийб 8 миллиард доллар ажратади. Бу ҳақда Украина етакчиси Владимир Зеленский билан Вашингтонда ўтадиган учрашув арафасида президент Жо Байден маълум қилди.

Оқ уйнинг билдиришича, Байден мудофаа вазирлигига Конгресс томонидан маъқулланган барча воситаларни Украинага етказиш бўйича топшириқ берган.

Янги кўмак пакетига кўра, Украинага Пентагон ихтиёридаги ҳарбий техникаларни бериш ва захирани янги техника билан тўлдириш учун 5,5 миллиард доллар йўналтирилади.

Яна 2,4 миллиард доллар эса Украинага хавфсизлик соҳасида кўмак ташаббуси доирасида сарфланади. Бу ўринда гап Киевни янги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, жумладан, яна бир “Patriot” мажмуаси, дронлар ҳамда “ҳаво – ер” типидаги ракеталар билан таъминлаш ҳақида кетмоқда.

Оқ уй Украинага 110 км радиусдаги нишонларни йўқ қилишга мўлжалланган JSOW қанотли авиабомбаларини ҳам етказишга қарор қилган. Вашингтон баёнотида Киевга JSOW бомбаларини Россия ҳудудига йўллаш учун рухсат берилгани ёки берилмагани очиқланмаган.

Байден маъмурияти, шунингдек, Украина ҳарбий саноатини қўллаб-қувватлаш, F-16 қирувчиларини бошқариш учун украин учувчиларини тайёрлаш дастурини кенгайтириш бўйича ҳам кўмак ваъда қилган.

“Қўшма Штатлар (Россия билан) урушда ғалаба қозониши учун Украинага керакли кўмакни кўрсатади”, дейилади баёнотда.

Қарийб 8 миллиард доллар Киевга қўшимча кўмак сифатида ажратилиши Конгресс томонидан маъқулланганди. Аммо ушбу маблағ айнан қайси йўналишда сарфланиши президентнинг рухсатини талаб этади.

Ёрдам маблағи жорий йил якунигача ёки Байденнинг президентлик муддати тугагунга қадар, яъни 2025 йил 20 январгача ажратилади.

Украина президенти Владимир Зеленский ижтимоий тармоқлар орқали АҚШ президентига, Конгрессдаги демократлар ва республикачиларга ҳамда Қўшма Штатлар халқига кўмак учун миннатдорлик билдирган.

Украинага кўмак борасида демократлар ва республикачилар фарқли ёндашувда. Сўнгги кунларда президентлик сайловида республикачилар номзоди бўлмиш Дональд Трамп Зеленскийни кескин танқид қилиб, уни АҚШни Россия билан урушга тортишга уринишда айблади.

XS
SM
MD
LG